Фиқҳ

Оёққа масҳ тортиш

Икки оёқ (маҳсисиз, оёқяланг бўлса) ювилур, масҳ тортилмас

(Аҳли суннанинг тўртала фиқҳий мазҳабида ҳам таҳорат пайтида оёқяланг киши оёғини ювиши фарз. Маҳсили киши эса масҳ тортиши жоиз. Шиаларда эса оёқяланг киши ҳам масҳ тортмоғи вожиб. Баъзи зоҳирийларда эса ювиш билан бирга масҳ тортиш ҳам вожиб. Бугун ҳам баъзилар оддий пайпоққа масҳ тортишни жоиз, деб унга масҳ тортмоқдалар. (Бу жойда баъзи мусулмон уламолар ҳайъати масҳ тортиш жоиз, баъзилари жоиз эмас, деб фатво бераётган “ESHEL” номли пайпоқ маҳсилар назарда тутилмаган). Қуйида оёқланг киши оёғига масҳ тортиши жоиз эмаслигига далиллар келтирилади):

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдик. (Нимадир бўлиб), У зот биздан ортда қолиб кетдилар ва аср намозига шошилиб таҳорат қилаётганимизда келиб қолдилар. Биз оёқларимизга масҳ тортаётган эдик. Шунда У зот овозлари борича: “Тўпиқларга Дўзахдан вайл[1] бўлсин” деб икки ёки уч марта нидо қилдилар”.

(Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан Маккадан Мадинага сафар қилдик. У зот Макка билан Мадининг орасидаги бир сувли жойга етиб келганларида аср намозининг вақти бўлиб қолди. Шунда одамлар сув томон (шошилиб) бордилар. Биз уларнинг ортиларидан етиб борганимизда, таҳорат қилиб бўлган эканлар. Тўпиқлари (га сув тегмаганлиги билиниб), ялтириб кўриниб турар эди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Тўпиқларга Дўзахдан вайл бўлсин, таҳоратни мукаммал қилинглар!” дедилар”.

(Имом Таҳовий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам (ёнларида таҳорат қилган) бир кишининг оёғидаги озгина сув тегмай қолган жойга кўзлари тушиб: “Тўпиқларга Дўзахдан вайл бўлсин”, дедилар.

(Имом Таҳовий ривояти).

Абдулмаликдан ривоят қилинади: “Мен Ато ибн Абу Рабоҳга сиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини бирортасидан У зотнинг икки оёқларига (маҳсисиз ҳолда) масҳ тортганлари ҳақида бирор нарса эшитганмисиз деб сўраганимда у: “Йўқ”, деди.

(Имом Таҳовий ривояти).

Бадруддин Айнийнинг “Умдату-л-қорий шарҳу Саҳиҳи-л-Бухорий” китобида қуйидагича ривоят қилинади:

Саид ибн Мансур Абдурраҳмон ибн Аби Лайлодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари икки оёқни (маҳсисиз ҳолида) ювишга иттифоқ қилганлар”.

Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли

 

 

[1] “Таҳоратда ювилмай қолган тўпиқларнинг ҳолига вой, улар Дўзах ўтида куяди”, демоқдалар.

9997 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: Бошга масҳ тортмоқ »
Top