muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 13 Февраль 2021 00:00

НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

ҒАЗАЛ

 

Эй, етти манзар тарҳиға

меъмори сунъунгдин бино,

Маснуълар фоний, вале

маслуби сониъдин фано.

 

Чекмай малак лутфунг куни

жуз зикр ила тасбиҳ уни,

Одам дебон қаҳринг туни

ҳар дам: «Золамно, Роббано».

 

Ҳамдингға ҳар кўтаҳ назар

ҳам гунгу лол ўлғай магар,

Чунким демиш Хайрул-башар

ул ерда: «Ло уҳсий сано».

 

Жинси башар йўқ огаҳинг,

хуршид хоки даргаҳинг,

Кўк маҳд аро тифли раҳинг

етти атоу тўрт ано.

 

Фақр аҳли истаб қурбатинг,

аҳли ғино ҳам тоатинг,

Етганга доғи фурқатинг,

не фақр нофиъ, не ғино.

 

Васлингда ишрат хўб эрур,

айшу тараб марғуб эрур,

Сенсиз манга матлуб эрур

танда алам, жонда ано.

 

Ишқингда бир девоналиғ,

шавқингда бир фарзоналиғ,

Ағёрдин бегоналиғ,

айлаб Ўзунгга ошно.

 

Журму гуноҳлардин ўтуб,

келтурма юзға қўрқутиб,

Лола агар соғар тутуб,

мусича гар қилмиш зино.

 

Бордур Навоий бекасе,

ишқ ичра андоқким хасе,

Чун ўртадинг они, басе,

куйдурма дўзахда яно.

 

НАВОИЙ ВА ИСЛОМ

 

ЕТТИ МАНЗАР

(«Фавойидул-кибар», 6-жилд, 1-ғазал)

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту саломлар айтиб, Маърифат гулшани кўрсатувининг навбатдаги дастурини бошлаймиз.

Мумтоз адабиёт, қадимий шеърият баъзи мамлакатларда девон адабиёти деб юритилади. Девон ғазаллар ва маснавийдан бошва шеър турларини ўз ичига олади. Девон араб имлосига асосланиб, ҳар шеърнинг қофияси ёки радифи Алиф, Бе, Те, Се каби муайян ҳарфлар билан тугаган бўлади.

Девон адабиёти XI асрда Мавороуннаҳрда (бугунги Ўзбекистон заминида) Қорахонийлар даврида бошланган, исломий маданиятдан баҳра олган, шу сабабдан араб ва форс адабиётларидан таъсир топган исломий адабиётдир. Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган бу мумтоз адабиёт «мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир» деган ҳикматли сўзга асосланади; яъни мажоз йўли билан ҳақиқатни куйлайди, мажозий муҳаббатни баҳона қилиб, илоҳий ишқни тараннум этади.

Мумтоз шеъриятнинг улуғ одоб ва улуғ анъаналаридан бири, ҳар бир янги ҳарф боби ҳамд ғазаллари, яъни Яратган Парвардигорга ҳамду сано айтилган ғазаллар билан бошланади, сўнг наът ғазаллари, яъни жаноб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал сифатлари айтилиб, мадҳ этилган ғазаллар билан давом этади. Кейин мажозий ифодалар бошланади.

 

Ҳазрати Алишер Навоий қаламига мансуб “Хазойинул-маъоний” девони, «Фавойиду-л-кибар» китобининг илк ғазали Ҳақ таъолонинг ҳамди, шукронаси, Унинг қудрат ва санаътидан пайдо бўлган ҳайрат ва завқ изҳоридан иборатдир.

 

I.

Эй, етти манзар тарҳиға

меъмори сунъунгдин бино,

Маснуълар фоний, вале

маслуби сониъдин фано.

 

“Эй, етти осмон лойиҳасига яратиш-санъатинг меъморидан бино қурилган Зот! Бу яратилган нарсалар – санъатлар фонийдир, ўткинчидир, аммо сониънинг – яратгувчи-санъаткор Зотнинг иродаси, сифоти салбияси тажаллийси сабабли  ўткинчидир. Яъни, бор қилувчи ҳам, йўқ қилувчи ҳам Ўзидир”.

 

Навоийнинг фалсафий қарашлари, ҳикматнавислик санъати соф исломий эътиқод ва илму маърифатга асосланади.

 

Етти манзар – етти кўриниш, етти шакл, қараладиган, назар қилинадиган етти нуқта, яъни етти қават само.  Бу етти осмон лойиҳасини тузган ҳам Ўзи, Ўз қудрати-санъати билан уни устунсиз юксалтириб, иморатини барпо қилган ҳам Ўзи.

 

Муҳаққақ, бу санъатлар фонийдир, Яратган зотнинг Ўзи боқийдир, лекин бу фано бўлишнинг боиси – яна Яратган зотнинг қудрати-санъатидир. «Маслуб» сўзи сифоти салбиянинг тажаллийсига ишорадир.

Биринчи мисрага Бақара сураси, 29-ояти асос бўлади (Аъуузу биллоҳи минаш-шайтонир-рожийм. Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм):

 

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً

ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاء فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ

سَمَاوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

 

Оят маъноси: «Ул (Аллоҳ)ки, ер юзида нимаики бор бўлса, ҳаммасини сизлар учун яратди; кейин (Ўз иродаси билан) осмонга қасдланиб, уларни етти (қават) осмон тарзида (бир низом асосида) мукаммал қилиб тузди. У ҳамма нарсани ҳаққоний билгувчидир».

 

Яна Мулк сураси, 3-ояти:

 

الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقاً مَّا تَرَى

 فِي خَلْقِ الرَّحْمَنِ مِن تَفَاوُتٍ

فَارْجِعِ الْبَصَرَ هَلْ تَرَى مِن فُطُورٍ

 

Оят маъноси: «Етти осмонни (бир-бирига) қаватма-қават қилиб (уйғунликда) яратган зот Удир. Раҳмоннинг яратишида ҳеч бир тафовут – номувофиқлик ва ноқислик кўра олмассан. Бас, кўзингни қайтариб қара! (Унда) ҳеч бир ёриқ ва қусур кўрармисан?»

 

Иккинчи мисра Қасас сураси, 88-оятига асосланган:

 

وَلَا تَدْعُ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آَخَرَ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ

كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ

لَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

 

Оят маъноси: “Аллоҳ билан қўшиб бошқа бир илоҳга илтижо-ибодат қилманг! Ундан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ! Унинг зотидан бошқа (моддий) ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм ва (мутлоқ ҳукмронлик) ёлғиз Уникидир ва сизлар фақат Унгагина қайтарилгайсизлар”.

 

II.

Чекмай малак лутфунг куни

жуз зикр ила тасбиҳ уни,

Одам дебон қаҳринг туни

ҳар дам: «Золамно, Роббано».

 

«(Эй Раббимиз!) Сен лутф қилган кунинг фаришталар зикр ва тасбиҳ овозидан бошқа бир овоз чиқармайди, Сенинг яккаю ягона, пок ва муқаддас, ҳар қандай айбу нуқсондан муназзаҳ эканингни айтиб, олқишлаб, зикр қилишдан бошқа сас чиқармайди. Одам алайҳиссалом ҳам момо Ҳавво билан бирга ҳар лаҳза: «Эй Раббимиз! Биз ўз-ўзимизга зулм қилдик, бизларни кечир, Ўзингга тавба қиламиз!» - дейишдан нарига ўтмайди».

 

Лутф ва қаҳр, тун ва куннинг зидаланиб келиши, Аллоҳ лутфу карамининг ёруғ кундузга, қаҳрининг қоронғу тунга ўхшатилиши Навоийга хос санъатдир.

 

Иккинчи байт «Бақара» сурасининг 30-38-оятларига асосланади. «Лутфунг куни» иборасига асос бўлган оятлар маъноси шуки, Аллоҳ тало фаришталарга ер юзида бир халифа яъни, Яратганнинг ҳукмларимни бажо келтирадиган, салоҳият ва бошқарувга лойиқ бир инсон яратмоқчи эканини билдирди. Фаришталар “халифаликка биз ҳақдорроқмиз” деган маънода сўз қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўзи яратган Одам алайҳиссаломга барча нарсаларнинг исмларни ўргатди. Кейин уларни фаришталарга кўрсатиб: «Қани, халифаликка биз лойиқмиз деган сўзларингизда ростгўй бўлсангизлар, буларнинг исмларини Менга хабар беринглар-чи», - деди. Фаришталар айта олмадилар ва дедиларки:

قَالُوا سُبْحَانَكَ لَا عِلْمَ لَنَا إِلَّا مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ  

Оят маъноси: (Фаришталар): «(Ё Рабб!) Сен (бутун нуқсон сифатларидан) пок ва муназзаҳсан! Бизда Сен ўргатган илмдан бошқа ҳеч бир билим йўқ. Ҳамма нарсани ҳоққоний билгувчи, ҳукм ва ҳикмат соҳиби (фақат) Сенсан», дедилар.

 

Лутф кунидаги фаришталарнинг тасбиҳи ана шудир.

 

Бу ўриндаги “лутфинг куни” иборасидан мурод Аллоҳнинг ҳам Одам алайҳиссаломга, ҳам фаришталарга кўрсатган лутфу карамидир: Одам алайҳиссломга кўрсатган лутфи Одам алайҳиссаломни яратиши, у зотни ер юзида Ҳақ таъолонинг ҳукмларини бажо келтирадиган бошқарувга лойиқ бир инсон қилиши, фаришаталар билмаган нарсани Одамга ўргатиши ва у зотнинг лутфи Илоҳийдан олим бўлиб қолиши, ҳамма нарсаларнинг исмини билиб олиши ва айтиб беришидир.

 

Фаришталарга кўрсатган лутфи эса уларга Ўз раҳмати билан муомала қилиб, Одам алайҳиссаломнинг фазилатларини яхшилик ва гўзаллик билан тан олишга ундашидир.

 

«Қаҳринг туни» иборасига Бақара сурасининг 35-37-оятлари асос бўлган. Одам алайҳиссалом Шайтоннинг алдови билан тақиқланган дарахтнинг мевасидан еб, ерга туширилдилар. Аллоҳ тало у зотга тавба сўзларини ўргатди ва тавбасини қабул қилди. 

Одам алайҳиссаломнинг тавбаси эса, Навоий қайд этганидек, «Роббано, золамно анфусано!» демоқдан иборат эди.

Навоий ишорат қилган тавба сўзи тўқилган ёки асоссиз нарса эмас, балки айнан Қуръондандир. Аъроф сураси, 23-оятига диққат қиламиз:

 

قَالَا رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنْفُسَنَا وَإِنْ لَمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ

 

«Қоло: Роббано золамно анфусано ва ин лам тағфирлано ва тарҳамно ланакунанна минал-хосирийн».

 

Маъноси: «(Иккови – Одам билан Ҳавво) дедилар: «Эй Раббимиз! Биз ўз-ўзимизга зулм қилдик. Агар бизларни кечирмасанг ва бизларга раҳм қилмасанг, муҳаққақ, биз зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз!»

 

Бас, Навоий ҳеч бир иборани беҳуда қўллаган эмас.

 

III.

Ҳамдингға ҳар кўтаҳ назар

ҳам гунгу лол ўлғай магар,

Чунким демиш Хайрул-башар

ул ерда: «Ло уҳсий сано».

 

Ё Раббим! Сенинг ҳамдингни айтишга ҳар бир қисқа ўйли инсон ҳам гунгу лол бўлиб қолаверади, чунки башариятнинг энг хайрлиси бўлган ҳазрати Пайғамабар – Муҳаммад алайҳиссалом бу ўринда: «Ло уҳсийу сано’ан», яъни: «(Эй Аллоҳим!) Мен Сенга сано айтиб тугата олмайман», деб ҳадис айтганлар.

 

Ҳадис матни: «Ло уҳсийу сано’ан ъалайка, анта камо аснайта ъало нафсик».

 

Маъноси: «(Эй Аллоҳим!) Сен Ўз зотингни Ўзинг сифатлаганинг каби мен Сенга сано айтиб (мақтовли ситфатларингни сўзлаб) саноғига ета олмайман».

 

Аллоҳнинг Расулики, бу хусусда бундоқ хоксорлик қилган бўлсалар, бошқалар не ҳам дея олар эди! Шу боис Шайх Саъдий ҳам айтадилар (таржимаси):

 

Хослар ҳам бу йўлда чоптирдилар от,

“Ло уҳсий”га етгач, тек қолдилар бот.

 

«Неча хос бандалар ҳам бу йўлда от чоптирдилар, «Ло уҳсий» ҳадисига дуч келгач, пойгадан ортда қолавердилар».

 

IV.

Жинси башар йўқ огаҳинг,

хуршид хоки даргаҳинг,

Кўк маҳд аро тифли раҳинг

етти атоу тўрт ано.

 

Ё Раббим! Башар зоти Сендан етарлича огоҳ эмас, қуёш ҳам даргоҳинг тупроғидир. Кўк бешик ичида етти ота ва тўрт она Сенинг йўлингнинг гўдак болаларидир.

 

Етти ота – ер юзидаги етти иқлим, ер сайёрасининг инсон яшайдиган қуруқлик қисмлари, обод манзиллар; тўрт она – тўрт фасл. «Тўрт она»ни тўрт унсур – ўт, сув, ҳаво, тупроқ деб тушуниш ҳам мумкин, чунки ернинг яралишига асос бўлгани учун уларда «оналик» хусусияти бор.

 

Ерни «бешик» деб аташ Қуръонга асосланади. «Набаъ» сураси, 6-оятида Аллоҳ айтади, маъноси: «Ахир, Биз ерни бир бешик қилиб қўймадикми?»

 

«Байтдаги «етти ота»ни етти қават осмон деб англовчилар ҳам бор, аммо осмонлар «кўк бешик» ичида эмас, унинг устидадир. Ғазалдаги «маҳд» - «бешик» сўзи мантиқан Қуръон оятига ишорат борлигини билдириб турибди.

 

«Тўрт фасл» маъносига келсак, инсон учун зарур бўлган неъматлар асосан уч фасл ўтиб, тўртинчи фаслда пишиб камолга етади.

 

Аммо «етти» (гоҳ «олти», «тўрт») сўзи билан боғлиқ тушунчалар кўп: етти осмон, етти иқлим, етти сайёра: қуёш, ой, зуҳал, муштарий, миррих, зуҳро, аторуд; етти оғайни (ёки етти қароқчи) юлдузи; етти дарё (яъни, етти денгиз) ва ҳоказо.

«Лисону-т-тайр»да Навоий айтади:

 

Тўрт унсур, етти кўк, олти жиҳот,

Нодиру олий – асоси коинот.

 

Тўрт унсур – ўт, сув, тупроқ, ҳаво; етти қават осмон; олти жиҳот (томон) – ост-уст, ўнг-сўл, олд-орт, булар нодир ва олийдир, коинотнинг асосидир. Инсон ибодатда етти аъзоси билан сажда қилгани учун «етти аъзо» ибораси ҳам мумтоз шеъриятдан ўрин олган.

 

V.

Фақр аҳли истаб қурбатинг,

аҳли ғино ҳам тоатинг,

Етганга доғи фурқатинг,

не фақр нофиъ, не ғино.

 

“(Ё Рабби!) Фақр аҳли – камбағаллар (ёки дунёдан кўнгил узиб, қаноат мақомига етган хос зотлар) ҳам Сенга яқинликни истаб ҳаракатда, аҳли ғино – бойлик, молу давлат соҳиблари ҳам Сенинг тоатинг билан машғул. Аммо фурқатинг – айрилиғинг доғи етган кишига фақр-камбағаллик ҳам, бойлик-давлат ҳам фойда бермайди”.

 

Ўзинг раҳм қил, Ўзинг бандам де, Ўзинг мадад бер! Қалбимизни қалби салим қил! Ҳамма Сенга муҳтож, Сен ҳеч кимга муҳтож эмассан, ҳамма Сендан тилакда, Сен ҳеч кимдан ҳеч нарса истамассан!

 

Фақр – тасавууфда 1) дарвишлик, соликнинг ҳеч бир нарсага эга ва соҳиб эмаслигини англаши, ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси ва соҳиби Аллоҳ эканлигини идрок этишидир; 2) соликнинг ўзини доимо Аллоҳга муҳтож сезиши, Аллоҳнинг ҳеч бир нарсага эҳтиёжи йўқлигини фаҳмлашидир; 3) қаноат ва ризо мақомидир.

 

Қорун деган шахс улуғ пайғамбар Мусо алайҳиссаломнинг қариндоши – амакисининг ўғли  эди. Унинг бойлик- хазиналарининг калитларини кўтариб юриш бақувват жамоага ҳам оғирлик қилар эди. Лекин у Мусо алайҳиссаломга қарши туғён қилди.

 

Аллоҳ тало Қуръони каримда айтадики, Қасас сураси, 81- оятининг маъноси:

“Ниҳоят, Биз уни ҳам, уй-жой (қасру иморатлар)ини ҳам ерга юттириб юбордик. Бас, унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берувчи бирор жамоаси бўлмади. Ва у ўзини қутқаргувчилардан ҳам бўлмади.

 

Қорунга бойлиги фойда бермади унга доғи фурқат – Аллоҳдан айрилиш ҳалокати етди.

 

 Аъроф сураси, 175-оятининг шарҳида келадики, Бани Исроил қавми орасида Балъам ибн Боура исли дуоси мустажоб бўладиган, фақр, яъни қаноат мақомига етган олим зот бор эди. У гумроҳ одамларнинг мол-дунё бериш ҳақидаги ваъдасига учиб, Мусо алайҳиссалом ва у зотнинг қавмига қарши турди ва уларни дуоибад қилди, у нафсига эргашди. Унга фурқат доғи етди, фақр фойда бермади. Аллоҳ таоло унга берган илмни ундан олиб қўйди, унинг тили кўксигача осилиб тушди ва дунёда эканидаёқ унга жазосидан бир қисми берилди.  У ҳақда оятлар нозил бўлди.

 

Аъроф сураси, 175-176-оятлари маъноси:

  1. (Эй Расулим!) Уларга (яҳудийларга) ул кимсанинг хабарини тиловат қилингки, Биз унга оят-аломатларимизни берган эдик ва у булардан ажралиб чиқди (куфрга мойил бўлди). Бас, шайтон уни эргаштириб олди ва у йўлдан озганлардан (бири) бўлиб қолди.

 

  1. Агар Биз хоҳласак, ўша (оят-аломат)лар орқали уни (яхшилар даражасига, баланд мартабага) юксалтирар эдик. Лекин у ерга (паст дунёга) майл қилди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг аҳволи бир итнинг ҳолига ўхшашдирки, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади (тубан бир ҳолдадир). Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг аҳволи ана шудир. (Уларга) бу ҳодисани баён қилинг, шоядки, тафаккур қил(иб сабоқ ол)салар.

Тафирларга кўра, бу оятдаги киши Бани Исроил олимларидан дуоси мустажоб бўладиган зот бўлмиш Балъам ибн Боурадир. Бас, унга ўхшаганларга, яъни шу зайлда шон-шуҳрат, мол-дунё, мавқе-мақомга эга бўлиш учун динни сотганларга нисбатан «Балъам» сўзи зарбулмасал бўлиб қолди (“Файзул Фурқон”).

 

VI.

Васлингда ишрат хўб эрур,

айшу тараб марғуб эрур,

Сенсиз манга матлуб эрур

танда алам, жонда ано.

 

“Ё Рабб! Сенинг висолингга етиш, жамолингга мушарраф бўлишликда ишрат – шодлик, хушвақтлик яхшидир; яхши ҳаёт, шодлик-хушҳоллик эса ёқимлидир, севимлидир”.

 

Бу ҳаёти дунёда Сенсиз тандаги дарду алам, жондаги машаққат, азоб-уқубат менга мақбулдир, исталган нарсадир. Шунинг учун охират ҳаётининг саодатини истаб, дунёда машаққат чексам, охиратда бунинг муқобили, мукофоти бор, Аллоҳнинг жаннати ва жамоли бор.

 

VII.

Ишқингда бир девоналиғ,

шавқингда бир фарзоналиғ,

Ағёрдин бегоналиғ,

айлаб Ўзунгга ошно.

 

“Ё Рабб! Ишқингда бир девоналик бор, ўзини идрок ва идора эта олмаслик ҳоли бор, чунки ишқи Илоҳий кишини сархуш қилади, мажзуб этади. Шавқингда эса, аксинча, бир фарзоналик – оқиллик, донолик, донишмандлик бор, ўз-ўзини идрок этиш бор.

 

Чунки шавқ ўртанишдан, ички ёнишдан туғилади, маърифатдан – Ҳақ таъолони танишдан юзага келади. Ҳар иккиси билан ҳам бандангни ағёрдан – Ўзингдан ғайридан бегона қилиб, Ўзингга ошно қил!”

 

Жаноби Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган: “Аллоҳни шунчалик ўп зикр қилингларки, токи (одамлар) сизларни мажнун десинлар”. Ишқидаги девоналик ана шу мажнунликдир.

 

Аллоҳ Қуръонда баъзи бандаларини таърифлаб: «Эртаю кеч Раббиларига дуо-илтижо ҳолидадирлар», деб марҳамат этади. Аллоҳ ғазал соҳибини ана ўшалардан айлаб қўйгани муножотларидан маълумдир.

 

VIII.

Журму гуноҳлардин ўтуб,

келтурма юзға қўрқутиб,

Лола агар соғар тутуб,

мусича гар қилмиш зино.

 

Ҳазрат Навоий аймоқдалар: “Ё Рабб! Айбу ва гуноҳларимиздан ўт, барини кечир. Баҳорда Ўзингнинг изну ироданг билан очилган лола қадаҳ тутиб, мусича зино қилган бўлса, буни юзга солиб, халқингни қўрқитма!” 

 

Одатда, лоланинг май қадаҳини тутиб туриши поклик ва гўзалликдан иборат. Мусичага зинони нисбат бериб бўладими? Асло бўлмайди. Мусичаларнинг бир-бирига суйкалиши эса пок ва гўзал наслнинг давом этишидан иборатдир, уларга зинони нисбат бериб бўлмайди.

 

Яъни, Аллоҳнинг раҳмати ва мағифати шу қадар чексизки, бандаларнинг журму гуноҳлари Аллоҳнинг чексиз раҳмати ва мағфирати олдида лоланинг қадаҳ тутиб туришидек, мусичаларнинг бир-бирига меҳрибонлик қилишидек бир гапдир.

Зумар сураси, 53-ояти:

 

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ

إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

 

Маъноси: “Айтингки: «(Аллоҳ дер:) «Эй Менинг ўз жонларига қарши (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар! Чунки Аллоҳ барча гуноҳларни кечирур! Шубҳасиз, У беҳад мағфиратлидир, бениҳоят раҳмлидир».

 

(Бу ояти каримадаги «мағфират» сўзи барча гуноҳларнинг кечирилишига далолат қилгани учун усул илмига кўра «мутлоқ»дир. Нисо сурасидаги оятларда эса «ширкдан бошқа» дейиш билан ширк билан муқаййад бўлган (қайд этилган), ҳукм шунга биноандир – “Файзул-Фурқон”).

 

Аллоҳ таолонинг 99та муборак исми бор. Ҳар бир исм муайян бир маънони ифодалайди. Лекин Аллоҳнинг ниҳосиз раҳматига оид икки исми бор: Ар-Раҳмон, ар-Раҳийм.

 

IX.

Бордур Навоий бекасе,

ишқ ичра андоқким хасе,

Чун ўртадинг они, басе,

куйдурма дўзахда яно.

 

“Навоий кимсаси йўқ, аёли-оиласи, фарзанди – ўғил-қизи йўқ бир бекасдир. У Сенинг ишқингга тушди, умрини ёлғизликда ўтказди, у ишқ ичида бир дона хасдир. Уни ишқ ўти билан ёқдинг, куйдирдинг, ё Раб, энди уни дўзахда ҳам куйдирма!”

Бошқа бир байтда Навоий айтадилар:

 

Ёрингиз васлин ғанимат

англабон шукр айлангиз –

Ким, Навоий ўлди бекасликда

зор, эй дўстлар.

 

Бобур Мирзо ҳазрат Навоий ҳақларида ёзадилар: “Ўғул ва қиз ва аҳлу аёл йўқ, оламни тавре фард ва жарида ўткарди” (“Бобурнома”).

 

Чун ўртадинг они, басе, куйдурма дўзахда яно”. Бу – комил иймон, ўтли дил, машаққатли умр соҳибининг ошиқона ва орифона дуо-илтижосидир. Навоий Аллоҳ ишқини бежиз «жонсўз оҳ урмоқ ва жон топшурмоқдур» деб айтмаганлар. Ҳазрат Навоий шундай улуғ хизматлари, сермазмун умри, ўлмас асарлари, беназир ёдгорликлари билан яна шундай хоксорлик, тавозуъ ва зориликда илтижо қилиши орифу ошиқларга ҳам, зоҳиду обидларга ҳам, қаёққа қараб кетаётганини билмаётган идроксиз, саркаш, гумроҳ кимсаларга ҳам буюк ўрнакдир.

 

Мирзо Кенжабек

(“Маърифат гулшани”).

 

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

Ҳ. 1428, 20-муҳаррам.

М. 2007. 7-феврал

Суббота, 13 Февраль 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон шаҳар бош имом-хатиби Мифтоҳиддин домла Рожиддиновнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло табаррук ёшдаги марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Мифтоҳиддин домла Рожиддиновга ва марҳума онахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси замонамизнинг машҳур алломаларидан бири, фазилатли шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг завжалари вафот этгани муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳуманинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин, чеккан дардларини саҳву хатоларига каффорат айласин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Устоз шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига, марҳума онахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

“Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деганлардир”.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси етук аллома, Ливиядаги Ғирён шаҳри муфтийси, шайх Муҳаммад Омир Робитий ҳазратларининг вафотлари муносабати билан у кишининг барча оила аъзолари, сафдошлари ва шогирдларига. чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Илм ва аёл

 

 

Бир куни ҳузуримизга она ва қиз кириб келди. Она қизининг икки нафар фарзанди борлиги ва оиласи бузилганини айтиб, мендан маслаҳат сўради.

25 ёшларда бўлган бу аёл билан суҳбатлашдим. Айтишича, ота-онаси ўз пайтида мактабга юбормаган. Шу сабабли кейинчалик коллеж ёки лицейда ҳам ўқимаган. 20 ёшда эса турмушга беришган. Икки боланинг онаси бўлганда турмуш ўртоғи билан келишолмагани сабабли оиласи бузилган. Эндиликда бу аёл фарзандлари билан қизлик уйида яшамоқда. У фарзандларини боқишни, кийинтиришни, ота-онасига оғирлигини ташламасликни хоҳлайди. Лекин бирор ўқув даргоҳини тамомламагани ва ҳунари йўқлиги сабабли тушкунликка тушиб қолган. Унга илм олиш ва ҳунар ўрганиш учун ҳали кеч эмаслигини тушунтирдим.

Яна кунларнинг бирида бир аёл қўнғироқ қилиб, битта хонадонга совчиликка боргани ва у оилада ота қизларининг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши учун рухсат бермаслиги ҳақида гапирди. “Келажакда бу қизларнинг тақдири нима бўлади? Ислом динида аёл-қизларнинг илм олиши ва ҳунар ўрганиши учун рухсат берилмайдими?” деб сўради у аёл. Мен: “Аксинча, Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар”, деб тушунтирдим.

Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар. У даврларда аёллар шариатнинг баъзи ҳукмларини, хусусан, эр-хотинлик, жунублик, нифос, ҳайз ва бошқа шунга ўхшаш масалаларни тўғридан-тўғри сўрашдан уялганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу каби масалаларни очиқ-равшан сўзлашдан ҳаё қилар эдилар. Шундай ўринларда оналаримиз жавоб берар эдилар.

Ойша розийаллоҳу анҳо айтадилар: “Ансорийларнинг аёлларини Аллоҳ раҳмат қилсин, уларни шариат аҳкомларини билишдан ҳаё ман қилмади”. Бу аёллар кечалари Ойша онамиз олдиларига келиб, жунублик, ҳайзу нифос каби масалаларда шариат ҳукмини сўраб ўрганар эдилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммо-ю юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.

Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.

Ал­лоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўл­син, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қил­са, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хур­мо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124); “Албатта, муслим ва муслималар, мў­мин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр­ли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эр­как­лар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эр­как­лар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳа­ром­дан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаром­дан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”(Аҳзоб, 35).

Аёлларнинг таълим олиши фарзи айнлигига қуйидаги саҳиҳ ҳадислар ҳам далил бўлади. Имом Термизий ва Абу Довуд (лафзи Абу Довудники) ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимнинг уч қизи ёки учта ё олтита ёхуд иккита опа-синглиси бўлса ва уларга одоб бериб, уларга яхшилик қилса ҳамда уларни турмушга берса, унга жаннат бордир”. Бошқа бир ривоятда: “Қайси эркакнинг чўриси бўлса, у унга таълим бериб, таълимини чиройли қилса ва унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, сўнгра уни озод қилиб, ўша аёлга уйланса, у кишига икки ажр бордир”, дейилади.

Бу ҳақда Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни битта аёл: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳузурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрганамиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уларга таълим бердилар.

Балозирийнинг “Футуҳул булдон” китобида бундай келади: мўминлар онаси Ҳафса бинти Умар розийаллоҳу анҳо жоҳилиятда Шифо исмли бир аёлдан ёзишни ўрганган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларидан кейин Шифони топиб, Ҳафса онамизга қандай ўргатган бўлса, бошқаларга ҳам худди шундай чиройли ёзишни ўргатишини талаб қиладилар.

Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳна­молигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тоф­жолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Сай­йида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.

Юқори илмий даражага эришган бу хонимлар қаторида Имом Шофеъий, Имом Бухорий, Ибн Халдун ва Ибн Ҳиббон каби машҳур муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар ҳамда адибларнинг муаллималари ҳам бўлишган.

Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.

Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик (вафоти тахминан 1186 йил). У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.

Олиманинг бир қанча асарлар муаллифи экани манбаларда қайд этилган, аммо фиқҳ ва ҳадисга тегишли “Мажмаъул фавоид ли жаммил авоид шарҳ туҳфатил мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси шарҳида расм-русумларни тўлдиришда қоидалар жамланмаси”) асаригина маълум.

Алоуддин Самарқандийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний (вафоти 1191 йил) устозининг “Туҳфатул фуқаҳо” асарига шарҳ ёзиб, унга тақдим этган. Алоуддин Самарқандий шарҳдан мамнун бўлганидан қизини шогирдига никоҳлаб берган.

Мана, азизлар, аёл-қизларимизнинг илм олишда ва ўргатишда ҳақ-ҳуқуқлари борлигини юқоридаги бир қанча далиллар орқали билиб олдик. Ўйлаймизки, ана шу илмни озгина ўрганиш билан юртдошларимиз қизларининг ҳам билимли бўлиши нақадар муҳимлигини англардилар. Шундай эмасми?!

 

Марямхон АБДУЛЛАЕВА

 

ЎМИ матбуот хизмати

Пятница, 12 Февраль 2021 00:00

Соф эътиқод ҳимоячилари

Маънавий тарбияни тўғри йўналтириш, мафкуравий иммунитетни ошириш, халқни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ва диний билимларни ўзлаштиришда эътиқод ҳал этувчи вазифани бажаради. Ақида инсоннинг ўй-фикр ва ҳаракатларининг натижасини бегилаб беради. Бир сўз билан айтганда, жамиятнинг тараққиёти соф ақида билан чамбарчас боғлиқ.

Бу борада мотуридийлик ақидаси бизга намуна бўла олади. Зеро, юртимизнинг минг йиллик тарихи мотуридийлик таълимотининг соф ақида ва мусаффо исломий кўрсатмаларга асосланганини исботлаб берди.

Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий асос солган мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотлари қадимдан аҳли сунна вал жамоанинг икки йўналиши сифатида талқин қилиниб, ҳадисда зикр қилинган “Дўзахдан нажот топувчи” ақидавий мазҳаб дея қабул қилиб келинган.

Олимларнинг мотуридийлик таълимоти ҳақида билдирган қуйидаги таърифлари фикримизни тасдиқлайди: Кафавий Имом Мотуридий ҳақида бундай ёзади: “У мутакаллимлар имоми, мусулмонлар ақидасини тўғриловчи шахс бўлиб, Аллоҳ уни “тўғри йўл” билан қўллаб-қувватлаган. У бор кучини дин ҳимояси учун сарфлаган ва буюк асарлар ёзган ҳамда ботил ақида соҳибларига раддиялар берган”.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий бундай ёзади: “Аҳли суннадан мурод аҳли сунна вал жамоанинг икки имоми – Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийлар тутган йўлдир”. Муртазо Забидий “Итҳаф ассада ал-муттақин би шарҳ Иҳё улум аддин” асарида “Аҳли сунна вал жамоа ибораси ишлатилганда ашъарийлар ва мотуридийлар назарда тутилади” номли алоҳида фасл ажратган.

Соф эътиқод ҳимоячилари шуни билиш лозимки, Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий (Аллоҳ иккисидан рози бўлсин ва Ислом дини учун қилган хизматларини яхши мукофотлар билан тақдирласин) янгича фикр-ғояни ўйлаб топмадилар ва янги мазҳаб яратмадилар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлни ботил эътиқодлардан тозалашди.

Ҳар икки аллома бидъатчи ва адашган фирқалар билан баҳсмунозара қилиб, уларни мағлуб қилишган. Ашъарий ва Мотуридий салафи солиҳларнинг тутган йўлини ҳужжат ва далиллар билан мустаҳкамлаб, унинг бардавомлигини сақлаб қолишган. Шу боис салафи солиҳларнинг мазкур мазҳабига эргашганлар ашъарий ёки мотуридий деб аталади.

Шунингдек, Ҳаким Самарқандий, Рустуғфаний, Абдулкарим Паздавий, Иёзий, Абул Лайс Самарқандий, Абу Муин Насафий, Умар Насафий, Алоуддин Самарқандий, Алоуддин Косоний, Саъдуддин Тафтазоний, Мулла Али Қорий, Нуриддин Собуний Бухорий ва бошқа кўплаб машҳур олимлар мотуридийлик таълимотида ижод қилиб, унинг ривожига катта ҳисса қўшганлар.

Бир сўз билан айтганда, мотуридийлик аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган. Аммо ҳозирда сохта салафийлик ва мазҳабсизлик руҳидаги баъзи адашган фирқалар мотуридийлик ақидасига нисбатан салбий ёндашаётгани айни ҳақиқат.

Айрим мусулмон тадқиқотчилар мотуридийлик йўналишини аҳли сунна вал жамоа таркибида санашга очиқ-ойдин қаршилик кўрсатмоқдалар. Мотуридия таълимотига бўлган мазкур салбий ёндашувлар нафақат адабиёт ва матбуотда, балки интернет саҳифаларида ҳам кенг ёритилмоқда.

Сохта салафийлик руҳида ёзилган ушбу адабиёт ва мақолаларга юксак дид билан безак берилгани ўқувчилар сонининг ортишига хизмат қилмоқда. Аҳли суннанинг асл соф ақидасига хавф солиб турган бу каби омиллар юртимиз ижтимоий ва маънавий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол.

Мамлакатимизда Имом Мотуридий ва унинг таълимоти борасида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилганига қарамай, мотуридийлик таълимотининг асл моҳияти чуқур тадқиқ қилинмаган, қолаверса, Имом Мотуридий асарларининг таржималари ҳануз амалга оширилмаган.

Мазкур омиллар Имом Мотуридий асарларини кенг оммага етказиш учун ўзбек тилига ўгириш ҳамда мотуридийлик таълимотининг асл моҳиятини содда тилда баён қилиб бериш каби ишларнинг амалга оширилишини тақозо этади.

Мотуридийлик ақидаси матнлари таржимаси ва шарҳларини яратишда жумлаларнинг қисқалиги ва осон ёдланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Минг йилдан зиёд давр мобайнида халқимиз эътиқод қилиб келган аҳли суннанинг соф ақидаси – мотуридийлик таълимоти матнларини янгича талқинда тадқиқ қилиш ва ҳозирги замон талабларига мос услублар билан бойитиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Бурҳониддин АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси мутахассиси

 

Top