www.muslimuz

www.muslimuz

Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил вақтларини фойдали ўтказиш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган таҳдидлардан огоҳ этиш, жиноятчилик таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш тарбияга масъул бўлган ҳар бир мутасадди шахснинг вазифасидир.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабида таътилдаги ўқувчилар, ота-оналар, мактаб ўқитувчилари иштирокида “Экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш каби иллатларнинг салбий оқибатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Мулла Хиёл” масжиди имом-хатиби Тўхтасин Раҳмонов йиғилганларга тарихда ва ҳозирда ислом номидан ҳаракат қилиб келган фирқалар, бузғунчи гуруҳлар тўғрисида хабар берди. Динимизда жиноятчилик, безорилик, гиёҳвандликнинг гуноҳи ҳақида мўътабар манбалар асосида сўзлаб берди.

Бундан ташқари, имом-хатиб ота-оналари чет давлатларга ишлаб пул топиш мақсадида узоқ муддатга кетган ёшларни эътиборсиз қолдирмаслик, бу борада маҳалла, таълим муассасаси, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида ўз тавсияларини бериб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 6 июль куни Ҳадис илми мактабида 2019-2020 ўқув йили қабул имтиҳонлари олдидан консултация бўлиб ўтди.

Консултацияда мактаб ректори, қабул ҳайъати раиси О.Юсупов, педагог-ўқитувчилар ҳамда абитуриентлар иштирок этишди. Абитуриентларга “Ҳадис илми мактабига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом” талаблари бўйича ижодий имтиҳон ва тест синовларини ўтказиш тартиб қоидалари, жумладан, “Араб тили”, “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” фани буйича ижодий имтиҳон билетлари ўрта махсус диний таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида тайёрланганлиги, ижодий имтиҳон мамлакатимизнинг етакчи соҳа мутахассислари томонидан ўтказилиши, шунингдек, ижодий имтиҳон бўлиб ўтадиган аудитория, абитуриентга тайёргарлик кўриш учун ҳар бир фан бўйича бериладиган вақт регламенти, тест жараёнига ажратиладиган вақт, жавоблар варақасини тўғри тўлдириш, имтиҳонга абитуриент томонидан уяли телефон ва бошка алоқа воситаларини, луғат ва шпаргалкаларни олиб кириш ва фойдаланиш қатъиян таъқиқлангани, имтиҳонни ўтказиш тартибини бузмаслик каби муҳим маълумотлар берилди. Абитуриентлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилининг 9 июль куни Ҳадис илми мактабига кириш учун “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” ҳамда “Араб тили” фанларидан ижодий имтиҳон, 10 июль куни эса “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест синовлари бўлиб ўтади. Имтиҳонлар соат 08:00 дан бошлаб ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 08 Июль 2019 00:00

Ижобат бўлган дуо

Носириддинхон амаким ўғиллари Сирожиддинхон шундай ҳикоя қилган эди: — Мен 5-6 ёш вақтим. Ҳастимомдаги ҳовли. Ҳар куни эрталаб Зиёвуддинхон қори амаким, Эшон Бобохон бобомиз ва Саломатхон катта ойимизларга салом бергани кириб келардилар ва кўлларидаги нарсани менгами, Кимё ҳоламгами берардилар-да, ўзлари ота-оналарининг олдиларига ошиқардилар.
Бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин, деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.
Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшда эдилар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амаким улар билан саломлашиб, хол-аҳвол сўраганларидан сўнг: — Отамиз, Тошкентда “Ракат” маҳалласида биринчи янги масжид (Совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана бу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, — деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.
Бобомиз: — Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдалиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ— шу кунларга еткказганига шукур! - деб чуқур нафас олдилар-да, ўнг қўлларини "Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим — деб ғишт устига қўйиб, —Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! - деб, юзларига фотиҳа тортдилар. Катта ойимлар ҳам, қори амакимлар ҳам: — Илоҳи Омин! Айтганингиз келсин,— деб қўлларини юзларига суртдилар. Қори амаким: — Энди мен бориб бу муборак биринчи ғиштни "Ракат" масжиди асосига Сизнинг номингиздан қўйиб келаман, — дедилар. Катта ойимизларга юзланиб: — Онамиз, Сиз ҳам дуо қилинг, - дедилар. Улар ҳам суюниб: - Омин болам, илоҳим юртимиз тинч бўлсин. Яратган Эгам дини Исломга кувват, шариятга ривож берсин! Барча қилаётган ишларингизни хайрли қилсин! - Омин! - деб барчалари юзларига фотиҳа тортдилар. Қори амаким: — Яхши ўтиринглар, — деб орқалари билан юриб чиқиб кетдилар.
Мен мана шундай воқеага гувоҳ бўлганман, деди Сирожиддинхон.
Мустақиллигимиз шарофати, ҳурматли Президентимиз қўллаб-қувватлашлари боис, ҳозирги кунда юртимизда кўплаб масжидлар очилиб, мусулмонларга хизмат қилмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳридаги Эшон Бобохон бобомизнинг номларидаги масжид қайта кенгайтириб тикланаётган масжидларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг келишлари, ўқилган Қуръони карим тиловатлари ва хайрли дуолари бизни тўлқинлантириб юборди. Кўзларимиз қувонч ёшларга тўлди. Шу боис юқоридаги лавҳани эътиборингизга хавола этишга жазм қилган эдим.
Дарҳақиқат, Эшон Бобохон ҳазратлари ва Саломатхон катта ойимиздек покдомон инсонларнинг дуолари ижобат бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

 


Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизи

Понедельник, 08 Июль 2019 00:00

Ёмғир ёғишидаги Аллоҳнинг раҳмати

Агар Аллоҳ таоло кислород ва водород атомларини ёғдириб, ўзинглар сув қилиб олинглар деса, нима қила олардик?!

Қайси лаборатория у атомларни сувга айлантиришни эплай оларди?!

Бу ишга қанча маблағ сарф бўлиб кетарди?!

Аллоҳнинг бизга раҳмати туфайли ичадиган сувимиз ёмғир-қор кўринишида тайёр сув бўлиб ёғади. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِن بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ

“У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир” (Шуро сураси, 28-оят).

Маълумки, ёмғир жуда катта тезликда ерга тушади. Аслида, бундай тезликда тушган нарса баландлик, эркин тушиш тезлиги ҳамда ернинг тортишиш кучи натижасида улкан кучга айланиб, бошимизни мажақлаб, ҳалокатимизга сабаб бўлиши керак эди. Лекин ундоқ бўлмай, катта тезликда тушаётган ёмғир томчилари юзимизга майин урилади. Бу ҳам Раҳмоннинг марҳамати, меҳрибонлигидир.

 

Нозимжон Ҳошимжон

Понедельник, 08 Июль 2019 00:00

Диндорини танланг!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : " تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ : لِمَالِهَا ، وَلِحَسَبِهَا ، وَجَمَالِهَا ، وَلِدِينِهَا ، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ ".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

«Аёл киши тўрт нарса учун никоҳланилади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур!» (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривояти.)

Инсонлар аёл кишига молдорлиги, насл-насаби яхшилиги, чиройи борлиги ва диндорлиги учун уйланишади.

Кимдир аёлнинг пулига, кимдир насаби яхшилигига, кимдир чиройли бўлганига, кимдир диндор, диёнатли аёл бўлганига қизиқади.

Агар битта аёлда шу тўрт нарса жам бўлса, қандоқ яхши!

Аммо бир аёлда буларнинг ҳаммаси жам бўлиши кам учрайди.

Агар аёлнинг фақат мол-дунёси бўлиб, дину диёнати бўлмаса, у эрига моли билан мақтанади, ўзини катта олади, «Отамнинг, акаларимнинг пули кўп. Сенда ҳеч вақо йўқ» деб эрини менсимайди.

Агар аёлнинг фақат насл-насаби зўр бўлиб, дину диёнати бўлмаса, у эрига ўз насаби, зоти, ота-боболари билан мақтаниб, «Мен фалончиларнинг авлодиман. Сен эса ялангоёқсан» деб эрига паст назар билан қараб, уни менсимайди.

Агар аёлнинг фақат чиройи бўлиб, дину диёнати бўлмаса, у эрига жамоли билан мақтаниб, «Бу чиройимга кўплар ошиқ эди. Ортимдан зор юрарди» деб эрига паст назар билан қарайди.

Агар аёл дину диёнатли бўлса, Аллоҳ таолодан қўрққани, тақволи бўлгани учун эрини ҳурмат қилиб, унга итоат этади. Эрига пули кўплиги билан ҳам, насаби билан ҳам, чиройи билан ҳам мақтанмайди.

Шунинг учун диндор аёлга уйланган киши бахтли яшайди. «Қўлинг тупроққа қорилгур!» дегани «Яхшиликка эришгур!», деган маънодадир.

 

Нозимжон Ҳошимжон

Top