muslim.uz
Крганов мигрантлар билан ишлашни кучайтириш зарурлигини маълум қилди
Москвадаги диний ва жамоатчилик ташкилотлари мигрантларга етарлича таъсир эга эмас, бу борада ишлашни кучайтириш лозим. Sputnik хабарига кўра, бу ҳақда Россия мусулмонлар кенгаши раҳбари Альбир Крганов маълум қилди.
“Биз ҳозир мигрантларнинг Москвадаги Франция элчихонаси олдидаги олдиндан келишиб олинмаган тадбирини ёдга олдик. Бу нимани кўрсатади? Биринчидан, бу олдиндан келишмаганлик ва бу умуман миграция марказлари, диний ташкилотлар томонидан мигрантларга кучсиз таъсир... Улар ҳеч ким билан маслаҳатлашишмаяпти-ку, ўзларида шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар билан шуғулланишмоқда. У ерда фавқулодда ҳодиса содир бўлганда нима бўларди?”, - деди муфтий.
Кргановнинг фикрига кўра, диний ташкилотлар бу борадаги ишларни кучайтириши даркор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рибохўрлик бор жойда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).
«Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда, «молларини» деган сўз замирида эса ҳамма турдаги моллар ва ҳамма турдаги эҳсон қилувчиларга ишора бор.
«Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир».
Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда – Робблари ҳузурида экани таъкидланмоқда. Бас, шундай экан, мўмин-мусулмонлар юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоқлари лозим. Чунки:
«Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар»
Ҳа, бундай кишиларга охиратда хавф йўқ ва бу дунёда қилган ишларига хафа ҳам бўлмайдилар.
Ислом тузуми, аввало, ишга қодир бўлган ҳар бир инсоннинг осонлик билан ҳалол ризқ топишини таъминлайди. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги молу мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.
Сўнгра қодир бўлган барча кишиларни ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади.
Шу билан бирга, муҳтожларни ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, юқоридаги оятда айтилганидек, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмасдан, иффатли-қаноатли бўлишга чақирилади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бир-икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб, қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир, хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар» оятини ўқинг», – дедилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
– Ким ўзида етарли нарса бўла туриб, одамлардан тиланса, қиёмат куни тиланчилиги юзида тирналиш бўлиб келади, – дедилар. Одамлар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча? – дедилар. У зоти бобаракот:
– Эллик дирҳам, – дедилар.
Шундан келиб чиқиб, «Етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром» деган ҳукм чиқарилган.
Садақа ҳақидаги оятлар нозил бўлганидан кейин молиявий муомалаларнинг яна бир тури, садақага қарама-қарши тури – рибо (судхўрлик) ҳақида сўз очилади.
Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир.
Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз бериш ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, «Мен сенга маълум муддатга маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», – дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.
Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.
Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган.
«Тафсири Ҳилол» китобидан
Ўзбекистон элчиси “Ал-Азҳар” раҳбари билан учрашди
Куни кеча Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари Доктор Аҳмад Таййиб билан учрашув ўтказди.
Самимий мулоқот давомида Доктор Аҳмад Таййиб ҳазратлари бундай деди: “Ўзбекистонга икки марта боришга муяссар бўлдим. Ҳар иккисида ҳам ислом меросини асраб-авайлаш ва қайта тиклашга бўлган самимий истагим қарор топди.
Ташрифларимда “Aл-Aзҳар” мажмуаси ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга доир бир қатор вазифаларни бажаришда муваффақиятга эришдик. Жумладан, Ўзбекистондаги “Имом ал-Бухорий” номли халқаро маркази марказ раҳбарияти билан исломий меросимиз ва илмларимиз ривожига хизмат қилиш учун икки марказ ўртасида исломий мафкура соҳасидаги амалий ишлар ва тадқиқотчиларимизнинг тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини узлуксиз давом эттиришга келишдик”.
Ўз навбатида Қоҳирадаги Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов “Ал-Aзҳар” мажмуаси раҳбари, Доктор Аҳмад ат-Таййибнинг Ўзбекистонга икки ташрифи Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашини таъкидлаб, ташрифлар натижасига оид баённомалар расмийлаштирилгани, Доктор Аҳмат Таййиб маърузалари ўзбек ва рус тилларига таржима қилинганини қайд этди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Унутилаётган суннатлар (15-суннат): Таниган-танимаганга салом бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мусулмоннинг қайси фазилати яхши?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қорни очни тўйғазиши ва таниган-танимаганга салом бериши”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Афсуски кейинги пайтларда ёш-у қари орасида салом бериш тобора камайиб бормоқда. Айримлар ҳатто таниган яқинига ҳам базўрға салом беради. Мўмин банда қаерда бўлмасин, қаерга кирмасин, ким билан учрашмасин, биринчи калимаси “Ассалому алайкум” бўлиши лозим.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Ислом Ливерпуллик аёлнинг ҳаётини ўзгартирди
Мусулмонликни қабул қиган аёл Ислом ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида гапириб берди. Бетани исмли 21 ёшли Ливерпулда яшовчи аёл дин билан қизиқиб, уни ўрганганидан кейин ўтган йилнинг декабрида калимаи шаҳодатни айтди. Islamisemya.com хабарига кўра, бу жараёнда у бўлажак турмуш ўртоғи Исмоил Муҳаммад билан танишди.
"Бундан олдин менинг ҳаётим нормал эди, мен ҳеч қачон ўзимни тўлиқ бахтли ҳис этмас эдим, ҳар доим ҳаётимда нимадир етишмаётганини ва бошқа нарса кераклигини билардим. Ислом менга тинчлик-хотиржамлик топиб, ўзимни қадрлай бошлашимга ёрдам берди", - дейди Бетани.
Инглиз аёл динга қаттиқ риоя қилишдан узоқ бўлган католик оиласида ўсган. Сўнгги йилларда Бетани бир неча мусулмон эркак ва аёлларни учратганидан кейин унинг Исломга қизиқиши ортди.
Чакана савдо соҳасида ишлайдиган ёш қиз бу динни ўрганиб, Исмоилдан бу ҳақда сўрай бошлади, унга нисбатан илиқ туйғулар пайдо бўлди. Унинг айтишича, Исломни қабул қилиш ҳаттоки тўйига ҳижоб кийган унинг ўз онасига яқинлашишига ёрдам берган.
"Ислом ажойиб дин, кўп одамлар эса асосан бу ҳақда кўп нарса билишмайди ва шунинг учун уни салбий тусда қабул қилишади", - дейди британиялик муслима.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати