muslim.uz

muslim.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадор одамман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай”, дедилар.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. 

*   *   *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар.

Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. 

*   *   *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, умрбод рўза тутиб ўтказса ҳам, унинг қазосини адо эта олмас”, дедилар.

Бухорий,  Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар 

*   *   *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди”, дедилар.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар 

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рамазон рўзасини имон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутса ҳамда кечалари қоим бўлса, унинг олдин ўтган гуноҳлари кечирилади”

Бухорий ва Муслим ривояти 

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар

Бухорий,  Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. 

*   *   *

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга рамазон ойидан бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқ; ифтор қилгунларича малоикалар уларнинг гуноҳларини кечиришини сўрайдилар; бу ойда шайтоннинг саркашлари боғланади; бу ойда одамлар бошқа ойларда бўлмаган ихлосларини топадилар; бу ойда ҳар куни Аллоҳ таоло жаннатни зийнатлайди ва жаннатга айтади: “Менинг бандаларимдан қийинчилик ва азиятлар кўтарилишига оз қолди. Улар сенга қараб юрадилар ва охирги кечада уларнинг гуноҳлари кечирилади”. “Эй Аллоҳнинг элчиси, Лайлатул-қадр ўша кечами?” деб сўрашди. Айтдиларки: “Йўқ. Лекин амал қилувчи амалини бажарса, унинг ажри мўл-кўл берилади”.

Имом Байҳақий ривояти 

*   *   *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”.

Имом Бухорий ривояти. 

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди. Рўзадорнинг, то оғзини очгунича, одил подшоҳнинг, мазлумнинг. Аллоҳ уларнинг дуоларини булутлар узра кўтариб, улар учун осмон эшикларини очиб қўяди ва улуғ Парвардигор: “Иззатимга қасамки, гарчи бир муддат кейин бўлса ҳам, албатта, сенга ёрдам бераман”, дейди”, дедилар.

Аҳмад ва Термизий ривояти. 

*   *   *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки марта кетма-кет оғиз очмай рўза тутишдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар, шунда улар: “Ўзингиз тутасизку?!” дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Мени Аллоҳ кечаси едириб-ичиради. Сизлар қурбингиз етадиган ишни қилишингиз лозим”, дедилар.

Имом Бухорий ривояти. 

 

Манбалар асосида тайёрланди.

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказдилар. Унда Дин  ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Андижон вилояти бош имом-хатиби Н.Холиқназаров ва вилоятдаги масжид имом-хатиблари қатнашди.

Йиғилишда Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда муқаддас Рамазон ойи юқори кайфиятда ўтиши, таровиҳ намозлари ва хатми Қуръонлар ўқилиши тўғрисида алоҳида тўхталдилар. Жумладан, ҳазрат ўз нутқларида:

– шу кунларда она-Ватанимизда ҳидоят ва тўғри йўлга бошловчи Қуръони карим нозил бўлган ой – Рамазони шариф меҳмон бўлиб турибди. Муборак ойнинг ташрифи диёримиз аҳлига олам-олам қувонч бахш этди. Буни мўмин-мусулмонларнинг юз-кўзларида, жоме масжидларимизда бўлаётган хатми Қуръонларнинг файзу тароватида ҳам яққол кўриш мумкин, деб сўз бошладилар.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари уламо ва имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида алоҳида тўхталдилар. Жумладан, муфтий ҳазратлари ёшлар тарбияси долзарб масала эканига йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратдилар. Бунда ўсмир-ёшларни тартиб-интизомга ўргатиб бориш, муҳтарам имом-хатибларимиз ўқувчи-талабаларнинг дарсларга қатнашиш давомати билан қизиқиб, уларга моддий-маънавий ёрдам бериш, панду насиҳат қилиш орқали ёшларнинг дарсга қатнашини яхшилаш зарур эканини таъкидладилар.

Жамиятда учраб турган ўз жонига қасд қилиш масаласига тўхталган Муфтий ҳазратлари суиқасд ҳеч қандай бандани ҳеч қандай муаммодан қутқарадиган чора эмаслигини, аксинча, балолар гирдобига отишини халқ орасида таъсирчан усулларда тушунтириш даркорлигини айтар экан, айрим имом-хатиблар шундай оғир гуноҳга қўл ураётган кишиларни муқаррар ўлимдан сақлаб қолгани, сиртмоқнинг тагидан чиқариб олганини сўзлаб бериб, барча имом-хатиблар ва уларнинг ноибларини шундай жонкуяр ва сергак бўлишга даъват этдилар.

Муфтий ҳазратлари, имом-хатиблар адашган оқимларга мойиллиги бўлган шахслар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларга ақидапараст оқимларнинг нотўғри ва янглиш эътиқодларини Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг қувватли далиллари асосида тушунтириш ишларини янада жадаллаштишни топширдилар. Шунингдек, бундай кишиларни жамиятга қайтариш, уларнинг одамлардан ажраб қолмасликлари чорасини кўриш лозимлиги, ўзининг қилган ишидан пушаймон бўлиб, афсус-надомат чекаётганларига руҳий тасалли бериб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишларига кўмаклашиш зарурлигини таъкидладилар.

Ер юзининг баъзи минтақаларида табиий офатлар сабабидан, яна бошқа ҳудудларда эса тўс-тўпалонлар боис шаҳарлар вайрон бўлиб, қанчадан-қанча одамлар ҳалок бўлаётган бир даврда юртимиздаги файзли, осойишта кунлар ва муҳтарам Президентимиз томонларидан дин соҳасида олиб борилаётган улкан хайрли ишлар учун Яратган Парвардигорга чексиз ҳамдлар айтиш кераклигини Муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.

Муфтий ҳазратлари мана шундай шукуҳли кунларимиз тинчлик-хотиржамлик сабабидан экани, халқимизга ана шу буюк неъматнинг шукронасини қилиб ҳаёт кечириш, тинчлигимизнинг бардавом бўлиши учун ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз зарурлигини таъкидлаб, ҳар бир жабҳада имом-хатибларимиз янада фаол бўлишига чақирдилар.

Йиғилиш ишчан кайфиятда ўтди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

Яратганнинг марҳамати билан Рамазон ойининг биринчи жумасини ўқишга мушарраф бўлдик.

“Бурунлари рўза тутганда куннинг ўтиши қийин бўларди, ойнинг тўлишини-ку гапирмай қўяверинг. Айниқса, таровеҳ намозида соатлаб тик туриш азоб эди. Ҳозир эса бир зумда кун ботиб қўяди. Рўзанинг қандай ўтаётганини сезмай қолаётганга ўхшайман, Таровеҳда ҳам чарчамаяпман, аксинча, сўз билан таърифлаб бўлмас даражада ҳузур қиляпман.

Ўша қийналиб рўза тутиб таровеҳ ўқиб юрган кезларда, ёшликда шунча қийинчилик, ёшим улғаяверса, амаллаб уйда ўқиб қўя қоламан чоғи, шу таровеҳни деб юрардим. Аксинча, энди кучга тўлиб бораётганга ўхшайман”, дейди бир маҳалладошимиз намоздан қайтаётиб суҳбатлашганда.

Қандай ажойиб инсон у. Унинг иймони зиёда бўлгани боис ана шу ўзгаришлар юз бераяпти. Бу катта давлат ахир, шундай эмасми!

“Холид ибн Волид” жоме масжидига йиғилган намозхонларга куч-қувват, сабр-матонат иймон ва ниятга қараб бўлиши ҳақидаги амри маъруф айни шу масалада бўлди.

  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

  

 

 

Top