muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 14 май куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда муборак Рамазон ойига тайёргарлик ишларини якунлаш, бу ойни динимиз кўрсатмалари ҳамда азалий анъана ва қадриятлар руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш масалалари кўрилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозирда бетоб бўлиб турганлиги сабабли Рамазон ойида диний соҳада айни иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрли лойиҳаларда масъуллик юклатилиши муносабати билан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргаш Рустамовни вақтинча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг буйруғи ўқиб эшиттирилди.

Маълумот учун: Эргаш Рустамов 1959 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. 1997 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган. 1996-1997 йй. – Тошкент ислом институти проректори вазифасида ишлаган. 1996-2012 йй. – Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Собитхон ҳожи” масжиди имом-хатиби, 2006-2010 йй. – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, 2012-2017 йй. – Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилояти вакили, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ва 2017 йилдан – Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари ва Чилонзор туманидаги “Собитхон ҳожи” жоме масжиди имом хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи филиппинлик муҳожирларнинг саъй-ҳаракати билан маранао тилига ўгирилган 500 дона Қуръони Карим маънолар таржимаси Рамазон ойи арафасида Филиппинга юбориладиган бўлди. Бу ҳақда "info.islom" нашри хабар берди.

1990 йилларда нашр этилган Мусҳаф Филиппиннинг Минданао оролида истиқомат қиладиган 1,3 миллион маранао мусулмонларининг Қуръони Каримга бўлган эҳтиёжини қондирмаган.

Шу сабабли БААдаги маранаолар она юртларига Қуръони Карим жўнатишга бел боғлашган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 14 Май 2018 00:00

Исрофгарчилик баракани кеткизади

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат этади:

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир” (Иброҳим сураси, 34-оят).

Шу неъматлар ичида оила аталмиш бир неъмат борки, унда икки жинс эгаси, яъни эркак ва аёлнинг эр-хотин бўлиб биргаликда яшашлари ирода этилган. Парвардигор эркакларни оила устуни, унинг раҳбари, таъминотчиси қилиб белгилаган, аёлларга эса рўзғор тасарруфи, бола тарбияси, оила ишларини юритиш вазифаларини юклаган. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат этади:

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир (Нисо сураси, 34-оят).

Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:

“…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).

Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирким, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ҳам манъ этилган.

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Фахри коинот айтганларидек: Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: Исрофгар жаннатга кирмайди”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди», дейилган.

Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.

Тўйлар ва маросимлардаги исрофгарчиликларни қаранг. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак эмасми?! Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса ёҳуд бева бечоралар кўп болали оилалар, етим-есирларга эҳсон қилинса айни савобли иш қилинган бўлади, иншааллоҳ!

«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлаши кузатилади. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқариш мақсадида бир кечада совуриб юбориши яхши амаллардан саналмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб, бундай таълим беради:

“…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26-27-оят).

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган:

Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!(Имом Аҳмад ривояти).

Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса, буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрганларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.

Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Сўз қадрига етмай, ҳар қадамда, ҳар соҳада сўз қотиш ҳам исроф қилинмоқда.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг оғир гуноҳлардан эканини доимо ҳис этайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлидан чекинмайдиган, неъматларини исроф қилмайдиган, шукр ва тежамкорлик билан муносабатда бўладиган солиҳ бандаларидан айласин. Юртимиз, ватанимиз Ўзбекистонимизни бало-қазолардан, турли офатлардан ўз паноҳингда асрасин Шундай имкониятларга эришишда сабабчи бўлиб келаётган дин ва давлат раҳбарларининг ҳам олиб бораётган хайрли ишларида Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин. Омин!

 

Фаррух Абдуллаев,

Янгийўл тумани “Зайд ибн Собит” жоме масжиди имом-хатиби

 

Понедельник, 14 Май 2018 00:00

Нафсни поклаш фурсати

Меҳрибон Парвардигоримизга беадад ҳамду санолар айтамизки, муборак рамазон ойининг файзу баракотга тўла кунлари бошланмоқда. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишимизда ёрдам беради. Зеро, рўза орқали нафс сабрга, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга, Аллоҳга итоат қилишга ўрганади. Барча пайғамбарлар (алайҳимусаллом) нафс тарбиясида ана шу ибодатдан фойдаланганлар. Масалан, Юсуф (алайҳиссалом) бутун Миср мулкига эга бўлганлари ҳолда доимо оч юрар эканлар. У зотдан: “Бутун ер хазиналари сизда бўлса-ю, нега оч юрасиз?” деб сўралганида, “Тўқ бўлсам, очларни эсдан чиқариб қўйишдан қўрқаман”,  деб жавоб берганлар.

Дарҳақиқат, рўза сабр имтиҳонидир. Инсон ушбу ибодат машаққатига сабр қилса, охиратдаги азобдан қутулади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185), деб марҳамат қилади.

Рўзадаги вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққатини тотиш орқали охиратдаги оғир машаққатдан қутулиш имконияти ушбу оятнинг яна бир ҳикматини кўрсатади.

Ҳадисларда сабр уч қисмдан иборат эканлиги баён этилган: тоат ва ибодатларда сабрли бўлиш; гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш; мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиш.

Рўзада сабрнинг ҳар уч қисми ҳам мужассамдир. Рўза  айни ибодатдир. Сабр билан уни камолига етказиш ва муддатини тўлдириш лозимдир. Рўза гуноҳлардан тўсувчи пардадир. Барча аъзоларни ёмон ишлардан сақлаш билан ҳақиқий рўзага эришиш мумкин. Бу эса рўзадордан катта сабр-матонат талаб этади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг собир бандалари жумласидан қилсин!

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

“Раҳмат ойи рамазон” китобидан

 

Бугун пойтахтдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Камтарлик ва кибр” ҳамда “Эзгулик кушандаси” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олиму уламолар, Тошкент ислом инситути  раҳбарлари ва ходимлари, таниқли ноширлар, Шайхонтоҳур тумани отинойилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имоми ноиби Муҳаммадлойиқ Аминов тиловати ва Абдуллоҳ Исмоилов домланинг дуойи хайрлари билан бошланди.

Шундан кейин ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг тадбир иштирокчиларига йўллаган саломини ва тақдим этилаётган китоблар муаллифига табригини етказди. Ушбу китобларнинг фазилати ҳақида сўз юритган  Абдуллоҳ Исмоилов:

– Кибр икки хил бўлади: биринчиси – “кибр” деб аталгани – молу давлат, ҳасабу насаб, мақому мартаба билан мағрурланишдир; иккинчи – ақли, илми, фаросати ва заоксига кибрланишга “ужуб”, деб аталади. Ана шуниси кибрнинг хатарлисидир. Одилхон қори Азозилнинг кибрланиб Иблис бўлиб қолишидан бошлаб бу иллатнинг нақадар хатарли эканини ўқувчи эътиборига ҳавола қилган. – деди.

Ундан кейин сўз олган нотиқлар китоб ёзиш – масъулиятли, машаққатли ва савобли иш экани. Кўз нури тўкиб тунлари уйқуни ҳаром қилиб битилган китоблар уни ёзган одамга бу дунёда фойда етказиб турганидек, ўтганидан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар сирасидан эканини айтдилар.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров домла китоб ёзиш, мутолаани севиш, китоб ёзиш ва ўқишдан баҳра олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган беқиёс неъмат экани ҳақида сўз юритар экан, жумладан, бундай деди:

– Инсон фақат ибодатлар билан яшамайди. ахлоқий ҳасаналар орттириши ҳам керак. Бунинг учун эса ҳар доим китобга эҳтиёж мавжуд бўлади.

Сўз навбати етган ЎМИ Масжидлар бўлими бошлиғи Раҳимберди Раҳмонов домла яқинда Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари билан бирга Индонезияда сафарда бўлганини, у ерда уларнинг олдига бир турк олими келиб, “Бизнинг исломий ўқув юртларда дарс ўтиладиган китобларнинг қарийб етмиш фоизи сизнинг юртингиздан чиққан олимлар қаламига мансубдир”, деб эътирофи-ю эҳтиромини баён қилгани; нигериялик бир олим эса ўзларининг давлати президенти ўзига Имом Бухорий нисбасини олганини  айтганини маълум қилди.

– Нотиқлик қадим замонлардан  алоҳида санъат тури ҳисоблаб келинган ва бизнинг аждодларимиз орасида ҳазрат Навоийлар яшаган даврда, айниқса, юксак мақомга эришган, – деди у, –  Одам яхши воиз бўлиш учун унинг сўз бойлиги  камида 4.500-5000 сўз бўлмоғи керак. Бунинг учун воиз ўз устида тинимсиз ишламоғи, диний адабиётлар билан бирга бадиий адабиётларни, халқ оғзаки ижодини ўқиб-ўрганиб бормоғи лозим бўлади. Одилхон қори Юнус ўғли тиним билмасдан илмини ошириб боришга, элга фойдаси тегишини истаб китоблар ёзишга мўккасидан кетган олим ва воиз одам. Унинг ана шу икки асаридан юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз кўп манфаат топади. Чунки бу асарлар қалб муолажасига бағишланган китоблардир.

“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти муҳаррири, таниқли ёзувчи Эркин Малик бугунги кундаги китобхонлик  ва  диний адабиётларнинг ўзига хос бўлган тили тўғрисида сўз юритаркан, Одилхон қорининг мавзу танлаш маҳорати юқор эканига эътибор қаратди.

Исми шарифини эшита олмай қолдик ва яна ўзидан сўрашга тортиндик. Бир нуроний отахон сўз сўраб олиб бундай деди:

– Мен академикман, Архитектура институтида дарс бераман, ёшим 83 да. Жума кунлари шу масжидга маъруза тинглаш учун келаман. Ҳар доим жума маърузасини тинглар эканман. қанийди, шу амри маъруфларни ёшларимиз ҳам эшитса эди, деб орзу қиламан.

Бундай дейишимга сабаб коллежлар ва бошқа ўқув юртлари талабалари орасида ҳуқуқбузарлик ва безорилик ҳодисалари учраб турганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Ўйлайманки, ёшларимиз ушбу маърузаларни тингласа, мана бу китобларни ўқиб-ўрганса, турли нохушликларнинг, тарбиясизликларнинг олди олинган бўлар эди.

Ёшлигимда етим қолдим. Гўзал онамиз икки фарзандини ўйлаб турмушга чиқмади. мактабга бордим таълим олдим – қарз бўлдим, маҳалла-кўйдан одоб-ахлоқ ўргандим – қарз бўлдим, олий ўқув юртида таҳсил олдим – қарз бўлдим... Ҳозир эса шу ёшимда ҳам катта масъулият ила ўша қарзларимни адо этиб келмоқдаман...

Тақдимотда қатнашиб келган ҳамкасбимиз Даврон Нурмуҳаммад айтади: “Боболаримиз ана шундай илмий мажлислардан қолмасдан қатнашиб юришининг сабаби, улар ўша мажлисларда илм ўрганиш билан бирга олимлар йиғилиб, илму маърифатдан сўз юритган даврага Аллоҳ таоло ёғдириб қўйган файздан баҳра олиш, фаришталар илмий давралар рўйхатини тузган чоқда ўша рўйхатга илашиб қолиш бўлган экан”.

Бизга ҳам бугун муҳтарам воизимиз Одилхон қори Юнусхон ўғли ёзган асарлар тақдимоти муносабати билан олиму уламоларимизнинг ана шундай файзли суҳбатида иштирок этиш насиб айлади. Яна иккита китоб ва унинг ортидан эҳсон дастурхони билан ҳам сийландик.

Аллоҳ таоло ушбу олимимизнинг ижодига, умрига, ризқига баракот ато айлаб, келажакда элимизга манфаати етадиган янада гўзал асарлар битишни насиб қилсин!

 

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Top