Фиқҳ

Истихора одоблари

Амалга ошган ва ошадиган барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг хоҳиши деб билиш мусулмон кишининг муҳим одобларидан саналади. Бу одоб билан зийнатланган инсон бирор ишга киришиш олдидан ўзининг ожизлигини, Роббисининг қодирлигини ёдга олиб У зотга таваккул қилиб иш бошлайди. Роббисига таваккул қилар экан қўлидан келганча ишларнинг  муваффақиятли бўлиши учун ўрнатилган сабабларни бажаришга ҳаракат қилади. Ана шундай сабаблардан бири истихора қилиш ҳисобланади.

 Истихора луғатда "яхшилик сўраш" маъносини англатади. Истилоҳда эса мусулмон кишининг бирор ишни қилмоқчи бўлиб у тўғрисида иккиланиб қолган пайтда икки ракаат намоз ўқиши ва ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган дуони ўқиши истихора дейилади.

Динимиздаги барча кўрсатмаларда бўлгани сингари истихора қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Истихора одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:

Биринчи одоб: Истихорани ихлос билан қилиш

Мўмин киши бирор ишга қўл урар экан қилаётган иши том маънода манфаатли бўлиши учун аввало бу ишни ихлос билан бажариши лозим. Шунга кўра истихора Аллоҳ таолога ихлос билан, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш муҳаббати билан ва бу амалнинг баракасидан умидворлик билан қилиниши керак. Ана шунда бу амал дунё ва охират учун манфаатли ишга айланади.      

Иккинчи одоб:Барча ишларда истихора қилиш

Истихорадан асосий мақсад қилмоқчи бўлаётган ишида яхшилик сўраш ва Аллоҳга таваккул қилиш бўлганидан барча ишларда истихора қилинади. Мўмин кишининг ҳар бир ишида истихора қилиши яъни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган одоб ҳисобланади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай деган:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يُعَلِّمُنَا الاِسْتِخَارَةَ فِى الأُمُورِ كُلِّهَا كَمَا يُعَلِّمُنَا السُّورَةَ مِنَ الْقُرْآنِ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатишлари бу ишнинг мусулмон киши учун ўта аҳамиятли эканини билдиради.

Аммо шариатда буюрилган ёки яхши саналган ишларга шунингдек шариатда ҳаром қилинган ё қилмаслик тавсия қилинган ишларга истихора қилиш мумкин эмас. Чунки мазкур ишлар аниқ бўлгани учун уларда мўмин кишининг иккиланиши асло мумкин эмас. Шунга кўра Жобир розияллоҳу анҳунинг "барча ишларда" деган сўзлариданбарча мубоҳ ишлар тушунилади.        

Учинчи одоб: Бирор тарафни қасд қилишдан олдин истихора қилиш

Мўмин киши рўпарасидаги ишлардан қайси бирини танлашни билолмай иккиланиб қолганда Роббисига илтижо билан истихора қилади яъни ўзи учун манфаатлисини ато этишини сўрайди. Аммо ишларнинг бирортасига мойил бўлиб унга азму қарор қилганидан сўнг истихорага ўрин қолмайди. Чунки  истихора қилиш аслида ишларнинг хайрлисини Аллоҳ таолодан сўраш бўлгани учун қалб ҳали бирортасига ҳам боғланмаган пайтда истихора қилинади.

Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади: "

1.                اَلْهَمَّةُ(кўнгилга келиш);

2.                اَلَّلمَّةُ (истак пайдо бўлиш);

3.                اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);

4.                اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);

5.                اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);

6.                اَلْعَزِيمَةُ(азму қарор қилиш)".

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич  банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди.  

Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.

Ҳадиси шарифдаги إِذَا هَمَّ деган сўздан кўнгилга келадиган мазкур нарсаларнинг биринчиси кўзда тутилган.

Демак ана шундай  ҳали қалб бирор тарафга ҳам боғланмаган пайтда истихора қилинади ва иншааллоҳ ўқиган намози ва қилган дуоси баракотидан ўзи учун хайрли бўлганига муваффақ қилинади.

Тўртинчи одоб: Фарздан бошқа икки ракаат намоз ўқиш

Истихора қилувчи фарздан бошқа икки ракаат намоз ўқиши керак. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِذَا هَمَّ أَحَدُكُمْ بِالأَمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الْفَرِيضَةِ ثُمَّ لْيَقُلِ

Агар бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарздан бошқа икки ракаат намоз ўқисин. Сўнгра айтсинки: ...

Ушбу кўрсатмага кўра истихора дуоси фарздан бошқа икки ракаат намоздан кейин ўқилиши керак. Ушбу икки ракаатни баъзи уламолар "энг камида икки ракаат намоз ўқисин" маъносида айтилган, шунинг учун ҳар икки ракаатида салом бериб икки ракаатдан кўп ўқиса ҳам жоиз бўлади, деганлар.  

Бешинчи одоб: Икки ракаат намоз ортидан дуо қилиш

Икки ракаат намоз ўқигандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуо ўқилади: 

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يُعَلِّمُنَا الاِسْتِخَارَةَ فِى الأُمُورِ كُلِّهَا كَمَا يُعَلِّمُنَا السُّورَةَ مِنَ الْقُرْآنِ يَقُولُ « إِذَا هَمَّ أَحَدُكُمْ بِالأَمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الْفَرِيضَةِ ثُمَّ لْيَقُلِ اللَّهُمَّ إِنِّى أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ وَتَعْلَمُ وَلاَ أَعْلَمُ وَأَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِى فِى دِينِى وَمَعِيشَتِى وَعَاقِبَةِ أَمْرِى أَوْ قَالَ فِى عَاجِلِ أَمْرِى وَآجِلِهِ فَيَسِّرْهُ لِى ثُمَّ بَارِكْ لِى فِيهِ وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِى فِى دِينِى وَمَعِيشَتِى وَعَاقِبَةِ أَمْرِى أَوْ قَالَ فِى عَاجِلِ أَمْرِى وَآجِلِهِ فَاصْرِفْهُ عَنِّى وَاصْرِفْنِى عَنْهُ وَاقْدُرْ لِىَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ ثُمَّ أَرْضِنِى بِهِ قَالَ وَيُسَمِّى حَاجَتَهُ ».رواه الترمذي

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга барча ишларда истихорани Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатар эдилар. Айтардиларки: агар бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарздан бошқа икки ракаат намоз ўқисин. Сўнгра айтсинки: эй Аллоҳим, (барча нарсаларни фақат)Сен билганинг учун яхшиликни Сендан сўрайман, (барча нарсаларга фақат) Сен қодир бўлганинг учун қодирликни Сендан сўрайман. Сенинг улуғ фазлингдан сўрайман. Сен қодирсан мен қодир эмасман, Сен биласан мен билмайман, ғайбларни билувчи Сенсан. Эй Аллоҳим, ушбу ишни динимда, ҳаётимда ва ишимнинг натижасида, ёки у зот алайҳиссалом: " ишимнинг ҳозирида ва келажагида" дедилар,  мен учун хайрли деб билсанг, уни менга муяссар қилгин сўнгра унда менга барака бергин. Агар ушбу ишни динимда, ҳаётимда ва ишимнинг натижасида, ёки у зот алайҳиссалом: "ишимнинг ҳозирида ва келажагида" дедилар,  мен учун ёмон деб билсанг, уни мендан, мени ундан қайтаргин, қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни тақдир қилгин, сўнгра у билан мени қониқтиргин. У зот алаҳиссалом: (кейин) ҳожатини айтади, дедилар.  Термизий ривояти.      

Ушбу ҳадисда баён қилинган дуони ёд олиб унинг маъноларини англаб дуо қилишга уриниш зарур. Аммо ёд олмаган киши китобга қараб ёки уни ёзиб олиб ўқиши ҳам жоиз ҳисобланади. Энг муҳими истихора Аллоҳ таолога дуо қилиш эканини, дуонинг энг муҳим одобларидан бири эса рағбат билан астойдил сўраш эканини унутмаслик зарур. Шунинг учун истихора қилувчи ўзининг ожизу бечоралигини, Роббисининг раҳматига доимо муҳтож эканини изҳор қилиб истихора дуосини ўқиши керак.

  Олтинчи одоб: Туш кўришни шарт деб билмаслик

Истихора қилувчи ўзига тушида бирор ишора бўлишини шарт деб билмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушида унга билдирилади, демаганлар, балки намоз ўқиб дуо қилишни таълим берганлар. Шунинг учун истихорадан сўнг туш кўришни кутмасдан сўраган ишига уриниши керак.

Еттинчи одоб: Истихорадан сўнг ишга киришиш

Истихорадан сўнг мазкур ишларнинг қайси бирини Аллоҳ таоло қулай қилиб қўйгани тафаккур қилиб кўрилади сўнгра бу ишни яхши биладиганларнинг маслаҳатларини олиб ишга киришилади. Агар енгил ва осон бўлса хайрлиси шу бўлади, бордию ундай бўлмаса хайрлиси бошқасида бўлади.  Бу эса қилинган истихоранинг самараси ҳисобланади.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

8685 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Истихора дуоси Етти фақиҳ »
Top