muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 11 Май 2017 00:00

БМТ делегацияси Самарқандда

Юртимизда расмий ташриф билан бўлиб турган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация 11 май куни Самарқандга ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмоннинг ташрифи буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг қабри зиёрати билан бошланди. Меҳмонни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, Имом Бухорий масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов кутиб олди. Меҳмонга Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва мажмуанинг қисқача тарихи тўғрисида маълумот берилди.

Олий комиссар ҳадис илмининг султони Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида тиловат қилинганидан сўнг дуога қўл очилди. Мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан мамнун бўлган Зайд Раад ал-Ҳусайн бундай деди:

“Мен шундай табаррук заминга келганим ҳамда Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилганимдан бахтиёрман. Бу ташриф мен учун шарафдир”. 

Зиёрат якунида юқори мартабали меҳмон мажмуанинг ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

Шундан сўнг Самарқанд Плаза меҳмонхонасининг мажлислар залида Самарқандда мавжуд 10та диний конфессиялар вакиллари ва турли миллий-маданий марказларнинг раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Шунингдек, Зайд Раад ал-Ҳусайн ташриф давомида Амир Темур, Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёл мақбараларини зиёрат этди. Айниқса, Самарқанд гавҳари – Регистон мажмуаси меҳмонда ўзгача таассурот қолдирди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн юртимизда инсон ҳуқуқлари тўлиқ кафолатлангани Самарқанднинг бугунги қиёфасида яққол акс этганининг бевосита гувоҳи бўлди.

Шу ўринда АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри 2015 йил Самарқандга келганида:  “БМТ аслида Амир Темур даврида Самарқандда ташкил этилган эди”, деб  бу азим шаҳарга нисбатан ўз муносабатини билдирганини эслаб ўтиш ўринлидир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Р.Панчеев таклифига кўра Санкт-Петербург шаҳрида бир ҳафталик хизмат сафарида бўлган ўзбекистонлик имом-домлалардан иборат делегация ўз ташрифини якунлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Россиянинг шимолий пойтахтидаги сўнги учрашувини кеча, 10 май куни Россия Давлат Гидрометеорология университети талабалари билан ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов йиғилганларга диний-экстремизм, терроризм ва унинг оқибатларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашри бўлган “Смута ИГИЛ” китоби мисолида батафсил тушунтириб берди ва мазкур китобдан университет кутубхонаси учун тақдим қилди.

Учрашув самимий ўтиб, ўзбекистонлик имом-домлаларнинг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифининг яхши маънодаги якуни бўлди.

Сафар сўнгида Санкт-Петербург мусулмонлари идораси раиси, муфтий Р.Панчеев ҳозирги кунда бу каби ташрифлар жуда муҳимлигини яна бир бор таъкидлаб, бу икки томонлама мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва мусулмонларни турли бузғунчи оқимларга кириб кетишининг олдини олишига хизмат қилишини айтиб ўтди.

Ўз ўрнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари муфтий Р.Панчеевга самимий қабул учун миннатдорчилик билдирдилар. 

      

      

      

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

 

 

“Жаннат аҳлидан бўлган кишига қарашлик кимни қувонтирса, Урва ибн Зубайрга қарасин”  (Абдулмалик ибн Марвон). 

Урва ибн Зубайр ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларидан бир йил қолганида, мусулмон оилалар орасида энг ҳурматли ва олий мақом хонадонда таваллуд топди. Оталари Зубайр ибн Аввом (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фидоий саҳобаларидан, жаннат билан башорат берилган ўнта саҳобанинг бири эди. Оналари эса Асмо бинти Абу Бакр “зун нитоқайн - икки белбоғ соҳибаси”... (Ҳижрат куни белбоғини иккига бўлиб, бири билан Расулуллоҳнинг егулик идишларини, бошқаси билан сув идишларини боғлагани учун шундай шарафга эришган) эди. Она тарафдан боболари Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари ва ғордаги ҳамроҳлари бўлган эди.  Ота тарафдан момолари  София бинти Абдулмутталиб  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари ва  мўминларнинг онаси Ойша розияллоҳу анҳо у кишининг холасидир. Ойша онамиз (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) вафот этганларида Урва ибн Зубайр ўзлари  қабрга тушиб, лаҳадга қўйган. Иймон шарафи ва Ислом иззатидан бошқа, мана шундай насабдан кўра олий насаб ва шундай шарафдан кўра буюк шараф бормикин?.

Каъбаи Муаззама олдида акалари ва ҳамроҳлари билан яхши орзуга эришишни танлаш хаёл қилинганда, Урва ибн Зубайр мен Раббимдан амал қилувчи олим бўлишни орзу қиламан. Мендан одамлар Аллоҳнинг Китобини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ва Ислом дини аҳкомларини ўргансалар,-деди. Шу қилган орзусини рўёбга чиқариш учун Урва ибн Зубайр илм таҳсилига бел боғлаб, қаттиқ киришди. Ҳаёт бўлган саҳобаларни ғанимат билиб, уларнинг уйларига қатнаб, орқаларида тоат-ибодат қилиб, илм мажлисларида доимий иштирок этди. У Али ибн Абу Толиб, Абдурраҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Айюб Ансорий, Усома ибн Зайд, Саъид ибн Зайд, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Нўъмон ибн Башир (Аллоҳ у кишилардан рози бўлсин) дан ҳадислар ривоят қилди. Аксар илмини холаси Ойша розияллоҳу анҳодан олди ва одамлар уларга дин ишларида суянадиган, солиҳ ҳокимлар эса ўзлари масъул бўлган халқлар ва шаҳарлар масаласида улардан ёрдам истайдиган, Мадинанинг ўша даврда кўзга кўринган фақиҳларидан бири бўлиб етишди. Бунинг далили ўлароқ, Умар ибн Абдулазиз Валид ибн Абдулмалик тарафидан Мадинага волий этиб тайинланганида, одамлар қутлаш учун унинг ҳузурига келдилар. Пешин намозини ўқиб бўлгач, Мадина уламоларидан ўн кишини таклиф қилди. Таклиф қилинган олимларнинг пешқадами эса Урва ибн Зубайр эди. 

Умар ибн Абдулазиз уламоларни яхши кутиб олиб, уларга иззат-икром кўрсатгач, Аллоҳга ҳамду сано айтиб шундай деди: “Менга ҳақ устида ёрдамчи бўладиган ва ҳамда ажр-савобга ҳам эга бўлиб қоладиган бир иш учун мен сизларни таклиф қилдим. Мен ҳар бир ишни сизларнинг фикрингиз ва маслаҳатингиз билангина қилмоқчиман. Сизлардан илтимосим шуки, агар бирон кимсани бошқа бировга зулм қилаётганини кўрсангиз ёки менинг ходимларим ҳаддан ошиб, зулмга қўл ургани сизларга етса, шуни менга хабар берсангиз!”. Бу гапларни эшитгач, Урва ибн Зубайр унинг ҳаққига дуои хайрлар қилиб, Аллоҳдан унга ҳақда собитлик ва рушди ҳидоят тилаб қолди.

Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эди. У иссиқ кунларда рўзадор, узун тунларда бедор, тили эса доим Аллоҳнинг зикри  билан машғул эди. Бунга қўшимча, у Аллоҳнинг Китобига ҳамроҳ бўлиб олган, Қуръон ўқишга шундай берилган эдики, кундузлари Қуръоннинг тўртдан бирини мусҳафга қараб, тунлари шунча қисмини ёддан тиловат қилар, эътиборли жиҳати шуки, мана шу одатини Урва ибн Зубайр ёшлигидан бошлаб то вафот топгунга қадар тарк қилмаган, фақат бир марта бошига тушган мусибат сабабигина қолдирган эди.

Урва ибн Зубайр саховатда ҳам пешқадам бўлиб, бағри кенг ва ниҳоятда қўли очиқ инсон эди. Сахийлиги ҳақидаги ривоятлардан бири шуки: “Унинг Мадинадаги энг катта боғлардан ҳисобланган бир боғи бор эди. Боғнинг ичи салқин, суви ширин, хурмо дарахтлари баланд ва сердарахт эди. Ҳайвонлар ва ёш болалар кириб дарахтларга шикаст етказмаслиги учун, йил давомида боғнинг атрофини девор билан ўраб ҳимоя қилар, қачонки хурмолар одамнинг иштаҳасини очадиган тарзда ғарқ пишганда эса, одамлар бемалол кириб тўйгунларича еб ва хоҳлаганларича олиб кетишлари учун, боғнинг бир неча тарафидан дарча очиб қўярди. Қачон боғига кирса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини қайта-қайта ўқир эди: Сен боғингга кирганингда: “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», деганингда эди! ...”   (Каҳф сураси, 39-оят).

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида яратган Парвардигор Урва ибн Зубайрни, фақат иймон ва ишонч билан суғорилган қалб эгаларигина чидай оладиган имтиҳон билан синашни ҳоҳлади.

 Мусулмонлар халифаси Урва ибн Зубайрни Дамашққа келиб, меҳмон бўлиб кетишга таклиф қилди. Таклифни қабул қилган Урва ибн Зубайрга катта ўғли ҳамроҳ бўлди. Дамашққа етиб келишганда халифа уларни чиройли кутиб олди, уларга иззат-икром кўрсатиб, ҳурматларини жойига қўйди. Сўнг кўнгиллар истамайдиган бир иш бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилди. Аввал Урва ибн Зубайрнинг ўғли халифанинг зотли отларини кўриш учун  отхонага кирганида, отлардан бирининг тўсатдан тепиб юбориши натижасида, ўша ерда вафот этди. Кейин мусибатзада ота ўғлини тупроққа қўйиши кетидан, ўзи ҳам қорасон касали билан оғриб қолди. Болдири шишиб, оғриқ ҳам кундан кун кучая борди.  Халифа ҳар тарафлардан табиблар чақириб, азиз меҳмонини даволаши учун, турли воситалар билан уларни рағбатлантирди. Лекин барча табиблар: “Касаллик жасаднинг ҳаммасига тарқаб, ҳалокатга олиб бормасидан аввал, оёқни кесиш керак”, - деган якдил хулоса билдирдилар. Бунга кўнишдан бошқа чора йўқ эди. Жарроҳ келиб, оёқни кесиш учун анжомларни ҳозирлагаб, оёқни кесгунига қадар Урва ибн Зубайр такбир ва таҳлил айтишдан тўхтамади ва ниҳоят оёқ жасаддан ажралди. Қонни тўхтатиш ва газак олмай яра тез битиши учун, қиздириб турилган ёғга ботирилганда Урва ҳушидан кетиб, узоқ вақт беҳуш бўлиб ётди. Ана шундагина юқорида айтганимиз, Қуръони каримдан ўқийдиган кундалик одатини ўқий олмади. Ёшлигидан бошлаган бу хайрли одатини, мана шунда бир мартагина тарк қилди.

Урва ибн Зубайр Мадинага қайтиб, оиласи ҳузурига кирганида уларга: “Эй аҳлим қайғурманглар, Аллоҳ таоло бизга тўрт фарзанд берган эди, биттасини олиб, учтасини ўзимизда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Менга икки қўл ва икки оёқ берган эди, биттасини олиб учтасини ўзимда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳ мендан озини олиб, кўпини ўзимда қолдирди. Бир марта балолаган бўлса, кўп марта офият берди”, деб уларга тасалли берди. Мадина аҳли ўз имомлари ва олимлари Урва ибн Зубайрнинг қайтганларини билгач, у зотга таъзия билдириш ва ҳол-аҳвол сўраш учун  ҳар тарафдан кела бошладилар. Таъзия билдирганлар ичида энг чиройли ва таъсирли сўз Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳанинг сўзи бўлди: “Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ, аъзоларингиз ва фарзандларингиздан бири, сиздан аввал жаннатга кетди. Аллоҳ хоҳласа барчангиз бир-бирларингизга эргашасиз. Аллоҳ таоло бизларга, биз муҳтож бўлган, сизнинг илмингиз ва фикрингизни қолдирди. Аллоҳ таоло илмингизни сизга ҳам бизга ҳам манфаатли қилсин. Аллоҳ ажру-савоб берувчи ва гўзал ҳисоб қилувчи Зотдир”.

Урва ибн Зубайр бутун ҳаёти мобайнида мусулмонлар учун, ҳидоят нури, нажотга йўллагувчи ва яхшиликларга чорловчи бўлиб қолди. Энг катта аҳамиятни болаларга, хусусан ўзининг фарзандлари ва қолаверса бошқа мусулмонларнинг фарзандлари тарбиясига қаратиб, ҳеч бир фурсатни қўймай, уларни тўғри йўлга йўллаб, насиҳатлар қилиб турарди.

Урва ибн Зубайр етмиш бир йил яхшилик ва эзгуликларга тўла, тақво билан бурканган умр кечирди.

Халқаро алоқалар бўлими  ходими

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.

 

 

Икки муқаддас ҳарам раҳбарияти кечадан эътиборан, Масжудул ҳаромдаги энг асосий дарвоза вазифасини ўтовчи Подшоҳ Абдулазиз номидаги дарвозани очишга фармон берди.

Икки муқаддас ҳарам идорасининг лойиҳалар бўлими мудири муҳандис Амжад бин Оъиз ал-Ҳазимийнинг айтишича, мазкур дарвозанинг очилиши  1438 ҳижрий сана – 2017 йилдаги Рамазон ойидаги умра мавсумида Икки муқаддас ҳарам ва Байтуллоҳ зиёратчиларига Саудия Арабистони ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик намунаси саналади.     

Муҳандис ал-Ҳазимий сўзида Рамазон мавсуми тугаганидан сўнг, Подшоҳ Абдулазиз дарвозаси таъмирлаш ва минора қурилиши ишларини давом эттириш мақсадида қайтадан бекитиб қўйилади, деб қўшимча қилиб ўтди.

Халқаро алоқалар бўлими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top