muslim.uz

muslim.uz

Жорий 2021–2022 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлар бўйича ўтказиш режа қилинмоқда:

Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига:

– Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
– Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 30 Х 2,1 – 63 балл;
– Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Ҳадис илми мактабига:

– Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (оғзаки, ижодий имтиҳон) 30 Х 3,1 – 93 балл;
– Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 30 Х 2,1 – 63 балл;
– Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Ўрта махсус диний таълим муассасаларига:

– Хорижий тил (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
– Тарих (тест синови) 30 Х 2,1 – 63 балл;
– Маънавият ва маърифат (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Маълумот учун, ўтган йили юртимизда пандемия сабаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари 3 та фандан иккитага қисқартирилган эди. Унга кўра Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига кириш учун “Ўзбекистон тарихи” ва “Фиқҳ ва ақоид” фанлари, Ҳадис илми мактабида “Ўзбекистон тарихи” ва “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” фанларидан, шунингдек, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига “Тарих” ва “Хорижий тил”бўйича тест синовлари ўтказилган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги эчихонаси Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази директори Шовосил Зиёдов Малайзия Ислом цивилизацияси институти (МИЦИ) директори Фариза Шом билан онлайн музокара ўтказиб, унда ҳамкорлик ва бўлажак қўшма тадбирлар масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.

Онлайн учрашувда Малайзия томони Имом Бухорий марказининг фаолияти, буюк ислом илоҳиётчиси ва мусулмон оламининг илм-фан ва фалсафа ривожига катта ҳисса қўшган бошқа мутафаккирларининг бой меросини тадқиқ этиш ва кенг ёйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар билан таништирилди.

Томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий адабиётлар, икки муассаса кутубхона ва архивларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини алмашиш, жумладан, илмий ходимлар стажировкаси ва илмий лойиҳалар натижаларини чоп этиш орқали анжуман ва семинарлар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш борасида қизиқиш билдиришди.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида жорий йил 31 май куни Малайзия Республикаси элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ислом санъати онлайн-кўргазмасига бағишланган вебинар ўтказиш муҳокама қилинди.

Вебинар Малайзия илмий-академик жамоатчилигини мамлакатимизнинг бой мероси, ислом маданиятининг ҳақиқий қадриятлари билан таништириб, Ўзбекистон ҳунармандларининг санъат, мусиқа ва ижод призмаси орқали Имом Бухорий асарларини тарғиб қилинади.

Музокаралар натижасида ҳамкорликни ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар алмашиш ҳамда ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент вилояти

"Абу Бакр Сиддиқ" жоме масжиди

имом-хатиби Нурали домла Мавлонов

Масжидлар Аллоҳ таолога энг маҳбуб масканлардир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар. Чунки масжидларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У зотга зикрлар айтилади, тасбеҳлар туширилади.

Ана шундай маъволардан бири Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Оҳангарон ва Бахт кўчалари чорраҳасида барпо этилиши режалаштирилди. Барча қулайликларга эга бўладиган бу жоме масжид Тошкент билан водий вилоятларини бир-бирига боғловчи А-373 халқаро автомобиль йўли бўйида 0.70 гектра майдонда барпо этилаётгани юртимизнинг ҳам ички, ҳам халқаро сайёҳлик салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.

Масжидлар Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза маконлардир. Миноралардан азон садолари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар узра раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади.

Масжидлар маърифат масканидир. Саодат асрида элчилар масжидларда кутиб олинган. Турли мамлакатларга мусулмон элчилар масжидлардан тарқалишган. Аллоҳ таоло масжидларни ширк ва куфрдан тоза сақлаб, бундай марҳамат қилади: «Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!” (Жин сураси, 18-оят).

Масжидлар ободлиги тоат-ибодат билан, зикрлар, тасбеҳу тамҳидлар ила бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда каримда: «(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбеҳ айтурлар» деб марҳамат қилинган (Нур сураси, 36-оят).

Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, (Имом Бухорий ривояти).

Мўмин киши Аллоҳ таолонинг уйларини обод қилишга, у ерда намоз ўқиб, маънавий файзли қилишга уринар ва қалби доими масжидларга боғлиқ экан, икки дунё бахту саодатига, хайру баракасига эришажак, иншоаллоҳ.

Ангрен, Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарлари ҳамда вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидаги масжидларни барпо этилишига ўзининг ҳиссасини қўшаётган саховатпеша мўмин-мусулмонларга Раббим жаннатлардан Ўзи ваъда қилган қасрларни насиб айласин.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Тарих» китобида келтиришларича, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу вафоти олдидан Бадрда қатнашган саҳобаларнинг ҳар бирига 400 динор, мўминларнинг оналарига, ҳар бирларига кўп миқдорда мол беришни васият қилади. Буни эшитган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо «Аллоҳ уни салсабил булоғидан суғорсин» деб дуо қилган.

У киши вафот этганларида, қолдирган бойликлари 3 103 000 000 (уч миллиард бир юз уч миллион) динор эди. 1 динор - 4.365 грамм олтиндир. Мазкур динорларни долларга айлантирсак, 528.2 миллиард $ бўлади.

Миллиардер Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланардилар. Танимаган одам, у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди. У ўта камтар эди, кеккайиш, ўзини катта олиш, моли билан, обрў билан мақтаниш унга ёт эди.

Бир гал Пайғамбар алайҳиссалом Абдураҳмонни, «Аллоҳ молингни баракали этсин», деб дуо қилган эдилар. Буни Абдураҳмон шундай хотирлайди: «Шу дуодан сўнг мол-дунё ортимдан эргашиб юрадиган бўлди. Ҳатто бирор тошнинг тагини кўтарсам, албатта, ё олтин, ё кумуш топардим».

Абдураҳмон ибн Авфнинг савдо, тижорат бизнеси ақл бовар қилмайдиган даражада катта эди. Унинг етти юз, саккиз юз туяли карвонлари тинимсиз Мадина шаҳрига дон-дун, ун, мой, кийим-кечак, идиш-ашёлар, халққа керакли бошқа молларни етказиб келар, мадиналиклардан ортганини бошқа шаҳарларга олиб бориб сотарди. Молини ҳеч кимдан аяб ўтирмас, муҳтожларга ҳамиша ёрдам қилар, сўрашдан уялганларга пинҳона кўмак берар эди. Ҳатто бир гал қўшинга беш юз отни миндириб юборган бўлса, бир гал мингта туяни эҳсон қилиб юборди. Абдураҳмон ибн Авф ўлими соати яқинлашганини сезиб, қўл остидаги кўплаб қулларни озод этди.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳижрий 32 йилда, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик пайтларида вафот этганлар. Тахминан етмиш беш йил умр кўрдилар.

Аллоҳ таоло у кишидан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!

Top