muslim.uz
Жамиятда динлараро бағрикенглик янада мустаҳкамланади
Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга доир қатор вазифалар белгиланмоқда, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА.
Ҳужжатда миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қайд этилган. Унга кўра, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси изчил амалга оширилади. Қайд этилишича, турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти юксалтирилади.
Бундан ташқари, хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилади.
Фармон лойиҳасида, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ҳар бир кишининг инсонийлик мавқеси оддий одамларга кўрсатган муомаласида кўринади! (видео)
Одамларнинг камчиликларини қидирмайлик! (аудио)
Мусулмон футболчи жодугарнинг гапларига алданмасликка чақирди
Ҳозирда Камерунда Африка Миллатлар Кубоги ўтказилаётганда маҳаллий табиб сенегаллик жамоа сардори Садио Мане турнирда иштирок этса, юрак хуружидан вафот этиши ҳақидаги ғалати баёнот қилди. Аммо диндор мусулмон Мане ҳозирда жодугарнинг таҳдидини эътиборсиз қолдириб, ҳаётдаги бор нарса Аллоҳга тегишли эканини айтиб, турнирда иштирок этмоқда. "Мен ўлим фақат Аллоҳнинг измида эканлигига ишонаман ва одатдагидек ўйинда иштирок этаман", - деди “Ливерпуль” жамоаси юлдузи.
"Агар мен юрак хуружига учраб, майдонда ўлсам, бу жодугар фақат Аллоҳнинг амрига эришиш учун восита бўлади, шунинг учун унинг таҳдидларига алданманг".
Islam.ru портали хабарига кўра, Мане бошчилигидаги “Теранга шерлари” душанба куни Зимбабве устидан 1-0 ғалабаси билан Камерунда ўз чиқишини бошлади. Мане етти дақиқалик пенальтини қўшиб қўйди ва турнирнинг фаворитлардан бирига биринчи ғалабани келтирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Аллоҳга яқинлаштирувчи икки хислат
Айримлар ўзидан устун кишини кўрса: “Менда нега шунақа сифатлар ёки бойлик йўқ?” дея тушкунликка тушади. Бунинг давоси эса, ўзидан қуйироқ кишига қараб тафаккур қилмоқдир. Чунки киши ўзидан қуйироққа назар солса, Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилади.
Аслида, мусулмон киши мол ва даража жиҳатидан ўзи билан ўзгаларни солиштирмайди. Бироқ шундай ҳолатга тушиб қолган киши нима қилиши керак?! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан муолажа излаш айни муддаодир.
“Икки хислат борки, у кимда топилса, Аллоҳ таоло уни шукр этувчи ва сабр қилувчилар қаторида ёзиб қўяди. Кимда шу иккита хислат топилмаса, Аллоҳ таоло уни шукр ва сабр қилувчилардан эмас, деб ёзиб қўяди. Ким динда ўзидан устун кишига қараса, унга эргашса ва дунёда ўзидан паст бўлган кишига қараса ҳамда Аллоҳ таолога ўзини у кишидан устун қилиб қўйгани учун ҳамд айтса, Аллоҳ таоло уни шукр ва сабр қилувчилардан, деб ёзиб қўяди. Ким динда ўзидан паст бўлган кишига қараса ва дунёда ўзидан устун кишига қараб, менга бу кишичалик бойлик бермабди-да деб афсусланса, Аллоҳ таоло у кишини шукр ва сабр қилувчилардан эмас деб ёзиб қўяди” (Имом Термизий ривояти).
Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳимо ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Бойларнинг ҳузурига камроқ киринглар, чунки бу Аллоҳ таолонинг неъматини оз санамасликларингиз учун энг яқин воситадир”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда: “Бирортангизнинг назари ўзидан бадавлатроқ ҳамда омадлироқ одамга тушганида ўзидан камбағалроқ ва омадсизроқ одамга ҳам бир назар ташлаб қўйсин!” дедилар.
Мазкур ҳадисларда мол-дунёда ўзидан устун бўлганларга кўп ҳам эътибор қаратиш керак эмаслиги, борига қаноат қилиш ва Аллоҳ таолонинг неъматларини оз санашнинг олдини олиш тавсия этилмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифларни ҳалол ризқ талаб қилишда сусткашликка йўл қўйса ҳам
бўлар экан, деб тушунмаслик керак. Балки киши ризқ топиш учун унинг сабабларига жиддий киришмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Сўнгра ризқ бергани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишга, ортиқча нарсалар учун ғам чекиб, маҳзун бўлмаслик тарғиб этилмоқда.
Аслида, мусулмон илм ва тақвода ўзидан устун кишига етиб олишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг натижасида мусулмон Аллоҳ таолога яқин бўлиб бораверади.
Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2021 йил 10-сонидан олинди