muslim.uz
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Калом сифатиға ишоратдур (Ўн олтинчи мавзу давоми)
ЎТА МУҲИМ ИЗОҲ
(Раббимиз Аллоҳ таолони қайси сифатлари ила таниймиз?..)
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, жаноб Расулуллоҳга сўнгсиз салоту салом бўлсин.
Ассалому алайкум, севикли дўстларимиз.
Мана, бир неча кундан бери Бобур Мирзонинг “Мубайян” асаридан баҳраманд бўлмоқдамиз. Муқаддимада айтганимиздек, бу асар беш китобдан иборат: 1) Иймон-эътиқод китоби; 2) Намоз китоби; 3) Закот китоби; 4) Рўза китоби; 5) Ҳаж китоби.
Шоҳ ва шоир, аллома ва саркарда Бобурнинг шундай гўзал китоб ёзгани – миллатимизнинг шарафидир.
Биринчи китоб – Эътиқодийя бўлмининг хулосаси шуки, Аллоҳ таолони саккиз сифати билан таниймиз. Булар Аллоҳнинг Ўз Зоти билан собит бўлган – субутий сифатларидир.
Бобур Мирзо бу сифатларни еттита деганлар ва Таквин – Яратиш сифатини қудрат сифатига дохил қилганлар. Шарҳда айтганимиздек, биз Таквин сифатини алоҳида ўрганамиз. Буюк Яратганнинг бу саккиз сифатини билишимиз шарт экан.
- ҲАЁТ СИФАТИ. Аллоҳ таоло абадий тирикдир, ўлим билмас ҳаётга эгадир. Лекин Унинг тириклиги жисм ва жон билан эмас, балки Ўз Зотидан Ҳаййдир – тирикдир.
- ИЛМ СИФАТИ. Аллоҳ таъоло замон ва макондан холи ҳолда, мавжуд ва номавжуд, бўлган ва бўладиган, каттаю кичик, бутун ва бўлак, мумкин ва номумкин, яширин ва ошкор – ҳамма нарсани ва ҳар бир ҳодисани энг яхши тарзда билувчи ва бутун билимларнинг манбаъи бўлган Зотдир.
- ИРОДА СИФАТИ. Дунёда нимаики бор бўлса, бошдан-охир Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Бутун инсоният тўпланиб, бир заррани ҳаракатга келтиришга ёки ҳаракатини тўхтатишга уринса, Аллоҳнинг ирода сифати тажаллий этмагунича, бунга асло кучлари етмайди.
- ҚУДРАТ СИФАТИ. Бутун қудрат ва бутун қувват Аллоҳдадир. У Зот ҳамма нарсани билиши билан бирга ҳамма ишни қилишга ҳам қодирдир. Ҳар ишни қилишга Унинг қудрати етади, сабаб ва воситаларга эҳтиёжи йўқдир.
- САМЪ – ЭШИТИШ СИФАТИ. Аллоҳ таоло эшитгувчидир. У зот яширин ёки ўта пинҳон бўлган ҳамма нарсани эшитади. Унинг эшитмоғига узоқлик монеъ бўла олмайди. Эшитадиган нарсаларнинг кўплиги Унга халал бермайди.
- БАСАР – КЎРИШ СИФАТИ. Аллоҳ таоло кўргувчидир. У Зот катта ёки кичик бўлган ҳамма нарсани кўради. Унинг кўрмоғига қоронғулик ва масофалар монеъ бўла олмайди. Кўрадиган нарсаларнинг кўплиги Унга халал бермайди.
- КАЛОМ СИФАТИ. У зот мутакаллимдир – сўз билан сўзловчи ва гапирувчидир, лекин Унинг сўзлаши (инсонларда бўлганидек) тил, оғиз, танглай воситаси билан эмас. Аллоҳ таъолонинг ҳукмлари Ўз Зоти билан қоим бўлган азалий каломининг тажаллийси билан бўлиб, бу эса мўъжиза Китоби – Қуръони карим орқали намоён бўлади.
- ТАКВИН – ЯРАТМОҚ СИФАТИ. Бу Аллоҳнинг билфеъл яратмоқ сифатидир. Бутун бу борлиқларнинг ҳақ яратувчиси Аллоҳ таъолодир.
Азиз дўстларимиз билан бирга, “Бу қийин илмлар экан” демасдан, Яратган Эгамизнинг мана шу саккиз сифатини ўрганиб, бир умр ёдда тутишимиз зарур. Бу билим – маърифат эшиги, саодат калитидир. Яна Асмои Ҳуснада – Аллоҳнинг энг гўзал исмларида барча сифатлари ифода этилган. Насиб этса, бу ҳақда алоҳида суҳбатлашамиз.
“Мубайян ва насрий баёни” асарининг давомини диққат-эътибор билан ўқиб-кузатиб боришларини азиз дўстларимиздан умид қиламиз.
Фақир Мирзо КЕНЖАБЕК.
1441. 25-зулҳижжа. Шанба.
2020. 15 август.
Саҳобалар
Саҳобий Саъд ибн Муоз розиёллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтган гапига қаранг. Ана шунда ансорларнинг қанчалар фидокорликларини, ўзингиз билан саҳобалар ораси осмонлару ер каби узоқ эканлигини англайсиз:
"Эй Аллоҳнинг Расули! Мана молларимиз сизнинг ихтиёрингизда. Ундан истаганингизча олинг. Истаганингизни қолдиринг. Аллоҳга қасамки, биз учун олганингиз қолдирганингиздан суюклироқдир. Агар бизни денгизга бошласангиз сиз билан бирга биздан бирортамиз ортда қолмасдан денгизга кирамиз. Аллоҳга қасамки, биз урушда сабр қиламиз, тўқнашганда содиқ бўламиз. Бизни Аллоҳ амр қилган ишга бошлайверинг!".
Аллоҳ рози бўлсин барча саҳобалардан.
Абдулқодир Самарқандий
Қарзни инкор қилишнинг ёмонлиги
Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Танишлардан бирининг айтишича, бир одам бошқасидан ялиниб юриб қарз олган. Иши битгач, қарзни қайтармай чўзиб юрган. Қарз берган одамнинг ўзига пул керак бўлиб, қарзни қайтаришини сўраб борган. Аввалига «Кейинроқ келинг», деган жавобни олган. Кейин алдаш давом этган. Охири бориб, «Мен сендан қарз олганим йўқ, яна келсанг, миршабларни чақириб, менга туҳмат қиляпти, деб қаматвораман», дейишга ўтган.
Интернет орқали менга бу борада келадиган саволлардан бирини эътиборингизга тақдим этишга рухсатингизни сўрайман:
«Ассалому алайкум, ҳурматли шайх Ҳазратлари!
Менинг саволим қуйидагича: бундан 4 йил олдин мен бир яқин танишимга катта миқдорда пул берганман. Албатта, қарз сифатида. У менга «10 кунда қайтараман», деб айтган эди. «Тилхат ёз», десам, у менга: «Худо бор-ку, 10 кунда бераман», деганди. Мен ҳам Худони тилга олгани учун ишондим. Мана, 4 йил бўлдики, ҳануз қайтармади. Лекин маълум қисмини, озгинасини қайтарган. Бир неча бор уйига бордим. «Қайтараман», деб алдаб келди. Мен ундан қарзни суд орқали қайтариб олмоқчи бўлдим ва ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Уларнинг олдида: «Мен пул олганим йўқ, олган бўлсам, Худо урсин», деб қасам ичди. Менинг эса Худодан бошқа гувоҳим йўқ. Шунинг учун сизга мурожаат қилмоқдаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат».
Бунга ўхшаш мактублар жуда кўп. Баъзи одамлар бировнинг ҳақини еб кетишдан мутлақо қўрқишмайди. Бир одам ўзининг молидан ўзига ишлатмасдан, муҳтож бўлиб турган кишига бериб, унинг мушкулини осон қилса-ю, муҳтож одамнинг иши битиб, муҳтожлиги кетгач, «Мен сендан қарз олганим йўқ», деб тониб кетса! Бундан ёмон, бундан пасткаш одам борми дунёда?!
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради.
Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.
Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарслар ҳам мавжуд.
Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади». Байҳақий ривоят қилган.
Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари намланган ҳолатлар (Аудио)
Қабристон – ибрат маскани
Динимизда тарғиб қилинган амаллардан бири бу қабристонларни зиёрат қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِى زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الآخِرَةَ »
“Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, деганлар ( Имом Термизий ривояти).
Ислом дини келган дастлабки йилларда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари ила қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эди. Бу қайтариқ умумий бўлгани сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам оналарининг қабрини зиёрат қила олмаган эдилар. Сабаби, одамлар орасида Ислом ақидаси ва бошқа илмлар тўлиқ шаклланмаган, инсоният ширкдан буткул халос бўлмаган эди.
Кўп амаллар қатори қабрларни зиёрат қилишда ҳам жоҳилият амаллари аралашиб қолишининг хавфи бор эди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишилар қалбини Исломий таълимот билан суғориб, одамларнинг динирй савияси ошгач, марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилишга рухсат берилди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом мазкур ҳадисни айтдилар ва кишиларга қабристон зиёратидан кўзланган асл мақсадни ҳам эслатиб, таъкидлаб қўйдилар. Мақсад – охиратни эслаш.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жуда кўп жойлар, хусусан, масжидлар, мадрасалар ва қадамжолар обод этилди. Динимиз ва илм-фан ривожига беназир ҳисса қўшган аждодларимизнинг мангу қўним топган масканлари қатори деярли барча қабристонлар обод қилинди. Бундан кўзланган мақсад зиёратчилар учун қулайликлар яратиш, Қуръон тиловати сабабли ўтганларимиз руҳларини шод этиш, холос.
Шу билан бирга, дунё ташвишларидан чарчаган, ҳаёт жозибадорлигига берилиб, охиратни унутган кишиларни тафаккурга ундаш, ҳар бир жон бир кун шу манзилда ётиши муқаррар эканлигини эслатишдир.
Бироқ сўнгги пайтларда одамлар орасида қабристоннинг қандай жой эканини унутганлар кўпайди. Унинг ҳайбатини ҳис қилмасдан, қабрлардан ибрат олмайдиган кишилар учраб турибди. Ҳатто жанозага бориб, қайсидир яқинини лаҳадга қўйиб ҳам ибрат олмайдиганлар бор. Қабристонда ҳам дунёвий гаплар, ғийбат, миш-мишлар урчиди. Таъзияларда, қабристонларда тамаки тутатиб, нос чекувчиларни кўриб, дилимиз хуфтон бўляпти.
Ахир, наҳотки улар қабристон бу дунё манзили эмаслигини англамайдилар? Уларнинг кўз олдида турган бу қабрлар остида ё жаннат ёки дўзахдан бир туйнук очилганини ҳис қилмайдилар. Лоақал, ўн беш дақиқа ўлимни эслаб, қилган гуноҳ ва камчиликларини кўз олдига келтириб, Аллоҳга истиғфор айтмайдилар. Қанчадан-қанча дуо ва истиғфорга муҳтож марҳумлар учун лоақат икки оят Қуръон ўқиб, дуо қилмайдилар?
Наҳотки, қалбимиз шунчалар қорайиб кетди? Азизлар, қабристон бу оддий жой эмас. Бу пушаймонлар, умидворлар, азоб ёки роҳат эгалари ётадиган жой. Унинг одобини жойига қўйинг.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир қабр рўпарасида овқат еяётган кишини кўрдилар ва: “Аллоҳга қасамки, бу киши мунофиқ”, дедилар. Шунда ёнларидаги кишилар сўрашди: “Эй имом, нима сабабдан бир кишини қасам билан мунофиқлигига гувоҳлик беряпсиз? Сабаби нима?” У киши жавоб бердилар: “Кўз олдида жаннат ёки дўзах, азоб ёки роҳат турганини билиб, кўриб туриб томоғидан овқат ўтаётган киши мунофиқ бўлмасдан ким ҳам бўлиши мумкин?”.
Шундай экан, мўминлар ётган жойни, яхши амаллари учун ҳам, ёмон амаллари учун ҳам ҳисоб-китоб кутиб ётган кишилар маконини беҳурмат қилманг. Аллоҳ насиб қилса, бир кун шу манзилда ётиш барчамизнинг бошимизда бор. Бас, шундай экан, ётар жойингизни бугун “обод” қилиб қўйинг. Мармарлар, дабдабалар билан эмас, солиҳ амаллар, яхшиликлар ва ибодатлар билан обод қилинг!
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби