Ҳадиси шариф

Ҳаж ва умра савобига тенг ибодат

“Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” (Зуҳо сураси, 1-оят).

Қуёш чиққандан таҳминан ўн беш дақиқа ўтгач ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.

 

Зуҳо намозининг 5 фазилати

  1. Энг афзал садақа.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Жаннатда уй қурилади.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки ракат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда олтиндан бир қаср бино қилади” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Албатта, жаннатда бир эшик бор. У “Зуҳо” деб номланади. Қиёмат куни бўлганда, бир жарчи нидо қилиб: “Зуҳо намозини доим ўқувчилар қани? Бу сизларнинг эшигингиздир. Унга Аллоҳнинг раҳмати ила киринглар, дейди» (Имом Табароний ривояти).

 

  1. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васият қилганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Менга Халилим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутишни; икки ракат чошгоҳ – зуҳо ва ухлашимдан олдин витр намозларини ўқишни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

 

  1. Ҳаж ва умра савобига ноил этади.

Муоз ибн Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Бойликлар хазинаси.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Наждга қўшин жўнатдилар. Улар тезда Нажддан кўплаб ўлжаларни қўлга киритиб, қайтишди. Қўшин билан Наждга бормаган бир киши: “Бундан олдин бундай катта ўлжани шундай қисқа муддатда қўлга киритиб қайтган лашкарни кўрмаганман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга оз муддат ичида булардан ҳам кўпроқ бойликни қўлга киритган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозини жамоат билан ўқиб, қуёш чиққунга қадар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган, сўнг ортга қайтган қавм. Ана ўшалар тез ва катта ўлжа билан қайтган қавмдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

11001 марта ўқилди
Top