Рамазон-2019

Фарзандларимизни Рамазонда ва бошқа вақтларда қандай тарбия қиламиз?

Рамазонда фарзандларни тарбия қилишда ҳақиқий йўналиш аниқланади. Улар бизга берилган омонатлардир.  Салафи солиҳлар Рамазонда фарзандларини рўзага машқ қилдирар ва тунни қоим қилишга одатлантирар эдилар.

Ўзи билан бирга фарзанди ҳам нажот топишини истаётган рўзадор биродарим, қуйида сизга тарбия хусусида бир қанча масалаларни ҳавола қиламиз. Шояд, бу нарсалар сизга фарзанд риоясида фойда қилса.

  1. Эй ота, фарзандингизга хулқингиз, ҳаётингиз ва юрган йўлингизда гўзал намуна бўлинг. Чунки, фарзандларингиз сизга ота, муаллим, мураббий ва гўзал намуна бўлиб қарайди. Аллоҳ таоло Закарийё алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилади: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» (Анбиё, 90).
  2. Уйда эшитилган, кўрилган ва билинган нарсаларнинг боланинг ҳаёти ва келажагида таъсири бўлади. Хонадонга иймон, Қуръон ва суннатни киритиш, зикрни кўпайтириш, Аллоҳнинг буйруқларини қоим қилиш ва қайтариқларидан қайтиш ҳалол ва масъулиятли фарзандни тарбия қилади. Уйга бўлмағур, беҳуда ва иғво қиладиган нарсаларга уйни тўлдириш беҳуда ишларга берилган ва масъулиятсиз фарзандни катта қилади.
  3. Фарзандни Аллоҳнинг Китобини тажвид билан ўқиб, ёдлашга бириктириш. Чунки, ёшлик – ёд олиш ва хотиранинг мустаҳкамлиги давридир. Агар бола бу олтин даврни ўтказиб қўйса ва зоеъ қилса катта бўлганида қаттиқ афсус ва надомат чекади.
  4. Бола ёшлик чоғида унга кўмаклашиш ва ёмон инсонлар билан бирга бўлишдан тўсиш керак. Чунки, улар болагаҳар қандай касалликдан кўра зарарлироқ ҳамда ҳар қандай дуҳсмандан кўра унга хавфлироқ бўлади. Қанчадан қанча солиҳ инсонарни фосиқ кишилар хароб қилишган. Инсонга бирга бўлган кишисининг таъсири бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в) келган ҳадиси шарифда шундай маънода марҳамат қиладилар: «Киши ўз дўстининг динида бўлади. Сизларнинг бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин». Бу ҳақида шоир шундай дейди: 

Киши ҳақида сўрама, унинг дўстин сўрагил,

Ҳар дўст биродарин ортидан қилар аниқ иқтидо. 

  1. Болани ёшлигидан туғма ҳақиқий эркак қилиб тарбиялаш лозим. Шунинг учун унга катта ишларни суйдириб, паст ва ёмон ишларни ёмон кўрсатиб тарбия қилиш керак бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в) шу маънода айтадилар: «Албатта, Аллоҳ таоло юксак сифатли ишларни суяди ва уларнинг арзимаган(кичик)ларини ёмон кўради». Бола суюлиб кетадиган бўлмасин, аёлларга ўхшаб қолмасин ва ёмон билан бирга бўлмасин. Чунки, бу унга ҳасрат ва ор бўлади.
  2. Фарзанднинг уст-боши ва кўринишига эътибор қилиш лозим. Фарзанд суннатга мувофиқ кийинсин ва Аллоҳнинг душманларига тақлид қилиб кийинмасин. Росулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, бас, у улардандир». Йигит киши тилла ва ипак буюмлардан сақланиши, мужмал, гап-сўзи сўлғин, кўп куладиган, беҳудагарчилкларни кўп қиладиган ва шошқалоқ бўлмаслиги лозим.
  3. Боланинг қалбида Аллоҳнинг буйруқлари ва динига алоқадор ҳар қандай нарсанинг улуғ эканини сингдириш лозим. Шунда у Аллоҳ таолони муқаддас санайди ва У зотни барча айблардан пок деб эътироф этадиган мўмин бўлади. Ушбу тарбия боланинг қалбида Аллоҳнинг, Унинг Каломи ва Пайғамбарининг улуғлигини ўстириб боради.
  4. Болани манфаатли илм олишга йўналтириш лозим. Бу ишга қаттиқ ҳаракат қилиш, ихлосли бўлиш, дарсларига бош-қош бўлиш, унга илмнинг фазилатлари ва шарафини билдириб туриш ҳам ке керак.
  5. Ҳар намозда унинг ҳаққига ёлвориб дуо қилиш, саҳарлари ва дуолар ижобат бўладиган вақтларда унинг учун тазарруʼ қилиш лозим бўлади. Бундай дуоларда Аллоҳ унга тавфиқ бериши, қўлидан тутиши ва ҳидоят қилишини сўралади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир» (Фурқон, 74).

10. Фарзандга раҳм-шафқатли ва меҳр-муҳаббатли бўлиш, у билан ҳазиллашиб, ўпиб, эркалаб туриш лозим. Унга қўпол ва дағал қўпол қилмаслик ҳамда инсонлар орасида уни койимаслик керак бўлади. Мўмин инсон фарзандларга муомала қилишда ҳам Росулуллоҳ (с.а.в)га эргашади, У зот фарзандлари билан қандай муомала қилган бўлсалар у ҳам уларга шундай муомала қилади.

Аллоҳим, бизларни қаерда бўлсак ҳам бахтли қил! Аёлларимиз ва фарзандларимизни кўз қувончи қил ва бизларни тақводорларга имом қилгин!

 

Доктор Оиз Ал Қорний. “Рўзадор учун ўттиз дарс”

Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжиди имом ноиби Саидхон Махсумов таржимаси

40235 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Гуноҳдан воз кечиш Рўза ва жисмоний фаоллик »
Top