muslimuz

muslimuz

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган 2022 йил давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар ва университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзмаларининг 220 та электрон нусхаси тўпланган. Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 69 та китоб сканер қилиниб, электрон нусхалари тайёрланган.

Шунингдек, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендияси соҳиблари (хорижий тадқиқотчилар)нинг марказда илмий стажировкалари йўлга қўйилган. Малайзия Ислом илмий университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан Англашув меморандумлари имзоланган. ЎзА билдиришича, хорижий давлатларнинг қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Бухорий қаламига мансуб 2 минг 838 та қўлёзма асарнинг рўйхати шакллантирилган.

Марказ илмий ходимлари томонидан юртимиздан етишиб чиққан 10 нафар буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва фаолиятига доир алоҳида “10 ҳақиқат” рукнида кичик рисолалар ва инфографик маълумотлар ҳамда 15 та китоб нашр этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 08 Февраль 2023 00:00

Нафс ҳийласи

Мўмин Аллоҳни танийди, имон билан хотиржамлик топади. Мусулмонлик исмига ҳақли бўлиб, мусулмон деб аталади, шундан сўнг ҳавойи истаклар бошчилигида нафс шаҳватлар билан келади.

Аллоҳ таолонинг қазою қадари билан нафс ўз эгасини оз-оздан эгаллаб, алдаб бораверганда уни истиқоматдан оғдириб йиқитади, мақсаддан узоқлаштиради. Бу шахмат ўйнаётган икки шахматчига ўхшайди. Уларнинг ҳар бирига тегишли катаклар бор. Улардан бири рақибининг катакларини бирма-бир эгаллаб бораверади, охири ҳамма катакларни ўзиники қилиб, уни мот қилади.

Ҳавойи истаклар нафснинг шахматидир. У ҳақнинг катакларини бир-бир эгаллаб, ниҳоят қалбни ҳақдан тўлиқ холи қилиб қўяди. Алданган киши ўз тажрибасизлиги, нодонлиги билан нафсга алданади. Қалби билан нафс буйруқларига итоат этади. Ҳавойи истаклар нафс соясида нафсга ўз ҳукмини оз-оздан ўтказаверади. Нафс эса қалбни ҳақдан тўсиб, алдайди. Агар қалб буни қабул қилса, у алдангандир. Унинг ҳоли шундай давом этаверса, нафс фурсат топиб, қалбни сиртмоққа солади, асир қилади. Шундан сўнг қалб нафсга у чақирган ҳамма нарсада бўйсунади. Бора-бора нафс уни кичик гуноҳлардан катта гуноҳларга, ҳаёдан шармандаликка олиб чиқади.

✍️ Аслиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ

Инсон нафсининг яна бошқа касалликларидан бири бу – савоб амалларга бепарволик, ибодатларни сусткашлик билан бажариш ва гуноҳда бардавом бўлиш. Ушбу касалликка тавба қилишни кечиктириш, қиёмат куни нажот топишига аниқ ишониш, келажакка катта умидлар қилиш ва ўлим ҳақида ўйлашни ёқтирмаслик ҳам киради.

 Муолажа услуби

Бу дардларга шифо топишда Жунайд Бағдодийнинг ушбу сўзларига қулоқ солинг. Уни Ҳусайн ибн Яҳё менга Жаъфар ал-Ҳулдийдан етказган. Бир куни Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳдан сўрадилар: “Аллоҳ таолонинг тўлиқ итоатига эришиш учун нима керак?”. Олим бундай жавоб берди: “Чин тавба, гуноҳ қилишдан тийилиш, Аллоҳдан қўрқиш, тавба қилишни кечиктирмаслик ва умидни узун қилмаслик. Бундан ташқари, Аллоҳ таолони доимо зикр қилиш ва нафсида яқинлашиб келаётган ўлим ҳақида қўрқув уйғотиш ва нажот топиш имконияти тобора камайиб бораётганини унутмаслик керак”.

Унга яна савол берилди: “Инсон буларнинг барчасига қандай эриша олади?”. Жунайд Бағдодий жавоб берди: “Бунга Аллоҳ таолонинг бирлигига қалбдан ишонч ҳосил қилиш орқали эришиш мумкин".

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ибодатни кечиктириш, уни бўш вақтга суриш бу сизнинг нафсинг ёмонлигидандир”.

 Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

 

Бугун, 8 февраль куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита  ва БМТ ЮНИCЕФ жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан имом-хатиблар ва отинойилар иштирок этдилар.

Ўқув-семинарда нотиқлар исломда саломатликни мустаҳкамлашга эътибор, бу борада диний соҳа вакиллари амалга ошириши лозим бўлган тадбирлар кенг муҳокама этилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 6 февраль куни кўҳна Хоразм диёрининг Урганч шаҳрида бошланган “Ислом динида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда эмлаш масалаларига эътибор” мавзусидаги семинар ҳудудларда давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими

 

XIX Қозон халқаро мусулмон киноси фестивалининг ариза бериш кампанияси бошланди, дея хабар беради фестиваль ташкилий қўмитаси матбуот хизмати.

IQNA маълумотларига кўра, аризаларни тўплаш 2023 йилнинг 1 июнигача давом этади, шундан сўнг танлов дастури эълон қилинади.

Танлов дастурини Россия Ислом институти филология ва минтақашунослик кафедраси мудири Тимур Шайхуллин ва “Евросиё Глобал Коннектинг” агентлиги Бош директори Светлана Слапке (Германия)лар тузишади. Танлов комиссиясини Россия Президенти ҳузуридаги Россия Федерацияси халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси маданиятлараро мулоқот амалиёти ва технологияларини моделлаштириш лабораторияси докторанти Нина Кочеляева бошқаради.

Танлов дастурига тўлиқ метражли ва қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли филмлар тақдим этилади. Бундан ташқари, фестиваль "Миллий танлов" номинациясини ташкил этди. Фильм лойиҳаси дастурига умумбашарий маънавий-ахлоқий қадриятлар ва маданий анъаналарни акс эттирувчи, тинчлик ўрнатиш, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган рус ва хорижий фильмлар киритилиши мумкин.

Бу йил фестиваль 5-9 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Кино анжумани Россия Федерацияси Маданият вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган кино лойиҳалари рўйхатига киритилган. XIX Қозон халқаро мусулмон киноси фестивали Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов ва Россия Маданият вазирлиги кўмагида, шунингдек, "Россия — Ислом дунёси"стратегик қараш гуруҳи билан ҳамкорликда ўтказилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top