muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 27 Ноябрь 2018 00:00

Сукут сақламоқ - гапирмоқ

Ақлли бир йигит бўлиб, унинг ўрганишга бўлган иштиёқи ниҳоятда баланд эди. Ва бу қизиқиш ортидан турли хил илмларни ўрганди. Йигит айни чоғда гўзал бир табиатга соҳиб эди. Жуда кўп мажлисда қатнашар, аммо бўлар бўлмас гапларга қўшилмасди. Қаерда, қачон, қандай гапиришга эътибор берарди. Яна бир мажлисга йиғилдилар. Отаси ҳам ёнида эди. Жуда узун суҳбат бўлди, аммо йигит гапга аралашмади. Бу ҳолат отаси эътиборини тортди. Мажлис тугаши билан:

- Ўғлим! - деди. - Сен ҳам билган нарсаларинг билан нега баҳсга қўшилмадинг?

Йигит жавоб берди:

- Қўрқувдан, отажоним. Билмаганларимни сўраб қолишса жуда уяламан! Доноларнинг, "Сен гапирмагунингча ҳеч кимнинг сен билан иши йўқдир. Аммо, гапиришинг билан сўзингни далилини келтиришинг керак бўлади", - деганларини эшитмаганмидингиз?

Ҳикмат

Гапириш фойдали ва чиройли нарса бўла олади. Аммо сукут ундан яхшидир. Чунки гап инсон бошига бир талай ишларни сола билади.

"Гулистондан жавоҳирлар" китобидан

Понедельник, 26 Ноябрь 2018 00:00

Ёш дипломатларнинг маҳорат дарслари

Туркиянинг Истамбул шаҳри Ислом давлатлари иқтисодий, ижтимоий, амалий машғулотлар ўтказиш ва статистик тадқиқотлар маркази (СИСРК) бугун, 26 ноябрь кунидан бошлаб, 4 кун муддат билан ИҲТга аъзо бўлган давлатлар кичик дипломатларидан иборат вакиллар учун 2-тайёрлов ўқув курсини ташкиллаштиришга мезбонлик қилади.

Мазкур ўқув курсидан ёш дипломатларнинг халқаро соҳадаги савияси ва маҳоратини ошириш, ИҲТнинг халқаро майдондаги ролини ошириш ва ислом оламида рўй бераётган нотинчликларга барҳам беришда ёш дипломатларнинг ҳаракатларини фаоллаштириш мақсад қилинган. Ўқув курсининг очилиш тадбирида Туркия ташқи ишлари вазири Мавлуд Жовишўғлу, СИСРИК ташкилоти Бош директори Ҳамид Ўблуеру маърузалар қилишади.

Шунингдек, ушбу тадбир давомида ИҲТ ва унга тегишли ташкилотларнинг Ислом олами ҳаётида рўй бераётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги тартиббузар ҳолатларга барҳам беришдаги ютуқлари ва фаол ишларига ҳам тўхталиб ўтилади.

Истамбулда ўтказиладиган ИҲТ дипломатлари 2- ўқув курсида Туркия ташқи ишлари вазирлигидаги дипломатик Академия раиси, профессор Масъуд Ўзган, Туркия Ташқи ишлари вазирлигидаги стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Уфук Ўлутис, Қишлоқ хўжалиги, савдо ва саноат Палатаси Бош котиби ёрдамчиси Доктор Атия Али, Тарих, фан ва Ислом маданияти маркази мудири ўринбосари Содиқ Жанай ва Ислом тараққиёт банки вакили ўз маърузалари билан иштирок этадилар.


ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 26 Ноябрь 2018 00:00

«Кўнгиллар обод бўлди»

Кеча, 25 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” (Кўкча) жоме масжидида имконияти чекланган (эшитиш-гапириш қобилияти суст) инсонларнинг Рабиъул аввал ойи муносабати билан “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, бу тур тадбир нафақат ўлкамизда, балки бутун дунё миқёсида олиб қараганда ҳам ҳали кузатилмаган эди.

Байрам тадбирига Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Карлар бошқаруви жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа ташкилотлардан меҳмонлар таклиф қилинди. Унда 200 га яқин имконияти чекланган фуқаролар қатнашди.

Бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад имконияти чекланганларнинг муқаддас динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини қондириш, бу борадаги иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, уларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини танштириш орқали Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш ва шу орқали ёт ғояларга барҳам беришдир. Шунингдек, шундай тадбирлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаолликларини ошириш, уларни ёлғизлик тушкунлигидан асраш, жамиятда фуқаролар тенглиги устуворлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Тадбир жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Бошловчиликдан тортиб, тиловат, дуо, суҳбат, байтхонлик ва якуний сўзларгача барча чиқишлар имконияти чекланган кишилар тарафидан ижро этилди. Тадбир барча иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бу инсонларнинг байрам тадбиридаги чиқишларини кўриб тўлқинланмаган киши бўлмади. Уларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш ва улуғ савобли амаллардан эканида шубҳа йўқ.

Кечаги ва бугунги тадбирларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб, балки юзлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.

Ҳа, иншооллоҳ, бу тадбирлар орқали қанчадан‑қанча вайрон бўлган кўнгиллар обод бўлди, десак, хато бўлмайди.

 

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Понедельник, 26 Ноябрь 2018 00:00

Мўминаларга ибрат мўминалар

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) оғир касалликка чалиниб, ётиб қолдилар. Ўлимлари яқин эканини ҳис этиб турардилар. Бош тарафларида қизлари — Зайнаб, Фотима ва Умму Гулсум ўтиришди. Тўртинчи қизлари Руқаййа эса Ҳабашистонда эди. Ҳазрати Ҳадича Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнгги марта қарадилар. Мўминлар онасининг нигоҳларида соғинч ва қайғу, айрилиқ армони мужассам эди. Бироқ Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳадича онамизга жаннатда бирга бўлиш муждасини етказдилар (Ҳадид, 21).

Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) раҳмат кўз ёшлари оқди. Қалблари чуқур алам билан тўлиб тошди. Сабрли, мукофотларни Аллоҳдан кутгувчи мўмина аёллар билан дардлашиб Зайнаб, Умму Гулсум ва Фотима ҳам унсиз йиғладилар.

Макка замонасининг саййида аёли Ҳадича бинти Ҳувайлид билан видолашди (Фажр, 27-30).

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) ва Абу Толибнинг вафотлари бир йилда содир бўлди. Шу сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу йилни «Қайғу йили» деб номладилар. Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) ҳижратдан тахминан уч йил олдин, олтмиш беш ёшларида вафот этдилар. Ҳожун қабристонига дафн этилдилар. Бутун қурайш қавми Ҳазрати Ҳадичага (розийаллоҳу анҳо) ва Абу Толибга аза очди. Аллоҳ Ҳадича онамиздан рози бўлсин ва уни ҳам охират неъматлари билан рози этсин. 

Ҳазрати Ҳадича ҳузури илоҳийга кетди. Бироқ унинг хотираси улуғ хонадон ахдлари қалбида, барча мўминлар юрагида боқий қолди. 

Ҳазрати Ҳадичанинг (розийаллоҳу анҳо) сиймолари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўз ўнгидан ҳеч кетмас эди. Бу ҳақда Ҳазрати Ойиша (розийаллоҳу анҳо) шундай дейдилар: "Расулуллоҳни ҳеч қайси бир завжаларидан Ҳадичадан рашк қилганимчалик қизғонмадим. Ҳолбуки, унинг даврига етишмаган эдим. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўп эслар эдилар».

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) ҳаётлик пайтларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳеч аёлга уйланмадилар.

Ҳовла бинти Ҳаким:

— Ҳадича бинти Ҳувайлиднинг йўқлиги боис ёлғизликни ҳис қилаётганга ўхшайсиз, ё Расулуллоҳ! - деб сўраганида:

— Валлоҳи, шундай. У уйимнинг саййидаси, фарзандларимнинг онаси эди, — дея жавоб бердилар.

Ҳовла бинти Ҳаким бошқа бир киши билан турмуш қуришни таклиф қилганида Расули Акрам шундай дедилар:

— Ҳадичадан бошқа кимга уйлана оламан?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳазрати Ҳадичани (розийаллоҳу анҳо) доимо эслар ва шундай дер эдилар: «Инсонлар мени инкор этганларида, у менга имон келтирди. Мени ёлғончиликда айблаганларида, у ишонч билдирди. Инсонлар мени маҳрум этганларида, мол-давлати билан менга ёрдам берди. Аллоҳ менга бошка аёлларимдан бермаган фарзандларимни эҳсон этди». Қачон бир қўй сўйилса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга аввало: «Ҳадичанинг дўстларини тўйдиринг», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ерга тўрт чизиқ чиздилар ва биздан сўрадилар:

— Бу нима, биласизларми?

— Аллоҳ ва Расули яхшироқ билгучидир, — дедик.

— Оламларнинг энг хайрли аёллари тўрт кишидир: Марям бинти Имрон, Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳим, Ҳазрати Ҳадича бинти Ҳувайлид ва Фотима бинти Муҳаммаддир, — дедилар. 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳазрати Ҳадича ҳаётлик даврида ҳузурларита келган аёллардан бирини кўрсалар, чеҳралари очилиб, севинар эдилар. Саҳобаларга: «Уни икром килинг, Ҳадича уни севарди», деб айтар эдилар. Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафодор завжа бўлган, муттақий ва карима аёл Ҳазрати Ҳадича онамизни Аллоҳ раҳмат айлаган бўлсин. Омин.

"ҚАҲРАМОН МЎМИНА АЁЛЛАР" китобидан

Понедельник, 26 Ноябрь 2018 00:00

Пул билан топиб бўлмайдиган нарсалар

Пулингга диван сотиб олишинг мумкин, аммо уйқуни сотиб ололмайсан.

Пулингга соат сотиб олишинг мумкин, лекин вақтни сотиб ололмайсан.

Пулингга дори сотиб олишинг мумкин, аммо шифони сотиб ололмайсан.

Пулингга китоб сотиб олишинг мумкин, бироқ ахлоқни сотиб ололмайсан.

Пулингга таом сотиб олишинг мумкин, аммо иштаҳа сотиб ололмайсан.

Пулингга кенг уй сотиб олишинг мумкин, лекин сокинлик, хотиржамлик сотиб ололмайсан.

Азизлар, пул билан топиб бўлмайдиган нарсалар қаторига ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, содиқ дўст, меҳр-муҳаббат, ҳурмат, обрў, ишонч, вафоли ёр кабиларни ҳам топиб бўлмайди. Шу нарсаларга эга бўлган инсонлар уларнинг қадрига етишлари ва ҳурматини жойига қўйишлари керак.

Эй Роббим! Бизга Сенга яқинлашишимизга, ризоингни топишимизга сабаб бўладиган ва Сенга ибодат қилишимиз учун бизга кўмак берадиган ҳалол мол ато этгин! Яқинларимизни паноҳингда асрагин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top