muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бугунги ҳадислар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларни қайтарган уч амали ҳақида билиб оламиз.
 
1. Кўп савол сўрашдан
 
Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мовия Муғирага «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларингдан ёзиб юбор», деб хат ёзди. Варрод айтади: У (Муғира) менга имло қилди (айтиб турди) ва мен қўлим билан ёздим: “Албатта, мен У зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўп савол сўрашдан, молни зое қилишдан ва деди-дедидан қайтарганларини эшитдим”, – деди”.
 
Ҳадиснинг умумий маъноси:
 
Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келгандан сўнг шариатда бажаришга буюрилган ва ман қилинган амалларни умматига босқичма-босқич етказиб бердилар. Ана шундай амаллардан бири кўп савол сўраш ҳисобланади. Расулуллоҳ бу сўзлари билан мутлақ савол беришни ман қилмадилар, балки жамият ва ўзи учун кераксиз бўлган саволларни беришдан қайтардилар. Саҳобалар иймон-эътиқод, шариат масалаларига жуда эҳтиёткор эдилар. Айнан шариатда ҳаром ёки ҳалоллиги баён қилинмаган нарса ҳақидаги саҳобанинг саволи сабабидан ўша нарсани ҳаром қилинишига олиб келиши эҳтимоли бўлган. Юқорида келтирилган ҳадиснинг замирида (бошқа ҳадисларда келганидек) Қуръонда ҳаром деб келтирилмаган нарсалар ҳақида «бу ҳалолми, бу ҳаромми» деб сўраш ҳам ётади. Шу сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятга мувофиқ саҳобаларни кўп савол беришдан қайтарганлар.
 
Аллоҳ таоло «Моида» сурасининг 101-оятида: «Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса, сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!», – деб марҳамат қилади.
 
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур оятни: «Кутиб туринглар! Қуръон нозил бўлганда сўраётган нарсаларингиз баёнини топасизлар,» – деб шарҳлаган.
 
Кишида бирор эҳтиёж бўлмай туриб тиланчилик қилиш ёки ҳаётда учрамайдиган воқеа ва масалаларни сўраш ёхуд киши ўзига ва динига фойдаси бўлмаган беҳуда хабарларни суриштириб юриши савол сўрашда ҳаддан ошишдир.
 
2. Исрофга йўл қўйишдан
 
Аллоҳ таоло бандаларини бу дунёга имтиҳон қилиш учун келтирди. Кимнидир мусибат билан, кимнидир дард билан синайди. Аллоҳ таоло томонидан бандасини имтиҳон қилинишининг турлари кўп, ана шу синовлардан бири бандасини молу давлат билан неъматлантиришидир. Ислом динида молу давлат билан неъматланган банда ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, бойлигини яхшиликка сарфлаши ҳам ибодат ҳисобланади. Аммо, молни зое қилиш ва уни ноўрин, дунё ва охират учун ҳам фойдаси тегмайдиган жойларга сарфлаш исрофдир, исроф эса муқаддас динимизда гуноҳ ҳисобланади.
 
Аллоҳ таоло бутун инсониятга санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада неъматлар ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақирди. Бу ҳақда Қуръони каримда: «... еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай». деб инсониятни исрофдан қатъий буйруқ билан қайтарган.
 
Ҳадиси шарифда ҳам «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар» деб марҳамат қилинган.
 
3. Ёлғон хабар тарқатишдан
 
Одамлардан эшитганини рост-ёлғонлиги аниқ бўлмасдан ва оқибатини ўйлаб кўрмасдан бошқаларга етказиш, асоси йўқ гапларни ташиш жамият бирдамлигига ва одамлар орасига рахна солувчи энг оғир гуноҳлардан бири саналади. Чунки, баъзи катта гуноҳларнинг таъсири фақат ўз эгасига бўлса, бу каби гуноҳларнинг таъсири бутун жамиятга бўлади. Бу қабиҳ амалнинг таъсирида ҳатто ака-ука, опа-сингиллар, қавму қариндошлар бир-бирларидан юз ўгирадилар. Шунинг учун баъзи гуноҳлар бажарилиб бўлиши билан унинг зарари тугалланган ҳисобланса, етказилган бир асоссиз сўз ёки туҳмат гап ташишнинг зарари ва ўз эгасига гуноҳ ёзилиши йиллар ўтса-да тўхтамайди.
 
Ахборот тарқалиши тезкор бўлган ҳозирги вақтда халқимиз тинчлигини бузиш мақсадида ўз манфаати учун ёлғон хабар тарқатувчилар кўпайгани ҳамда дунёнинг турли давлатларида содир бўлаётган ҳар қандай хунрезликларнинг бошланиши замирида ҳам аслида ана шундай ёлғон хабарлар ётганлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Мўмин-мусулмон киши ўзига келган ҳар қандай хабарни, хусусан дин-диёнатга, ақидага боғлиқ бўлганларини таҳлил қилмоғи, унинг замиридаги асл ҳақиқатни ва бу каби хабарларни тарқатувчисининг асл мақсади нима эканлигини англаб етишга ҳаракат қилиши давр талабларидандир.
 
Бу борада Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 6-оятида «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» деб
 
мўминларни ҳар хил хабарларга алданиб қолмасликка, келаётган ҳар қандай хабарни текшириб кўришга буюради.
 
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
 
Дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган нарсаларни сўрамаслик.
 
Киши ўзи ва жамияти учун фойдаси бўлмаган илмлардан ўзини сақлаш.
 
Молу давлатни беҳудага сарфламаслик.
 
Асоссиз сўз ва хабарларга ишонмаслик.
 
Асоси йўқ ва фойдасиз хабарларни жамият орасида тарқатиш ва тарқалишидан сақланиш.
 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Тасаввур қилинг, уй қуриш учун ер сотиб олдингиз. Ишни нимадан бошлайсиз? Одатда, кўпчилик ишни кўчат экишдан бошлайди. Негаки, ҳашаматли уй қурсангиз-у олдида дарахт бўлмаса ҳовлингиз қуруқ саҳрога ўхшаб қолади.

Дарахтнинг соя-салқини, мева-чеваси баҳри-дилингизни очади, кайфиятингизни кўтаради, иссиқ кунда танангизга ҳузур бағишлайди. Қолаверса, хонадонингизга  кўрк бағишлайди. Агар уйингиз ёнида шахсий боғингиз бўлсами...

Энди, худди шу дарахтлар абадий яшайдиган жаннатда бўлишини истайсизми?

Уламолар, “агар банданинг жаннатда нимасидир бўлса, Аллоҳ таоло албатта ўша нарсага эриштиради”, дейдилар.

Хўш, қандай қилиб жаннатда дарахтга ёки боғга эга бўлиш мумкин. Бунинг иложи борми? Албатта бор. бўлганда ҳам жуда осон йўли бор. Буни бизга сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У менга: “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам), умматингизга мендан салом йўлланг ва уларга хабар бергинки, жаннатнинг тупроқлари хушбўй, сувлари шириндир. У бир текисликки, унга кўчат экиш “субҳоналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”дир”, деди” (Термизий ривояти).

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дарахт экаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва:

“Эй Абу Ҳурайра, нима экяпсан?” деб сўрадилар. “Кўчат”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундан ҳам яхшироқ кўчат экишни ўргатайми? У “субҳоналлоҳивалҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”дир. Бу калиманинг ҳар бири учун сенга жаннатда бир дарахт экилади”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Ким “субҳоналлоҳил ъазийм ва биҳамдиҳ”, деса, унга жаннатда бир хурмо экилади” (Термизий ривояти).

Қаранг, жаннатда дарахт экиш, боғ яратиш унчалик ҳам мушкул иш эмас экан. Биздан талаб этиладигани чин ихлос ва муҳаббат ила ҳадисга амал қилиш. Фақатгина дангасалик қилмасак бўлди.

Азизлар! Аллоҳ таоло бизларни ўзимизданда кўпроқ яхши кўради. Шу сабаб озгина амалимиз ёки сўзимиз орқали жаннатда бизга дарахт, боғларни ҳадя этади.

Демак, вақтимизни бекорчи сўзлар билан ўтказмасдан жаннатда боғ яратишга сарфлайлик. Ахир бу оддий боғ эмас, дарахтлар ҳам оддий дарахт эмас жаннатий дарахт ва жаннатий боғлардир.  

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Четверг, 25 Июнь 2020 00:00

Фитна улкан гуноҳдир

Эътиқоди суст, илми саёз инсонларни йўлдан оздириш, залолат сари етаклашга қаратилган шайтоний амаллар бисёр. Инсоният душманлари мақсадларига етиш учун турли-туман ҳийлаларни ўйлаб топадилар. Шулардан бири фитнадир. Зеро, фитна одамлар орасини бузади, уларни бир-бирига душман қилади, отани боладан, яқинни жигардан... айиради. Нотинчлик, низо, иғво келтириб чиқаради.

Фитна луғатда кўп маъноларда келади:

  1. Жозиба, сеҳр; фусункорлик, афсункорлик, тароват, фатонат, берилмоқ (мафтун бўлмоқ). Фитна амал инсонларга гўзал кўринади, ёқимли кўринишда тақдим этилади. Асли сийратидан фарқ қилишини, афсуски, инсонлар кеч тушунади. Асл ислом, соф ақида, ҳақ жаннат каби жилвагар иборалар қанчадан-қанча инсонларни ром этмади, дейсиз. Мазмун, ҳақиқий мақсад мана шу жозиба ортида яширингани боис, уни тезда илғаб, англаб олиш мушкул. Шу сабаб таклиф этилаётган ахборот ақл ва нақл тарозисида тотилиши, синтез қилиниши мақсадга мувофиқ.
  2. Ишонмаслик, умидсизлик, худосизлик, даҳрийлик. Фитна, аслида ҳам, даҳрийликдир. Аллоҳга ишонган – имонли одам фитна қилиши мумкинми?! Аллоҳдан умидини узган, шайтон қулига айланганларгина одамлар орасига нифоқ солишга жазм қила олиши мумкин!

Фитна - адаштириш, қизиқтириш, алдаш, йўлдан оздириш ва чалғитишдир. Ёлғонга асосланган “ғоя” ҳидоят йўлидагиларни ҳақ йўлидан оздиришга хизмат қилади. Айрим манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбига хизмат қилади. Мўминни мўминга душман қилиб, бир-бирларининг қонини тўкишга сабабчи бўлаётганлар – асл фитначилардир.

 Фитна, аслида, гумроҳлик; ақлдан озганлик, жинниликдир. Акс ҳолда, қандайдир ўй-хаёлларни деб икки дунё саодатидан воз кечиш мумкинми? Бу ишга қодир кишини ақли, тафаккури соғлом, эътиқоди мустаҳкам, деб бўлмайди. Бунга мисол қидириб узоққа бормаймиз: алдов ва пуч ғояларига лаққа тушиб,  айбсиз инсонлар қонини тўкаётган кимсалар бориб турган гумроҳлардир.

 Фитна эгаларининг хатти-ҳаракатлари исён, ғалаёнга олиб келиши муқаррар. Ғоявий ихтилоф, илмдаги келишмовчилик, ақидадаги қарама-қаршилик, охир-оқибат, инсонлар ва ҳатто халқлар ўртасида нифоққа сабаб бўлиши мумкин (Яман давлатининг таназзулга юз тутиши бунга яққол мисол). Боғийлик, яъни мавжуд ҳукуматга қарши чиқиб, уни ағдариш, мақсадларига мос давлат қуришга қаратилган исён шулар жумласидан бўлиб, манбаларда боғийнинг ўлимга маҳкумлиги таъкидланади. Илло, у тавба қилсагина кечирилади. Эътибор қаратилса, юртимизда қарор топган қонунчилик соф исломий ақидаларга нақадар мослиги аён бўлади. Зеро, адашган кимсаларнинг халқидан, юртбошисидан кечирим сўраб қилган тавбаси кечирилмоқда, ҳаётини йўлган қўйиши, гуноҳини ҳалол меҳнати билан ювишига имкон берилмоқда...

 Фитна - ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 Ниҳоят, фитна - синов, гуноҳдир. Аллоҳ ҳалолни, ҳаромни аниқ белгилаб берди. Уларнинг ўртасидаги нарсалар эса шубҳадир. Асл исломий манбаларда ҳақиқий мусулмон инсоннинг ҳатто шубҳали амалдан ҳам қайтиши лозимлиги таъкидланади. Зеро, залолатга етакловчи ғоялар, нотўғри ва ботил қарашлар чин инсонлар учун синов ҳамдир. Шу боис, имони мустаҳкам, эътиқоди комил инсон ҳаром ва шубҳали амалларни бажаришдан тийилади, бинобарин, уларни бир бора қилган инсон, кейинчалик, ўрганиб қолади ҳамда гуноҳга мойил бўлиб қолади.

Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида:“(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш - унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.

Хўш, залолат йўлига кириб қолган инсон нима қилсин? Кейинги ҳаёти учун қандай йўл тутсин? Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси 3-оятида бу масалада аниқ буйруқ – амрларини баён қилган:(Эй, инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар”.

Кўриниб турганидек, Аллоҳ таоло Қуръонга эргашиш, эшитилиши ёқимли, кўриниши жозибали, аммо мазмунию мақсади ёмонлик, оқибати эса фосиқликдан иборат даъватлар қилувчи “дўстлар”дан йироқ бўлишни қатъий буюрмоқда. Қуръоннинг бошқа бир ўрнида шундан кейин ҳам тафаккур қилмайдиган, ҳидоятга қайтмайдиган мусулмонлар тўғрисида гўзал тадбир, адолат йўли зикр қилинади: “Эй, мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”(“Нисо”, 59).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло барчани Ўзига, Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан бошлиқларга итоат этишни буюрмоқда. Фитна қилишга эмас. Дарҳақиқат, Қуръонда ҳар қандай муаммоли масаланинг адолатли ечими бор. Ихтилоф вақтида энг тўғри ечим фирқаланишнинг олдини олишдир. Асл тараққиёт ҳам, саодат ҳам бирдамлик, ҳурфикрлик натижасида амалга ошади. Бунинг учун ҳар бир фуқаро Аллоҳ қайтарганларидан қайтиши, буюрганларига итоат этиши ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга сўзсиз бўйсиниши шарт.

Мусулмон кўр-кўрона тақлид қилмасин. У ҳар бир нарсага миллий, диний қадриятларига ҳамоҳанг ақлан ёндашсин. Ўзининг илми етарли бўлмаса, илмли, ишончли, тақводор, олимлардан сўраб билсин. Ўрганганларига амал қилсин. Хуллас, илм ўргансин, билганларига амал қилсин. Шундагина ҳидоят топади. Фитна қурбонига айланмайди. Акс ҳолда, унутмаслик керакки, Аллоҳ таолонинг унинг учун тайёрлаб қўйилган аламли азоби бор:“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!”(“Нисо”, 115).

Аён бўлаётирки, фитна, унга етакловчи ҳар бир хатти-ҳаракат – оғир гуноҳ. Ундан тийилиш – мусулмонларнинг бурчи. Динига, маънавиятига, халқига содиқлик эса хотиржамлик, кўнгиллар ободлиги, юрт равнақи, энг муҳими, икки дунё саодатига эришиш калитидир. Шундай экан, турли кўринишдаги ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик, фитналардан огоҳ бўлайлик. Халқ, миллат бахти унга мансуб инсонлар бахти йиғиндисидан иборатлигини асло унутмайлик!

 

Шукуржон Шанигматов,

“Носирхон” жоме масжиди имом ноиби

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top