Ҳаж ва умра

Ҳажнинг моҳияти ва ҳикмати  (1 қисм)

 

Ҳаж улуғ ибодатдир. Унинг шарафига Ҳаж сураси ҳам нозил бўлган. Беш аркон ичида номига сура нозил бўлган ягона ибодат ҳаждир. Ушбу муборак сурада ҳаж ибодати, унинг тарихи, фазилати, фой далари ва мазмун-моҳияти ҳақида қуйидаги оятлар тушган: «Эсла, Биз Иброҳимга Байтнинг жойини бел гилаб бердикки: “Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда руку, сужуд қилгувчилар учун поклагин. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон узоқузоқ йўллардан пиёда юриб, озғин уловлар устида келурлар. Токи ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар ва маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар, бечора ва фақирларга ҳам егизинглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Байтулъатийқ”ни тавоф қилсинлар» (Ҳаж сураси, 26–29-оятлар).

Мўътабар китобларимизда ҳажнинг жуда кўп ҳикматлари борлиги айтилади. Улар орасида энг асосий лари қуйидагилар: бандаликни билдириш; нафсни тарбиялаш; нафсни фойдали ишларга ўргатиш; тақво ҳосил қилиш; сабр-бардошга ўргатиш; шукрга ўргатиш; сафардан ибрат олиш; ёмонликдан сақланишга кўникма ҳосил қилиш; улфатчилик тамойилларини намоён қилиш; танишув; вақтни қадрлашни ўрганиш; тартибга ўрганиш; инсонни эҳтиром қилиш; зикрларга одатланиш; шайтоннинг душман эканини эсга олиб, уни ҳеч қачон унутмаслик ва бошқалар.

“Ҳаж” сўзи луғатда қасд қилиш маъносини англатади. Қасд қилиш бўлганда ҳам, улуғ нарсани қайта-қайта ва такрор қасд қилиш маъносини ифода қилади.

Шаръий истилоҳда эса ҳаж маълум вақтда, маълум маконда, маълум ибодатларни ният билан адо этишдир. Келинг, яна ҳам тушунарли бўлиши учун ҳажнинг истилоҳий маъносини чуқурроқ ўрганайлик.

“Маълум вақт” дейилганда, ҳаж ибодати маълум вақтда адо этилиши тушунилади. Ҳа, бошқа ибодатлар каби ҳажнинг ҳам муайян вақтлари бор. Унинг вақтлари фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туриш унинг бош рукни ҳисобланади. У ерда бундан бошқа вақтларда ҳар қанча турса ҳам, ҳаж ҳисобланмай ди.

“Маълум макон” деганда, мийқотлар, Масжидул Ҳарам, Арафот, Муздалифа, Мино каби жойлар назарда тутилади. Мазкур жойлардан бошқа ерда ҳаж ибодатини адо этиш мумкин эмас. Юқоридаги маконларга тегишли ҳукмлар фиқҳ китобларимизда баён қилинган.

“Ният билан адо этиш” деганда, ҳажнинг ўзига яраша нияти борлиги тушунилади. Ҳаж ёки умра қилаётган инсон уни амалга оширишдан олдин Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишни ва таъйин қилинган ибодатини ният қилади. Аллоҳ таолога яқин бўлишни ният қилган заҳоти бу одат эмас, ибодат эканини ҳис этади. Зеро, ният одат билан ибодат ўртасини ажратиб беради. Тайин қилинган ибодатни ният қилади, деган ибора ҳожининг ҳаж ёки умраси қайси турдан эканини ажратиб беради. Яъни, ният билан қилаётган амали фарз, назр, нафл ёки бадал ибодатлардан бирига тайин топади.

“Маълум ибодатлар”. Бунда эҳром, Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш каби амаллар кўзда тутилган. Ҳаж ибодати аҳли аёли эҳтиёжидан ортиқча маблағи бор, соғлом ва омонликдаги хотиржам мусулмонга умрида бир марта фарз бўлади. Ҳажда бажариладиган амаллар фарз, вожиб, суннатга бўлинади. Фарз амаллари қатъиян адо этилиши шарт бўлган амаллар бўлиб, бирортаси адо этилмаса, ҳаж қабул бўлмайди. Яна бошқатдан ҳаж қилиши лозим бўлади. Вожиб амалларнинг қилиниши зарурий амаллар бўлиб, бирортасини адо этилмаса, бундай ибодат нуқсонли ҳисобланади ва шу сабабли жонлиқ сўй иш вожиб бўлади.

Ҳажда суннат ва мустаҳаб амалларини бажарган киши савоб олади, ибодати мукаммал бўлади, агар қилмаса, гуноҳкор бўлмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг

"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

 

1437 марта ўқилди

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top