muslim.uz

muslim.uz

Мисрлик ҳаттот Саъд Муҳаммад узунлиги 700 метр бўлган, қўлда битилган. Қуръони карим орқали рекорд ўрнатишга умид қилмоқда. Ушбу ҳаттот Қуръони каримни қўлда ёзиб чиқишга 3 йил сарфлаганини маълум қилди.

“Ушбу 700 метрлик Қуръонга жуда кўп миқдорда қоғоз сарфланди. Мен оддийгина инсонман, бу лойиҳани ўзим молиялаштирдим ва уни амалга оширишга уч йил вақтим сарф бўлди”, - деди ҳаттот.

Ҳаттот Саъд Муҳаммад мазкур Қуръони каримни Гиннес рекордларига киргизишни мақсад қилмоқда. Жаҳон рекордини йиғувчи вакилларнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда энг катта босма Қуръони карим номзодлиги мавжуд, лекин энг катта қўлёзма Қуръони карим номзодлиги йўқ.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими.

 

Пятница, 05 Май 2017 00:00

Рамазон ярмаркаси

Май ойи ўрталарида Москвада иккинчи маротаба “WANDI RAMADAN BAZAАR” байрам олди акцияси бўлиб ўтади. Ушбу ярмарка бутун дунё мусулмонлари интиқиб кутаётган ой – Рамазон ойи муносабати билан ўтказилади. Бозорга ташриф буюрувчиларни Россиянинг (Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Махачкала, Грозний, Магас) 50 дан ортиқ компаниялари ва брендлари кутмоқда. Россиядан ташқари бошқа давлатлардан ҳам қатнашмоқда (БАА, Миср, Туркия, Буюк Британия, Марокаш, Ўзбекистон, Қирғизистон, Жанубий Африка, Саудия Арабистони).

Шу йилнинг 13 ва 14 май кунлари “WANDI RAMADAN BAZAR” ярмаркасига ташриф буюрувчилар эътиборига турли хил чиройли ва замонавий, оригинал ва ажойиб бренд маҳсулотларни тақдим этадилар. Бундан ташқари улар иштирок этувчи компания таъсисчилари билан мулоқотда бўлиш, танишиш шарафига муяссар бўлади. Совғалар маркетида эса харид қилинган маҳсулотларини қадоқлашлари, ширин ва ёқимли егуликлардан фуд-кортда баҳраманд бўлишлари мумкин. Бу хали совғаларнинг ҳаммаси эмас...

Ташкилотчиларнинг айтишига кўра, ушбу лойиҳа “WANDI group”  лойиҳаларининг бири бўлиб, бу нафақат мусулмонларга, балки кенг аудитория учун ишлаб чиқилгандир.

ЎМИ ходимаси М.Зуфарова тайёрлади.

Буюк аждодларга макон бу диёр,

Ҳар бирин номидан дилда ифтихор,

Бахтиёр авлодлар дегай миннатдор,

Хотира абадий, қадр – муборак.

 

Мангу олов гўё юракдаги шам,

Ким ватан демишдир, номи муҳтарам,

Халқ мард ўғлонларин унутмас бир дам,

Хотира абадий, қадр – муборак.

 

Хайрият, ўтибдир нотинч замонлар,

Бизга юз очмишдир янги бўстонлар,

Шу кунга етмади, афсус, не жонлар,

Хотира абадий, қадр – муборак.

 

Мотамсаро она пойида бугун,

Ўтмишни ёд этиб турибмиз беун,

Шараф, тирик қайтган оталар учун,

Хотира абадий, қадр – муборак.

 

Давлатим раҳбари айлаб илтифот,

Катта кичик кўнглин айлади обод,

Нуроний қалбларда ҳамду ҳасанот,

Хотира абадий, қадр – муборак.

 

Абдулаҳад дегай, ҳур Ўзбекистон,

Истиқлол йўлида бўлсин тинч, омон,

Барча ватандошлар дилида ҳар он,

Хотира абадий, қадр – муборак. 

 

Абдулаҳад қори Шаҳрихоний

Бўз туман бош имом хатиби

2017 йил

Четверг, 04 Май 2017 00:00

Хотира ва қадр мезони

Аллоҳ яратган энг буюк мавжудот бу – азизу мукаррам бўлган инсондир. Табиатдаги барча мавжуд маъданлар, кўзга кўринган, кўринмаган неъматлар ва хизматига ҳозир  қилинган нарсалар инсоннинг азизу мукаррамлигидандир.  

Инсоннинг азизлигини комил суратда сақлаб, сайқаллаб келаётган дин эса ислом динидир.

9 майнинг “хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши фазилатли амал. Ўша куни бутун бошли мамлакат миқёсида эзгу амаллар қилиниб, марҳумлар хотираси учун элга ош берилиши, Қуръон тиловат қилиниб, нуроний отахонларимиз марҳумлар ҳаққига дуолар қилишлари нақадар савобли иш. Дунёдан ўтганлар ҳаққига ортида қолган фарзандлари дуолар қилгани  буюк саодат.  Аммо бутун бошли жамиятнинг дуоси   қандай яхши!

Халқимиз: “Инсон хотира билан тирик, қадри ила улуғдир” дейди.  Чунки хотира ва қадрлаш тушунчасида жуда теран маъно бор.  “9 май – хотира  ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши,  халқимизнинг маънавий камол топиши йўлида қўйган залворли қадамларидан биридир. Чунки айнан ана шу куни ёшларимиз жонажон истиқлолимиз қандай машаққатлар эвазига келгани ва азиз Ватанимиз тупроғи барчамиз учун муқаддас эканини янада теранроқ ҳис қилади. Уларнинг қалбида Ватан муҳаббати, халқ севгиси туйғулари жўш уради.  Ушбу кунда Ватанимиз ҳимояси учун жон фидо қилган, озодлик учун курашган миллий қаҳрамонларимизнинг руҳини шод этиш, ўшандай оғир кунлардан тирик қолиб, бугунги кунда халқ ардоғида юрган қаҳрамонларимизни қадрлаш, биз авлодлар зиммасидаги қарз ва фарз амаллардир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан" (Ҳашр сураси, 10-оят).  

Бу ояти каримадан марҳумларнинг фақат яхши амалларини хотирлаб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиш ҳар бир мусулмон кишига фарз экани аён бўлади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам марҳумларни ҳақларига тинмасдан дуо қилиб, яхши ва фазилатли амалларини хотирлашга тарғиб қилиб: “Марҳумларингизнинг яхши амалларини (эслаб), зикр қилинглар, ёмон амалларини (гапиришдан) тилларингизни сақланглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).  

Инсоннинг қадрини Аллоҳ буюк мақомга кўтарди. Энди унинг қадрини туширмаслик зарур. Шунинг учун ҳам хотирлаш деганда марҳумларимиз ёдга келса, қадрлаш деганда бизга ҳаётий тажрибалардан дарс бераётган ота-оналаримиз кўз олдимизга келади. Вафот этган инсоннинг яхши амалларини эслаб, ҳаққига дуо қилишга буюрган ислом шариати, тирикларга кўрсатиладиган қадр-қиммат икки ҳисса ортишини ўргатади. Ҳатто фарзанд ўз ота-онаси олдида “уф” калимасини айтиш ҳам уларга малол келишини Қуръон бизга таълим беради.

Демак, оддий “уф” деган калиманики айтишдан қайтараётган Қуръон, уларга бундан оғир калималар билан муносабатда бўлишни қатъиян тақиқлайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу кексаларимизни қадрлашга тарғиб қилиб айтадиларки: “Ёши улуғларга этибор беринглар. Чунки улар ўзлари яшаган замондан бошқа замонда яшамоқдалар. Дўстлари эса тупроқ остидан жой олиб бўлган. Уларнинг кўп гапириши ва танқидларидан танг аҳволга тушиб сиқилманглар”.

Бу ўгит бизни ўтганларни ёд этиш баробарида кексаларимизнинг ҳам кўнглига қарамоғимиз, улар билан муомалада ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, ҳурмат-эҳтиром қилиб, суҳбатлашганимиздан мамнун бўлганимизни изҳор этиб қўймоғимиз лозимлигига тарғиб этмоқда.

Зоир АБДУАЗИМ ўғли,

Ҳасан ибн Собит” жоме масжиди имом ноиби

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top