muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон штатида юз берган темир йўл ҳалокати оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан АҚШ Президенти Дональд Трампга таъзия изҳор этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

 

Хабарда Шавкат Мирзиёев қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга сиҳат-саломатлик тилагани қайд этилган.

 

Маълумот учун, Amtrak компаниясига тегишли бўлган тезюрар поезд АҚШнинг Вашингтон штатида халокатга учраган ва поездда 86 киши бўлган. Сиэтлдан Портленд томон харакатланаётган поезд рельсларидан чиқиб кетиши оқибатида олти киши ҳалок бўлган ва 72 нафар одам жароҳатланган.

Юртимизда ди­ний-маърифий соҳада амалга ошири­лаётган ислоҳот­ларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадр­лаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғоя­ларини омма­лаш­­ти­­риш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаёт­ган ёш авлодни ёт ғоя­лардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган ижодкор­лар­ни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақ­са­ди­да «Сар­ҳисоб» тан­лови ўтказиб келинмоқда.

Шу муносабат билан 2017 йил 15 декабрь куни Хоразм вилояти Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали анжуманлар саройида ушбу танловнинг вилоят босқичида 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 1 ноябргача маънавий-маърифий мавзуларда газета ва журналларда босил­ган ва интернет тармоғида эълон қилинган мақолалар, радио орқали эфирга узатилган эшиттиришлар, телевидениедаги кўр­са­­­тувлар ва тадбирлардаги иштироки бўйича ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Х. Абдуллаев ва бир қанча ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок қилди. Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича аниқланди:

Маънавий-маърифий тадбирлардаги иштироки бўйича Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби Қўзибой Машарипов;

Интернетдаги мақолалар бўйича Боғот туман бош имом-хатиби, “Дарвеш бобо” масжиди имом-хатиби Рашидбек Эрназаров;

Радио орқали чиқишлар бўйича Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ЎМИБЮ мудир ўринбосари, Урганч туман “Шайидлар бобо” масжиди имом-хатиби Музаффар Авезов;

Телевидения орқали чиқишлар бўйича  ЎМИ Хоразм вилояти вакили ўринбосари, Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом-хатиби Ҳасанбой Кенжаев ғолиб деб топилди.

Тадбир давомида бир қанча матбуот нашрлари жамоалари ва ходимлари ҳам ўз йўналишлари бўйича ғолиб деб эълон қилинди. Ғолиблар махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо сов­­ғалари билан тақдирланди.

 

Шунингдек, тадбирда “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обунани яхши ташкиллаштирган масжид имом-хатибларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг ташаккурномалари ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг махсус совғалари билан тақдирлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Туркиянинг Истанбул шаҳри яқинида жойлашган Санжаклар масжиди ўзининг ноодатий архитектура ечимлари билан ажралиб туради. Шу сабабли ҳам 2012 йилда қурилган ушбу иншоат 2013 йилда Жаҳон архитектура фестивалида “Йилнинг энг яхши дизайни” номинацияси соҳиби бўлган эди.

 

Ушбу масжид Туркиянинг Emre Arolat Architects компанияси томонидан қурилган бўлиб, унинг асосий қисми ер остида жойлашган.

 

 

700 квадрат метр майдонли масжид тош деворлар билан барпо этилган. Унда бир вақтнинг ўзида 650 нафар одам ибодат қилиши мумкин. Таҳоратхоналар ҳам ер ости қисмда жойлшатирилган.

 

 

Масжиднинг азон айтишга мўлжалланган минораси ҳам ноодатий услубда ишланган.

 

 

Масжид ичида қолдирилган туйнук ички томонга қуёш нурининг яхши тушишини таъминлайди. Ғорга ўхшаш масжид ибодат қилиш ва кўнгли хотиржамлик истаганлар учун қулай қилиб барпо этилган.

 

 

Вторник, 19 Декабрь 2017 00:00

Илм-ҳунар эгаллаш – фарз

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмонга илм-ҳунар эгаллаш фарздир”, деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис ҳикматини теран англаган ота-боболаримиз ҳунармандчилик, дехқончилик, савдо-сотиқ каби ҳалол касблар билан шуғулланиб, рўзғор тебратган. Фарзандлари ҳам илму ҳунар ўрганиб, тадбирли  бўлишларига алоҳида  эътибор беришган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган сўзлари ҳам юртимизда тадбиркорнинг мавқеи азалдан юқори бўлганини билдиради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” (Набаъ сураси, 10-11).

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиб, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўлда ризқ топишга интилса, қиёмат куни Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлиб йўлиқади”.

Демак, кишининг ҳалол ризқ учун  ҳаракат қилиши ҳам ибодат ҳисобланар экан.

Ҳар қандай касбни пухта билиш, моҳир уста бўлиш учун ўша касбга меҳр бериш, сирларини мукаммал эгаллаш керак. Ҳунарига муҳаббати бор инсон  чарчамайди, меҳнати натижасидан қувонади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса,  дили қувонади.

Инсон ўзига берилган ақл-фаросат, зеҳн-идрокни ишга солиб, яхши ниятлар билан касб-ҳунар, тадбиркорлик, деҳқончилик қилиб, оиласини боқиши, эл-юртга фойда келтириши зарур. Зеро, ҳалол меҳнат билан киши улуғ даражаларга етади.

 

Рустамжон МАҲМУДОВ,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ислом ўрта-махсус билим юрти мударриси

Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини жаҳонга ёйиш, сайёҳларнинг кенг қатламини Ўзбекистонга жалб этиш мақсадида турли учрашувлар, музокаралар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Қувайт давлатида ташкил этилди.

17 декабрь куни Ал-Қувайт шаҳрида Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Расмий очилиш маросими соат 10.00да давлат мадҳиялари ва Қуръони карим  тиловати билан бошланди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков очди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонни мадҳ этувчи фотокўргазмалар намойиши Қувайт давлати марказидаги “Ал-Адвания” галереясида ташкил этилди.

Кўргазмада асосан:

  1. Ўзбекистон – Ислом маърифати ва алломалар юрти;
  2. Халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмлари намойиши (хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, кандакорлик, каштачилик, атлас ва адрас);
  3. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти (15 турдаги махсус буклет, видеороликлар намойиши);
  4. Ўзбекистон тарихи ва бугунги жадал тараққиётини ёрқин акс эттирувчи фотокўргазмалар намойиши ўтказилди.

Тадбирда Қувайт маданият, санъат ва адабиёт миллий кенгаши бош котиби Али Ҳусайн ал-Юҳа (вазир мақомида) ва кенгаш вакиллари, шунингдек, Қувайтдаги Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев ҳамда элчихона ходимлари қатнашдилар.

Кўргазманинг ҳар бир бўлими, айниқса, хаттотлик ҳамда халқ ҳунармандчилик буюмлари, Ўзбекистон маданий мероси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Масалан, хаттот Ҳабибулло Солиҳ меҳмонлар иштирокида Ўзбекистонда сақланаётган муборак Усмон Мусҳафининг биринчи саҳифасини (Фотиҳа сураси) хаттотлик санъати асосида ёзиб берди, ушбу ёзилган санъат асарини эсдалик совға сифатида Али Ҳусайн ал-Юҳага тақдим этди.

Шунингдек, ёғоч ўймакорлик маҳсулотлари намойишида Лавҳ, унинг мақсади ва ундан фойдаланиш ишлари тадбирнинг ҳар бир иштирокчисини қизиқтирди. Али Ҳусайн ал-Юҳа ва кўп давлатларнинг элчилари ундан ўзлари учун тадбирдан эсдалик сифатида олдилар.

Фотокўргазмадан жой олган ҳар бир фотосурат меҳмонларнинг диққатини ўзига жалб этди, айниқса, Регистон мажмуаси ва Ичан қалъа иштирокчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кескин оширди.

Тадбир давомида ўзбек санъат усталарининг машҳур миллий куйлари жонли ижро этилди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ғижжакдаги юксак маҳорат билан ижро этган мусиқага барча шайдо бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top