muslim.uz
Дубайда тўйга энг кўпи билан 10 киши таклиф қилинишига рухсат берилди
Дубайнинг инқироз ва фалокатларни бошқариш бўйича Олий қўмитаси COVID-19 инфекция юқишлари сонининг кўпайиши шароитида тўй, зиёфат ва ижтимоий тадбирларни ташкил қилишнинг янги қоидаларини эълон қилди.
Жумладан, тўй ва бошқа йиғинларга максимал 10 киши қатнашишига йўлга қўйилган ва улар энг яқин қариндошлар бўлиши керак. Қоидалар хусусий уйларда ҳам, меҳмонхона ва банкет залларида ҳам ўтказиладиган тадбирларга тааллуқли бўлиб, 2021 йилнинг 27 январидан кучга киради.
Islam.ru маълумотларига кўра, аввалроқ қўмита ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шаҳобчалари учун янги қоидаларни эълон қилганди. Хусусан, столлар орасидаги хавфсиз масофа икки метрдан уч метргача оширилиши керак. Бундан ташқари, бир столда меҳмонларнинг рухсат этилган сони ресторанларда 10 дан еттитагача, кафеларда тўрттагача камаяди.
Gulf News хабарига кўра, сўнгги ҳафталарда COVID-19 инфекция юқиш ҳолатлари сони сезиларли даражада ошган: 2020 йилнинг декабрьойи охирида кунига ўртача мингга яқин инфекция юқиш ҳолатлари қайд этилган бўлса, сўнгги 11 кун ичида ҳар куни 3,500 га яқин ҳолат аниқланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тишни қандай парваришлаш зарур?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ер юзида ҳеч қандай дин, ҳеч қандай тузум тозаликка Ислом дини каби аҳамият бермаган. Ҳатто Қуръони Каримда ҳам инсонлар пок бўлишга чақирилган кўплаб оятлар мавжуд. Масалан, бир кунда фарз намозларини ўқиш учун камида 3–4 маротаба таҳорат олинади, Қурон тиловат қилиш учун ҳам албатта таҳоратлик бўлиш шарт. Шунинг учун ҳам Ислом дини поклик дини демакдир. Оғизларнинг тозалиги, уларни тоза сақлаш ҳам Исломда ибодат даражасига кўтарилган.
Тиш саломатлиги, уни парваришлаш ҳақида кўпчилигимиз эшитганмиз, аммо бу борада бериладиган тавсияларга ҳар доим ҳам амал қилавермаймиз ва натижада тишларнинг емирилиши, милк қонаши ва шунга ўхшаш бошқа ёндош касалликларга дуч келамиз. Хўш, инсон тишларини соғлом сақлаш учун нима қилиши керак?
Сўнгги бор тиш шифокори ҳузурига қачон борганингизни эслай оласизми? Жавобингиз «йўқ» бўлса, унда, албатта, бунга бефарқ бўлманг. Чунки касал тишлар жуда кўп хасталикларга сабабчи бўлиши мумкин. Тиш инсоннинг ташқи кўринишида кўзга ташланиб турадиган кичик бир қисм бўлса-да, жуда катта вазифани бажаради.
Организм учун энг катта хавф
Оғиз бўшлиғида уч юздан зиёд микроорганизм мавжуд. Организмимиз учун керакли бактерияларни ишлаб чиқаришга масъул бу микроорганизмлар инсон ҳаёти учун хавфли эмас. Лекин тишлар кариес натижасида емирилса ёки милк билан боғлиқ бирор муаммо юзага келса, ҳаммаси ўзгаради. Шунда патоген бактериялар сони кескин ошиб кетади ва бу зараркунандалар оғиздаги ўзи макон қилган жойни ташлаб, организм бўйлаб сафарга чиқади. Жуда хавфли бу «саёҳат»дан кўзланган биринчи манзил ошқозон бўлади.
Оғиз бўшлиғидан ошқозонга бориб қолган касаллик чақирувчи микроорганизмлар гастрит, ошқозон яраси, холецистит каби ошқозон-ичак муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам тажрибали гастроэнтеролог сизни, албатта, стоматолог ҳузурига юборади. Баъзан узоқ вақт ошқозонда азият берган оғриқнинг сабаби ўтказиб юборилган кариес бўлиши мумкин. Тиш ва милклар муолажа қилинмагунча ошқозондаги муаммолар ҳам бартараф бўлмайди.
Масаланинг яна бир жиҳати овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар ҳам тишлар саломатлигида ўз аксини топади. Масалан, гастритда пастки «тўртлик» ва ақл тиши зарарланса, ичак касалликларида пастки бешлик, холецистит ва жигар билан муаммоларда олд тишлар зарарланади. Шунинг учун кариес узоқ йиллардан бери айнан шу тишларга «меҳр» қўйган кишиларга гастроэнтеролог кўригидан ўтиш ортиқчалик қилмайди. Шу билан бирга, тишда тез тош ҳосил бўладиган ҳамда тишларини нотўғри босадиган кишилар ҳам ошқозонларини текширтирганлари маъқул. Уларнинг овқатни керакли даражада чайнамасликлари овқат ҳазм бўлиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади.
Касал тишлар нафақат ошқозон, балки томоқ, юрак, қон-томир ва бошқа соҳалар фаолиятини ҳам ишдан чиқариши мумкин.
Биринчи навбатда тозалик!
Тишларингиз доимо соғлом бўлишини истасангиз, уларнинг тозалигига беэътибор қараманг. Бу борада тиш пастасини тўғри танлаш ҳам жуда муҳим. Тўғри танланган тиш пастаси нафақат тишлар саломатлигини таъминлаш, балки милклар яллиғланишининг олдини олишга ҳам катта ёрдам беради.
Тишни тозалаётганда милкка зарар етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг. Чўтканинг ҳаракати тишни тамоман тозалаш имконини бериши лозим. Тишнинг лаб, лунж, тил ва танглай юзалари вертикал йўналишда, чайнов юзалари эса айланма ҳаракатда билан тозаланади. Шундан сўнг оғиз чайилади. Болаларни 2–3 яшарлигидан тишларни парваришлашга ўргатиб бориш керак. Шунда улар 7 ёшда ўзлари мустақил бу ишни амалга оширадиган бўлишади. Шунингдек, тишни ўткир нарсалар билан тозалаш мумкин эмас. Бу буюмлар тиш эмалига зарар етказиши мумкин.
Мисвок ҳақида биласизми?
Тиш ва оғиз бўшлиғи саломатлиги ҳақида айтилганда бу борада мисвокнинг аҳамиятининг нечоғлик экани ҳеч биримизга сир эмас. Аммо ундан мунтазам фойдаланишда кўпчилик сусткашлик қилади. Мисвокнинг мўъжизакор нарсаки, ҳатто замонавий олимлар ҳам буни тан олишмоқда. Мисвокнинг таркиби, унинг фойдали хусусиятлари борасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Хулосаларга кўра, мисвок одатий тиш чўткасидан кўра самаралироқ экан. У бир вақтнинг ўзида ҳам тиш чўтка, ҳам пастанинг вазифасини бажара олади. Арок дарахти шохчаларидан олинадиган мисвок, ҳақиқатан ҳам, шифобахш, фойдали восита. Мисвок ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан юздан ортиқ ҳадис ворид бўлган. У зот Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Агар умматимга машаққат қилиб қўйишим бўлмаганида, уларни ҳар намоз олдидан мисвокланишга буюрган бўлар эдим», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Саҳоба Ҳофиз ибн Ҳожар ҳамда Ибн Қайюм мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойдали хусусиятларини санаб ўтишган. Булар қуйидагилар: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам асло тарк этмаган суннатлари – мисвок Аллоҳнинг розилигига эриштиради, оғиздаги бадбўй ҳидларни кетказади, тишларнинг чириши ва дарз кетишининг олдини олади, милкларни мустаҳкамлаб, уларнинг қонаши ва йиринглашини йўқотади, балғамни кўчириб, овозни, талаффузни яхшилайди, юрак, меъда, кўз асабларини мустаҳкамлаб, кўзни равшан қилади, уйқуни қочириб, юзни гўзаллаштиради, фаришталарни мамнун, шайтонни маҳзун қилади, хотирани кучайтириб, зеҳнни очади, ҳасанотларни кўпайтиради ва ҳоказо.
ФОЙДАЛИ ТАВСИЯЛАР
Кислота ва қанддан сақланинг
Газли ичимлик, сўрма қандлар ва ҳатто янги сиқилган шарбатлар ҳам тиш учун зарарли. Бундай шарбатларда эмални емирувчи мева кислотаси концентрацияланган кўринишда бўлади. Карамел, ирис ва обаки оғизда узоқ вақт турганида эса патоген макрофлоралар кўпайиши учун қулай шароит юзага келади. Шоколаднинг таркибидаги какао бактериялар кўпайишининг олдини олгани сабабли тишга хавфи камроқ.
Тишлар учун хавфли деб ҳисобланадиган чой ва қаҳва эса аслида фойдали ҳисобланади: қора чой тиш эмалини мустаҳкамласа, қовурилган донлардан тайёрланган табиий қаҳва антибактериал таъсирга эга.
Тўғри овқатланинг
Тишлар мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фтор зарур. Кальций D витамини ёрдамида ўзлаштирилади. Овқатланиш тартибингизга D витаминига бой бузоқ, парранда гўшти, тухум, сариёғ, денгиз балиғи, кальций манбаи бўлмиш қатиқ, пишлоқ, исмалоқ, брокколи, таркибида фтор моддаси кўп қора чой, қора нон, балиқни киритинг.
Тишларга тушадиган босимни камайтиринг
Тиш билан ёнғоқ чақиш, турли тиқин ва қопқоқларни очиш, ип узиш кабиларни унутинг. Бундан ташқари тишларни қаттиқ сиқиш, айниқса, ғичирлатиш одати ҳам унга зарар етказиб қўяди. Баъзиларнинг уйқуда тишини қаттиқ ғичирлатиш одати бор. Тишларини зарарлаб қўймаслик учун уларга уйқудан олдин тишга кийиладиган махсус воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.
Озуқага бой маҳсулотлар истеъмол қилинг
Тиш учун фойдали ва озуқага бой маҳсулотлар қуйидагилар:
Суяк шўрва. Суяклар 8–72 соат паст оловда қайнатилади. Қайнаш асносида суякдаги кўпгина фойдали минерал моддалар ажралиб чиқади. Тайёр шўрва совуқ жойда сақланади ва кунига тахминан 1 стакандан (200–250 мл) ичилади. Бу миқдор ошириб юборилса ҳам зарар қилмайди.
Ферментланган балиқ жигари ёғи. Бу модда балиқ ёғидан ўзининг фойдали хусусиятлари билан ажралиб туради. Ферментланган балиқ жигари ёғи табиий А ва D витаминлари, Омега-3 ва бошқа фойдали моддаларга бой. 1 чой қошиқ ферментланган балиқ жигари ёғида табиий D витамини бошқа маҳсулотларга нисбатан бир неча баробар кўп учрайди.
Яйловда боқилган ҳайвон сути ва сут маҳсулотлари. Бундай сут хом ҳолатда ичилади. Сут иситилса, ундаги жуда кўп фойдали моддалар нобуд бўлади ва унинг тишни мустаҳкамловчи хусусиятлари кескин камаяди. Хом сутни танлашнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Яйловда боқилмайдиган қорамолларнинг сутини хом ҳолда ичиш касаллик пайдо қилиши мумкинлигини унутмаслик керак. Табиий ҳолда, яъни доим яйловда ўт-ўлан билан озиқланадиган ҳайвоннинг сути шифобахш хусусиятга эга.
Доктор В. Прайснинг хулосасига кўра, «таомланиш тарзи тишларнинг бузилишида ҳам, тузалишида ҳам асосий омил ҳисобланади. Ҳар бир ейилган таом тишлардан минераллар «ўғирлаши» ёки тиш-суякларини керакли витамин ва минераллар билан таъминлаши мумкин».
Шунинг учун имкон қадар витаминга бой маҳсулотлар истеъмол қилинг ва ҳар куни тишларни тозалаб юришни унутманг. Ана шунда сиз тишларингизни катта хавфдан сақлаб қоласиз.
Нозима Умарали қизи
«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан
Уч тилда Бухоро зиёратгоҳлари харитаси ишлаб чиқилди...
Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, мавжуд имконият ва ресурслардан унумли фойдаланиш, соҳага янги инновацияларни жалб этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти «Этнология ва антропология» маркази таянч докторанти Шавкат Бобожонов томонидан Бухоро давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда яратилган Бухоро шаҳри зиёратгоҳлари харитаси ҳам шундай илмий ишланмалардан биридир.
Мамлакатимиз зиёрат туризми йўналишида катта потенциалга эга. Айниқса, азиз авлиёлар юрти саналган Бухоро бу борадаги феномен шаҳардир. Бухоро IX асрда Қуббат ул-ислом (ислом динининг қуббаси), XIII асрда Бухорои шариф (муқаддас, шарофатли шаҳар) мартабалари билан улуғланган.
2020 йилда Бухоро шаҳри ISESCO ташкилоти томонидан Ислом олами маданияти пойтахти деб номланди. Шу муносабат билан тайёрланган Бухоро шаҳри зиёратгоҳлари харитаси ҳам шариф шаҳарга ташриф буюрувчи зиёратчилар учун муносиб йўл кўрсаткич бўлади, деган умиддамиз.
Харитада шаҳарнинг 500 гектарлик қадимий шаҳристон ва замонавий қисмидаги барча зиёратгоҳлар қамраб олинган. Эътиборли жиҳати муаллиф томонидан ҳозирда фақат мавжуд зиёратгоҳлар эмас, балки, йўқолиб кетган, сақланиб қолмаган зиёратгоҳ ва қадамжолар ҳам турли тарихий манбалар орқали аниқланиб харитадан жой эгаллади.
Бухоро шаҳри қадимда 200 дан ортиқ гузарлардан ташкил топган. Шубҳасиз деярли ҳар бир гузар маълум авлиё қабри, масжид, мадраса, қабристон ва зиёратгоҳга эга бўлган. Уларнинг яралиш тарихи турли даврларга бориб тақалади.
Асрлар оша аждодларимиз азиз авлиёларнинг хокларини эъзозлаб, асраб, авлоддан авлодга етказиб келишган. Афсуски, 1920 йилда Чор Россияси аскарларининг Бухорога аёвсиз ҳужуми, советлар давридаги атеизм, даҳрийлик сиёсати ва бошқа маъмурий, ижтимоий сабаблар туфайли кўплаб зиёратгоҳлар йўқотилган, халқимиз маънавиятидан ўчирилган. Харитада 133 та зиёратгоҳ (50 таси сақланмаган) ва 40 та қадимий қабристон (29 таси сақланмаган) ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Хаританинг олд томонида шаҳарнинг топографик жойлашуви акс этган бўлиб, унда объектлар 173 та нуқтага бўлинган ҳолда тартиб билан жойлаштирилган. Зиёратгоҳлар ўрни араб рақами, қабристонлар ўрни рим рақамида белгилаб чиқилган. Мавжуд объектлар кўк, сақланмаганлари эса қизил рангда ифодаланган. Харитада шарти белги (шаҳар девори, қабристон, зиёратгоҳ)лар ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, қадимий шаҳристонни ўраб турувчи 12 км.лик деворнинг 11 дарвозаси жойи ва номлари келтирилганки, бу орқали зиёратчи шаҳарнинг қайси нуқтасига бориши кераклиги ҳақида янада аниқроқ йўналишни билиши мумкин. Хаританинг орқа томонида тўрт устунли жадвалда қабристон ва зиёратгоҳларнинг жойлашув тартиб рақами, номи, асри ҳамда манзили батафсил баён этилган.
Мазкур илмий ишланмани яратишда Муин ал Фуқаронинг «Тарихи Муллозода (Бухоро мозорлари зикри)”, Муҳаммад Носириддин Тўранинг «Тухфат аз-зоирин» (Зиёратчиларга туҳфа), этнограф олима Олга Сухареванинг Бухоро шаҳри этнографияси бағишланган асарлари, С.Раҳматова, Ҳ.Қурбоновнинг «Бухоро гузарлари тарихидан лавҳалар», Нарзулла Йўлдошевнинг «Бухоро авлиёларининг тарихи», Садриддин Салим Бухорийнинг «Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари», Суюндук Мустафо Нуротоийнинг «Турон замин азиз авлиёлари ва уламолари тазкираси» ҳамда Бухоро авлиёлари, гузарлар тарихи, турли топоним ва жой номларига доир асар ва рисолаларга мурожаат қилган.
Шунингдек, нуқталар ва манзилларни аниқлашда ўтган асрда тузилган Бухоронинг бир неча мукаммал хариталари ўрганилган, қиёсий таққосланган. Жумладан, Парфеонов-Фенин, О.АСухарева, Л.Р.Ремпел ва бошқаларнинг хариталаридан фойдаланилган.
Тадқиқотчи нафақат манбаларга, балки дала материалларига ҳам суянган. Икки ой давомида Бухоро шаҳрининг қадимий гузарлари, кўчалари бўйлаб бўлажак харита асосида дала тадқиқотлари олиб борилган. Маҳалланинг кексалари билан суҳбатлар ўтказилган.
Бухоро авлиёлари тарихини жаҳонга танитиш, хорижий зиёратчиларни мунаввар қадамжоларга кенг жалб этиш мақсадида харита рус (Карта святын города Бухары) ва инглиз (The map of Bukhara shrines) тилларида ҳам тайёранди.
Харита ўлчами A2 форматда бўлиб, рангли ва миллий дизайн кўринишига эга. Зиёратчилар ва сайёҳларга қулай бўлиши учун уч букланадиган чўнтакбоп шаклга келтирилган.
Ёш тадқиқотчи Шавкат Бобожоновнинг «Бухоро шаҳри зиёратгоҳлари харитаси» номли илмий ишланмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатга олинган ва гувоҳнома тақдим этилган.
2500 йиллик тарихга эга Бухоро шаҳри ўз бағрида улуғ зотлар, дин уламолари, олиму мутафаккирлар, касб-кор, ҳунармандчилик пирлари сингари юзлаб авлиёларни ўз бағрига олган. Шаҳарнинг жамики авлиёлари жам бўлган мазкур харита Бухоронинг ислом оламидаги жаҳоний шуҳратини янада ошириш ҳамда ҳудудда зиёрат туризмини кенг ривожлантиришга ҳисса қўшади. Боз устига, харита Бухоро зиёрат туризмининг ташриф қоғозига айланиши шубҳасиз.
Ўктамали РАВШАНОВ,
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси
Тарих илмий бўлими мудири
Ҳаким ат-Термизий мажмуаси директори: Муқаддас қадамжомизни дунёнинг турли давлатларидан сайёҳлар келиб, зиёрат қилади
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ишчи гуруҳи айни кунларда Сурхондарё вилоятида бўлиб, ҳудудда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга оид ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ўрганиш давомида масъуллар воҳадаги туризм объектлари, кўнгилочар масканлар ҳамда вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси, Бойсун туризм ва сервис коллежида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишига доир ҳолат билан яқиндан танишди. Давлат тилида иш юритиш ҳолати, туризм объектлари ва кўнгилочар масканларга ном берилиши ҳамда ташқи реклама тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги ўрганилди. Сурхондарё вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида ўтказилган ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида сўз юритилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси соҳадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган. Шу ўринда, «2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси» тасдиқланиб, тегишли вазифалар белгилаб олинган.
«Мамлакатимизда қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Ватанимиз суверенитети ва мустақиллиги йўлида ташланган дадил қадамдир, – деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, ишчи гуруҳ раҳбари Ўткир Саидов. – Ўттиз икки йилдан буён мазкур қонун халқимизни эзгу ислоҳотлар йўлида бирлаштириб, тинч, обод ва тўкин ҳаёт қуришдек улуғвор ишларга ундайдиган беқиёс куч сифатида намоён бўлмоқда. Она тилимиз халқаро минбарларда баралла янграб, унинг дунёдаги ўрни ва нуфузи ошмоқда. Сўнгги йилларда «Ўзбек тили байрами куни» кенг нишонланаётгани ҳам юртимизда давлат тилига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидан далолатдир».
Ишчи гуруҳ томонидан жойлардаги туризм объектлари, кўнгилочар масканлар ҳамда ҳудудий департамент ва бошқармаларда қонун ижроси таъминланишини ўрганиб, ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини рўёбга чиқаришга яқиндан кўмаклашишни мақсад қилинган. Ишчи гуруҳ аъзолари Ҳаким ат-Термизий, Исо Термизий, Султон Саодат мажмуалари, Кокилдор ота хонақаси, Қирққиз қаласи, Термиз ҳайвонат боғи, Қоратепа, Фаёзтепа археологик ёдгорликлари, Термиз Археология музейи, Термиз давлат музей қўриқхонаси, Термиз шаҳридаги меҳмонхоналар ва бошқа туризм объектлардаги ном берилиши, пештахта ёзувларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини кўздан кечириб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар беришди.
«Йилдан-йилга ободонлашиб бораётган муқаддас қадамжомизни дунёнинг турли давлатлари ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан сайёҳлар келиб, зиёрат қилади,– дейди Ҳаким ат-Термизий мажмуаси директори A.Чориев. – Шунингдек, пештахталардаги айрим ёзувларни давлат тилида ёзиб қўйишда эътиборсизликка йўл қўйган эканмиз. Ишчи гуруҳ ўрганиб, уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиришни тавсия этди. Барча ёзувларни давлат тилида акс эттиришнинг нафис маданиятимиз, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда она тилимизнинг нуфузини оширишдаги аҳамияти ҳақида тушунчалар берди ва биз бу камчиликни тезда бартараф этишга киришдик».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ортиқча сўзни тарк қилганга жаннат бўлсин!
Ортиқча сўздан на дунёвий ва на ухровий фойда йўқ. Инсон мақсадини бир сўз билан ифодаласа, унинг ортидан яна бошқа иккинчи гап ортиқча бўлиб, унинг зарарига ҳужжат бўлиш эҳтимоли кўп.
Муҳаммад ибн Язид ибн Хонис Маккийдан ривоят қилинади: Суфён Саврий бетоб бўлганида кўргани бордик, унинг ҳузурига Саъид ибн Ҳассон Махзумий ҳам кирди. Шунда Суфён Саврий унга: “Кеча менга Умму Солиҳдан ривоят қилиб айтган ҳадисингни яна қайтариб айтиб бер”, деди. У: “Умму Солиҳ бинту Солиҳ Софиййа бинту Шайбадан у Умму Ҳабибадан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллоҳу аълайҳи васаллам: “Яхшиликка буюргани ёки ёмонликдан қайтаргани ёки Аллоҳ Азза ва Жаллани зикр қилганидан бошқа Одам боласининг барча айтган сўзи унинг зараригадир, фойдасига эмасдир” дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Язид: Бу ҳадис нақадар ҳам оғир-а! деди.
Шунда Суфён Саврий унга: бу ҳадиснинг оғирлиги нима? Уни бир аёл иккинчисидан ривоят қиляпти, бу Пайғамбарингиз соллоллоҳу аълайҳи васалламни у билан юборган Аллоҳ Азза ва Жалланинг каломида ҳам бор.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “ Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз[1]” (Нисо сураси 114-оят). Ушбу оят ҳам ҳадиснинг айни ўзидир.
Аллоҳ азза ва жалла: “Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар”[2]деган (Наба сураси 38-оят). Ушбу оят ҳам ҳадиснинг айни ўзидир.
Яна бир ояти каримада: “Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”[3] деган (Аср сураси 1-3-оятлар). Ушбу оятнинг ҳам ҳадиснинг айни ўзидир, деди[4].
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ Азза ва Жалланинг зикридан бошқа сўзни кўпайтирманг. Чунки Аллоҳ Азза ва Жалланинг зикридан бошқа гапни кўпайтириш, қалбнинг қаттиқлигидир. Албатта, инсонларнинг энг Аллоҳдан узоқроғи қалби қаттиқлардир”[5] дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Шу боис Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларни ортиқча сўзларингиздан огоҳлантираман, у билан эҳтиёжига етадиган сўз кишига кифоя, деганлар. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳи эса: “Ҳар бир сўз, албатта, котиб фаришталар тамонидан ёзиб борилади, Ҳаттоки киши боласини тинчлантириш учун ёлғондан сенга фалон, фалон нарсаларни олиб бераман дейди ва у ёлғончи деб ёзиб қўйилади[6], деганлар. Шундай экан тилимизни доимо ортиқча сўздан тийишимиз лозим, зеро Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ортиқча молини нафақа қилиб, ортиқча сўзини ушлаб қолган кишига жаннат бўлсин[7] деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Абдулаҳад Собиров,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
[1] Нисо сураси 114-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[2] Наба сураси 38-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[3] Аср сураси 1-3-оятлар.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4954- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.
[5] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4951- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.
[6] Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳифзуллисан 8-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама. Матобиъуссофа.
[7] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4944- ҳадис. 1990-йил Байрут. Дарул кутубил иълмийя.