muslimuz

muslimuz

Среда, 20 Декабрь 2023 00:00

Ўзи нажот топишни истамади!

Ривоят қилишича бир обид киши диёнати, солиҳ амаллари билан ўзи яшайдиган қишлоқ аҳлига ўрнак бўлган экан. Қишлоқ аҳли ундан дин ишлари ҳақида савол сўраб мурожаат қилишар, Аллоҳга бўлган иймонда уни ўзлари учун намуна деб билишар эди.

Бир куни қишлоқ кучли тўфонга учради, қишлоқ бутунлай сув остида қолди. Фақат қайиғи бор одамларгина омон қолди. Бир гуруҳ одамлар ҳалиги обидни қутқариш мақсадида қайиқ билан унинг уйи олдидан ўтдилар. Қутқаришни таклиф қилишганда у уларга қараб: “Ҳожати йўқ, Аллоҳ мени қутқаради, кетаверинглар”, деди.  Кейин улар кетиб яна бир қайиқда одамлар келди ва уларга ҳам: “Ҳожати йўқ, Аллоҳ мени қутқаради, кетаверинглар”, деди. Учинчи бор қайиқ келди, у яна оша гапини айтди…

Тўфон тинчиб, қишлоқ аҳли тўпланишди ва қишлоқдан обиднинг жасадини топишди. Шунда одамлар ўртасида “Нега Аллоҳ бу ибодатгўй одамни қутқармади?” дея ғала-ғовур бошланди. Ҳатто баъзилар динида шакка ҳам бориб қолди.

Шу вақт бир ўқимишли, доно йигит ўртага чиқиб: “Ким сизларга Аллоҳ уни қутқармади деб айтди? Аллоҳ унга ёрдам бериш учун учта қайиқ юбориб уни уч мартта қутқарди, бироқ унинг ўзи нажот топишни хоҳламади!” деди.

Шундан хулоса қиламизки, демак инсон Аллоҳдан ёрдам кутиш, дуо қилишдан ташқари ўзи ҳам ҳаракат қилиши, сабабларни амалга ошириши лозим экан. Шундагина Аллоҳнинг ёрдамига, кўмагига эришар экан. Йўқса, юқорида айтилган ҳикоядаги обиднинг ҳолига тушиш ҳеч гап эмас!

Сабабларни бажариш пайғамбарларнинг, солиҳларнинг хислатидир. Уни қилмаслик эса ҳеч нарса қилмасдан, садақалар, ҳадялар эвазига яшашни истайдиган адашган дарвешларнинг хислатидир!

Мана Нуҳ алайҳиссаломни олайлик, унга Робби ҳайвонлардан бир жуфт-бир жуфт, одамлардан эса иймон келтирганларини ортиш учун кема ясашни амр этди. Аллоҳ хоҳласа унга шу кемасиз ҳам нажот бериб қўя оларди, бироқ Аллоҳ унга сабабларни бажариш кераклигини ўргатди!

Ёки Мусо алайҳиссаломга боқинг, Робби унга денгизга ҳассаси билан уришни амр этди. Нима, денгизни ҳасса очиб юбора олармиди? Йўқ! Бу шунчаки сабаб эди. Ҳассаси билан урган эди – денгиз иккига ажралди, ҳар икки тараф улкан тоғдан гавдаланди. Агар Аллоҳ ҳассани урмасдан денгизни иккига ажратишни хоҳлаганда, албатта шундай қилган бўларди, бироқ Аллоҳ пайғамбарларига, солиҳ бандаларига доим сабабларни бажариш кераклигини ўргатади.

Марям алайҳассаломга Аллоҳ таоло хурмо дарахтини силкитишни буюрди, силкитан эди ундан мевалар тушди. Маълумки, аёл киши ҳомиладор вақти унинг энг қуввациз, ҳолу-мадорсиз вақтидир. Аслида дарахтни ўнта эркак киши поясидан силкитса ҳам бирорта мева тушмайди. Лекин Марям шундай заиф ҳолида силкитганда мевалар тушди. Сабаби Аллоҳ бу билан сабабларни амалга оширишни ўртгатмоқчи эди!

Бироқ сабабларни бажариш билан бир қаторда сабабларни сабаб қилувчи Зот – Аллоҳни ёдда тутиш керак, сабабларни бажарган тақдиримизда ҳам, аслида ҳаммасини Аллоҳ рўёбга чиқаришини билиш даркор! Аллоҳ бизга Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасида шуни ҳам ўргатган:

Юсуф алайҳиссалом қамоқдалик вақтлари жуда заиф ҳолатга тушиб Аллоҳ сабабларни сабаб қилган Зот эканини унутиб қўйдилар ва бутунлай сабабларга берилиб кетдилар ва қамоқдаги шерикларига бошлиқ қамоқдан озод эцин учун “Менинг номимни бошлиғинг ҳузурида зикр қил”, деб тайинладилар. Бироқ Аллоҳ унинг қалби фақат Ўзи томон юзланишини хоҳлаган эди. Аллоҳ таоло айтади:

“Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди” (Юсуф сураси, 42-оят).

Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломнинг қалби сабабларга боғланишдан бутунлай халос бўлиб, сабабларнинг Эгасига юзланишини хоҳлади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

 

Среда, 20 Декабрь 2023 00:00

Рост ваъдалар дафтари

Ёшлигимиздан моддий шароити камтарона оилада катта бўлдик. Падари бузрукворимиз оддийгина хизматчи бўлсалар ҳам, айтган нарсамизни олиб беришга ҳаракат қилардилар. Агар биз сўраган нарсага айни вақтда пуллари йўқ бўлса, “Болажоним, ҳозир бу нарсага пулим етмас экан, иншааллоҳ, ойлигимни олсам, олиб бераман хўпми”, дердилар.

Ажойиб тарафи шунда эдики, отам олиб бераман деган нарсаларини ҳеч қачон эсдан чиқармасдилар. Ойлик олсалар ёки қўлларига қаёқдандир етарли миқдорда пул келса, айтган нарсамизни албатта олиб берардилар. Биз фарзандлар дадамга айтган насрсамиз ҳатто эсимиздан чиқиб кетарди. Лекин дадам имконлари бўлганда икки-уч ой кейин бўлса ҳам ўша нарсалари олиб келиб берардилар. Биз бундан жуда мамнун бўлардик. Бизга бу бир кутилмаган совға каби бўларди. Ҳамманинг “бюртма”си дадамнинг ёдида туришига қойил қолардик.

Бунинг сирини дадам вафот этганларидан сўнг билдик. Мен дадамнинг шахсий нарсалари турадиган тортмадан бир дафтарча топиб олдим. Отам ўша дафтарга биз олиб беринг деган нарсаларимизнинг ҳаммасини ёзиб борар, кейин ўша дафтарга қараб имконлари бўлганда тартиб билан ҳаммамизнинг айтгна нарсамизни олиб берар эканлар. дафтарча биз айтган қўғирчоқлару ширинликлар номи билан тўла эди. Ҳатто айтгна кунларимиз санасини ҳам қайд қилиб борар эканлар. олиб берганларини белгилаб ҳам қўярканлар. Дадамни дафн қилиб келганимиздан сўнг дафтарни жигарларимга ҳам кўрсатдим. Барчамиз эски хотираларимизни ёдга соладиган дадамизнинг бу ажиб дафтарларини йиғлаб ўқидик. “Фалон қизим фалон қўғирчоқ сўради, фалон ўғлим фалон ширинлик сўради” деган ёзувларни овоз чиқариб ўқиб берар эканман. Ҳар сафар ўзимнинг айтган нарсаларим зикри келганда бўғзимга нимадир тиқилиб қолар, овозим чиқмас эди. Бу дафтарнинг номи рост ваъдалар дафтари эди. Отамни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Вторник, 19 Декабрь 2023 00:00

Қизингиз сирдошингиз бўлсин

Мактабга чиқа бошлаган илк даврларимданоқ онам менга кўпчиликка айтмайдиган махфий гапларни айтардилар. Билмадим, оилада тўнғич фарзанд бўлганим учунми ёки ягона қизлари бўлганим учунми барча сирларини менга ишонардилар. Онам менга айтадиган гапларни ҳатто отам ҳам билмасдилар. Буни менга онамнинг ўзлари айтганлар. Бир неча бор гаплашиб бўлганимиздан сўнг “Дадангга индамагин-а, улар ҳам билмайдилар” деганлар. Мен гўёки онамнинг сир сақлайдиган сандиқларига айланган эдим. бошларидан ўтаётган, кўнгилларидан ўтказган нимаики бўлса, менга айтардилар. Яна бунинг устига мендан баъзи ишларида фикрримни сўрар ва гапимни охиригача оғринмай, малолланмай эшитиб ўтирардилар.

Мен ҳайрон бўлардим: нега онам менга ҳамма сирларини ишонадилар? Ҳатто дадамга айтмаган сирларини ҳам менга айтадилар? Бу бир тарафдан мени таажжублантирса, бошқа тарафдан мени хурсанд қиларди. Чунки мен ўзимни онамга керакли бўлган муҳим инсонлигимни ҳис қилардим. Онам ҳақида холаларим ҳам билмаган нарсаларни билишимдан қувонардим.

Орадан йиллар ўтди. Ўсмирлик ёшига етдим. Бу давр қиз боланинг энг нозик пайти ҳисобланади. Одамлардан қочадиган, унча-мунча одам билан тил топиша олмайдиган, одамови, айниқса, ота-онасидан узоқлашиб қоладиган даври бўлади. Кўп қизлар бу ёшда сирларини энг яқин дугонасига айтади ёки бўлмаса бирор кундалик тутиб ўша дафтарга ичидаги борини тўкиб солади.

Лекин менда бутунлай ўзгача ҳолат юз берди. Мен энг яқин дугоналаримга ҳам айтмаган сирларимни онамга айтардим. Чунки онам ўз сирларини менга ишонганларини билганим учун мен ҳам қалбимдаги гаплардан онам бохабар бўлишларини истардим. У кишининг маслаҳатларига қулоқ солардим. Волидамнинг ҳаётий тажрибаларига ишонардим. Шу сабабли ўсмирлик даврим жуда гўзал ўтди. Кўплаб тенгдошларим бу ёшда йўл қўядиган хатолардан, баъзида бир умр афсусланишга сабаб бўладиган воқеалардан Аллоҳ таоло мени онамнинг шарофатлари билан асраб қолди.

Аллоҳ умрларини узоқ қилгур онажоним жуда дона аёл эканлар. Менга сирларини бежизга ишонмас, бекорга мени ўзларига яқин олмас эканлар. Бу ишлари орқали менинг ичимда ҳам ўзларига нисбатан буткул ишонч ҳиссини пайдо қилган эканлар. Мен бу нарсани қизларим катта бўлиб ўсмирлик ёшига етганларида англадим. Ҳозир мен ҳам қизларимга онам каби ўз сирларимни айтаман. Уларни ўзимдан қочирмай, имкон қадар яқин тутуаман. Онам менга қўллаган услубни уларга қўллашга ҳаракат қиламан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Инсон аввал Аллоҳга, сўнг ўзига ишониши – катта ишларнинг бошланиш марказидир! Ахир сиз ўзингизга ишонмасангиз, ким ҳам сизга ишонарди?!

Бошқалардан ажралиб турадиган алоҳида шахс бўлиб етишишга уринишингиз – сиз учун ҳаётдаги энг катта беллашув майдонини яратади, негаки дунё сизни бошқа одамларга ўхшаган шахс қилишга доим ҳаракат қилади.

Аслида сизни бошқалардан яхшироқ ва афзалроқ бўлишингиздан тўсиб турадиган нарсанинг ўзи йўқ! Ичингизда катта куч, имкониятлар яширин, фақат уни қидириб топиб, юзага чиқаришингиз керак, холос!

Сиз қила олмайман, қодир эмасман деб ўйлаганингиз ишларни бажармоғингиз даркор, айнан ўша ишларни қилишга уринишингиз керак. Зеро бу ўзингизга ишончни пайдо қилади, “Қила олмайман”, деб ортга тисарилган ишингизни ҳам аслида уддалай олишингиз мумкинлигини ўргатади. Бироқ, ҳаракат, бардавомлик, қатъиятла туриб қилса бўладиган иш билан имконият даражасидан ташқаридаги ишларни чалкаштириб ҳам юборманг. Яъни имкониятингиз даражасидан ташқари ишларга қўл уриб юрманг, вақтингиз кетгани қолади!

Ўзингизга ишониш бу – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сизга имконсиз деб ўйлаган тўсиқларингизни енгиб ўтишга етгулик иқтидор, куч берганини ўзингизни уқтиришингиздир!

Ўзига ишонган мўмин доимо: “Мен Аллоҳнинг тавфиқи билан муваффақиятга эришишга қодирман. Мободо муваффақият пешонамга битилмаган бўлса ҳам, ўзимга ишончим ва Аллоҳга иймони заррача ҳам камаймайди. Мен тақдиримга битилганига розиман ва яна шуни биламанки, Аллоҳ яхши иш қилганларнинг мукофотини зое қилмагай!” – деб айтади.

Ўзига ишонган одам ўз йўлини жуда яхши билади, ҳаётини ишларига мувофиқ режалайди, мақсадларини жуда аниқлик билан тузади, бошқалар у ҳақида ўйлашини кутиб ўтирмайди, ҳар қандай вазиятда ҳам қўл қовуштириб турмайди. Чунки унинг ўзи вазиятларни юзага келтиради, воқеа-ҳодисалар уни ўз кўйига солишига асло қўйиб бермайди. Аллоҳ таоло бундай кишиларни Қуръони каримда васфлаб шундай деган:

“Юз тубан қоқилиб юраётган киши ҳидоятдами ёки тўғри йўлдан қоматини тик тутиб бораётган кишими?” (Мулк сураси, 22-оят).

Шуни аниқ билингки, Аллоҳнинг изни ила албатта ютуққа эриша оласиз, эришасиз ҳам!

Напалёндан сўрашган экан: “Аскарларингизда ўзига ишончни қандай уйғотгансиз?”

У: “Уч тоифа одамга уч хил жавоб берар эдим:

Кимдир “қила олмайман” деса “ҳаракат қилиб кўр”, дердим;

“Билмайман” деган одамга “ўрган”, дердим;

“Бу имконсиз-ку” деган одамга “қани, бир синаб кўрчи”, дердим”.

Булар кўринишидан оддий гапга ўхшайди, лекин катта таъсир кучига эга, айниқса жангга отланган аскарлар учун.

Ўзингизга ишонишнинг самараларидан бири – ҳаёт нақадар гўзал эканини ҳис этасиз! Чунки у Аллоҳга бўйсунади. Гарчи у ибодат қилмаса ҳам мубоҳ бўлган одат узрадир. Ният эса одатни ибодатга ўзгартиради.

Яна бир самараси – Аллоҳнинг розилигига интилиш йўлида беллашувлар, қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир эканингизни англаб етасиз ва бошқалар учун намунага айланасиз, зеро бир одам хулқ атвори билан одамларга ўрнак бўлиши, мингта одам тил билан даъват қилганидан яхшидир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Вторник, 19 Декабрь 2023 00:00

Қиз узатишга шошилманг!

#Мақола

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтганлар: “Эй Али, уч нарсани кечиктирма: (вақти) келганида намозни (адо этишни), ҳозир бўлганида жанозани (дафн этишни) ва тенгини топганингда эрсиз аёл-қизни (турмушга беришни) (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

Ҳикматда шошилиш шайтондандир, лекин меҳмон келса, дастурхон ёзиб, таом бериш, маййитни тезроқ кафанлаб кўмиш, балоғатга
етган қизни узатиш, бўйнидаги қарзни узиш, гуноҳ қилиб қўйса, тавба қилишда ундай эмас, дейилади.

Ушбу ҳадису ҳикматда қиз-аёлларга муносиб жойдан куёв чиқса, тезроқ узатишга тарғиб бор. Лекин куёв одобли, яқинлари салоҳиятли бўлмаса, асло шошилиш керак эмас.
Албатта, не-не орзу-умидлар билан гўзал тарбия бериб ўстирган қизингиз яхши жойга тушса-ку, жонингиз ором топади. Аммо нобоп хонадонга тушиб қолгудек бўлса, Аллоҳ асрасин, ҳаловатдан айриласиз.

Бинобарин, оилавий можароларда кўпроқ қайноналарнинг зуғуми асосий сабаб бўляпти. Чунки улар келинни ўз қизидек қабул қилмаяпти. Улар келинни бошидан эгиб олиш керак, деб нотўғри ўйлаяпти ва бунинг оқибатида аксарият қайноналар ёш келинчакка қулдай муносабатда бўлмоқдалар.

Абу Зар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда, Аллоҳга шукр қилиб, ўғлим борки, хонадонимга келин келди, деб унга очиқ юзли, меҳр-муҳаббатли бўлинг. Қанча меҳр берсангиз, қалбингиз шунча нурга тўлади. Ота-онаси ардоғида вояга етган заифа бутунлай бошқа оилага, ўзгача муҳитга тушиб қолса, унинг руҳиятида нималар юз беришини тасаввур қилиш қийин иш.

Ибратли оилада тарбия топиб, нобоп оилага келин бўлиб қолган қизнинг сўзларига қулоқ солинг:

“Менинг қизлик уйимдагилар каттаю кичикни иззат-ҳурмат қилиб, сизлаб гапиради. Келин бўлган хонадонимда эса муҳит бошқача экан. Эрталаб нонуштами ё кечки овқатми, қачон йиғилиб ўтирсак, гаплари фақат ғийбат бўлади, ҳамманинг устидан кулиб ўтиришади, ҳар бир одамга лақаб қўйиб олишган. Менинг лақабим “Нозанин” эмиш. Ўтирсам – ўпоқ, турсам – сўпоқман. Бу орада иккита болали бўлдим. Бундай муҳит фарзандларим тарбиясига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирдаман”.

Келиннинг хавотири чиндан ҳам ўринли. Айрим оилаларда тарбиянинг сустлиги ачинарли ҳол, албатта. Қайнона-қайнота ёшларга панд-насиҳат қилиш ўрнига бировларнинг айбини топиб ўтириши яхши эмас. Икки фарзанднинг онаси бўлган бу келинимиз сабр билан болаларини тўғри тарбиялашга жидду жаҳд қилаверади, албатта. Аллоҳ хоҳласа, ажрини қўлга киритиб, келажакда меҳнатларининг мевасини кўражак.

Хулоса шуки, биз катталар қизларимизни турмушга беришдан аввал куёв тарафни яхшилаб сўраб-суриштирайлик, асло шошилмайлик. Ахир, ота-боболаримиз куёв ё келин
танлашда етти пуштини обдон суриштириб, сўнг қудалик риштасини боғлашган. Зеро, авлоднинг ким бўлишида аждодларнинг аҳамияти каттадир. Шуни унутмайлик, азизлар!

Хосият ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Косонсой тумани “Ровот” маҳалласи отинойиси

"Мўминалар", 4-сон, 2013 йил

Top