muslim.uz

muslim.uz

 

Бугун, 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Қабул маросимида Қирғизистон Республикаси Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойганбай Абдикаров ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирок этди.
Дин ишлари бўйича раиси Содиқжон Тошбоев сўнгги йилларда мамлакатларимиз Раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан икки давлат ўртасидаги алоқалар кенгайиб бораётгани, айниқса, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакат уламолари турли анжуманларда, маърифий тадбирларда бирга-бирга иштирок этаётганлари, чегара олди минтақаларда мунтазам аҳоли билан суҳбатлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этди.
Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойганбай Абдикаров эса Ўзбекистондаги тарихий шаҳарларни зиёрат қилиш катта бахт экани, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши, айниқса малакали диний соҳа ходимлари тайёрлашда Ўзбекистондаги мадрасалар салоҳиятидан фойдаланиш, қадим-қадимдан Ўзбекистон заминидан Ўрта Осиёга илму маърифат таралгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби мўътабар зотларнинг файзу баракоти сабабидан бу диёр мана шундай равнақ топаётгани кабиларга алоҳида урғу қаратди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари икки давлат уламолари Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва икки қардош халқ орасидаги дўстликни ривожлантириш, диний идоралар ўртасидаги ҳамкорликни равнақ топтиришда жуда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганини сўзладилар.
Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев ҳазратлари Ўзбекистондаги табаррук қадамжолар зиёратидан беҳад мамнун экани, Ҳазрати Усмон Мусҳафи ушбу юртга файз бағишлаб тургани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ инсонлар яна етишиб чиқиши ва икки мамлакат дўстлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида сўз юритди.
Қирғизистон Ислом университети ректори Абдишукур Нарматов Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳудди тарихда бўлгани каби Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси каби Марказий Осиёдаги диний идоралар фаолиятидаги каби ҳамжиҳатликни ошириши, уламолар маърифат тарқатишда катта салоҳиятга эга экани, бугунги таҳликали ва мураккаб даврда халқлар, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаш жуда ҳам зарурлиги кабиларга урғу қаратди.
Ташриф якунида томонлар эсдалик совғаларини тақдим этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Хабарингиз бор, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар ташриф юртимизда бўлиб турибди.

Бугун куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев ҳазратлари учрашув ўтказдилар.

Шундан сўнг икки қардош халқ уламолари жума намозини адо этиш мақсадида пойтахтимиздаги кўркам жомелардан бири бўлган “Ҳазрати Имом” масжидига ташриф буюрдилар.

Жума маърузаси асносида мўмин-мусулмонларга Қирғизистон уламоларининг юртимизга ташрифи, икки эл дин пешволарининг илиқ ва самимий ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берилди.

Икки халқ уламолари муборак масжидда минглаб намозхонлар билан бирга жума намозини адо этдилар, сўнгра Қуръони каримдан тиловотни қориларимиз, дуони эса қардош уламолари қилиб беришди.

Ташриф асносида меҳмонлар "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилиб, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти билан яқиндан танишдилар.

Аллоҳ таоло дин ва қон қариндош биродарлар ўртасидаги аҳллигимизни янада зиёда қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Давлат рамзлари  ҳар бир халқнинг мустақиллиги,озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли  ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи — мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба козонган спортчиларимиз шарафига Юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис киламиз.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир. Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Байрокдаги мовий ранг — унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Тўмарис, Спитамен, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шартдир.

Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани «Имом  Султон»
жоме масжиди имом-хатиби

 

Намоз Ислом динининг устунидир. Мусулмоннинг хужжатидир. Қулликни ифодасидир. Намоз бу шунчаки одатга айланиб қолган кундалик вазифа ҳам эмас. Намоз мусулмон кишининг нафақат охиратини, балки, дунёсини ҳам обод қиладиган, ҳаётини, яшаш тарзини тартибга соладиган илоҳий кўрсатмадир. Намоз қиёмат кунида бандадан энг аввало ҳисоби сўраладиган фарз амалдир.

Ҳақиқий намозхон киши эса ўз ҳаётини Роббисининг розилиги  билан мувофиқ қилиб олган, Аллоҳ таоло буюрган намоз ибодатини бекаму кўст адо қиладиган, намози уни турли туман фахш ва ёмон амаллардан тўсиб турадиган кишидир.

Намозхонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам жудаям кўп яхшиликлар ваъда қилинган. Дунёдагиси ҳаловат, барака ва ҳоказолар бўлса, охиратдагиси баланд даража, енгил ҳисоб китоб ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигидир.

Бироқ, шундай намозхонларни кўрамизки, уларнинг намозлари фақатгина маълум бир вақтда, маълум жойларда, бир хил ҳолатдаги ҳаракатларни бажаришдангина иборат бўлиб қолганга ўхшайди. Ўқиётган намозининг асари ҳаётида акс этмайди. Кийинишида, муомаласида ва ўзгалар билан бўладиган олди-берди ёки бошқа муомаласида кўринмайди.

Хўш, Аллоҳ таоло таърифлаган, мақтаган намоз ўқигувчини қандай сифатларга эга бўлиши керак. Аллоҳ таоло жаннатларда ваъда қилган даражотларга, мукофотларга эга бўлиш учун намозхон қандай бўлиши керак? Намозхон фақат ибодат чоғида мўмин бўлиши керакми? Бу саволларнинг жавобини ҳам Роббимизнинг каломидан қидирамиз.  Аллоҳ таоло айтади:

“Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса у ўта манъ қилгувчи – бахилдир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки. Улар намозларида доим – барқарор бўлгувчи зотлардир. Улар (топган) мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир. Улар жазо — Қиёмат кунини тасдиқ этадиган зотлардир. Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир. Зотан Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни ҳеч кимнинг «Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди», деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир). Улар авратларини (ҳаромдан — зинодан пок) сақлагувчи зотлардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар. Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир. Улар (яъни мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир. Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир. Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир. Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар”.  (Маъориж сураси 19-35-оятлар)

Хулоса: Аллоҳ таоло мақтаган, яхши кўрган, жаннатларда улкан даража ва мақомлар ваъда қилинган  ҳақиқий намозхон:

  • Бетоқат, бесабр бўлмайди. Бойлик ва камбағалликда ҳам хотиржам бўлади.
  • Бахил бўлмайди. Аллоҳ унга берган яхшиликларни бошқаларга ҳам раво кўради.
  • Намозини муҳофаза қилади. Бесабаб тарк қилмайди. Қазо бўлишдан эҳтиёт қилади.
  • Мол дунёсида бева бечоралар ва мискинларнинг ҳаққи бор эканлигини билади ва бу ҳақларни адо қилади.
  • Қиёмат кунига, у кундаги ҳодисаларга аниқ ишонади. Ишонган нарсаси учун тайёргарлик кўради.
  • Аллоҳ таолонинг азоби шиддатли эканлигини билади. У Зотнинг азобидан қўрқади. Ўз нафсини азобдан омонда қолади дея хотиржам бўлиб қолмайди.
  • Авратларини номаҳрамларнинг кўзи тушишидан сақлайди. Эҳтиёт қилади. Зино ва унга олиб борадиган барча воситалардан узоқ бўлади.
  • Зиммасига юклатилган барча омонатларни муҳофаза қилади. Уларга Асло хиёнат қилмайди.
  • Аҳдига ва ваъдасига риоя қилади. Уларни бузмайди.
  • Гувоҳлик беришда ўз нафсини,  ёки кимнидир фойдасини кўзлаб эмас, балки, фақатгина Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис, адолатли гувоҳ бўлади.

Мана шу зикр қилинган сифатларга эга бўлган намозхонлар “жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар”.  Шундай экан, ўқиётган намозларимиз ахлоқимизни ҳам ислоҳ қилсин. Кишилар бизни намоз ўқиётганимизни кўриб эмас, балки бизда мавжуд бўлган ушбу гўзал сифатлар орқали намозхон эканимизни билсин. Ахлоқсизлигимиз ва беодоблигимиз сабабли, намоз деган ибодатга нисбатан нолойиқ фикрлар, намозхонга нисбатан салбий муносабатлар билдирилишига сабабчи бўлиб қолмайлик.

Зеро, Роббимиз айтганидек: “Албатта, намоз фахш ва мункр ишлардан қайтаради”. (Анкабут сураси, 45-оят)

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби Ёрбек Исломов

Мамлакат тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашда миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар.

Ҳар йили юритимизда 16-ноябрь «Халқаро бағрикенглик куни» кенг нишонланади. Шу муносабат билан Узбекистан мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва урта махсус ислом билим юртларида 2021/2022 укув йилига мулжалланган маънавий-маърифий тадбирлар режасига кура

«16-ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни» арафасида «Бағрикенглик ҳафталиги»ни ташкил этиш чора-тадбирлариининг режаси ишлаб чиқилган.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни кучайтириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мамлакатлар ва халқлар ўртасида самимий дўстлик ришталарини боғлаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш, юртимизнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътиборини ошириш, инсонпарварлик ғояларини кучайтириш ҳамда маданий-маънавий муносабатларни халқаро миқёсда кенгайтиришдан иборат.

Режага асосан 16-ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тамонидан «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови» мавсусида фестивал ташкил этилди. Фестивалда тегишли вазирликлар, ташкилотлар, идоралар ва таълим даргоҳлари билан бир қаторда Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртининг ўқитувчилари ва фаол талабалари ҳам иштирок этди.

Байрамона кайфиятда ўтган тадбир давомида республикамизнинг маданият соҳаси вакиллари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларга манзур бўлди. Тадбирда юртимизда яшаётган турли халқ вакилларининг ижро намуналарида «Биз – бир халқмиз» шиори сезилиб турди.

Тадбирдан сўнг билим юрти ўқитувчилари ва талабалари юртимизда таълим соҳасида яратилган имкониятлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик мавзусида суҳбатлашиб, ўзаро фикр алмашди.

 

 

Билим юрти маънавият ва маърифат ишлари

бўйича мудир муовини

А.Ережепов

Top