muslim.uz
Ўзбекистон Президенти номига муборак Рамазон ойи муносабати билан табриклар келмоқда
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, таниқли давлат ва дин арбобларидан қутловлар келмоқда.
Табрикномаларда хорижий ҳамкорлар томонидан дўст Ўзбекистон халқига тинчлик, осойишталик, барқарорлик ва тараққиёт тилаклари изҳор этилган. Ушбу қутлуғ кунлар мамлакатимиз ва минтақамизнинг бутун мусулмон умматига фаровонлик ва равнақ олиб келиши алоҳида қайд этилган.
Жумладан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси;
Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий;
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён;
Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ;
Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ал Халифа;
Иордания Подшоҳи Абдулла II;
Марокаш Подшоҳи Муҳаммад VI;
Сурия Араб Республикаси Президенти Башар Асад;
Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён;
Қувайт Давлати валиаҳди Мишаал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;
Миср Бош имоми, “Ал Азҳар” мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййиб.
Қутловлар келишда давом этмоқда.
president.uz
Ислом дини мутаассибликни қоралайди
Ислом фақат диний аҳкомлардангина иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи, жумладан, унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи таълимотдир. Аммо исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли, кўпгина муаммоларга дуч келиши табиий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари ҳисобланган Қуръондаги ояти карималар ва Суннадаги ҳадиси шарифларда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки бу икки иллат турли замонларда ҳар хил номлар остида динимизга тасвирлаб бўлмас даражада зарар етказган, бу ҳол ҳозир ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмокда.
Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетишнинг ўзи нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?
Мутаассиблик — унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги вақтда бу "фанатизм" ҳам дейилади. Мутаассиб (фанат) киши кўр-кўрона хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин, ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини эса ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда курсатишга ҳаракат қилади.
Динда ғулу (ғулув) кетиш — "динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўлдан оғиб, нотўғри йўлга бурилиш" маъноларини англатади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: 'Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллох саллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кириб келиб: "Бу аёл ким — деб сўрадилар. "Бу ўша, кечаси ухламай намоз ўкиб чиқадиган аёл", — дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг кўп намоз ўқиши ҳакида сўзлашдик, Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам : "Бундай қилманглар, солиҳ амалларни курбингиз етганича aдo этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ , ўзингизга малол келиб қолмасин! — дедилар. Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетишдан ёхуд мутаассибона биронта фарз қилинмаган амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажаролмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра, мўътадиллик, яъни васатийлик йўлини танлаб солиҳ амалларда мудом бўлиши аълороқ ва яхшироқ экан. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадис орқали динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқат етадиганини олишга буюрганлар. Жумладан, ибодатларнинг шартларини бажаришда ҳам ғулу кетиш динимизда қаттиқ қораланади. Масалан, таҳорат ва ғуслда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида кўрсатилган меъёрдан ортиқ сув ишлатишни уламоларимизнинг айримлари "исроф" деса, баъзилари "ғулу"нинг бир кўриниши деб ҳам айтганлар. Шунингдек, ғулу амали инсоннинг еб-ичиши, кийиниши ва ҳатто кафанланишида ҳам мавжуддир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам : (Маййитни) кафанлашда ҳаддингиздан ошманглар , — деб буюрганлар.
Аслида, Аллоҳ таборака ва таоло томонидан нозил қилинган муқаддас динимиз — Исломнинг асосини ташкил қилган амаллар бандаларнинг тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинган, яъни мўътадиллик ва бағрикенгликка асослангандир.
Учқўрғон тумани “Абдулхамидҳожи Абдурахмон ўғли” жоме масжиди имом ҳатиби: Улуғбек Рахматуллаев
Канадаликларни Рамазон ойида рўза тутишга чақиришди
Рамазонни хайрия даври деб билган ҳолда, Ramadan Project барча динларга мансуб канадаликларни 23 апрель куни очликни енгиш ва 6000 та оилани боқишга ёрдам бериш учун мусулмонлар билан бирлашишга ва рўза тутишга таклиф қилади.
"Биз мусулмон бўлмаган дўстларимизни 23 апрель куни бизга қўшилишга ва биз билан рўза тутишга таклиф қиламиз, бу эса озиқ-овқат танқислигига мунтазам дуч келадиган одамларни қўллаб-қувватлашимизни намойиш этади", дейилади Ramadan Project баёнотида.
Канададаги Ramadan лойиҳаси муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусдир.
"Биз ҳамжамиятимиз ҳар доим биргаликда кучлироқ эканлигига ишонамиз ва озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкони имтиёз эмас, балки инсоннинг асосий ҳуқуқидир", дейди ҳаракат асосчилари.
"Сизнинг хайр-эҳсонингиз маҳаллий ҳамжамиятимиздаги оилаларни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш учун Project Ramadan озиқ-овқат савати дастурига йўналтирилади. Ҳар бир 60 долларлик хайр-эҳсон учун сиз оилани 1 ой муддатда боқишга ёрдам берасиз", дея хабар беради лойиҳа веб-сайти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон - Қуръон ойи: Мулк сураси фазилатлари
Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда имонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин Таборак сураси ўқилади.
Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Саудия Арабистони Жибути ва Сомалида ифтор дастурини бошлади
Саудия Арабистони якшанба куни Жибутида Қирол Салмоннинг ифтор дастурини бошлади ва одамларга муқаддас Рамазон ойида рўза тутишга ёрдам бериш учун озиқ-овқат тарқатди.
Islam.ru хабарига кўра, Саудия Арабистони ва Жибутининг бир неча расмийлари дастурнинг ишга туширилишида иштирок этди.
Сомалида вазирлик ҳар икки давлат вакиллари иштирокида ифторлик дастурини ҳам бошлаб юборди. Дастур Қиролликнинг хайрия ва гуманитар фаолияти доирасида, айниқса Рамазон ойида озиқ-овқат саватларини тарқатишга қаратилган.
Саудия Арабистони бу йил 34 мамлакатда 2 апрель куни бошланган муқаддас ой давомида 1,2 миллионга яқин кишини ифторлик билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни бошлади. Шунингдек, Марказ Нигернинг турли шаҳарларида 454 та озиқ-овқат саватларини тарқатди, улардан 2270 киши фойдаланган.
Ушбу ёрдам 19 мамлакатларда Рамазон ойида 8 430 тонна оғирликдаги 156 993 та озиқ-овқат саватларини 901 463 нафар кишига тарқатишни мақсад қилган Eta'am ташаббусининг бир қисмидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати