Ҳадиси шариф

Беморни бориб кўриш – мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи

Касал кўриш савоби улуғ фазилатли амаллардандир. Барро розияллоҳу анҳу:

«أمرنا رسول الله صلّى الله عليه وسلم باتباع الجنائز وعيادة المريض»

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни жанозага қатнашиш ва касални бориб кўришга буюрдилар”, дедилар.

Имом Термизий, касал кўришнинг нақадар савобли амал экани ҳақида Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِىَ وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِى الْجَنَّةِ»

“Қайси бир мусулмон, мусулмон биродари касал бўлганида эрталаб бориб кўрса, ҳатто кеч киргунга қадар унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради. Агар (қайси бир мусулмон) мусулмон биродари касал бўлганида кечаси бориб кўрса, ҳатто тонг отгунича унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради ва у учун жаннатда бир бўстон бўлади”, дедилар.

Касал кўришга борган шахс, касални ҳолатини ҳисобга олмоқлиги, унинг олдида ўзоқ қолиб кетмаслиги, унга озор берадиган нарсалардан эҳтиёт бўлмоғи, шу билан бирга унинг кўнглига уни хурсанд қиладиган манзур сўзларни айтиб, тавбага тарғиб қилиши ва Аллоҳ таолодан уни тезроқ соғайиб кетишини сўраб дуо қилмоғи лозим.

Чунки озгина эътибор ва меҳр, касални тезроқ оёққа туришига сабаб бўлиши мумкин. Касал кўришга келган киши илм аҳлидан бўлса, касалнинг рухсати билан унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари сингари дам солиб қўйиши ҳам жоиз.

Агар касал ўта оғирлашиб қолмаган бўлса, қуйидаги ривоятга кўра “Улуғ Аршнинг Робби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дея етти марта айтиш мустаҳабдир.

أن النبي صلّى الله عليه وسلم قال: «من عاد مريضاً لم يحضره أجله، فقال عنده سبع مرات: أسأل الله العظيم رب العرش العظيم أن يشفيك، عافاه الله تعالى من ذلك المرض»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда ким касал кўришга борса ва унинг ажали ҳозир бўлмаган бўлса, унинг ҳузурида етти марта: “Улуғ Аршнинг Робби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, деса, Аллоҳ таоло унга ўша касалидан шифо беради”, дедилар.

Абу Дардо ва Абу Зарр розиялоҳу анҳумодан қилинган ривоятга кўра, бемор ҳузурида Қуръон оятларини тиловат қилишликда беморга енгиллик бўлиши ҳақида айтилган.

قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «ما من ميت يموت فيقرأ عنده يس إلا هوّن الله عليه»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир маййит (яъни, Муҳтазар — ўлим аломатлари зоҳир бўлган, аммо, жони танани тарк этмаган кимса) вафот топадиган бўлса-ю, бас, унинг ҳузурида “Ёсин” тиловат қилинса, Аллоҳ унга енгиллик беради”.

Абу Шайх “Фазоилул Қуръон” ва Абу Бакр Марвазий “Жаноиз” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Роъд сурасини ўқишни яхши кўрганларини ва бу маййитдан енгиллик бўлиши ҳақида айтганларини зикр қилганлар. Шаъбий эса: “Ансорлар майит ҳузурида "Бақара" сурасини тиловат қилишни яхши кўришларини айтган”.

Бундан ташқари “Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас” сураларини ўқиш ҳам мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касал ҳузурига кирсалар: “Зарари йўқ, иншааллоҳ (гуноҳлардан покловчи ва хатоларга каффорот) покизалик”, дердилар.

Касал инсон ҳам ўзига етган дардга сабр қилиши ва бу касаллик сабабидан Аллоҳ таоло уни гуноҳлардан поклаб, даражасини кўтаришини умид қилмоғи лозим.

Юқоридаги ҳадиси шарифнинг тўлиғи қуйидагича келтирилган. Албатта бунда барчаларимиз учун гўзал ибрат бор. Зеро, яхши сўзларни айтиш ва яхши гумонда бўлиш, мўминларнинг гўзал сифатларидир. 

عن بن عباس أن رسول الله صلى الله عليه وسلم دخل على أعرابى يعوده فقال لا بأس عليك طهور إن شاء الله قال قال الأعرابي بل هي حمى تفور على شيخ كبير كيما تزيره القبور قال فنعم إذا

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам касал ётган бир аъробийни кўришга келдилар ва: “Зарари йўқ, иншааллоҳ покизалик”, дедилар. Шунда аъробий (тушкун кайфият ва умидсиз ҳолда, Аллоҳ таолога нисбатан ёмон гумон қилиб): “Покизалик?! Йўқ ундай эмас, балки қари чол учун қабрга олиб кетмоқчи бўлган қаттиқ истима”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўп, ундай бўлса”, дедилар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўз китобларида ҳадиснинг қуйидагича давоми борлигини зикр қилганлар:

أما إذا أبيتَ فهي كما تقول، قضاءُ الله كائن

“Аммо, агар юз ўгирсанг,бас, у сен айтганингдек. Аллоҳнинг қазоси бўлгувчидир” дедилар. Эртасига қолмасдан у киши вафот этди.

Мазкур ҳадиси шарифдан, касал кўришга борган киши ҳам, касал бўлган бемор ҳам, доимо яхши сўзларни айтиши ва Аллоҳ таоло ҳақида гўзал гумонда бўлиши матлуб эканини билишимиз мумкин. Қолаверса беморнинг ҳолидан хабар олиш ва уни зиёрат қилиш кишининг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардандир.

عن أبى هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم  من أصبح اليوم منكم صائما قال أبو بكر أنا قال من عاد منكم اليوم مريضا قال أبو بكر أنا قال من شهد منكم اليوم جنازة قال أبو بكر أنا قال من أطعم اليوم مسكينا قال أبو بكر انا قال مروان بلغني أن النبي صلى الله عليه وسلم قال ما اجتمع هذه الخصال في رجل في يوم إلا دخل الجنة

Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун рўза тутди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун касалнинг ҳолидан хабар олди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун жанозада иштирок этди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун мискинга таом берди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар.

Марвон: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишида бир кунда бу хислатлар жам бўлса, у жаннатга киради”, деб айтганлари менга етиб келди, деди.

 

Олимхон ЮСУПОВ

Ҳадис мактаби раҳбари

 

8734 марта ўқилди
Top