muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 23 Январь 2017 00:00

Муҳаммад алайҳис саломнинг 99 исмлари

  • Муҳаммад- мақталувчи.
  • Аҳмад- Аллоҳга ҳамд айтувчи.
  • Ҳамид- Аллоҳга ҳамду сано айтувчи.
  • Маҳмуд- мақталган.
  • Аҳид- фазилатлар бобида ягона.
  • Воҳид- ахлоқ- одобда ягона.
  • Ҳошир- ўз умматларини қиёмат куни маҳшаргоҳга йиғувчи.
  • Оқиб- ҳамма пайғамбарлар охири.
  • Тоҳо- бу сўзнинг маъноси Аллоҳгагина маълум.
  • Ёсин- бу сўзнинг маъноси ҳам Аллоҳгагина маълум.
  • Тоҳир- тоза, пок.
  • Мутаҳҳар- дили покланган.
  • Таййиб- пок, хуштабиат.
  • Саййид-Хожа.
  • Расул- элчи, пайғамбар.
  • Набий- пайғамбар.
  • Расулур-роҳма- раҳмат пайғамбари.
  • Қаййим- тўғри йўлдан борувчи.
  • Жомиъ - барча яхши фазилатларни ўзида мужассам этувчи.
  • Муқтафий – эргашувчи (ҳақ йўлга).
  • Муқаффий – эргаштирувчи (ўзига).
  • Расулулмалоҳим – жангу жаҳон пайғамбари.
  • Расулур- роҳа – роҳат пайғамбари.
  • Комил – етук.
  • Иклил – тож.
  • Муддассир – қўрқувдан матоҳга ўраниб олган.
  • Муззаммил – муддассир.
  • Абдуллоҳ – Аллоҳнинг бандаси.
  • Ҳабибуллоҳ – Аллоҳнинг суюклиси.
  • Сафийюллоҳ – Аллоҳнинг танлагани.
  • Нажийюллоҳ – Аллоҳнинг сирдош дўсти.
  • Калимуллоҳ – Аллоҳ билан сўзлашувчи.
  • Хотамуланбиё – набийлар охири, уларнинг хотимаси.
  • Хотамурросул - Расуллар хотимаси.
  • Муқйий – динни тургизгувчи (ривожлантиргувчи).
  • Мунжий – халоскор.
  • Музаккир – эслатувчи (Аллоҳни ва охиратни).
  • Носир – ёрдам этувчи.
  • Мансур – ёрдам берилган, душманлари устидан зафар топган.
  • Набийюр – роҳма – раҳмат пайғамбари.
  • Набийюттавба – тавбага тарғиб этувчи пайғамбар.
  • Ҳарисун алайкум – умматларига меҳрибон.
  • Маълум – ҳаммага маълум.
  • Шаҳир – ҳаммага машҳур.
  • Шоҳид – гувоҳ.
  • Шаҳид – гувоҳ.
  • Машҳуд – гувоҳлик берилган.
  • Башир – хушхабар берувчи.
  • Мубашшир - хушхабар берувчи.
  • Назир – азоблардан огоҳлантиргувчи.
  • Мунзир – охират азобларидан огоҳлантиргувчи.
  • Нур – нур.
  • Сирож – чироқ, қуёш.
  • Мисбоҳ – чироқ.
  • Ҳудо – ҳидоят қилгувчи.
  • Мухтор – танлаб олинган.
  • Ажир – динга хизмат қилгувчи.
  • Жаббор – айбларни ёпгувчи.
  • Абул – Қосим – Қосимнинг отаси.
  • Абул – Тоҳир – Тоҳирнинг отаси.
  • Абут – Таййиб – Таййибнинг отаси.
  • Абу Иброҳим – Иброҳимнинг отаси.
  • Мушаффаъ – шафоат ҳуқуқи берилган.
  • Шафиъ – шафоат этувчи (қиёмат куни гуноҳкор умматларнинг кечирилишини Аллоҳдан сўровчи).
  • Солиҳ – яхши ишларни қилувчи, Аллоҳнинг буйруқларини адо этувчи.
  • Муслиҳ – ислоҳ этувчи, тузатувчи (ўртани).
  • Муҳаймин – умматлари ишини кузатиб турувчи.
  • Содиқ – ростгўй.
  • Мусаддиқ – тасдиқ этувчи.
  • Сидқ – ростгўй.
  • Саййидулмурсалин – пайғамбарлар ҳожаси.
  • Имомулмуттақин – тақводорлар пешвоси.
  • Қоидулғуррил – муҳажжалин – қиёмат куни сажда қилган аъзоларидан нурлар чиқиб турувчи ибодатли умматларини жаннатга элтувчи.
  • ҲалилурРаҳмон – Раҳмоннинг дўсти.
  • Барр – хайрли, солиҳ амаллар қилувчи.
  • Мабарр – ҳамма яхшиликлар манбаи.
  • Важиҳ – гўзал юзли.
  • Насиҳ – насиҳатгўй.
  • Носиҳ – насиҳатчи.
  • Вакил – вакил, ишонч эгаси, кафил.
  • Мутаваккил – таваккал этувчи.
  • Кафил – кафил, кафолатига олувчи.
  • Шафиқ – шафқатли, меҳрибон.
  • Муқимус – сунна – суннатни тикловчи.
  • Муқаддас – улуғланувчи, гуноҳлардан пок.
  • РуҳулҚудус – муқаддас руҳ.
  • РуҳулҲақ – ҳаққоний руҳ.
  • РуҳулҚист – адолатли руҳ.
  • Кофий – кифоя қилувчи (диний эҳтиёжларга).
  • Муктафий – кифояланувчи (Аллоҳнинг амрлари билан).
  • Болиғ – олий даражаларга етган.
  • Мубаллиғ – Аллоҳ томонидан келган барча диний аҳкомларни умматларига тўла етказувчи.
  • Шофий – шифокор (қалб касалликларига ва маънавий иллатларга нисбатан).
  • Восил – етишувчи (Аллоҳнинг розилиги ва дийдорига).
  • Мавсул – етишилувчи (яъни он ҳазратнинг шафоатларига ва дийдорларига умматлари етишурлар, иншооллоҳ).
  • Собиқ – барча фазилат ва шарафда олдинда борувчи.
  • Соиқ – умматларини бу дунёда иймон ва амал сари, охиратда эса, дўзахдан жаннат сари ҳайдовчи.
  • Ҳодий – тўғри йўдга бошловчи.
  • Муҳдий – ҳадия, эҳсон соҳиби.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Понедельник, 23 Январь 2017 00:00

Чақалоқлар ҳақида ажойиб маълумотлар

1. Чақалоқлар кўзларини очиб ухлай олишади.
2. Чақалоқлар бир вақтнинг ўзида ҳам нафас олиб ҳам ютина олади.
3. Чақолақлар дастлабки тўрт ой давомида шўр таъмни ажрата олишмайди.
4. Фақатгина чақалоқлар йиғлаши, лекин кўзидан ёш чиқмаслиги мумкин.
5. Янги туғилган чақалоқларда тизза косаси(тизза кўзи) бўлмайди.
6. Янги туғилган болаларда 300 та суяк бўлади.
7. Чақалоқлар эркак кишига қараганда, аёл кишининг овозига жавоб қайтаришга мойил бўлишади.
8. Агар чақалоқнинг ўсиш жараёни бир ёшгача бўлган даврдагидек, тўхтовсиз, давом этганда, у 20 ёшга кирганда, бўйининг узунлиги 30 фут яъни 9,14 метрни ташкил этарди.
9. Ёш чақалоқлар ўз оналарини фақатгина уларнинг ҳидларидан танишади.
10. Болаларнинг таъм билиш қобилияти катталарга қараганда, уч баробар кучли бўлади.

Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади

Ўзбекистон ҳаж делегацияси 20 январь куни Макка шаҳрида Ҳаж вазирлигининг Шарқий Европа ва Туркия ҳожиларига хизмат кўрсатувчи муассасада учрашув ўтказди. Муассаса раҳбари Ториқ ал-Инқавий ва муассаса масъуллари билан бўлиб ўтган музокара чоғида, 2017 йилги ҳаж мавсумини намунали тарзда ўтказиш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж маносикларини намунали бажариши, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги ташкилий масалалар муҳокама этилди. Муассаса раҳбари Ториқ ал-Инқавий, ўтган ҳаж мавсумларида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг ҳаж тадбирларини мунтазам тартибли ва намунали тарзда ташкил этиб келаётганини таъкидлаб, ишчи гуруҳ фаолиятига юқори баҳо берди.

Учрашув якуни бўйича Ўзбекистоннинг 7200 кишилик янги ҳаж квотаси доирасида хизмат кўрсатиш бўйича баённома имзоланди.

Шу куни делегация, ҳожиларимизга хизмат қилиб келаётган ошхона мажмуасининг бугунги ҳолати билан танишди. Ошхона мажмуаси, турли таомлар тайёрланадиган махсус хоналар, таом тайёрлаш янги ускуналар билан жиҳозлангани, ҳамда гўшт ва бошқа маҳсулотларни сақлаш учун олинган янги музлатгичлар ва ошпазлар хордиқ чиқариши учун яратилган янги шароитлар билан танишди. Делегация раҳбари ошхона масъулларига келаётган ҳаж мавсумида ҳожиларимизга бериладиган таомларнинг сифатини янада яхшилаш ва ўз вақтида етказиш, тозалик ва санитария қоидаларига риоя қилиш бўйича таклифлар ва тавсиялар берди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Пятница, 20 Январь 2017 00:00

Катта тош

Бир шаҳар ўртасида катта тош турар эди. У ўтган-кетганларга ва аравалар юришига халақит берарди. Шаҳар ҳокими маслаҳатчиларини чақириб, тошдан қандай қилиб қутилиш мумкинлигини сўради. Маслаҳатчилардан бири тошни портлатиб майдалаш керак, деди. Бу маслаҳат ҳокимга маъқул келмади. Тош портлатилса, атрофдаги уйларга зарар етиши мумкин эди. Иккинчи маслаҳатчи бошқа шаҳарлардан тош йўнувчиларни чақириб, уни қўл кучи билан майдалашни маслаҳат берди. Бу таклиф ҳам маъқул келмади. Чунки бу иш учун кўп маблағ ва вақт керак эди. Уларнинг ёнидан ўтиб кетаётган бир деҳқон тасодифан бу гапларни эшитиб қолди. "Мен тошдан осон ва тез қутилиш йўлини биламан", деди у. "Бу иш учун қанча маблағ керак бўлади?" деб сўради ҳоким. "Ҳеч қандай маблағнинг кераги йўқ, фақат битта ёрдамчи берсангиз бўлди", деди деҳқон.

Деҳқон ёрдамчиси билан тош ёнидан чуқур кавлай бошлади. Чуқур тайёр бўлгач, кўпчилик бўлишиб тошни унинг ичига ағдаришди. Деҳқон тош устидан тупроқ тортиб текислаб қўйди. Бу ишни кўриб севинган ҳоким деҳқонни ўзига биринчи маслаҳатчи қилиб олди.

Билгинки, йўқчилик ва қийинчилик одамни кўп ўйлашга мажбур қилиб, файласуф қилиб юборади, аксинча, тўқчилик эса одамни ланж қилиб, зеҳнни ўтмаслаштиради. 

 Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Пятница, 20 Январь 2017 00:00

Жонивор фидоийлиги

Бу воқеа Лондон шаҳрида бўлган. Ўт ўчирувчилардан бирининг катта ити бўлиб, уни Боб деб чақиришар эди. Боб ёнғин бўлаётган жойга кириб, ўт ичида қолиб кетган кичкина болаларни қутқаришга ўргатилган эди.

Бир куни Боб ва ўт ўчирувчилар ёнаётган уй олдига келишди. Уй аланга ичида қолган, атрофда одамлар тўпланган эди. Одамлар ичида бир аёл уй ичида икки яшар қизчаси қолиб кетганини айтиб қаттиқ йиғларди. Ўт ўчирувчилар Бобни уй ичига юборишди. Боб аланга ичига кириб кўздан ғойиб бўлди. Бир оздан кейин кичкина қизчани кўйлагидан тишлаб олиб чиқди. Онаси қизини кўриб жуда севинди. Бобни бағрига босиб, бошини силади. Лекин Боб яна уй ичига интилар эди. Ёнаётган уйда яна кимдир бор бўлса керак, деб ўйлаб Бобни қўйиб юборишди. Боб бир зумда олов ичида йўқолди. Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳамма нафасини ютиб Бобни кутар эди. Шу пайт олов ичидан Боб отилиб чиқди. Яна бир қизчани кўйлагидан тишлаб олиб келар эди. Ҳамма болани олиш учун унга интилди. Боб яқинлашганда қарашса, у бола деб олиб чиққан нарса каттагина қўғирчоқ экан. Ҳамма кулиб юборди. Боб эса ўзининг қилган ишидан мамнун бўлиб одамларга қараб турарди.

Баъзан жониворларнинг фидоийлиги инсонлар учун ҳавас қиларли даражада бўлади.

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top