muslim.uz
Татаристонда ИҲТ мамлакатлари ёш тадбиркорлари форуми бўлиб ўтади
1 декабрь куни Қозон шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ICYF) ёш тадбиркорлари форуми бўлиб ўтади.
ICYF маълумотларига кўра, IT-стартаплар онлайн ва офлайн форматларда инвесторларга тақдим этилади.
IT парки 18 та мамлакатдан янги бизнес алоқалари ва уларни амалга ошириш учун инвестицияларни топишдан манфаатдор бўлган 30 дан ортиқ лойиҳа муаллифларини бирлаштиради. Ҳар бир стартапнинг тақдимоти уч дақиқа давом этади.
Энг қизиқарли лойиҳалар учун форум ҳамкорлари томонидан таъсис этилган 25 минг долларлик мукофот жамғармаси тақдим этилади.
Islam.ru маълумотларига кўра, нақд пулсиз совринларнинг нархи 200 минг доллардан ошади.
Бундан ташқари, тадбирда "Россия-ИҲТ"йўналиши бўйича халқаро ёшлар ҳамкорлиги бўйича лойиҳа бюросини тузиш тўғрисида битим имзоланади.
Шунингдек, ICYF ва Татаристон ёшлар вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликни ўз иичга олувчи Ёшлар ишлари бўйича федерал бошқарма (Росмолодежь) ва Татаристон ёшлар вазирлиги ўртасида ўзаро тушуниш ҳақида меморандум имзоланади.
Идора Татаристонда ёшларнинг ишига баҳо беради ва Ислом дунёси ёшлари биргаликда ишлайдиган лойиҳаларни амалга оширади.
Лойиҳа бюроси орқали тадбиркорлик рағбатлантирилади, истеъдодли ёшлар эса янги уфқларни кашф этиш имконига эга бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бой борича, йўқ ҳолича
«Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур» (Талоқ сураси, 7-оят).
“Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин”. Аллоҳ таоло ҳалол қилган озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, тураржой ва молини ҳар бир ҳақдорга бериши “инфоқ” (яъни, нафақа) дейилади. .
Муфассирлар ояти каримани бундай тафсир қилишади: «Эр аёли ва ёш фарзандига бойлигининг миқдорига қараб нафақа бериши лозим. Агар эр бой бўлса, нафақа қилишда кенгчилик қилади. Камбағал бўлса, ўз ҳолатидан келиб чиқиб нафақа беради” (Тафсири Қуртубий).
Муовия розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Бизда хотинларимизнинг қандай ҳақи бор?” деб сўраганда, у зот алайҳиссалом: “Таомлансанг, уни ҳам овқатлантирасан. Кийинсанг, уни ҳам кийинтирасан”, (Имом Аҳмад ривояти) деб жавоб бердилар.
Ҳанафий ва шофиъий мазҳабларида ҳар олти ойда, яъни йилда икки марта бир сидра янги кийим олиб берилиши мустаҳаб саналади.
“Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса”. Ким фақир бўлса, Аллоҳ таоло унга берган бойлигига яраша нафақа берсин. Парвардигор ҳеч бир кишини унга ато этганидан ортиғига буюрмайди.
“Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши. Улардан бирида ўн динор бўлиб, ўшандан бир динорни садақа қилди. Иккинчисида ўн уқия (1 уқия 12 дирҳамга тенг) пул бор. Ундан бир уқияни садақа қилди. Учинчисида юз уқия бўлиб, ундан ўн уқияни садақа қилди”, деб айтдилар. Кейин: “Улар ажр-савобда тенгдирлар. Ҳар бири молидан ўндан бирини садақа қилди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” (Ибн Касир ривояти), деб таълим бердилар».
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Иншироҳ сураси, 5–6-оятлар). Парвардигорнинг ваъдаси ҳақ. Унга асло хилоф қилмайди. “Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши аҳли оиласи олдига кирди ва уларнинг муҳтожлигини кўриб, даштга чиқиб кетди. У кетгач, аёли ўрнидан туриб қўл тегирмонини олди ва ун чиқаришга тайёрлади. Нон ёпиш учун тандирга олов ёқди. Кейин: “Ё Аллоҳ, бизни ризқлантир”, деб дуо қилди. Мана шу вақт лаган ун билан лиммо-лим бўлди. Тандир нон билан тўлди. Шу пайт эри уйга кириб келди ва: “Кетганимдан кейин бирон нарса келдими?” деб сўради. Аёли: “Раббимиздан келди”, деб айтди. Эр тегирмонни ва тандирни кўрди. Кейин эр кўрган-билганлари ҳақида Набий алайҳиссаломга айтиб берди. У зот алайҳиссалом: “Агар уни (қўл тегирмонининг тошини) кўтармаганинг-да, қиёматга қадар (ун чиқариб) айланишдан тўхтамас эди”, деб марҳамат қилдилар (Ибн Касир ривояти).
“Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур”. Аллоҳ таоло бандаларидан ўзи истаганига фазли ва марҳамати билан қийинчиликдан кейин енгиллик, тангликдан кейин кенглик, камбағалликдан кейин бойлик беради. Парвардигор Ўзи истаган бандасининг ризқини мўл қилади. Албатта, у бандаларининг ҳолидан хабардор ва кўриб турувчидир.
Абу Синон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳақида сўради. У зотга: “Абу Убайда дағал кийим кияди, фақирона овқат ейди”, дейишди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу унга минг динор юборатуриб, хизматчига: “Пулни олгандан кейин нима қилишини кузат”, деб буюрди. (Абу Убайда розияллоҳу анҳу) пулни олгач, яхши кийим кийди ва таомнинг ҳам яхшисини еди. Хизматчи келиб Умар ибн Хаттобга шу ҳақда айтди. Мўминлар амири: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” (Талоқ сураси, 7) оятини Абу Убайдага тиловат қилиб бергин”, деб айтди».
Тафсир китоблари асосида Тошкент ислом институти
ўқитувчиси Соатмурод ПРИМОВ
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2-сонидан олинди
Тариқатнинг ҳақиқатини биласизми?
Мустабид тузум туфайли динимиздан узоқлашишимиз жараёнида тасаввуф илмидан, яъни тариқатдан ҳам бутунлай узоқлашиб кетганимиз айни ҳақиқат.
Кўпчилигимиз бу ҳақда умуман оддий тасаввурга ҳам эга эмасмиз. Хозирда у ҳақда турли гап - сўзлар кўпайиб кетди. Уларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри эканини ажратиб олишнинг ўзи қийин бўлиб қолди.
Аслида, бу шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тўртта сўзнинг маъноси бир хил ва бир нарсанинг тўртта томони, тўртта ҳолати, тўрт жиҳатини билдиради, холос.
Юқоридаги тўртта ҳолат инсоннинг камолот босқичларидир. Маърифатли одам шу маърифатини аниқ билиб-англаган онда энг баркамол, комил ва мукаммал инсондир! Янада соддароқ тушунтирадиган бўлсак, булар шаръий амалларни ихлос ва холис бажаришдаги даражалар, амал қилиш жараёнида инсонни қамраб оладиган маънавий ҳис-туйғулар, руҳий тарбиялар даражаси миқдоридир. Буни тушуниш учун намоз ўқишни мисол келтирамиз:
Мусулмон киши намоз ўқишни ўрганиб, мусулмонлиги сабабли барча кўрсатилган қоидалари (таҳорат, қибла, жойнамоз, ният, намоздаги қиём, қироат, рукуъ, сажда ва қаъда кабилар) билан намоз ўқишга киришиши “шариат” бўлади. Шуни қилса, бўлди у шариатга амал қилган бўлади. Ким шариатга амал қилса, унинг намози албатта қабул бўлади. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмайди”, деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 171-оят).
Энди, мана шу намоз унинг бандалик бурчи эканини ҳис қилиши, шу намоз билан Аллоҳга етишиш мумкинлигини англаши, яъни онгли равишда намоз ўқиши “тариқат” бўлади.
Энди, шу намозида худди Аллоҳ уни кўриб турганидек, Аллоҳ унинг намоз ўқишини кузатиб турибди, деган ҳис-туйғуни ҳис қилиб намоз ўқиши “маърифат” бўлади.
Намозда Аллоҳни кўриб тургандек, Аллоҳнинг ҳузурида ва “қарши”сида тургандек даражада ҳис-туйғу билан намоз ўқиши эса “ҳақиқат” бўлади.
Нафақат намоз, балки барча хайрли ва яхши ишларни бажаришда ана шундай йўл тутиш, шу ҳис-туйғулар билан амал қилиш шариатдан кейинги тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларини билдиради.
Демак, улар кўпроқ шаръий амалларни ихлос билан адо қилишга қаратилади. Инсоннинг руҳий тарбияси яхшиланиб борар экан, у шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида юксалиб бораверади ва алалоқибат буларнинг барчаси амалий, зоҳирий ва ботиний, руҳий ва маънавий жиҳатдан бир нарсанинг тўрт томони эканини англаб етади. Мўмин-мусулмон йўлининг бошланиши шариат, охири эса ҳақиқатдир. Яъни, бир йўлнинг икки томони.
Бу ҳолатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаброил ҳадиси” деб аталган машҳур ҳадиси шарифида айтиб берганлар. Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан учта савол сўраган. Булар имон, ислом ва эҳсон ҳақида бўлган. “Эҳсон” бу ана шу биз айтаётган, тасаввуф аҳли истилоҳидаги “маърифат” ва “ҳақиқат” тушунчаларининг айнан ифодаси эди:
“Жаброил алайҳиссалом: “Эҳсон нима?” деб сўради. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга уни кўриб турганингдек, агар уни кўрмайдиган бўлсанг, у сени кўриб турадигандек ибодат қилишингдир”, деб марҳамат қилдилар”.
“Эҳсон” сўзи луғатда яхшиликни, гўзал ишни билдиради. Яъни, шариат яхши деб топган, гўзал ва эзгу деб ҳисоблаган барча нарсалардир. Ана шу гўзал ва эзгу яхшиликларни ихлос билан амалга ошириш “эҳсон” мақоми ҳисобланади. Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. Аллоҳ таоло: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир” деб эълон қилган (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят).
Бу ерда ибодатдаги эҳсон тушунчаси жуда кенг маънодадир. Инсоннинг бутун ҳаёти ибодатга айланиши мумкин. Бу шариат, тариқат, ҳақиқат ва маърифат босқичларида амалга оширилиши керак. Инсон камолоти даврида бу тўртта босқични босиб ўтиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат йўлини бундай тушунтирганлар: “Аллоҳга ибодат қил ва унга бирор нарсани ширк келтирма! Аллоҳ учун худди сен уни кўриб тургандек амал қил! Аллоҳни ҳар бир тош, ҳар бир дарахт олдида эсла. Агар яширин бирор ёмон иш қилиб қўйсанг, унга кетидан бирор яхши ишни махфий қилиб қўй. Агар бирор ёмон ишни ошкора қилиб қўйсанг, унга кетидан бирор яхши ишни ҳам ошкора қилиб қўй. Аллоҳдан қўрққин, мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл!”.
Мусулмон шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат даражаларида турлича бўлиши, бир даражада турмаслиги, юқорилаб, пастлаб туриши, даражаси гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлиши мумкин. Муҳими, шариатдан пастлаб кетмаслиги лозим. Ҳанзала розияллоҳу анҳунинг бу борадаги ҳикояти бор. У зот: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганимизда, у зот бизга жаннат ва дўзах ҳақида гапириб берардилар. Биз худди кўзимиз билан кўриб тургандек бўлар эдик. Бир куни уйимга келиб, оилам ва болаларим билан ўйнашиб, кулиша бошладим. Шунда, мана шуни эслаб қолдим”, деган эканлар.
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир мақомда бўлиб, Аллоҳни кўз билан кўриб тургандек мақомда бўлишини, уйга келганда эса Аллоҳ ва унинг зикри эсдан чиқиб қолиб, бошқа мақомда бўлишини эслаган. Дарҳол бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраш учун йўлга тушган эканлар. Йўлда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни учратиб, у зотга: “Мен мунофиқ бўлдим, мунофиқ бўлиб қолдим. Менда шундай-шундай ҳолат юз беради”, деган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам: “Бизлар ҳам шундай қиламиз-ку!”, деганлар. Яъни, бола-чақа билан бирга бўлиб, кулиб-ҳазиллашиш, ўйнаб-кулиш, дунёвий ишларни қилиш шариат чегарасида бўлиши мумкин, албатта. Буни ҳар бир мусулмон қилади. Уни қилмасдан бошқа илож ҳам йўқ. Бироқ, Ҳанзала розияллоҳу анҳу ўйлаганларидек “Аллоҳни аниқ кўриб тургандек” ҳолат ҳамиша ва ҳамма вақт бўладими?! Ҳанзала розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақида айтиб берганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилган эканлар:
“Эй, Ҳанзала! Агар сизлар менинг ҳузуримда бўлганингиздек доим шундай бўлганингизда эди, фаришталар сизларнинг йўлларингизга чиқиб, сиз билан қўл бериб кўришадиган бўларди. Эй, Ҳанзала! Бир соат ундоқ, бир соат бундоқ!”.
Демак, инсоннинг шариатга ихлос ва эътиқод билан амал қилиши тариқат, ҳақиқат ва маърифатга етишишига олиб келади. Шариатга ҳам инсон ўзича амал қилиб кетавермайди, шариатни ўргатадиган устоз, мураббий ва муаллим керак бўлади, ўрганувчи эса қори, ўқувчи, мутааллим бўлади. Хуллас, мўмин-мусулмон Аллоҳга етишишда юрадиган шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат йўлининг бошланиши шариат, охири эса ҳақиқатдир. Яъни, булар битта йўлнинг икки томони ва унинг ўртасидаги икки бекатлардир.
Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонни шариатга мустаҳкам амал қилиб, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида юксалиб, комил инсон бўлишини муяссар этсин!
Жўрабек РАҲМОНОВ,
Фарғона шаҳар бош имом-хатиби
«ПУЛ ЎЗИНГНИКИ ЛЕКИН РЕСУРСЛАР БАРЧАНИКИ..»
Олмонияга (Германия) ўқишга борган бир араб йигит ҳикоя қилади.
Олмония саноатлашган, ўта ривожланган давлат. У ерда турли соҳаларга оид маҳсулотларнинг саралари ишлаб чиқарилади. Кўпчилик, бу мамлакат аҳолиси ниҳоятда тўкин-сочин, ўта дабдабада яшайди, деб ўйлайди.
Сафаримдан олдин мен ҳам шу фикрда эдим. Гамбург шаҳрига келиб тушганимда, у ердаги танишларим бир ресторанда зиёфат уюштиришди. Ресторанга бордик. Қарасак, ресторанда одам кам, бир нечта ёши улуғ аёллар бор, бир четдаги столда ёш эр-хотин ўтирибди. Олдиларида иккита тарелка овқат ва иккита ичимликдан бошқа нарса йўқ. Биз ҳам бир столга ўтирдик, қорин ҳам очқаб кетганди, шундан шеригим кўпгина овқат буюртма берди. Ресторан тинч экан, овқат ҳам тезда келди.
Овқатланиб бўлиб, туриб кетаётганимизда овқатни деярли учдан бири тарелкада ортиб қолган эди. Ресторан эшигига етиб бормаган ҳам эдикки, кимдир бизни чақирди, қарасак ёши улуғ хонимлар ресторан бошлиғига нималарнидир гапиришяпти. Билсак, улар кўп овқат қолдириб кетаётганимиздан норози эканлар.
Шеригим: “Ўзимиз буюртма берган овқат, пулини тўладик, сизларга дахли бўлмаган нарсага нега аралашасизлар”, деди. Хонимлардан бири бизга қаттиқ ғазаб билан қараб турди-да, телефон олдига бориб, кимгадир сим қоқди…
Кўп ўтмасдан, расмий кийимда бир киши кериб келди, ўзини «ижтимоий таъминот муассаса»сининг зобити деб таништирди. Бизга 50 марка (пул бирлиги) жарима солди. Биз жавоб қайтаролмадик. Шеригим узр сўраб 50 марка тўлади. Зобит самимий оҳангда: «Ортиб қолмаслигига кўзларинг етган таомни буюртма беринглар, пул ўзларингники, лекин ресурслар барчаники.
Дунёда кўплаб одамлар ресурс, озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда, сизлар эса беҳудага кетказяпсизлар». Биз роса хижолатда қолдик. Унинг гаплари ҳақ эди.
Биз шуни тафаккур қилишимиз керак, бизнинг юртларда (Араб давлатлари) ўзи ресурс кўп эмас, шундай бўлса ҳам, бировни чақирсак, одамлар нима дейди, деб, кўп егуликлар харажат қилиб юборамиз.
Натижада кимлардир зор бўлаётган кўплаб овқатлар исроф бўлиб қолиб кетади. Бу биз учун амал қилишимиз керак бўлган дарс бўлди.
Шеригим ўша жиноят қоғозини суратга олиб, ҳар биримизга эсдалик сифатида биттадан нусха берди. Биз уни ҳеч қачон исроф қилмаслигимизни эслатиб турсин, деб хонамиз деворига осиб қўйдик… «Пул ўзингники, лекин ресурслар барчаники».
Бу ҳикматни ҳар қачон овқатланганимизда, ёки душ қабул қилганимизда, ёки ресурслардан, масалан, электр, газ, сув ва ҳаказо… қай бири бўлсин, ишлатаётганимизда эслашимиз даркор !!!
Ресурсларнинг барчаси Аллоҳнинг неъмати, агар биз уни исроф қилиб юборсак, оқибатда унга зор бўлиб қолишимиз эхтимоли катта.
Уни ато қилган Роббимизга шукр қилиб, уни тежаб, керагича ишлатсак, Роббимиз уни яна ҳам зиёда қилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Еб-ичинг, (лекин) исроф қилманг! Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”.
Муҳаммад Яҳёхон Муҳаммадхон ўғли таржимаси
Биз қачон шу аҳволга тушиб қолдик?
Бугун шундай замонда яшаяпмизки, айримлар молу дунёга муккасидан кетиб, ҳалоллик, имон-эътиққод, дину диёнатни унутиб, тап тортмай, қулоқларигача гуноҳга ботишяпти. Бировнинг ҳақига хиёнат қилиш оддий ҳолга айланиб қолди. Боз устига, энг нимжон инга (Анкабут сураси, 41-оят) қиёсланаётган интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тиқиштирилаётган “оммавий маданият” номи остидаги беҳаёликлар, разилликлар имони заиф, маънавияти суст кишиларни йўлдан урмоқда.
Қулоғимизга тез-тез “Бозорда тижорат қиладиган икки дўстпичоқлашибди”, “Фалончи танишидан иш сўраб борган экан, уни чет элга сотиб юборибди”, “Ишлатиб, “пешона тери”ни бермабди”, “Бир ота-онанинг фарзандлари келишолмаяпти”, деган гаплар чалинади. Ҳатто ор-номус, ҳамият, ғурур каби туйғулар бегона бўлган айрим кимсалар ҳамма айбни қилиб, ойнаи жаҳонга чиқиб, гўё ўзини “оппоқ қилиб” кўрсатишга уринмоқда.
Хўш, биз қачондан бери шундай аҳволга тушиб қолдик?
Жавоби оддий. Биз Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига итоат этмай қўйганимиздан бери аҳволимиз шу. Расулуллоҳдан ўрнак олмай қўйдик, саҳобаларнинг ҳаётига қизиқмадик, улуғларимизга эргашмаяпмиз. Бунинг оқибатида ҳар хил иллатлаар илдиз отяпти.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 21-оятида марҳамат қилади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўпёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир».
Келинг, Сарвари коинотнинг ҳаётларига назар солайлик, шояд ибрат олсак.
Саодат асрида Ибн Абу Сарҳ деган кииши бўлган. У ҳазрати Усмоннинг кўкалдоши эди (Абу Нуайм, “Маърифатус саҳоба”, 3/160). Ислом тарихида Ибн Абу Сарҳ номи билан машҳур бўлган бу одам Ҳудайбия сулҳидан сўнг Мадинага келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида имон келтириб, мусулмон бўлади. Бу ҳодиса ҳазрати Усмонни жуда қувонтиради.
Ўқиш-ёзишни билган Ибн Абу Сарҳга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий котиби вазифасини юклаганлар (Ибн Абдулбарр, “Ал-истиъоб”, 2/375; Ибн Ҳажар, “Ал-исоба”, 2/317.). Лекин бу бетамиз кимса қисқа фурсатда ҳаддидан ошиб, мусулмон кишига ярашмайдиган сўзлар айта бошлайди. У ер-бу ерда: “Муҳаммад нималар ёздирганини ўзи ҳам билмайди. Мен хоҳласам, унинг ёздирганларини ўзгартиришим мумкин” (Абу Нуайм, “Маърифатус саҳоба”, 3/160), деб ғулдираб юради.
Бу гаплари билан мунофиқларнинг тегирмонига сув қуяётган Ибн Абу Сарҳ ҳаддидан ошиб, олов билан ўйнашаётганини, бунинг оқибати ёмон бўлишини англаб, жуфтакни ростлаб қолади. Маккага етиб бориб, ўша ерда муртад бўлади.
Ибн Абу Сарҳ қилган ишларидан асло пушаймон бўлмади. Макка фатҳ этилгач, Пайғамбаримиз томонларидан “Каъбапўшга беркиниб олган бўлса ҳам, топсангиз, ўлдиринг” буйруғи билан эълон қилинган “қора рўйхат”да унинг ҳам оти бор эди.
Бу эълонни эшитган Ибн Абу Сарҳ қўрқиб кетиб, ҳазрати Усмоннинг ҳимоясига кирди. Ҳазрати Усмон унинг бу таклифини қабул қилиб, уни чодирида яширади.
Кейинроқ уни Расулуллоҳнинг ҳузурларига келтириб, кечиришларини сўраган, лекин ижобий жавоб ололмаган. Оёқ тираб туриб олиб сўрайверишдан чарчамаган ҳазрати Усмоннинг илтимосларини охири Набиййи муҳтарам қабул қиладилар. Шундан сўнг Ибн Абу Сарҳ қўйиб юборилади.
Улар кетгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Орангиздан бир қаҳрамон чиқиб, шу муртадни ўлдириб қўя қолмади-да, – деган мазмунда гапирадилар.
– Ё Расулуллоҳ, кўзингиз билан имо-ишора қилганингизда ёки қошингизни қимирлатиб ққўйганингизда мен уни боплар эдим, – деган бир саҳобага Расулуллоҳ:
– Пайғамбар асло хиёнат кўзи билан қарамайди, – деганлар (Ибн Ҳишом, 4/52; Ибн Абдулбарр, “Ад-дурар”, 260).
Бу ҳодиса ҳақида чуқур тафаккур қилиш фойдадан холи эмас. Чунки Ибн Абу Сарҳ билан бирга Каъбапўшга яшириниб олган бўлишса ҳам ўлдириладиганлар орасида Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя, Ваҳший, Ҳаббор ибн Асвад каби кимсалар бор эди (Ибн Ҳиббон, “Ас-сийра ан-набавийя”, 248). Уларнинг барчаси Маккадан қочиб кетишди.
Шу билан бирга, Икриманинг аёли (Абу Жаҳлнинг келини) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, ўзини танитган ва эрининг кечирилишини сўраган. Расулуллоҳ эътироз қилмасдан, буни маъқул кўрганлар (Ибн Ҳишом, 4/60). Умайр ибн Ваҳб Сафвон ибн Умайянинг кечирилишини сўраб келган ва унинг илтимоси ҳам рад этилмаган.
Кейинги йилларда Ҳаббор ва Ваҳший ҳам кечирилишини сўраб алоҳида-алоҳида мурожаат қилган. Уларнинг истаклари ҳам дарҳол қаноатлантирилган.
Ҳазрати Усмоннинг Пайғамбаримизга ким эканлиги маълум. Унинг Расулуллоҳ билан керак бўлса, Умайр ибн Ваҳб, Абу Жаҳлнинг келини Умму Ҳаким билан қиёслаб бўлмайдиган даражада яқинлиги бор. Лекин, шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Абу Сарҳни қўйиб юборишни истамаганларининг ўзига яраша сабаблари бор, албатта.
Балки келажакда ҳазрати Усмоннинг бошига тушадиган турли мусибатлар ва бу мусибатларни ташкиллаштирадиганлар орасида Ибн Абу Сарҳнинг ҳам қўли бўлиши Расулуллоҳга ошкор қилингандир.
Ҳазрати Усмон кўкалдоши Ибн Абу Сарҳнинг қўлидан тутиб Расулуллоҳнинг ҳузурларидан чиқаётганида хурсанд эди. Аммо, у эртага ҳам хурсанд бўла оладими?..
* * *
Шу ўринда эътибор қаратишимиз муҳим бўлган бир нукта бор. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишора қилиб, муртад Ибн Абу Сарҳни ўлдиртириб юборишлари ҳам мумкин эди. Лекин оламларга раҳмат қилиб юборилган зотга хиёнат у ёқда турсин, ҳатто жуда арзимас нохуш хатти-ҳаракат ҳам ярашмайди. Келажакда куёвининг қотиллари сафидан жой оладиган хоинни кечириш – фақат Расули акрам алайҳиссаломга хос фазилат.
Бундай ишлар бизнинг қўлимиздан келмайди – бу аниқ. Лекин, ҳеч бўлмаса, У зотга муносиб уммат бўлиб, асло хиёнат кўчасига кирмайлик, бир-биримизнинг айбимизни, хатою камчиликларимиз ковламайлик (зотан, бу иш мўмин кишига мутлақо ярашмайди), гуноҳлар гирдобига тушиб қолмайлик. Шуни эпласак – марра бизники!
Толибжон НИЗОМ