muslim.uz

muslim.uz

Туркияга қарашли бўлган Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари жамғармаси ходимлари жорий йилда Қурбон ҳайити муносабати билан дунёнинг 103 мамлакатида хайрия тадбирларини амалга оширдилар.

Ушбу хайрия тадбирида 2,3 миллиондан ортиқ мусулмонларга қурбонлик учун сўйилган гўшт маҳсулотлари тарқатилган.

Бунда қочоқлар лагерлари, қари ва ёлғиз кишилар, ҳалокат юз берган ҳудудлар аҳолиси, бевалар, мактаб ва шифохоналар, болалар уйларига биринчи навбатда хайрия маҳсулотлари етказилган.

Бундан ташқари Жамғарма томонидан 16 мамлакатда 17 мингдан ортиқ етим қолганларга кийим-кечаклар тарқатилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 24 Август 2018 00:00

Меҳр-мурувват байрами

Қурбон ҳайити – шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, дийдорлашув байрами. У азалдан халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Унда ота-она ва фарзандларга совғалар улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадялар бериб қалбларига сурур бағишлаш муқаддас динимиз талаби.

Ана шу талабга риоя қилган Зокиржон Шарифов домла бошчилигидаги “Тўхтабой” жоме масжиди ходимлари ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга «Вақф» хайрия жамоат фондига келтирилган қурбонлик гўштларидан тарқатиб уларни хушнуд этдилар.

ЎМИ матбуот хизмати

Чанқаганда сув ичинг,

Чарчаганда чой ичинг.

 

Чойнинг тарихидан. Чой – tea кўп йиллик,  доим яшил, тропик ўсимлик. Баъзи мамлакатларда чой дарахтининг баландлиги 3-4 метргача  ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Чой дарахти Хитойда IV асрдан, Япония, Кореяда IX асрдан, Индонезияда XIX асрдан, Ҳиндистон ва Шри Ланкада 1830 йиллардан, Грузияда 1840 йиллардан, Россияда (Краснодарь ўлкасида) 1901 йилдан, Озарбайжонда 1910 йиллардан бошлаб ўстирилади. Ҳиндистон, Хитой, Японияда сариқ ва қизил чой тайёрланади.

Чой дарахти август ойидан бошлаб кеч кузгача гуллайди, меваси октябрь-декабрда етилади.

Географик тарқалиши. Чойнинг ватани Хитой ва Ҳинди Хитой. Грузия, Озарбайжон, Қрим ва Краснодарь ўлкасининг нам субтропик зоналарида 1 метрли бута ҳолида ўстирилади. Қўлланиладиган қисми, асосан, барги. Чой барги йилига бир неча марта йиғилади ва махсус технология бўйича ишлаб тайёрланади. Кофеин ва бошқа алкалоидлар ҳамда катехинлар чойни ишлаш жараёнида ажралган чиқиндисидан олинади.

Кимёвий таркиби ва ишлатилиши. Чой барги таркибида 2-5 фоиз кофеин, теофиллин ва теобромин алкалоидлар, 20-28 фоизгача ошловчи моддалар, флавоноидлар (кемп-ферол, кверцетин, гиперин, кверцимеритрин ва бошқалар), 156-233 мг. фоиз С, B1, В6  витаминлари, никотин ва пантотен кислоталар, эфир мойи ва бошқа бирикмалар бор. Чой ишлаб чиқариш саноати чиқиндисидан кофеин ва ошловчи моддалар — чой танини олинади. Кофеин марказий нерв системасини қўзғатувчи таъсирга эга. У таблетка ва эритма ҳолида ҳамда турли комплекс препаратлар таркибида чиқарилади. Юқумли ва бошқа оғир касалликлардан сўнг юрак, нафас олиш фаолияти сусайишида, қон айланишининг чуқур бузилишларида (қон томирлар касалланганда), нерв системаси чарчаганда, бош оғриганда, наркотиклар билан заҳарланганда ва бошқа касалликларда организмнинг умумий тонусини кўтарувчи восита сифатида қўлланилади. Чой таркибидаги ошловчи моддалар витамин Р таъсирига эга бўлиб, геморрагик диатезда, организм шишган вақтда, кўзга қон қуйилганда ва бошқа касалликларда ишлатилади. Чой баргидан (чиқиндисидан) олинадиган теофиллин юрак ва буйрак касалликларида сийдик ҳайдовчи, унинг препарати эуфиллин — спазмолитик дори сифатида ҳамда бронхиал астмани даволаш учун қўлланилади.

Чойни «аччиқ» қилиб дамлаб ичавериш қабзиятга олиб келади. Туриб қолган дамланган қора чойни ичмаслик керак, лекин кўк чойни ичиш мумкин. Унинг ижобий томони сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлиши билан бирга  — бактерицид     таъсирига ҳам эга.  Кўк чойнинг шу хусусияти борлиги учун ҳам, оғиз яллиғланишида, ичбуруғда, қуюқроқ дамлаб ичиш, ёки оғизни чайиш фойдалидир.

Дунё миқёсида Англия аҳолиси чойни энг кўп истеъмол қилади. Биз, ўзбеклар ҳам чой ичишда инглизлардан қолишмаймиз. “Эрталаб чой, пешинда чой, кечқурун ширчой”, деган ҳазиломуз ибора бор. Қишнинг совуғи-ю, ёзнинг жазирамасида энг кўп ичиладиган ичимлик ҳам чой ҳисобланади. Ҳа, чой бизга ҳар доим керак,  лекин унутманг, чой – шифобахш ичимлик, у сув эмас.

Энди ўйлаб кўринг, ўша ичимликни чанқаганимизда ҳам, овқат маҳалида ҳам, ётишдан олдин ҳам ичаверсак зарар қилмайдими?

Бу савол ҳаммага эриш туюлиши мумкин. Аммо чой тўғри ичилгандагина даво, фойдали бўлишини ҳам унутмаслигимиз лозим.

Овқатланаётганда кўпчилик чой ичади. Чойнинг таркибидаги кофеин, танин моддаси эса озиқ маҳсулотларда мавжуд бўлган фойдали моддаларни парчалаб юборади, натижада организмда витаминларнинг, микроэлементларнинг етишмаслиги юзага келади. Чой билан бирга истеъмол қилинганда гўштнинг 30-70 фоизи, меваларнинг эса 30 фоиздан кўпи сўрилмайди. Умумий овқатлардан кўрадиган бўлсак, чой билан истеъмол қилинган маҳсулот таркибидаги витаминлар ва темир моддасининг камида 50 фоизи сўрилмай қолади. Бу эса инсон саломатлиги учун салбий таъсир кўрсатади, камқонлик пайдо бўлади. Ҳозир дунёда кўпчилик аҳоли камқонлик билан касалланган.    

Юртимизда кўп сонли аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар темир танқислигидан келиб чиқадиган касалликларга чалинаётгани туфайли, кундалик истеъмол қиладиган нонимизга темир моддасини қўшиш, яъни унни бойитиш йўлга қўйилган. Бу камқонликка қарши курашлардан биридир. Сиз нонни қандай истемол қиласиз? Албатта, чой билан.  Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, темир моддаси мавжуд бўлмаган нонни ейиш билан баробар.

Яна кўпчилик ёш болага чой бериб хатоликка йўл қўяди. Уч ёшгача болаларга чой ичириш тиббиёт нуқтаи назаридан ман этилган. Болакайнинг чойига ёки сутига шакар қўшиб бериш ҳам нотўғри. Болаларни ёшлигидан тўғри овқатланиш тартибига эътибор бериш лозим. Агар унинг организмида темир етишмовчилиги юз берса, бу кейинчалик ақлий ривожланишдан орқада қолиш хавфини ҳам туғдиради.

Саломатлик учун курашиш йўлида чой ичиш анъаналарини ўзгартиришимизга тўғри келади. Овқатланаётганда ёки овқатдан сўнг 30 минутгача чой ичманг. Чой ўрнида бошқа ичимликлар, масалан, қайнаган ёки маъданли сув ва шарбатлар ичиш маслаҳат берилади. Бу маьлумотлар чой соғлигимиз кушандаси, дегани эмас.

Мўъжизавий кўк чой. Кўк чойнинг организмдаги аҳамияти катта. У кўплаб касалликлар учун даво бўлади. Чойга шифобахш ичимлик сифатида қараб, меъёрга ва вақтига кўра ичсак, саломатлигимиз учун фойдадан ҳоли эмас. Овқатлангандан 30 дақиқа кейин ичилган чой безарар ва фойдалидир.  Келинг, ҳозирги дақиқадан эътиборан ҳар кунги чойимизга нисбатан янгича муносабатни шакллантирайлик.

Инсон организми учун кўк чойнинг аҳамияти жуда катта. Кўк чойнинг афзаллигини кўп олимлар, хусусан, япон олимлари исботлаган. Қора чойга нисбатан таркиби микроэлементларга, витаминларга ва бошқа фойдали моддаларга бой ҳисобланади. Кўк чой муайян табиий технология асосида тайёрланиб унинг таркибида кофеин, танин моддалари кам. У модда алмашинувини, жигар, буйрак ва бошқа муҳим органларнинг иш фаолиятини яхшилайди, атеросклероз касаллигининг олдини олади ва даволайди, қонни тозалайди, қон томирларини кенгайтиради, қон босимини, холестеринни пасайтиради, хотирани кучайтиради, энг яхши чанқовбосди ичимликлардан бири ҳисобланади.

Кўк чойнинг шифобахш хусусиятлари ҳакида кўп гапирилган. Унинг минг дардга даво экани ҳам айни ҳакиқат. Овқатни осон парчалайди, ҳазм бўлишини тезлаштиради, асабни тинчлантириши билан бир қаторда, кайфиятни чеҳрани очади. Хотирани яхшилайди, фикрлашни равонлаштиради. Унинг яна бир фойдали хусусияти - қонни суюлтиради, томирларни кенгайтириб, қон юришини яхшилайди ва энг муҳими, қондаги хилтларни тозалайди.

Мутахассислар уни саломатлик ва ҳаётий фаоллик бағишловчи мўъжизавий ичимлик деб ҳисоблайдилар. Хушбўй кўк чойнинг ватани Хитой бўлиб, ундан бир неча минг йиллар давомида кўплаб касалликларни даволовчи дармон сифатида фойдаланишган. Кўк чой таркибидаги дармондорилар ва минерал моддалар туфайли (Р, С, В1, В3,К каротин, никотин кислота, кальций, магний, темир) кучли антиоксидант ҳисобланади, У кайфиятни кўтаради, кислород, сув ва туз алмашиниш жараёнини яхшилайди, калилляр-қон томирларини мустаҳкамлайди, қондаги холестерин микдорини камайтиради, организмдагм токсин-чиқиндиларни чиқаради.

Мунтазам кўк чой ичадиган одамлар эрта қаримайди, деган нақл мавжуд. Табиийки, ушбу ичимликнинг бу каби мўъжизавий хусусиятлари косметалогияда ҳам кенг қўлланилади. Кўк чой экстракти ажинлар пайдо бўлишининг олдини олади, терини намлантириб. томир деворларини мустаҳкамлайди. У, албатта. юз ва тери кремлари, ювиниш геллари, целлюлитга қарши воситалар ва пилинглар таркибига киритилади. Кўк чойнинг нафис ифори эса парфюмерияда қўлланилади.

 

 

 

Чой дамлашни ва қандай истеъмол қилишни биласизми? Сифатли (юмшоқ) сувни қайнатиб, қайноқ сув билан чойнак чайқалади. Қайнаган сувнинг 5 минут давомида парланиши тугаши кутилади. Бу вақт давомида қайноқ сув температураси 800-900га тушади. 250 мл. қайноқ сувга 1 чой қошиқ қуруқ чой ҳисобидан иситилган чойнакка қайноқ сув ва қуруқ чой солиб 5 минут дамлаб қўйилади. Чойнак қалин мато билан беркитилади. Белгилаган вақт ўтгач чой бир неча марта қайтарилади ёки чой қошиқ билан аралаштирилади.

Суннатилла ТОЛИПОВ,

олий тоифали шифокор

 

Пятница, 24 Август 2018 00:00

Ҳаж-2018 мавсуми якунланди

Макка ва Мадина шаҳарларида жорий йилги ҳаж мавсуми жиддий, нохуш ҳодисаларсиз якунига етди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мино водийсида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Зиёратчиларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун нафақат Ички ишлар вазирлиги, балки фуқаро мудофааси ва куч тузилмаси ходимлари ҳам жалб этилди. Мавсум давомида офтоб уриши ва қаттиқ чарчаш туфайли тиббий ёрдам сўраб 10 мингта мурожаат бўлди.

Жорий йилда Саудия Арабистонига ҳаж зиёрати учун 2 миллиондан ортиқ киши келди. Улардан 90 фоизи бошқа мамлакатлардан келган, дея хабар бермоқда “Россия 24”га таяниб Azon интернет нашри.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан бугун, 24 август куни Туркманбоши шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари у ерда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиши қайд этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top