muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда юртимизда юзлаб нашрлар миллионлаб ададда босилиб, ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Бундай нашрлар орасида “Ислом нури” газетасининг ўзига хос ўрни бор. Сабаби газетада босилган диний-маърифий мавзудаги мақолалар юртимиз мусулмонларининг кўнглидан жой олиб улгурган.

2019 йилда янги шаклда чоп этилган ҳамда материаллари устида тинмай ишланган газета муштарийлар томон йўлга чиқди.

Газетамизнинг жорий йилдаги илк сонида қуйидаги мавзулардаги мақолалар билан танишишингиз мумкин:

Юртдошларимиз вақф ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун таҳририятимизга: “Вақф нима?”, “Қандай мулк вақф ҳисобланади?”, “Вақф молидан кимлар фойдаланиши мумкин?”, деган саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Кўпсонли мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, “Вақф нима?” номли мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Газетамизда “Мусулмон одоби” номли рукн кўпчилик учун фойдали бўлиши турган гап. Ушбу рукн остида “Энг енгил садақа” мақоласидан баҳраманд бўлинг.

Муҳаммад ибн Сулаймон Тамимий ҳақидаги «Куёв жаноблари» номли мақолани ўқиб, ўзингиз баҳо берасиз деган умиддамиз.

Ҳаёт чорраҳаларида рукни остидаги “Онаизор мактуби” номли мақолани ўқиб кўнглингизда онангизга бўлган муҳаббатингиз янада ошади. Ушбу ҳикояни ўқиб кўнглингиз юмшаши, ҳаттоки кўз ёшларингизни ушлаб қололмаслингиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бундан ташқари, газетамизнинг илк сонида “Оғиздаги тош”, “Кўзгудаги биз”, “Виждон азобида қолмайлик…”, “Анор” сингари мақолаларни ўқишингиз мумкин.

Ҳурматли муштарийлар, “Ислом нури” газетасига obuna.hidoyat.uz сайти, “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлималари ёки ўзингизга яқин бўлган масжидларда обуна бўлишингиз мумкин.

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Уч нарсани унутма:

Агар сенга Аллоҳ таолонинг неъмати келса, Алҳамдулиллаҳ дегин!

Агар сенга ризқинг секин келса, Астағфируллоҳ дегин!

Агар сенга бир машаққат етса, Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ дегин!

“Фикр дурдоналари”

*****

Бир эшик беркилса, бошқаси очилади. Лекин биз узоқ вақт афсус билан берк эшикка тикилиб турамиз-да, очиқ эшикни кўрмаймиз.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кўпайтириш жадвалидаги 1 рақамидек бўлинг. Ушбу рақам ёнига катта сон келса ҳам, кичик сон келса ҳам, унга ҳажмидан катта ўлчов, миқдор бермайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар ҳақ бўлсанг, асабларингни бошқара оласан. Аммо хато қилган бўлсанг, гапингни ўтказиш учун жароҳат етказувчи сўздан бошқа нарса тополмайсан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар борлигинг худди йўқлигингдек бир хил бўлса, кетвор!

Нажиб Маҳфуз

*****

Эркаклар зиёфат кунларида эмас, қийинчилик кунларида билинадилар.

Муҳаммад Ғазолий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ахлатни муносиб жой (махсус идиш)га ташлай олмайдиган жамиятдан муносиб инсонни муносиб ўринга қўйишини кутма.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўзингга тоғнинг чўққисидан жой изла. Пастда шундоқ ҳам катта тиқилинч.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамларнинг гапи мисоли харсангтошдир. Ё уни устингга кўтариб, белингни синдирасан. Ёки уни оёқларинг остига ташлаб, баланд минора қуриб, ўзинг ҳам юксаласан.

“Фикр дурдоналари”

*****

Жароҳатларнинг энг оғриқлиси танамизда из қолдиргани эмас, балки бирорта инсон кўрмайдиган қалбимизда из қолдирганидир.

“Фикр дурдоналари”

*****

Лабида асал, қалбида гина, адоват бўладиган кишидан эҳтиёт бўл!

“Фикр дурдоналари”

*****

«Кетаман» деб таҳдид қилганнинг қулоғига «Йўлни биласизми ёки кўрсатиб қўяйми?» деб айтинг.

«Фикр дурдоналари»

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Бугун, 26 январь куни эрта тонгдан мамлакатимизда илк бор умумхалқ экологик хайрия ҳашари бошланди. Шу жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг қуйи тизимидаги ташкилотларда ҳам хайрия ҳашари ташкил этилди.

Ҳашардан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари ташкил этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига сарфланади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида экологик хавфсизлик, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эътиборимиз марказида туриши зарурлиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳашар билан болалик давримиздан танишмиз. Ўша кезларда одамларнинг уйларининг аксари шиферланмагани боис ҳар йили кузда лойсувоқ қилинарди. Ҳашарга қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёшу қари чақириларди. Асосий ишларни ёшлар бажарса-да, офтобшувоқда чой ичиб ўтирган кексалар ҳашарга ўзгача руҳ бағишлаб турганини ҳамма бирдек ҳис қилар эди. Болалар учун эса ҳашар чинакам байрам бўларди. Ҳашар одамларни бир-бирига қалбан яқинлаштирар, ажойиб ҳазил-ҳузуллар кечга қадар давом этарди. Агар ҳашар чоғи йўл устидан бирор киши ўтиб қолгудек бўлса, у баланд овозда “Ҳорманглар!” деб келарди-да, ҳашарга чақирмагани учун уй эгасига дашном берарди, кейин эса резин этикни киясолиб, қўлига кетмон олиб лойга кириб кетарди. Ҳашар сўнгида хонадон соҳибаси қурби етганига қараб ҳашар оши тайёрлар ва ҳеч ким уни эмас, буни пиширибди, дея гина қилмас эди.

Ҳа азизлар, азалдан халқимиз уй қуришлар, йўл солишлар, кўприклар бино қилишлар ва бошқа катта-катта ишларни ҳашар йўли билан бажариб келган. Бугун эса Марказий Осиё жавҳари, пешонамизга битган яккаю ягона денгизимиз  – Орол бизнинг ҳашар йўли билан кўмаклашишимизга муҳтож...

Вазирлар Маҳкамасининг умумхалқ экологик хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига биноан  бугун республика бўйлаб умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Хайрия ҳашарида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилаётир.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.

Ана шундай савоби улуғ ҳашарга “Мовароуннаҳр” нашриёти жамоаси ҳам эрта тонгдан келиб қўшилди. Ходимлар экологик ҳашарни ўзларининг аслида ҳам орастагина бўлган хоналарини ёғ тушса ялагудек қилишдан бошладилар. Ундан сўнг эса ҳовлига чиқиб, дарахтларга шакл беришди, уларни оқлашди, тагларини юмшатишди, ҳовлини ва ҳовли атрофини супуриб-сидириб, янги келин тушган ҳовлидек саранжом-саришта қилиб қўйишди. Нашриёт биноси ортида қурилиш ишлари бораётгани сабабли ўша томонга йиғилиб қолган синиқ ғишт парчалари, тўкилган қум-шағалларни ҳам йиғиштириб олиб, чанг-чунглардан тозалаб қўйишди.

Ғайратига ичига сиғмаган ходимлар яна бинога қайтиб кириб, компьютерларини ёқиб ижод, таҳрир, таржимага киришиб кетдилар.

Улардан: “Қизишиб кетдингизми, дейман?” деб сўрасангиз, “Ҳашарга келгандан кейин ишлаш керак-да, ахир Орол фақат бизнинг эмас, фарзандларимизнинг, келажак авлодларимизнинг ҳам денгизи, унинг қуриган қисмининг ўрнида ям-яшил ўрмонзор пайдо бўлса, нафақат, минтақамизда, балки бутун оламда экологик шароит яхшиланади. Бундан эса ҳаммадан ҳам кўп бизнинг минтақамиз, мамлакатимиз аҳолиси фойда кўради. Шундай савобли ишга бош қўшмай бўлар эканми”, дейди ҳашарга бош бўлиб турган бош директор ўринбосари Холмат Атабоев.

“Шунинг билан бирга кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ҳам фойдамиз тегар экан, ҳашарчи бўлганимиздан ниҳоятда мамнунмиз”, дейди ходима Нилуфар Аблаева.

Ҳашар ана шундай кўтарники руҳда давом этмоқда.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

 

 

Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади. 

 

Маълумки, бугун 26 январь куни илк бор умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилмоқда. Бу нима дегани? Яъни, мазкур ҳашардан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари ташкил этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига сарфланади. Демак ҳашарда қатнашганлар икки ҳисса савобга бўладилар. Биринчидан, жойларни тозалаб, поклашда иштирок этсалар, иккинчидан, ушбу кун учун иш жойларидан ажратиладиган маошлари юқорида келтирилгандек, тўлиқ ижтимоий ёрдамларга йўналтирилади. 

 

 

Ҳашар муносабати билан ана шундай уюшқоқлик ишлари диний идора тизимидаги масжидлар, таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ҳам намунали тарзда ўтказилмоқда. Масжид жамоаси, маҳалла фаоллари уюшқоқлигида, хонақоҳ ва ҳовлилар, атроф қисмлар, экинлар, ариқлар тозалонмоқда. Қабристонлар, қаровсиз қолган жойлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилмоқда.  

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Top