muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 24 Ноябрь 2017 00:00

“Ҳалол экспо-2017” давом этмоқда

Истанбулда 57 мамлакатдан ташриф буюрган вакиллар иштирокида “Умумжаҳон ҳалол саммити” ва “Ҳалол экспо-2017” кўргазмаси давом этмоқда. 

Кўргазма давомида Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг “V Ҳалол” кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда Ислом Савдо ривожланиш маркази ва Ислом стандартлари институти қатнашмоқда.

“Ҳалол экспо-2017” дастурида “Ислом молиялари”, “Ҳалол тиббиёт, фармацевтика ва кимё”, “Ҳалол озиқ-овқат саноати”, “Ислом туризми”, “Ҳаж ва Умра” ва шу каби бошқа мавзуларда конференция ва семинарлар ўтказиш кўзда тутилган.

Саммит ва кўргазма 25 ноябрь кунига қадар давом этади.    

             

                    Моҳира Зуфарова

                Халқаро алоқалар бўлими

Пятница, 24 Ноябрь 2017 00:00

Масжидларда мавлиди шариф ўқилди

Рабиъул аввал ойи – мусулмонлар учун хурсандчилик ойи бўлиб, бу ойда бутун оламларга раҳмат пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу ойни мўмин-мусулмонлар ўзгача тайёргарлик билан кутиб олишади ва Расули Акрам алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг кичик бир кўриниши сифатида мавлиди шариф тадбирлари ўтказилади.
Бугун, 24 ноябрь куни республикамизнинг кўплаб масжидларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинди. Шунингдек, жоме масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, ахлоқлари тўғрисида битилган “Мавлиди шариф” китоби ўқилди ва бунга намозхонлар чин ихлос ила сомеъ бўлишди.
Ана шундай мавлид маросимларидан бири пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қатнашдилар. Дастлаб, муфтий ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллудлари, ёшлик, йигитлик ва пайғамбарлик даврлари ҳақида атрофлича маъруза қилдилар. Сўнгра мавлиди шариф ўқилди, Расули акрамга саловотлар айтиб, қалби муҳаббатга тўлган намозхонлар Муфтий ҳазрат бошчилигида жума намозини адо этишди.
Масжидлардаги мавлиди шарифлар якунида юртимиз тинчлиги ва олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ривожини сўраб, дуои хайрлар қилинди.
Шундай экан, сиз-у биз ҳам У зотга ушбу кириб келган рабиъул аввал ойида кўплаб саловотлар айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатларимизни янада зиёда қилишимиз, ваъда қилинган мукофотларга сазовор бўлишга жидду жаҳд қилишимиз лозим.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бугун, 23 ноябрь куни Мьянма ва Бангладеш ҳукуматлари ўртасида роҳинжа мусулмонларини Мьянмадаги ўз уйларига қайтирилиши тўғрисида келишуви имзоланди.

Август ойида Мьянма ҳукумат қўшинларининг босими остида Ракхайн штатини ташлаб чиқиб, Бангладешдан бошпана топишга уринган роҳинжалар бугун имзоланган келишувга асосан ватанларига қайтадилар.

Маълумот учун, ҳозирги пайтда Бангладеш ҳудудида 600 мингдан ортиқ роҳинжлара қочоқликда кун кечирмоқда. Уларга моддий кўмак халқаро гуманитар ташкилотлар ва бир қанча мусулмон давлатлар томонидан кўрсатилмоқда.

Мьянмадаги этник озчиликни ташкил этувчи роҳинжаларга қарши қаратилган ҳаракатлар қатор мамлакатлар томонидан геноцид сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган ҳолда, 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етказиб бериш бўйича амалий ишларни бажарган эди.

Ўзбекистон Республикаси етказиб берган инсонпарварлик ёрдами Бангладешда бўлиб турган 50 мингдан ортиқ қочоқлар эҳтиёжини қондиришга етарли бўлган.

БМТнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг август ойидан бошланган инқироздан оқибатида юздан ортиқ  Роҳиня мусулмон қочоқлари кема ҳалокати ва қайиқ носозлиги оқибатида чўкиб кетишган.

 “Охирги омон етиб келган қочоқларнинг сўзларига кўра, улар бир ойдан кўп муддат давомида Мянма соҳилида жуда аянчли ҳолда навбат кутишган”, дейди БМТнинг қочоқлар агентлиги масъул вакили Виллиам Сприндлер Женевада ўтказилган конференцияда. “Сўнги ўн кун ичида Мянмадан Бангладешга 30 га яқин эски ясама қайиқларда 1000 дан ортиқ Роҳиня қочоқлари етиб келишган, деб қўшимча қилди Жаноб Сприндлер.

Денгиздан ўтиб олиш учун тўловга маблағлари йўқлиги боис одамлар қўлларига илинган нарсалар, ҳатто, консерва ва пластик идишлардан қайиқ ясашмоқда. Бамбук ёғочларининг учига пластмасса бўлакларини боғлаб эшкак сифатида фойдаланган йўловчилар амаллаб 3 километрлик масофани тўрт соатда босиб ўтишмоқда. Бугунги кунда Роҳиня қочоқ аҳолисининг умумий сони 833 мингдан ортди.

 

[Суратда Бангладешнинг Тенаф деган жойига соғ-омон етиб келган Роҳинялик мусулмонлар акс этган.]

 

Алишер САТТАРОВ

Халқаро алоқалар бўлими

Четверг, 23 Ноябрь 2017 00:00

Махфий келишув фош бўлди

Олимлар АҚШ даги газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг яширинча келишувини фош этишди. Бу ҳақда “PLoS Biology” журналида чоп этилган мақолада маълум қилинган.

Тадқиқотчилар шакар ва таркибида шакар мавжуд бўлган ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг 1960 йилдаёқ шакарнинг атересклероз ва сийдик қопи саратони келтириб чиқариши ҳақида билганлари ва буни оммадан яширганларини тасдиқловчи ҳужжатни топишганини эълон қилишди.

Калифорния университети олими Стентон Гланц (Stanton Glantz): “Илмий хулосаларни бу шаклда сохталаштириш худди тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг алдовларига ўхшаб кетади. Бизнинг тадқиқотимиз, шакар ва шакарли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ҳомийлигида амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни шубҳа остида қолдиради. Шу боис, янги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ушбу ҳолатларни жиддий эътиборга олиш лозим”, дейди.

“Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш” ташкилоти маълумоларига қараганда, ўтган асрнинг 80 йилларидан бошлаб дунё бўйича семизлик эпидемияга айланган. Ер курасидаги ҳар учинчи киши, тахминан 1,9 миллиард одам ортиқча вазндан шикоят қилмоқда, уларнинг тахминан 15 фоизи эса семизликнинг оғир шаклидан азият чекмоқда. Мазкур ташкилот маълумотига кўра, 47% касалликлар, жумладан, юрак-қон томири касалликлари, қандли диабет ҳамда саратон бевосита семизлик билан боғлиқ.

Семизлик эпидемиясининг энг асосий сабабчилари, олимлар ва тиббиёт ходимларининг қайд этишича, сўнгги йилларда бутун дунёда оммалашиб кетган шакар ва шакарли ичимликлардир. Икки йил муқаддам АҚШлик тадқиқотчилар газланган шакарли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳар йили 184 минг одамнинг ҳаётига зомин бўлаётганини аниқлашган. Ушбу ўлимларнинг катта қисми АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларига тўғри келади.

Афсуски, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўз бизнесларидан ҳали бери воз кечиш ёки уни ўзгартириш ниятида эмаслар. Бостон университети олимлари бундай компаниялар АҚШдаги юздан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасаларида ўз манфаатларини илгари сураётганлари ва бу йўлда катта маблағ сарфлаётганлари, шунингдек, газли ичимликларга юқори нарх белгилаш ёки уларнинг ҳажмини чеклашга қаршилик кўрсатиб келаётганларини аниқлади.

 


Халқаро алоқалар бўлими ходими

  Абдулҳаким Арипов таржимаси

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top