muslim.uz

muslim.uz

Шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Хаджар билан музокара ўтказди.

Самимий мулоқот чоғида томонлар пандемия вақтида аҳолини самарали муҳофаза қилиш, касалланган кишиларни ўз вақтида даволаш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва глобал пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

ИТБ Президенти Ўзбекистонда пандемияга қарши кураш ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаш бўйича амалга оширилаётган самарали стратегиянинг халқаро миқёсда тан олинишини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида Б.Хаджар ИТБ ихтисослашган клиникалар учун тиббиёт ускуна ва материаллар харидини молиялаштириш учун стратегик тайёргарлик ва жавоб чоралари пакети (умумий миқдори 2,3 миллиард АҚШ доллар) имкониятидан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва аҳолига зарур ёрдам кўрсатишда Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Жумладан, мамлакатда ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари ишлаши учун марказлаштирилган кислород таъминоти тизимини сотиб олиш учун Пакет маблағлари бир қисмини қайта йўналтириш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, музокаралар давомида 2021 йилда ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 46- йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу тадбир хорижий ишбилармон доиралар ва халқаро ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва мамлакатнинг яхшиланаётган инвестициявий муҳитига қаратиш ва ИТБ Гуруҳи билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

Мулоқотлар якунида барча муҳокама этилган йўналишлар бўйича биргаликда иш олиб боришни фаоллаштириш ва ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Миллий ахборот агентликлари ассоциацияси (UNA-OIC) ва Исломий банклар ва молия институтлари бош кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
 
"UNA" ахборот агентлиги хабарида қайд этилишича, ҳамкорлик лойиҳаси доирасида ОАВ вакиллари исломий банк ва молия институтлари фаолияти билан атрофлича таништирилади ва уларга ташкилотларнинг минтақа тараққиётидаги аҳамияти тарғиб этилади.
 
Лойиҳа доирасида иштирокчилар учун семинар-тренинглар, танловлар, ўқув машғулотлари ва медиа форумлар ўтказилиши режалаштирилган.
 
Ўтказилган тадбирлардан эса кенг жамоатчиликни исломий банклар ва молия институтлари фаолияти билан кенгроқ таништириш мақсад қилинган.
 
ЎзА

“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этиши ва мустақил Ўзбекистон тарихида БМТ минбаридан биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани қалбимизда фахр туйғуларини уйғотди”, – деди Жамия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси профессор Шаҳид Таслим “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида.

– Ҳаётимни ўзбек тилини ўрганиш ва уни ҳинд талаба-ёшларига ўргатишга бағишлаган Ҳиндистон олими сифатида айтамаки, яқин ўтмишда бундай катта минбардан туриб ўзбек тилида сўзлашни тасаввур қилиш мушкул эди, дея сўзида давом этди суҳбатдош.

Ш.Таслим ўзбек халқининг бой маънавий мероси ҳақида тўхталиб, ўзбек заминида Амир Темур, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб буюк шахслар ва алломалар туғилиб, вояга етиб, фаолият юритганига урғу берди.

– Ушбу алломалар ўз даврида дунё сиёсатига катта таъсир кўрсатган бўлса, ҳозирда Ўзбекистон раҳбарининг оқилона ташаббусларини дунё ҳамжамияти муносиб кутиб олмоқда, – дейди ҳиндистонлик олим. – Фикримнинг тасдиғи сифатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид бешта таклифининг барчаси тўлиқ амалга ошганини таъкидлаш кифоя.

“Ўзбекистон Президентининг навбатдаги маърузаси ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббус сифатида янграши ва жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлишига аминман”, дейди у.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Матнни oлий тоифали сухандон Шуҳрат Қаюмов ўқиган

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top