muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 08 Февраль 2020 00:00

Ибрат

“Саҳиҳи Бухорий”да қуйидаги ҳадиси шариф келган:

حَدَّثَنَا أَبُو مَعْمَرٍ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عَمْرٍو قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَارِثِ قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ صُهَيْبٍ عَنْ أَنَسٍ قَالَ أُقِيمَتْ الصَّلَاةُ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُنَاجِي رَجُلًا فِي جَانِبِ الْمَسْجِدِ فَمَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ حَتَّى نَامَ الْقَوْمُ

Бизга Абу Маъмар Абдуллоҳ ибн Амр ҳадис айтди, у айтди: бизга Абдулворис ҳадис айтди, у айтди: бизга Абдулазиз ибн Суҳайб ҳадис айтди: Анас розияллоҳу анҳу бундай деди:

“Намозга такбир айтилди ҳамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиднинг ёнида бир киши билан гаплашиб туравердилар, ҳатто (айрим) намозхонлар ухлаб қолдилар”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳодисани далил қилиб, боб сарлавҳасида имом иқоматдан кейин бирор ҳожат билан машғул бўлиб қолиши жоизлигини келтирдилар. Яъни шу ҳолатда намоз кечикса, рухсат этилади, демоқчилар. Лекин бу ерда ривоятнинг муфассал баёни зикр қилинмаган. Яъни Набий алайҳиссалом ким билан нимани муҳокама қилганлари, нима сабабдан  у жойда қолиб кетганлари борасида маълумот берилмаган. 

Ибн Ҳажар Асқалоний ва Аллома Бадриддин Айний раҳматуллоҳи  алайҳимо: “Бизга ҳам ушбу ривоятнинг шарҳлари учрамади”,  яъни ўша пайтда ким билан нимани муҳокама қилганлари, нима сабабдан  у жойда узоқ муддат қолиб кетганлари ҳақида маълумот ҳеч қаерда берилмаган, дедилар.

“Саҳиҳи Бухорий”нинг бу икки улуғ шориҳлари - икки улуғ олим учратмаган масалани, машҳур муҳаддис олим Анвар Шоҳ Кашмирий роҳимаҳуллоҳ излашга тушдилар. Китобларни кўриб чиқиб кўп изланишлардан кейин Имом Бухорий раҳматуллоҳи  алайҳнинг “Адабул-муфрад” китобларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан гаплашиб қолган ўша одамнинг исмини ҳам, бунга нима сабаб бўлганини ҳам топдилар. Яъни ривоятда зикр қилинган киши келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), менинг шундай зарур ишим борки, жамоат намози сабаб ўша ишим кечикса, менга зарар етади”, деган экан. Бундан маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша одамга зарар етмаслиги учун жамоат намозини кечиктирган эканлар. Аммо Имом Бухорий ўша ўринда у одамнинг исмини зикр қилмаган эдилар.

Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи  алайҳнинг битта масала ечимини топиш учун не машаққатлар билан қилган бу изланишлари хулосаси ўлароқ, биз бундан илмга бўлган муҳаббат борасида улкан ваъз-насиҳат олишимиз мумкин. Албатта, илм жуда катта меҳнатни талаб қилади. Бу киши биргина шу ҳадисни қидириш учун қанча тадқиқот олиб бордилар. Ваниҳоят, “Адабул-муфрад” китобидан бу ҳадисни топдилар. Аммо ҳадисни бу китобдан топишнинг  ўзи бўлмади. Чунки у китобда “Намоз” ва “Рўза” бўлимлари мавжуд эмас эди. Балки бу китоб одоб-ахлоққа доир мавзуларни ўз ичига олган. Бу китобга қадар у зот намоз ва рўза боби мавжуд бўлган барча китобларни тадқиқ қилганлар. “Адабул-муфрад” китобини эса, шу изланиш давомида учратиб қолганлар. Чунки бу ҳадисни  ушбу китобда борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бу изланишлар оғир меҳнат натижаси ўлароқ ўз самарасини берди. Аслида “илм талаб қилишлик” дегани - чанқоқни қондириш демак. Инсон қачонки ўзида чанқоқни ҳис қилса, кейин сувни излашга тушади. Чанқоқни ҳис қилмаган инсон сувга эҳтиёжи тушмайди. Демак илм талаб қилиш бу чанқоқни қондириш экан.

Шайх Тақий Усмоний айтадилар: “Падари бузрукворим айтадилар: “Ҳақиқий толиби илм доимо бир масалани пайида бўлади. “Дарсимни қилдим”, “Дарсим тайёр”, дейиш билан иш битмайди. Фикру хаёли бир масалада бўлар экан, ўшани ечмагунча кўнгли жойига тушмайди. Мавлоно Анвар Шоҳ Кашмирийга ҳақиқий толиби илм мақоми берилган эди. У киши инсоний зарур ҳожатлардан ташқари доимо  илм билан шуғулланганлар”.

Отам сўзларида давом этиб айтадилар: “Анваршоҳ Кашмирий умрларининг охирги вақтлари эди. Бетоб эдилар. Шу кунларни бирида: “Анваршоҳ Кашмирий вафот этди”, деган хабар тарқалди. Биз бу хабардан маҳзун бўлиб қолдик. Мен билан бирга бир неча уламолар ҳам бор эди. У зотни аҳли оилаларига бориб кўнгил сўрамоқчи бўлдик. Лекин тун зулмати бизни бу ишни қилишдан тўсди. Тонг ҳам отди. Субҳи дамда бу хабар нотўғри экани зоҳир бўлди. У зот тирик экани хабарини эшитдик. Биз шайхни зиёратига бордик. Не кўз билан кўрайликки, китоб ошиғи бўлмиш бу зот ҳали кун ёришмасдан ғира шира вақтида хонасидаги бир тахтачада чўкка тушиб, китоб мутолааси билан машғул эканлар”.

 У зот ва отам бир устоздан илм таҳсил қилган эдилар. Анвар Шоҳ Кашмирий отамдан ёшлари улуғ эди. Шу сабаб отам Анвар Шоҳ Кашмирийга устозидек муомала қилар эдилар. Аммо  шайх билан эркин муомалада ҳам бўлар эдилар. Отам: “Ҳазрат бир савол сўрасам майлими?”, деганларида, Анваршоҳ Кашмирий: “Майли сўранг”, дебдилар. Сўнг отам: “Ҳазрат, умрингиз давомида бизга неча-неча номаълум масалаларни ечиб бердингиз. Саволим шуки: “Сизни қандай масала ҳаста ўрнингиздан туриб, китоб мутолаасига ундади? Бундан ташқари бизлардан бирортамизга айтмай ўзингиз қидиришга бел боғлаган масалани билсак бўладими? Наҳот шунчалик зарур, тез ечимини топиш лозим бўлган нарса бўлса? Бизга айтсангиз, ўзимиз таҳқиқ қилиб берар эдик. Сиз касал ҳолингизда бунча ўзингизни қийнамасангиз”, дебдилар. Шунда у зот: “Гапингизда жон бор. Мен нафсимга бунчалик зулм қилмаслигим керак. Аммо нима қилай, китобни яхши кўришим ҳам бир касаллик. Китоб мутолааси билан шуғулланмасам ўзимни хотиржам ҳис қила олмайман”, деб жавоб берибдилар

Мана шу воқеа “Бешикдан то қабргача илм излаш керак”лиги ҳақидаги ҳадисни ҳаётий намунаси бўлади. Демак, кимда шундай илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлса, Аллоҳ таоло ўша инсонга илмдан маълум ҳисса ато қилади. Агар муҳаббат шу даражада юксак бўлмаса, илмга ҳам етиб бўлмайди. Инсон ўзидаги бор нарсаларни берганда илм ўзидан бир қисмини беради, холос. Илмни орқасидан тинмай чопаверасиз, уни этагини ҳеч қўйиб юбормайсиз, ана ўшанда илм сизга қиё боқади. Бунинг акси ўлароқ, ўзингизни илмга муҳтож  эмасдек тутсангиз, илм сира ҳам сизга яқин йўламайди.

Юқорида баён қилганимиздек Аллома Айний ҳам, Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи  алайҳлар ҳам ушбу ҳадисни шарҳини билмаслигини баён қилдилар. Шунда Анваршоҳ Кашмирий бу ҳадисни шарҳидан воқиф бўлишга уриндилар. У зот бир қанча машаққатли уринишлардан сўнг ҳадиси шарифнинг тўғри шарҳини топишга муваффақ бўлдилар. Аммо бунинг учун озмунча ҳаракат сарфланмади. У зот ўзини, вақтини фидо қилиб бунга эришдилар. Аллоҳ таоло илм талаб қилувчига илмга ошиқликни берса, бундан ортиқ бахт йўқ. Инсон бу завқни коинотдаги ҳеч бир нарсага алишмайди.

Агар мен: “Еру осмонда толиби илм учун илмдан ҳам кўра лаззатлироқ нарса йўқ”, деб қасам ичсам, сўзимни устидан чиқмаган бўлмайман. Бу гапимда ҳеч қандай муболаға ёки ёлғондан асар ҳам йўқ. Лекин бунинг учун инсон ҳақиқий илмни таъмини тотган бўлиши лозим”.

Шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг ушбу ҳикоя ва ўгитлари сиз билан бизга ибрат бўлса, ажаб эмас. Бизнинг диёрлардан ҳам яна аждодларимизга ўхшаган улуғ олимлар етишиб чиқишини буюк Раббимиздан сўраб қоламиз.

 

Ҳикматуллоҳ Абиев,

Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори”

жомеъ масжидининг имом ноиби

 

Ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланади

Агар биз Ҳазрат Навоийни шоир десак, ул зот шоирлар шоири, агар мутафаккир десак, мутафакккирлар мутафаккири, агар авлиё десак, авлиёларнинг авлиёсидир.

Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.

Алишер Навоий яшаб ижод этган даврда меъморчилик, наққошлик, тасвирий санъат (миниатюра), хаттотлик, мусиқа, таълим тизими, илм-фаннинг турли соҳалари (аниқ фанлар – астрономия, математика; табобат, Қуръон илмлари, фиқҳ, фалсафа, тасаввуф, адабиёт ва ҳ.к.) ўз даврига нисбатан юксак даражада ривожланди.

Шунингдек ушбу даврда турли илм-фан соҳалари қаторида Қуръон ва тафсир илмлари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бизгача етиб келган маълумотларда ўз аксини топган.

Мовароуннаҳр тафсир илми ривожида айниқса, Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Шоир фаннинг турли соҳаларидан яхши хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз асарларида Қуръондан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган. 

Навоийнинг Қуръон тафсирига бўлган эътибори унинг бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Масалан, ўша давр муфассирларидан бири бўлган Мовароннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига

 назар соладиган бўлсак, унинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.

Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик килган.

Алишер Навоий Қуръон илмларини чуқур ўрганиш мақсадида ўз илмий фаолиятини Самарқандда Хожа Хурд ва Мавлоно Муҳаммад Олим каби мовароуннаҳрлик илм аҳллари билан бирга давом эттиради ва уларнинг тафсир илми борасидаги мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Ана шундай кенг билим доирасига эга бўлиш орқали Алишер Навоий кейинчалик Қуръон билан боғлиқ мавзуларни ўз асарларида эркин ифодалай олади. Жумладан, “Насоим aл-муҳаббат”нинг хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган мақоласида зикр ҳақида сўз борганда “Нур” сурасининг қуйидаги 37-оятини тафсир қилганини кўришимиз мумкин:

رِجَالٌ لَّا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَن ذِكْرِ اللَّهِ

“Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳ зикридан чалғита олмас” – ояти далил қилиб берилган.

Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади. Шоир ижодида Қуръон илмлари қай даражада ифодаланганлиги ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун унинг “Назм ал-жавоҳир”, “Мажолис ан-нафоис”, “Ҳайрат ал-аброр”, “Ситтаи зарурия”, “Насоим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” ва “Хамсат ал-мутаҳаййирин” каби асарларига эътибор қаратадиган бўлсак, унда мавзуга дахлдор бўлган маълумотлар батафсил баён этилганига амин бўламиз. Мазкур асарларда ҳам Қуръони каримга катта эътибор берилгани маълум бўлади.

Масалан, шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,

Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,

Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.

Бошқа бир байтда эса Алишер Навоий Қуръон тиловати ҳақида қуйидаги мисраларни айтади:

“Қуръон”ки эрур муждаи жоний ўқумоқ,

Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,

Бил кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

 Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.

Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти:

                   وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاء وَرَحْمَةٌ لِّلْمُؤْمِنِينَ وَلاَ يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إَلاَّ خَسَار    

“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий даврида  мамлакатда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг юксалишига олиб келди.

Ушбу даврда Ҳазрат Навоий давлат миқёсидаги катта ҳуқуқларга эга бўлиб, бутун куч-ғайратини эл-юрт хизматига, халқ фаровонлиги ва осойишталигига қаратди.

XV асрнинг иккинчи ярмида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон тафсири, ҳадис илми, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа, рассомлик ва хаттотлик илмлари энг аввало  ғазал мулкининг султони бўлган Алишер Навоийнинг ғамхўрлиги остида ривожланди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз ҳаёти мобайнида нафақат туркий тилга асос солди, балки  Моваруннаҳрда Қуръон ва тафсир илмларининг ривожланишига ҳам ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди десак  асло муболаға бўлмайди.

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Ҳувайдо” жоме масжиди

имом-хатиби

Пятница, 07 Февраль 2020 00:00

Яхшиликка ташаккур айтиш (Аудио)

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Ҳувайдо” жоме масжиди 

имом-хатиби 

Буюк Британия қироллиги миллий статистика бюросининг хабарига кўра, мусулмонларнинг сони 2019 йил якуни бўйича 3 миллион нафардан ошган.

Лондоннинг баъзи қисмларида мусулмонлар аҳолининг 50 фоизини ташкил этиши таъкидлаанган. Ҳолат шу даражада қолса, мазкур жойларда яқин ўн йилликда мусулмонлар аҳолининг аксариятини ташкил этиши айтилган.

Расмий маълумотларга асосан, Англия, Шотландия ва Уэльснинг мусулмон аҳолиси 3 363 210 нафар, яъни аҳоли умумий сонининг 5,9 фоизидир. Бу ҳақда The Sun маълумот берган (https://azon.uz/content/views/buyuk-britaniyada-musulmonlar-soni-rasma).

2018 йил маълумотларича Лондонда 1,26 миллион нафар Исломга эътиқод қилувчилар яшаган, бу пойтахт аҳолисининг 14,2 фоизидир.

Мусулмонлар сони ортар экан, христианлар сони камайиб бормоқда. Сикхлар, яҳудийлар ва буддистларнинг сони аввалги даражада қолган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳозирги глобаллашув даври маънавий тарбияни янада бойитиш, ёшларни ғаразли ғоялар таъсиридан ҳимоялашни тақозо этмоқда.

Ёш авлоднинг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур.Ўсиб келаётган ёш авлодни диний – миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни хар-хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

Глобал ахборот тизимидаги хабарларни «фильтрсиз» қабул қилиш оқибатида ёшлар онги заҳарланмоқда.

Интернет сайтларидан тарқатилаётган хар хил ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул килинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлар халқларини ҳам ташвишга солмокда.

Интернетданолинганнарсатўғри, ишончливазарарсизэканинибилишкерак. Яхши-ёмоннингфарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.

Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Айниқса, террорчи ташкилотлар залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйишмоқда ва ёшларни ўз домига тортмоқда.

Яна ушбу террорчи ташкилотлар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йўқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.

БугунгикундаИнтернет тармоқларидан халқаро террористик ва экстремистик кучлар ҳам фаол фойдаланишмоқда. Айниқса, ғоявий ва диний сохта ақидаларни тарқатишда бир неча ўнлаб хорижий мессенжер ва тармоқлар жиноятчиларга қўл келмоқда.

Жумладан, уларорасида Telegram, Viber, WhatsApp ҳамда Skype тармоқлари энг кўп оммалашган. Бу тўғрида Россиянинг «Известия» газетаси хабар тарқатмоқда.Унга кўра, ИШИД жиноятчилик тўдаси бир неча минглаб россияликларни айнан шу тармоқлар орқали ўз оқимига тортган.

«Интернет ҳаммагаўзхоҳишигакўрахизматкўрсатади. Террорчилар турли руҳий ва моддий рағбатлантириш орқали интернет фойдаланувчиларнинг ишончини қозонмоқда. Улар ёлғон иддаолари билан ишончга киришга харакат қилишмоқда.

Бизлар албатта ёшларимизни ёт унсурлардан ҳимоя қилиш учун интернет оламидан тўғри фойдаланишга, китобхонликка ёшларни қизиқтиришимиз керак.

 

Авазбек Тўраев
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
 масжиди имом хатиби

Top