Фиқҳ

Намозда эснагим келаверади, нима қилай?

Cавол: Намозда эснаш яхши эмас, деб эшитдим. Аммо эснаш ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?

Жавоб: Ибодат пайтида эснаш хушуъ ва хузуъни кетказади. Бошқа пайтларда ҳам эснашни уламолар яхши санашмаган. Шу сабаб намозхон эснашни қайтаришга ҳаракат қилиши лозим. Аммо қайтаролмаса чап қўли орқаси билан оғзини ёпиши керак.

Қиёмда турган пайтда кўп ҳаракат бўлмаслиги учун ўнг қўл орқаси билан оғиз беркитилади. Чунки қиёмда намозхоннинг ўнг қўли чап қўлининг устида бўлади. Аммо олдин эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Қудурий айтади: “Кўп бор синадик, эснашни қайтаришга ҳаракат қилинса, у тўхтар экан” (“Фатовойи Қозихон”).

“Туҳфатул мулук” китобида, Пайғам­баримизнинг  намозда асло эснамаганларини, кўнгилдан ўтказиб, Аллоҳ таолога чин дилдан итоатли, илтижоли ҳолатда туриш одамни  намозда эснаш каби ортиқча ҳаракатлардан сақлайди, дейилган (“Шарҳул Виқоя”).

ЎМИ Матбуот хизмати

 

12395 марта ўқилди
Top