muslim.uz

muslim.uz

Рамазон – таровеҳ ойи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ойда тунлари ибодатга қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Олимлар Рамазон кечалари қоим бўлишдан мурод таровеҳ намозини адо этишдир, деганлар. Таровеҳни масжидда жамоат бўлиб ўқиш Саодат асридан бошланган амал. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози банданинг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб эканини таъкидламоқдалар. Олимлар бу ерда гуноҳлар дейилганда кичик кичик гуноҳлар назарда тутилганини таъкидлашган.

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар яқинлигидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Рамазон кечаларида қоим бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннат қилган улуғ ибодат. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг бир қанча саҳобалари у зотга эргашиб уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Ўша кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига шафқатлари ва саҳобаларнинг суннатга, Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишга қанчалик эътиборли бўлганларини кўриш мумкин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким имом кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Яъни ким хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиса, ўша кечани ибодатда ўтказганлик савобига эга бўлар экан. Шундай экан, бу ибодатга эътиборли бўлиш, унда давомли бўлиш кўп ажру савоб келтиради.

Рамазоннинг ҳар они муборак, шарафлидир. Шундай экан, мусулмон киши бу ойни ғанимат билиб  рўза, тиловат, таровеҳ, дуолар билан ўтказиши матлубдир.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

Рамазон айтиб келдик...

Исамат ота кейинги вақтларда оиласига тўя олмай қолди. Бир сабаб топади-ю, уйларини алоҳида қилиб чиқариб юборган фарзандларини уйига чақиради. Ош устида болалари билан гаплашиб ўтиришни, кейин аччиқ-аччиқ чойни ҳўплаганича чуғурлашиб ҳовлини бошига кўтараётган набираларини кузатишни яхши кўради.

Бугун ҳам Рамазоннинг илк кунидаги ифторликни ана шундай файзли ўтказишни истади. Тонгда, ҳали қуёш нурлари атрофни қиздириб улгурмасидан бозорга йўл олди. Ифторлик учун энг сара меваларни, салқин ичимликларни харид қилди. Уйга келиб бозорликларни машинадан тушираётганида кампирига ва келинига  кечга тайёргарлик кўришларини, ҳамма ифторликка келишини айтди.

 Ота аср намозини адо этиб масжиддан қайтганида аллақачон келинлари, набиралари келиб бўлган, ҳовли ғала-ғовур эди. Келинлар эса енг шимариб ишга киришиб кетганди. Ифтор вақти яқинлашгани сайин ҳамманинг ҳам интиқлиги, ҳам ҳаяжони ошди. Дастурхон ёзилиб, нозу неъматлар тортила бошланди. Ота жимгина дуо қилиб ўтираркан, тез-тез соатга қараб қўяётган набираси Азизбекнинг қорни очганини сезиб келинларини тезлатди:

– Ҳамма биргаликда овқатланганга нима етсин! Оилада қут-барака, бирдамлик бўлади. Аммо болаларни бир оз эртароқ овқатлантиринглар. Рўзадорларга қўшилиб оч қолмасин!

– Йўқ. – шошганидан бақириб юборди, Азизбек. Кейин эса ўз овозидан чўчиб, паст овозда қўшиб қўйди: – Мен ҳам сизлар билан...

Отанинг набирасидаги бу саросимадан ҳайрон қолганини кўриб, келини изоҳ берди:

– Бобожониси, бугун Азизбегингиз ҳам биринчи марта рўза тутди. Ахир 12 га тўлди-ку!  Отанинг кўзларидан ёш оқиб кетди. Кўзларидаги ёшни қадоқ қўллари билан артганча олис ўтмишга хаёли кетди.

...Ўшанда еттинчи синфда ўқирди. Рамазоннинг илк куни у ҳам катталар билан туриб саҳарлик қилди. Бу жуда ажойиб туйғу экан. Кўнгли хотиржам, руҳи тетик. Бунинг устида савоб ва раҳматдан умидворлик унинг оёқларини ердан кўтариб юборгандек эди. Фақат бу фараҳбахш онлар узоққа чўзилмади. Учинчи соат тугаши билан кириб келган синф раҳбари ҳаммаларининг оғзига мажбурлаб нон солди. Кейин эса ўзига ғазаб билан қараб ўтирган ўқувчиларига ўсаётган организмнинг овқатсиз юриши яхши эмаслиги, бу дарсларни ўзлаштиришга халал бериши ҳақида ваъз ўқиди.

Уйга елкаси ерга тушиб кириб келган ўғлини кўриб ҳол сўраган онаизор кап-катта боланинг пиқиллаб йиғлаётганидан қўрқиб кетди. Юзларидаги ёшларни артиб, бағрига босганча тинчлантирди. Бир оз ўзига келган Исамат:

– Мен рўзамни қасддан очиб юбордим. Ўқитувчим мажбурлаб нон едирди...

Ўшанда онаси уни аранг тинчлантирган, бунинг учун у гуноҳкор бўлмаслигини тушунтирган эди.

Отанинг узоқ вақт жим қолгани оила аъзоларини ташвишга солди. Исамат ота уларнинг хавотирга тушганини сезиб тинчлантирди:

– Мен яхшиман. Шундай кунда яхши бўлмай бўладими? Ахир бугун Азизбек биринчи марта рўза тутибди. Кейин туриб китоб жавонидан яқинларига совға қилиш учун олиб қўйган Қуръони каримлардан бирини олиб набирасига берди:

– Доим ҳамроҳинг бўлсин, болам. Ҳаётингни шу китобга кўра кечир, кам бўлмайсан!

Олисдан элас-элас азон эшитилди. Барча шошганича дастурхон атрофига ўтирди. Ота кўзларида ёш билан дуо қилди. Фарзандалари билан бирга ифторлик қиларкан, кўнглида фақат шукроналик, истиғфор янграрди. Шу орада отанинг қулоғига рамазон айтиб келган болаларнинг беғубор овози эштилди. Дарвоза томон шошилаётган кенжа келинини Исамат ота тўхтатди, бир дунё ширинлик, кўтарганича ўзи болаларнинг олдига чиқди. Рўмолнинг тўрт бурчагидан тутганча турган болалардан рамазон айтишларини сўради.

Ортиқча илтифотни кутмай улар ҳам куйлаб юборишди:

– Рамазон айтиб келдик, эшигингизга,

Худойим ўғил берсин, бешигингизга...

 Ота кўзларини юмганича уларни узоқ тинглади. Болалигида айтиб, эшикма-эшик юришни хоҳлаганди. Онаси рухсат бермади, ўқитувчинг билиб қолса, бошимиз балога қолади, парткомга айтиб беради, деди.

Чиройли қўшиқни мароқ билан тинглаган кишидек Исамат отанинг руҳи енгил тортди. Болаларга ширинлик ва совға саломлар улашгач, уларни ортидан ҳавас билан кузатиб турди:

– Аллоҳим, ўзингга беадад шукр. Шу кунларни етказганингга минг қатла шукр!

Нигора МИРЗАЕВА

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

Рўзанинг даражалари

Раҳматуллоҳ Файзуллаев: Марғилон шаҳар “Робия ҳожи она” жоме масжиди имом-хатиби

Куни кеча Рамазон ойида таровеҳ намозларини ўқиб бериш учун Россияга жўнаб кетган қориларимиз Москва шаҳрига етиб бордилар. Москва шаҳрида уларни Россия мусулмонлари диний жамияти раиси А.Крганов кутиб олди. Учрашув аввалида А.Крганов ўзбекистонлик қориларни сафарбар этгани учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасига миннатдорчилик изҳор қилди. Ушбу ташриф икки диний идора ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу куннинг ўзида қориларимиз Россиянинг Москва, Сургут (Сибир),  Омск, ва Чувашия Республикаси шаҳарларига бориб, хатми Қуръонларни бошлаб юбордилар. Қориларимиз таровеҳ намозларини ўқиб беришдан ташқари, у ерда вақтинча яшаб, ишлаб келаётган юртдошларимиз билан турли бузғунчи гуруҳларга қўшилиб кетишларини олдини олиш мақсадида диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, 26 май куни Россиянинг Саратов мусулмонлари идораси илтимосига кўра, Рамазон ойида таровеҳ намозларини адо этиш учун Учтепа тумани, “Абу Ҳурайра” масжиди ноиб-имоми Саидов Ҳудойқул Саратов шаҳрига юборилди.

Қориларимиз юқорида номлари зикр этилган шаҳарларда таровеҳ намозларида хатми Қуръоннларни “Қадр кечаси”гача тугатиб, Тошкентга қайтишлари режалаштирилган. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

Понедельник, 29 Май 2017 00:00

Лаббайка, йа Расулаллоҳ!

Учинчи куни таровеҳни ўқишга боряпмиз. Масжид сари қадам ташлаб борар экансиз, йўлда сафни тўлдираётган одамларнинг кўплигини кўриб хурсанд бўласиз. Нега қувонмайликки, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳар доим ана шу фазилатли намозни ўқишга тарғиб қилар эдилар. Жумладан, ул зоти шариф бундай деганлар:

Кимки Рамазон кечаларида иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Асҳоби сунан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривояти).

Бугун юртдошларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу чақириқларига “Лаббайка, йа Расулаллоҳ!” деб ибодатга ошиқмоқда.

“Раҳимжон ота” жоме масжиди ҳам одамлар билан гавжум. Намозхонлар сидқи ихлос билан келиб Хатмга ҳозир бўлиб туришибди. Имом домла жамоага Саодат асри даврида таровеҳнинг қандай ўқилгани ҳақида сўзлаб бергандан сўнг Хатм бошланди.

 

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top