muslim.uz

muslim.uz

“Мубайян” асарининг “Эътиқодиййа” (Иймон-эътиқод) бобидаги исломий ақоид масалалари биринчи навбатда ҳазрати Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа – Имом Аъзамнинг “Ал-фиқҳул-акбар” (“Энг улуғ фиқҳ”) китобига таянган. Иймоннинг тамалини барпо этувчи олти асос, Аллоҳ таъолонинг субутий (Ўз зоти билан собит бўлган) ҳаёт, илм, ирода, қудрат, самъ ва басар (эшитиш ва кўриш), калом (сўзлаш) сифатлари ва тавҳидга оид ҳукмлар мазкур асарга мувофиқдир. шунингдек, Имом Абу Мансур Мотурудийнинг “Тавҳид” асари ва бошқа эътиқод китобларидан фойдаланилган бўлиши ҳам илмий ҳақиқатдан узоқ эмас.

“Мубайян”даги (таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж каби) барча фиқҳий масалаларнинг ҳукмлари асосан “Мухтасари Виқоя” китобига деярли нуқтама-нуқта мувофиқдир. шунингдек, “Ҳидоя”и шариф ва Ҳанафий мазҳабиниг бошқа китобларидан ва шарҳларидан истифода этилгани кузатилади.

Китобдаги дуо матнлари эса асосан кутуби ситтада, яъни ҳазрати Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Насоий каби олти улуғ муҳаддиснинг китобларида, баъзан Имом Табароний асарида келган ҳадислардан ҳамда ҳазрати Имом Ғаззолийнинг “Иҳйоу улумуд-дин” китобидан танлаб олинган. Ҳаж китобидаги баъзи дуолар эса йиғма дуолардир: баъзилари мўътабар ҳадис китобларидан, баъзилари салафи солиҳийн, яъни ўтган солиҳ зотларнинг қавлларидан саралаб олингани аниқланди. Ўрганиш асносида Бобур Мирзонинг “Иҳйоу улумид-дин”  китобига улуғ эътимод билан қарагани маълум бўлди.

 

“МУБАЙЯН”ДАГИ АРАБИЙ МАТНЛАР

 

“Мубайян”даги арабий матнлар наът бобида баъзи иборалар (оят ва ҳадиси қудсийнинг қисмлари), намоз бобларида  сура номлари, баъзи ояти карималар, салавот ва қунут дуоси, таҳорат бобларида хос дуолар, ҳаж бобларида талбия, ҳадиси шариф ва йиғма дуолардан иборат. Улар Қуръони карим, ҳадис, зикр ва дуо китобларидан саралаб олинган.

 

«МУБАЙЯН» ХУСУСИЯТЛАРИ

 

«Мубайян» асари “Ҳамд” – Аллоҳ таъолога ҳамду сано, “Наът” – саййидул мурсалийн соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъриф ва хислатлари, “Китоб назмининг сабаби” каби кириш қисмларидан ва 1) “Эътиқодиййа” («Иймон-эътиқод китоби»), 2) “Китобус-салот” (“Намоз китоби”), 3) “Китобуз-закот”, 5) “Китобус-савм” (“Рўза китоби”), 5) “Китобул-ҳаж” каби беш рукнга оид мустақил боблардан ҳамда “Китоб хотимаси” бўлимидан иборат.

Барча мумтоз адиблар сингари Бобур ҳам асарни «Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм» билан бошлаб, аввал Аллоҳ таъолога ҳамду саноларини, сўнг ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга наът – таъриф ва салоту дурудларини баён этади.

 

 

Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,

Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим.

Ибтидо қилғулик неким бордур,

Қилмасанг оти бирла, абтардур.

 

“Аввал Ҳақ таъолога ҳамду сано баён этдим ва асарни Ҳақ таъолонинг исми билан бошладим. Чунки, бошлаш мумкин бўлган нимаики яхши нарса бўлса, агар уни Аллоҳнинг исми билан бошламасанг, абтардир – охири кесик, давоми йўқ, орти бенатижадир”.

Шундан сўнг Аллоҳ  таъолонинг комил сифатлари, қудрат ва азаматини зикр қилиб:

 

Қодиру баркамол Тенгридурур,

Қоҳир Зулжалол Тенгридурур.

Ҳар наким қилса, Ул қилур, бешак,

Ҳар на ким қилса, Ул билур, бешак.

 

дейди; Яъни: “Ҳар ишга қодир, комил сифатларга соҳиб ягона зот Аллоҳдир, Қаҳҳор сифатига эга, жалол – беҳад улуғлик ва бениҳоят буюклик эгаси Аллоҳдир. Барча нарсанинг ягона фоъили – бажарувчиси, ҳар бир ишнинг қилгувчиси Удир; қиладиган ишини биладиган ҳам, билган ишини қиладиган ҳам, ҳар ким не иш қилса, уни билувчи ҳам Удир! Бу таърифлар Сирожиддин Усмони Ўшийнинг «Омолий» манзумаси мазмунига ҳам мос келади. Бобур ёзади:

 

Мунтазир раҳматиға гумроҳлар,

Муфтахир қуллуғи билан шоҳлар.

 

“Гумроҳлар – йўлдан адашганлар, хатою гуноҳга тушганлар ҳам унинг раҳматига интизор, умидвор, шоҳлар ҳам Унга бандалик, қуллик ва ибодат қилиш билан фахрланади”.

 

Ямону яхшиға умид Андин,

Қўрқмоқ андину навид андин.

 

Яхши-ёмон инсонларнинг умиди фақат Ундандир, хавфу ражо – қўрқув ҳам, умид ҳам фақат Ундандир. Чунки мўъмин кишига хавфу ражо – умид билан қўрқув орасида яшаш вожибдир.

Бобур ҳамд айтишда давом этиб: «Инсоннинг жисмида неча тук бўлса, улар сенинг ва бошқа барча инсонларнинг танида тил бўлиб, ҳаммаси Аллоҳнинг ҳамдини айтиб, Уни зикр қилса, ойлару йиллар Унга ҳамду сано айтса, барчаларининг сўзи бир бўлади: ҳаммалари  ўз ожизлигига иқрор бўлади, холос”, дейди. Яъни, ягона ва қудратли Зотнинг наздида ҳамма ўз ажзига иқрордир. Бу таърифлар Бобур маърифатининг мумтоз намуналаридир.

«Саййидул-мурсалийннинг наътларида, соллаллоҳу алайҳи ва саллам» деган бўлимда Бобур ёзади:

 

Вожиб ўлди бориға шукри Худой,

Мустафо бўлди бизга раҳнамой.

 

Бандаларнинг ҳаммасига Аллоҳга шукр келтириш вожиб бўлди, чунки бизга ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳнинг мумтоз танланган бандаси тўғри йўлни кўрсатувчи, ҳақ йўлдан бошловчи бўлдилар.

Бобур назм тили билан: “Йўлчисиз, йўлбошчисиз ким йўлда бора олар эди? Борса ҳам, биринчи қадамдаёқ қолиб кетади. Лекин кимнинг ҳазрати Аҳмад соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби йўлбошчиси – кузатувчи ногоҳбони бўлса, йўлда юз хавф бўлса, не парвойи бор у зотнинг йўлидан юриб, суннатига амал қилдими, бас, у, албатта, яхшиликка эришади”, дейди.

 

Улдурур анбиё сарафрози,

«Қоба қавсайн» маҳрами рози.

 

“Барча пайғамбарларнинг сарафрози – улуғи, юксаги, имоми, Қуръони каримда келган «Қоба қавсайн» ибораси сиррининг сирдоши, яъни меърож воқеаси билан шарафланган ҳам у зотдирлар”, деб тавсифлагач, наът сўнгида:

 

Менга қилғил шафоъатинг ҳамроҳ,

Не дей ўзга: Алайка саллаллоҳ;

 

Яъни: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиёмат кунида менга шафоъатингизни йўлдош айланг! Бошқа не дейин: Сизга салоту саломлар – дуруду дуолар бўлсин», деб дуо қилиб қолади. Ҳақиқатан, асарнинг ҳамд ва наът қисми Бобур маърифати, иймон ва ихлосининг ёрқин намунасидир.

 

Четверг, 18 Февраль 2021 00:00

Австралиядаги Ислом музейи

Австралия Ислом музейи Мелбурнда ноёб ва замонавий меъморчилиги билан машҳур бўлиб, кўплаб сайёҳларни жалб қилишга муваффақ бўлган.

Ушбу музей мамлакатнинг Мелбурн шаҳридаги Тернбери ҳудудидаги маҳаллий музейлардан ҳисобланади. Музей 2010 йил илк маротаба нотижорат фонд томонидан 10 миллион долларга лойиҳалаштирилган.

Австралия ҳукумати мусулмонлар томонидан молиялаштириладиган музей ҳаражатларини 20 фоизигача тўлаган.

Австралия Ислом музейида меҳмонларни Ислом маданияти ва цивилизациясининг турли жиҳатлари билан таништирадиган бир нечта галереялар мавжуд.

Ушбу музейнинг бир қисмида ташриф буюрувчиларга намоз ва рўза ибодатларининг асослари, жиҳод, шариат каби атамаларнинг асл мазмуни ўргатилади Шунингдек, музейга ўрнатилган минорадан азон овози эшитилади.

Музейнинг меъморий галереясида дунёдаги ноёб исломий буюмлар ва бинолар ҳам бор.

Бундан ташқари Исломий эътиқодлар галереясида зиёратчиларга Ҳаж ва Каъба ҳақида маълумот берилади.

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

ЎМИ матбуот хизмати

Среда, 17 Февраль 2021 00:00

Ҳар бир сўзимиз ҳисобда!

Бишр ибн Мансур айтади: «Айюбнинг ҳузурида ўтириб, кўп кераксиз гаплардан гаплашдик». Шунда Айюб: «Тилни тийинглар. Хоҳласам, бугун гапирган ҳар бир сўзимни айтиб бера оламан», деди.

Аллоҳ кенгчилик берса, фарзандларингга кўрсат

Ҳаммод айтади: «Айюб қачон бозорга борса, қўлида оиласи учун бирор нарса кўтариб олган бўларди. Бир куни ёғ солинган шиша идиш кўтариб олганини кўриб, бу ҳақда ундан сўрадим. У шундай деди: «Ҳасандан эшитганманки, мўмин Аллоҳ таолодан гўзал одоб олади. Агар у кенгчилик қилса, Аллоҳ ҳам унга кенгчилик қилади. Агар сиқиб қўйса, Аллоҳ ҳам унга тор қилиб қўяди».

 

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хива шаҳрида қурилаётган меҳмонхоналарда кетаётган иш жараёни билан яқиндан танишди.
Жумладан, Хива шаҳрида янги қурилаётган 5 юлдузли «Фаровон» меҳмонхонаси 100 ўринга мўлжалланган.

Меҳмонхонанинг 800 ўринли анжуманлар зали учрашувларни ўтказишга мўлжалланган. Унинг қурилишига 300 га яқин ишчи жалб қилинган. Ушбу лойиҳа 2021 йил охирида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Uzbektourism.uz хабарига кўра, Азиз Абдуҳакимов мазкур меҳмонхона қурилиш жараёни билан танишиб чиқиб, мутасаддиларга меҳмонхонанинг халқаро талабларга мувофиқ қурилиши вa талабчан сайёҳга ҳам манзур бўлиши ҳақида топшириқлар берди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг энг диққатга сазовор сайёҳлик марказларидан бири бўлган Хива шаҳрида доимий равишда турли фестивал, оммавий тадбир ва байрамлар ўтказилади. Сайёҳлар оқимининг тобора кўпайиши эса шаҳарда замонавий ва шарт-шароитларга эга бўлган меҳмонхоналарга бўлган талабни янада оширмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top