muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 13 Декабрь 2019 00:00

Жибутида янги масжид барпо этилди

Абдулҳамид II номи билан аталувчи янги қурилган масжид Жибутидаги энг йирик масжид сифатида қайд этилди. Ушбу масжиднинг қурилиш ишлари бир йил давом этиб, декабрь ойида якунланди.

Масжид қурилиши ишларида Туркиянинг Диёнат жамғармаси катта ҳисса қўшган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 6 минг киши намоз ўқиши мумкинлиги маълум қилинган.

Туркия парламенти спикери Мустафо Чентоп ва Жибути бош вазири Абдулқодир Комил Муҳаммад масжиднинг очилиш маросимида иштирок этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Татаристонда 2020 йилда нишонланадиган мусулмонларнинг байрамлари кунлари маълум қилинди. 2020 йилда ҳижрий 1441 йилнинг охири ва 1442 йилнинг бошланиши ва ўртаси тўғри келади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда Рамазон ойи 24 апрелда бошланади ва 30 кун давом этиши кутилмоқда. 24 май куни эса Рамазон Ҳайити нишонланиши айтилган.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни эса 31 июль санасига тўғри келиши мумкинлиги қайд этилган.

Татаристон мусулмонлари идораси Матбуот хизматининг маълум қилишича, ТМИ Уламолар Кенгаши ушбу саналарни белгилашда маҳаллий географик ўзига хослик ва астрономик маълумотларга таянган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушбу ҳафтада Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлган. Ушбу ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида бир қатор йўналишларда келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.

Жумладан, Бишкек шаҳрида Ислом академиясини қуриш бўйича ҳам шартномалар имзоланган. Қўшни Қирғизистон Республикасида Ислом академияси ташкил этилишига талаб қанчалик муҳим экани ҳақида Ummamag.kg нашри бир қатор сўровномалар ташкил этган.

Ислом олими, Қирғизистон уламолари кенгаши аъзоси Қодир ҳожи Маликов билан суҳбатда айтилишича, қирғизистонликлар ўз юртларида исломий таълим олишда фақатгина бакалавр даражасига эришишлари мумкинлиги қайд этилган. Бакалаврдан кейинги таълим даражасини олиш учун эса хорижга чиқишга тўғри келган. Ушбу масалада ечим топиш мақсадида Қирғизистон Ислом академиясини ташкил этиш режалаштирилгани олим томонидан қайд этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар “Ҳаддан ташқари мутаассиб йигитлардан бири билан мунозара қилиб тургандим. Ундан “Мусулмон давлатларидан биридаги тунги клубни портлатиб юбориш ҳалолми ёки ҳаромми?” деб сўрадим. У “Албатта, ҳалол ва у ердагиларни ўлдириш жоиз” деди. Мен ундан “Агар уларни гуноҳ содир этиб турганларида ўлдирсанг, борадиган жойи нима бўлади?” десам, у “Албатта, дўзах” деди. Ундан яна “Шайтон инсонларни (охиратда) қаерга киришларини истайди?” деб сўрасам, у “Дўзахга, албатта” деб жавоб берди. Шунда мен “Демак, сизлар билан шайтоннинг мақсади бир экан-да! Яъни одамларни дўзахга киритиш” дедим”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг мусулмон бўлишларини, дўзахдан қутулиб қолишларини қаттиқ истар, шу боис ҳамманинг ҳидоят топишига ҳарис эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий хизматкорлари бор эди. (Бир куни) у касал бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳолидан хабар олгани бордилар. Унинг боши тарафига ўтириб: «Исломни қабул қил», десалар, у олдида турган отасига қаради. Отаси: «Абул Қосимга (бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари) итоат қил», деди. У йигит Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётиб: «Уни (йигитни) дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар». Имом Бухорий ривояти.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ мунозара сўнггида йигитга бундай деганлар: “Инсонларнинг ҳидоят топишларини ва дўзахдан қутулишларини қаттиқ хоҳлайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сизларнинг ўртангиздаги фарқни ўйлаб кўр! Сизлар бир водийда бўлсангиз, Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа водийдалар”.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ўша йигитга тунги клубда айшу ишрат қилаётганларни ўлдириш ўрнига, уларни тўғри йўлга чорлаш, ҳидоят устида яшашлари учун ҳаракат қилиш лозимлигини тушунтирмоқчи бўлганлар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийни раҳматига олсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Расмдаги Пегас юлдуз туркумида жойлашган, Ердан тахминан 400 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган, “Махсус галактикалар атласи” ёки “Янги умумий каталог” таркибига кирувчи галактикалардир. Шунингдек, у тўрт галактикадан иборат бўлган Hickon 96 галактикалар ихчам гуруҳининг энг ёрқин аъзосидир. Ушбу кўриниб турган жуфтлик NGC 7674 спиралсимон галактика ва NGC 7674А номи билан маълум бўлган кичикроқ спиралсимон галактикадан иборат.

NGC 7674 галактикасининг шакли, шу жумладан галактиканинг чап ва пастки қисмидаги узун тор оқимлар унинг шериклари билан ўзаро тўлқинли таъсирда эканини кўрсатади. NGC 7674 олимлар томонидан қизиқилаётган галактика. Чунки унинг марказида кучли фаол ядро мавжуд. Бундай галактикалар сейферт (фаол ядрога эга бўлган) галактика ҳам дейилади.

Ушбу галактикадан чиқаётган радиотўлқинлар оқимини ўрганиш шуни кўрсатадики, унинг марказида битта эмас, балки бир-биридан ёруғлик йили масофада жойлашган ва бир-бирининг атрофида айланувчи иккита қора туйнук мавжуд бўлиб, уларниннг массаси 36 миллион қуёш массасига тенгдир.

Ушбу расм Ҳаббл космик телескопи томонидан олинган.

Унинг массаси нақадар катта эканини тасаввур қилдингизми? Биз қуёшнинг Ер сайёрасидан қанчалик катталигини биламиз. Расмдаги галактиканинг марказидаги қора туйнукларнинг массаси эса қуёш массасидан 36 миллион марта катта экан. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги барча жисмларни, яъни бутун борлиқни Аллоҳ таоло яратган ва мазкур жисмлар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади! У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).

Роббимизга эртаю кеч тасбеҳ айтиб, Унинг ибодатида бардавом бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top