muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 29 Ноябрь 2022 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи бўлим мудири Толибжон домла Низомовга падари бузрукворлари Насриддин ҳожи отанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум ҳожи отанинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум отахоннинг яқинларига, хусусан, Толибжон домла Низомовга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китобининг тақдимоти ўтказилди.

Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, IRCICA Бош директори маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Академия профессор-ўқитувчилари, таниқли олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда қатнашчилар ZOOM дастури орқали орқали онлайн тарзда иштирок этишди.

Тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Ҳилол-нашр” матбаа нашриёти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маросимни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов олиб борди.

Тақдимотни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, ўз нутқида Ўзбекистон – дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, Ислом оламида “Имом ал-Муҳаддисийн” (Барча муҳаддисларнинг пешвоси) деб ном берилган ҳадис илмининг буюк олими Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан сўнг асосий манба сифатида эътироф этилиши, бирор ҳадис манбаси “Саҳиҳ ал-Бухорий” китоби каби шарҳланишга мушарраф бўлмагани, унга бир юз элликка яқин шарҳлар ёзилгани, турли тилларга таржима қилингани, хусусан, мазкур нашр тадқиқот, асл матн, илмий-изоҳли таржима ва зарур шарҳлардан иборатлиги, кўп жилдлик шарҳнинг илк тадқиқот қисми эса муҳаддислар султонининг ҳаёти ва ижоди, ҳадис илми тарихи, унинг ривожланиши, у ҳақдаги назарий масалалар, мазкур соҳада қалам тебратган олимлар ва уларнинг асарлари, айниқса, санад силсилаларига бағишланганини алоҳида таъкидлаб, мазкур мўътабар тўплам – “Саҳиҳи Бухорий”нинг илмий-изоҳли таржимаси ва шарҳининг илк нашрини барчамизга манфаатли қилишини сўраб хайрли тилакларни билдирди.

Шунингдек, тақдимотда сўзга чиққанлар буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, кенг афкор оммага, хусусан, ёшларга етказиш муҳим эканини таъкидлашди.

Тадбир ниҳоясида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 28 Ноябрь 2022 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани бош имоми ва "Қуддуси Шариф" жоме масжиди имом-хатиби Нўъмонжон домла Мўминовнинг волидаи муҳтарамалари Тўхтахон ҳожи онанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нўъмонжон домла Мўминовга ва марҳума онахоннинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шу йилнинг 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартига қадар Париж шаҳрининг Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” мавзусида Ўзбекистон музей ашёлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу кўргазмани ташкил этиш ва ўтказишга масъул ташкилот Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобланади.

Кўргазмада мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид энг сара топилмалар, нодир экспонатлар намойиш этилмоқда. Ўзбекистонни дунёга танитиш йўлида қўйилган ушбу катта қадам ҳар томонлама самарали бўлиши ва ҳамкорлик учун янги эшикларни очиши кутилмоқда.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондидаги Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси ҳам тақдим этилди.

Маълумки, Диний идора тизимида ушбу кўргазмага тайёргарлик жараёни бир неча босқичда кечди. Хусусан, шу йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари идора Кутубхонаси фондидаги Катта Лангар Қуръонининг сақланиш жараёни билан яқиндан танишиб, бундай бебаҳо меросларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бус-бутун етказиш ва тадқиқ этиш ишларига катта эътибор қаратишни алоҳида таъкидлаган эдилар.

Шунингдек, идора кутубхона ходимларининг Францияга сафари олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков кўргазма муваффақиятли ўтиши ва динимизга, юртимизга манфаатли бўлишини сўраб дуо қилган эдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан Кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов ҳамда реставратор Саидраҳмат Икрамовлар Францияга йўл олиб, Лувр музейида кўргазмага тайёргарлик ишларини ноябрь ойининг 14-15 кунлари якунлаган эди. Улар Лувр музейи ходимлари билан ҳамкорликда Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифасини эҳтиёткорлик билан кўргазмалар залидаги махсус коллекция сандиқларига жойлаштириб, кўргазмага шай ҳолатга келтирдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Францияга ташрифи чоғида мазкур кўргазманинг очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси билан бирга Франция Президенти Эммануэль Макрон рафиқалари билан иштирок этиб, “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасига ташриф буюриб, Лангар Қуръони саҳифалари билан танишдилар. Мазкур очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳам қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур кўргазмада Франция Президенти Лангар Қуръонига алоҳида эътибор билан қараб, унинг қачон ва қандай ёзилгани ҳақида қизиқиш билдирди. Шу билан бирга бундай тарихий мерос ҳар бир музейга ташриф буюрувчини беэътибор қолдирмаслигини таъкидлади.

Эндиликда бутун дунё таниган ва бутун дунё тан олган жаҳоннинг энг машҳур музейига йилига 10 миллиондан зиёд ташриф буюрувчилар юртимизнинг ўзига хос тарихий бой мероси билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Пятница, 25 Ноябрь 2022 00:00

Ла илаҳа иллаллоҳу калимаси

«Бир киши қалби билан тасдиқлаган ҳолда тили билан “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деса, албатта, Аллоҳ таоло унга ҳажаҳаннамни ҳаром қилади” дейилган» (Муттафақун алайҳ).

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилиб: “Ё Раббим! Менга шундай сўзларни ўргатки, мен доимо шу сўзлар билан Сени зикр қилайин”, деди. Аллоҳ таоло: «Эй Мусо, Лаа илаҳа иллаллоҳ де, деди». Мусо алайҳиссалом: “Ё Раббим! Барча бандаларинг шу калимани айтади. Мен махсус бир калима истайман”, деди. Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, етти қават осмон ва улардаги барча нарсалар: қуёш, ой, юлдузлар, жаннатлар, Арш, Курси, фаришталар, етти қават ер ва улардаги нарсалар, тоғлар, денгизлар, дарёю анҳорлар, дов-дарахтлар, жинлар ва ҳайвонлар тарозининг бир палласига, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси иккинчи палласига қўйилса, шубҳасиз, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси оғир келади», - деб марҳамат қилди. (Имом Бағавий, “Шарҳус сунна”).

 
Страница 26 из 1850

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top