Кутубхона

ПАЙҒАМБАРИМИЗ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ)ГА БИРИНЧИ ВАҲИЙ КЕЛИШИ

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу Алайҳи Ва саллам)га биринчи ваҳий келиши

Пайғамбарларга фақат илоҳий ваҳий келса “набий”, илоҳий ваҳий билан бирга алоҳида шариат юборилган бўлса “расул” дейилишини юқорида ҳам зикр қилиб ўтдик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қирқ ёшларида набийлик, кейинроқ эса расуллик келди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қирқ ёшга тўлганларида Маккадаги (Маккадан беш чақирим узоқдаги) Ҳиро ғорида ибодатга берилдилар. Катта боболари Иброҳим (алайҳиссалом) қилгани каби ибодат қилардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 610 йили Рамазони шариф ойида душанба куни одатдагидек Ҳиро ғорида ибодат қилаётган пайтларида Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом) орқали пайғамбарлик башоратини юборди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб: “Эй Муҳаммад, мен Жаброилман, сен эса Аллоҳнинг элчисисан”, деди. Кейин Аллоҳнинг ҳузуридан олиб келган беш оятни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўқиб берди. Унда Аллоҳ бундай хитоб қилган:

ٱقۡرَأۡ بِٱسۡمِ رَبِّكَ ٱلَّذِي خَلَقَ خَلَقَ ٱلۡإِنسَٰنَ مِنۡ عَلَقٍ ٱقۡرَأۡ وَرَبُّكَ ٱلۡأَكۡرَمُ ٱلَّذِي عَلَّمَ بِٱلۡقَلَمِ عَلَّمَ ٱلۡإِنسَٰنَ مَا لَمۡ يَعۡلَمۡ

«(Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз исми билан ўқинг! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз карамлидир. У (инсонга) қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди, У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» (Алақ, 1–5).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввало, бу ҳодисадан, яъни у кишига Аллоҳдан ваҳий олиб келган Жаброил (алайҳиссалом) салобатидан қўрқиб дағ-дағ титрадилар ва Маккага – Хадича онамиз ёнларига шу ҳолда келиб: “Мени ўранглар, мени ўранглар!” дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўрқувлари босилгандан сўнг Хадичага: “Эй Хадича, менга нима бўляпти? Менга бир нарса бўлиб қолмасайди, деб ўзимдан қўрқдим”, деб бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар. Хадича Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тасалли бериб, амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал ҳузурига олиб борди. Варақа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бўлган воқеа тафсилотини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамма кўрган нарсаларини батафсил айтиб бердилар. Шунда Варақа: “Бу Номус (яъни Жаброил) бўлиб, Мусога ҳам ваҳий билан туширилган фариштадир. Кошкийди, қавминг сени (Маккадан) ҳайдаб чиқарган пайтда ҳаёт бўлсам, сенга ёрдам берардим!” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ажабланиб: “Қавмим мени ҳайдаб чиқарадими?” деб сўрадилар. Варақа: “Ҳа, шундай бўлади. Олдин ҳам ким сиз келтирган нарса (пайғамбарлик) билан келган бўлса, қийинчиликларга учраган. Агар сизнинг кунларингизда мен тирик бўлсам, сизга катта ёрдам берган бўлур эдим!” деди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га биринчи нозил бўлган ваҳий Қуръони каримнинг Алақ сурасидан 18 калима эди. Бу калималарнинг маъноси инсониятни илмга – ҳамма нарсани билишга чақирув эди.

Мана, Аллоҳ таоло нимага чақиряпти:

“Ўқи! Ҳамма нарсани ўқи! Аллоҳнинг китобини ўқи! Аллоҳнинг оятларини ўқи! Табиат китобини ўқи! Башарнинг бутун тарихини ўқи! Илмнинг ҳар саҳифасини ўқи! Ҳар бир ҳақиқатни ўқи! Ҳидоятга эришмоқ учун ўқи! Залолатдан қутулмоқ учун ўқи! Имонингни мукаммаллаштириш учун ўқи! Ва бунинг учун Аллоҳ номи билан ўқи! Яратган Раббинг номи билан ўқи! Ўрганмоқ учун ўқи! Қудрат қалами бу оламга туширган ҳар сатрни ўқи! Инсонга билмаганини ўргатган Аллоҳ номи билан ўқи!”

Исломий ҳидоятнинг бутун инсониятга қарата айтган биринчи хитоби ана шундай эди. Лекин исломият бутун башариятни илмга чақиришда барча ҳидоят ва раҳматнинг манбаи бўлмиш “Аллоҳ номи билан ўқи!” дейишни ҳам унутмайди. Ислом бутун ўрганилган илмнинг ҳидоят ва раҳматга маёқ бўлишини, унинг разолат ва бузғунчиликка ҳаммол бўлмаслигини истайди.

Илоҳий ваҳийнинг ҳақиқатини пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳадис олимларидан Аҳмад Наим бундай деган эди:

“Ваҳийнинг моҳияти пайғамбарлардан бошқасига маълум эмас. Бошқа бировнинг ваҳийни тушунтиришга уриниши кўрнинг ранглар тўғрисида гапириб беришига ўхшайди. Фақат нузул (ваҳий тушаётган) пайтда у ерда бўлганлар кўрган баъзи аломатларни айтиб ўтса бўлади.

Ваҳийнинг етти мартабаси бор:

Биринчи. Содиқ (рост) туш. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилишича, ваҳий келишига яқин Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай туш кўрмасинлар ҳаётда очиқ-ойдин рўёбга чиқарди.

Иккинчи. Аллоҳнинг ваҳийси фариштанинг воситасисиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалбларига жо бўлиши.

Учинчи. Фариштанинг инсон қиёфасига кириб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳамманинг кўзи олдида ваҳийни талқин этиши. Ривоят қилишларича, Жаброил (алайҳиссалом) кўпинча саҳобаларнинг энг хушсурати бўлган Диҳятул Калбийнинг қиёфасида кўринар экан.

Имом Бухорий ва Имом Муслим саҳиҳларида Жаброил (алайҳиссалом)нинг бир нотаниш аъробий суратида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва бошқа саҳобаларга кўриниб, имон, Ислом ва эҳсон ҳақида таълим бериб кетгани нақл қилинган.

Тўртинчи. Ваҳий қўнғироқ овози каби келиб, Жаброил (алайҳиссалом)нинг Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳийни хитоб қилишидир. Баъзиларнинг фикрича, бу овоз Жаброил (алайҳиссалом) қанотлари овози бўлиши ҳам мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий келишининг энг қийини ҳам шундай овоз билан келиши эди. Ваҳий ниҳоятда оғир экани ёнларидаги кишиларга ҳам сезиларди. Масалан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Арафотда Моида сурасининг баъзи оятлари нозил бўлганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туялари устида эдилар. Оғирликни туя кўтаролмай чўкиб қолган. Яна бир марта Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оёқларига ваҳий котиби Зайд ибн Собитнинг оёғи тегиб турганида, ваҳий келиб қолади. Шунда Зайднинг сони ёрилиб кетар даражага етган экан.

Бешинчи. Жаброил (алайҳиссалом)нинг ўз қиёфасида кўриниши. Икки марта шундай кўринган. Биринчи марта Ҳиро ғорида, иккинчи марта эса Меърож кечаси Сидратул мунтаҳода рўй берган.

Олтинчи. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меърожда эканларида Аллоҳ у зотга беш вақт намоз фарзлигини воситасиз билдирган.

Еттинчи. Юзма-юз пардасиз гаплашиш. Меърож кечасида Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига Жамол рўъятини насиб этган, дейилади. Аммо бу сўз кўпчилик Ислом уламолари томонидан инкор этилган.

Қуръони каримда “роҳматан лил ъаламин” деб таърифланган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “хотамул анбиё” эдилар. Вазифалари ўта муҳим ва мушкул эди, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вазифалари фақатгина Араб яриморолини эмас, балки бутун инсониятни жаҳолатдан қутқариб, саодатга эриштиришдан иборат эди. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта ҳассослик ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишлари керак эди. Шунинг учун ҳам Маккадаги даъватнинг дастлабки уч йили жуда махфий равишда қилинган бўлиб, фақат яқин ва ишончли одамларгина Аллоҳнинг ваҳдониятига, бут ва санамлардан юз ўгиришга чақирилди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қандай ва кимни даъват қилиш масаласи қийнарди. Энг аввал, кўнгилларини ўз яқинларига оча бошладилар.

Аллоҳ таоло Муддассир сурасини нозил қилиб:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلۡمُدَّثِّرُ قُمۡ فَأَنذِرۡ وَرَبَّكَ فَكَبِّرۡ وَثِيَابَكَ فَطَهِّرۡ وَٱلرُّجۡزَ فَٱهۡجُرۡ وَلَا تَمۡنُن تَسۡتَكۡثِرُ وَلِرَبِّكَ فَٱصۡبِرۡ

«Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад)! Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг, Раббингизни улуғланг, либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг, (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг, Раббингиз учунгина сабр қилинг!» (Муддассир, 1–7) деганда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарҳол ўринларидан туриб кетдилар. Хадича онамизнинг: “Нега турдингиз, дам олмадингиз?” деган саволига: “Энди дам олиш ва истироҳатнинг вақти ўтди!” деб жавоб бердилар. У зотнинг “Мен бу ҳақиқатни кимга айтаман? Мени ким тасдиқларкан?” деган андишаларига Хадича онамиз: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Сизнинг гапларингизни мен қабул қилиб, тасдиқлайман. Энг аввало, Аллоҳ йўлига мени даъват этинг!” деди.

Бу сўзлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан андишани кетказиб, у зотни маънавий қувонч эгаллаб олди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватини Исломда биринчи бўлиб қабул қилган, биринчи бўлиб мусулмон бўлган ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биринчи намоз ўқиган Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо) бўлди.

Хадичадан кейин қадрдон дўстлари Абу Бакр (розияллоҳу анҳу), амакиваччалари Али ибн Абу Толиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озод қилган ва тутинган ўғиллари Зайд Ислом динини қабул қилди. Кейинчалик Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг йўл-йўриқлари билан яна беш киши мусулмон бўлди.

Шундай қилиб, Хадича (розияллоҳу анҳо)дан кейин Исломни қабул қилган саккиз киши: Абу Бакр, Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳум) бўлиб, улар “Ассабиқуна фил Ислам” (биринчи мусулмонлар) деган фахрий ном билан тилга олинади.

Даъватнинг дастлабки уч йили махфий равишда ўтгандан сўнг, Аллоҳ таоло Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га:

فَٱصۡدَعۡ بِمَا تُؤۡمَرُ وَأَعۡرِضۡ عَنِ ٱلۡمُشۡرِكِينَ

«Бас, ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъватни) ошкора қилинг ва мушриклардан (ҳозирча) юз ўгиринг!» (Ҳижр, 94) деб амр қилди. Шу кундан бошлаб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даъватлари очиқ тус олди. Намозларда ҳам Қуръони каримни баланд овоз билан ўқир эдилар. Қаерда йиғилган жамоатни кўрсалар, ўша ерга бориб: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ юборган элчиман. У шундай Зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир!” деб имонга ва нажотга чақирар эдилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яна ваҳий нозил қилиб, унда: “Қариндошларингиз ва қабиладошларингизни Аллоҳ азобидан қутқаринг!” деб буюрди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига қўйилган бу масъулиятни ҳис қилиб, Маккадаги қариндошлари ва қабиладошларини Сафо тепалигига йиғдилар ва уларга:

“Эй азизларим! Сизга, шу тоғнинг орқасидан душман отлиқлари бостириб келяпти, десам менга ишонасизларми?” дедилар. Ҳамма: “Ҳа, сўзингга ишонамиз. Чунки сен ёлғон гапирмайсан. Дунёда ёлғон гапирмайдиган биргина инсонсан”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга ишонар экансизлар, у ҳолда сизларни Аллоҳни бир дейишга, Унга ибодат қилишга даъват этаман. Сизлар келаётган қиёмат кунининг даҳшатидан қўрқинглар!” деб, мушрикларни астойдил Исломга даъват қила бошладилар. Ҳозиргина, биз сизни энг ростгўй одам деб биламиз, деган кишилар гапларидан тониб, ғала-ғовур кўтарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Абу Лаҳаб ғазаб билан ўрнидан туриб: “Эй қуриб кетгур! Бизни бу ерга шунинг учун чақирганмидинг ҳали?!” деб бақириб, у кишининг дилларига озор берди.

Шу аснода ҳам мушрикларга, ҳам бутпарастларга қарши нозил бўлган ояти карима қурайшликларнинг тоқатини тоқ қилган эди.

Бу оятда:

إِنَّكُمۡ وَمَا تَعۡبُدُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ حَصَبُ جَهَنَّمَ أَنتُمۡ لَهَا وَٰرِدُونَ

«(Эй мушриклар!) Сизлар ва Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут)ларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар унга тушувчидирсиз!» (Анбиё, 98) деб марҳамат қилинган эди.

Қурайшликлар ғазабга тўлиб, мусулмонларга қарши қўзғала бошлади. Қабила бошлиқлари учун ҳар бир қабиланинг алоҳида бутларга сиғинишида алоҳида манфаатлар бор эди. Мусулмонликнинг ёйилиши ва одамлар бутлардан юз ўгириши қабила бошлиқлари манфаатларига зиён етказар эди. Улар аввал Ислом динига унчалик эътибор бермай, Маккадаги кўплаб динларнинг бири деб қараган ва мусулмонларни шунчаки масхара (истеҳзо) қилиш билан кифояланарди. Кейинроқ эса, бу диннинг оламшумул дин экани, уни тўхтатиб қолишмаса, катта талафотларга учрашлари мумкинлигини сезиб қолишди. Бунга қарши курашишни аввал Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мансуб бўлган қабиланинг бошлиғи, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳомийлари ва амакилари Абу Толибга шикоят қилишдан бошлашди. Абу Суфён бошчилигидаги бу гуруҳ Абу Толиб ҳузурига келиб:

“Эй Абу Толиб, сени ҳурмат қилишимиз ҳар тўғрида бизларга лозимдир. Чунки сен Қурайш қабиласи орасида энг улуғ ёшли, ҳам бизнинг бошлиғимизсан. Мана, қариндошингнинг ўғли Муҳаммад бизларнинг ва ота-боболаримизнинг йўлидан чиқди. Бизнинг динимизни, худоларимизни камситяпти. Ота-боболаримизни йўлдан адашганга чиқаряпти. Биз ҳам жоҳил ва аҳмоқларча яшаётган эканмиз. Сен уни бу йўлдан қайтарасан, ё уни ҳимоя қилмайсан. У билан биз ўзимиз гаплашиб оламиз!” дейишди.

Улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ишларини аввалгидай бажариб юрганларини кўриб, жаҳл устида яна Абу Толибга келишди ва: “Биродарингнинг ўғлини бу ишидан воз кечтирмасанг, сенга ҳам, унга ҳам ёмон бўлади. Энди сабр қилиб туролмаймиз, нима бўлса бўлсин!” дейишди.

Бу таҳдид Абу Толибни ўйлантириб қўйди. “Ўғлим, – деди Абу Толиб, – менга бу қадар оғир юкни юклама. Чунки менга ҳам қийин”.

Энди Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аллоҳдан бошқа ҳомийлари ҳам, ёрдамчилари ҳам қолмаган эди. Астойдил имонга суянган ҳолда Абу Толибга:

“Эй амаки! Аллоҳга қасам, бу одамлар қуёшни ўнг, ойни эса чап қўлимга беришса ҳам, мен бу йўлимдан қайтмайман!” дедилар ва муборак кўзларига ёш тўлган ҳолда чиқиб кетдилар. Абу Толиб ўша заҳотиёқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларидан: “Эй жияним, кел! Хоҳлаганингча иш тут! Қасам ичиб айтаман, ҳеч кимга таслим бўлиб қолишингга йўл қўймайман!” деди. Кейин Абу Толиб ҳошимийлар ва муталлибийлар қабиласини чақириб, қурайшликлардан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳимоя қилиш лозимлигини тушунтирди. Ҳамма рози бўлди, фақат Абу Лаҳаб адоватини ошкора айтиб, душман томонга ўтиб кетди.

Қурайшликлар Абу Толибга қилган мурожаатларининг бефойда эканини англаганидан кейин, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тўғри ўзларига мурожаат қилишни маъқул кўрди:

“Эй Муҳаммад, сенинг наслу насабинг пок, мавқе-мартабанг анча баланд. Шу чоққача араблар ўртасида ҳеч ким қилмаган ишларни қиляпсан, ҳеч ким айтмаган гапларни айтяпсан. Ўртамизга нифоқ солдинг. Айтгинчи, нима мақсадда бундай қиляпсан? Агар мақсадинг бой бўлиш бўлса, сенга хоҳлаганингча мол-давлат берайлик, бу атрофда сендан бойроқ одам топилмасин. Бошлиқ бўлиш орзусида бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб олайлик, Макканинг ҳокими бўл. Мабодо, аслзода бир аёлга уйланмоқчи бўлсанг, сенга Қурайшнинг энг гўзал аёлларидан хоҳлаганингни олиб берайлик. Агар жин ва шайтонга чалинган бўлсанг, сени табибларга кўрсатайлик, токи бу дарддан фориғ бўлгин. Аммо энг асосийси – сен бу даъвойингдан воз кечишинг керак!”

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга бундай жавоб қилдилар:

“Мен сизлардан бирор нарса тама қилмайман: на молу дунё, на салтанат ва на раҳбарлик. Бирдан-бир истагим бутларга сиғинишдан воз кечиб, фақат Аллоҳга ибодат қилинглар!”

Қурайшликлар: “Бизнинг уч юз олтмишта бутимиз турганда, сенинг ягона Аллоҳнинг Маккани қандай қилиб бошқара оларди?” деб кетиб қолди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу жавоблари, азму қарорлари, мустаҳкам имонлари мушрикларни титратди. Исломнинг кундан-кунга ёйилиб бораётгани уларни хавотирга солди. Ислом бутга сиғинишни ман этгандан кейин уларнинг хусумати янада ошди. Мушриклар Абу Толибга ҳам, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам учрашиш, гаплашишдан фойда йўқ, деб хулоса чиқарди ва энди мусулмонларга, Исломга янги кирувчиларга қаршилик ҳамда тазйиқ ўтказишга бел боғлади. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ва у кишига эргашганларни бир маҳаллага қамаб, савдо-сотиқдан, озиқ-овқатдан кесиб қўйишди. Мусулмон болаларининг очликдан фарёд ва фиғонлари Макка кўчаларини ларзага келтирса ҳам, уларга озиқ-овқат берилмади. Иккинчи томондан, улар мусулмонларни қаттиқ ҳақорат қилиб, уларни жиннига чиқаришар эди. Мўминлар бу жабру ситамларга чидамай, бошқа жойларга бош олиб кетишни ўйларди. Уларнинг бир қисмига Ҳабашистонга кетишга ижозат берилди. Бундан қўрққан мушриклар Ҳабашистон қиролидан уларни қайтаришни сўради.

Қирол муҳожирларни ҳузурига чақириб, улардан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида сўради. Насронийлар эътиқод қиладиган Исо (алайҳиссалом) ҳақидаги фикрларини сўради. Муҳожирлар бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб қиролга Марям сурасидан қироат қилиб берди. Буни эшитган Ҳабашистон қироли кўзларига ёш олиб:

“Бу китоб билан ҳазрат Исога нозил бўлган китобнинг манбаи бирдир”, деб қалбида имон келтирди ва мусулмонларни ўз ҳимоясига олди.

 

Исро ва Меърож воқеаси

Нубувватнинг ўн иккинчи йили, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларидан олти ой аввал у кишини Аллоҳ таоло “Исро” ва “Меърож” мартабаси билан сийлади. Исро – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир кечада Қуддусдаги Масжидул Ақсога бориб, зиёрат қилиб, шу кечанинг ўзида яна Маккага қайтиб келишларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда:

سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِيٓ أَسۡرَىٰ بِعَبۡدِهِۦ لَيۡلٗا مِّنَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ إِلَى ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡأَقۡصَا ٱلَّذِي بَٰرَكۡنَا حَوۡلَهُۥ لِنُرِيَهُۥ مِنۡ ءَايَٰتِنَآۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ

«(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро, 1), дейилган.

“Меърож” эса, “аҳли сунна вал жамоа” уламоларининг иттифоқ қилишларига қараганда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жисмлари билан олий оламга кўтарилиб, Парвардигорнинг қудратини ўз кўзлари билан кўриб тушганларидир.

Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амри билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бир кеча Каъбадан олиб, Буроққа миндириб, Масжидул Ақсога олиб борди. У ерда икки ракат намоз ўқигандан кейин самога кўтарилдилар. Самода жаннатдаги, жаҳаннамдаги ҳамма нарса кўрсатилди.

Меърож ҳақида Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз китобларида ривоят қилган ҳадисни Қози Иёз “Аш-шифо” китобида нақл қилган. Бу ҳадисда жаноби Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:

«Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: “(Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик. Биринчи осмонда мен Одам (алайҳиссалом) билан кўришдим. Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё (алайҳимассалом) билан учрашдим. Учинчи осмонда Юсуф (алайҳиссалом)ни кўрдим. Тўртинчи осмонда Идрис (алайҳиссалом)ни, бешинчисида Ҳорун (алайҳиссалом)ни, олтинчисида эса Мусо (алайҳиссалом)ни зиёрат қилиб, дуоларини олдим. Еттинчи осмонда Иброҳим (алайҳиссалом)ни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим. Унга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қилиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди. Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо (алайҳиссалом)нинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим. Мусо (алайҳиссалом): “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо (алайҳиссалом) билан Аллоҳ ўртасида чунон қатнадим, ниҳоят Аллоҳ деди: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”. Мусо (алайҳиссалом) яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим».

Меърож ҳодисасига мушриклар мутлақо ишонмади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг устиларидан кула бошлашди ва синаб кўрмоқчи бўлишди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Масжидул Ақсонинг ичига ўрнатилган устунлар нечта экани, Шомдан Маккага қайтаётган Қурайш карвони қаерга етиб келганини айтиб беришларини сўради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Масжидул Ақсонинг еттита устуни бор бўлиб, намоз ўқиётганларида ўнг томонларида тўртта, чап томонларида учта устун бўлганини айтиб бердилар. Масжидул Ақсони кўрган кишилар бу гапни тасдиқлади. Карвон ҳақидаги саволга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Карвоннинг бир бўлагини мен Зажъон деган жойда учратдим. У ҳозир Танъим тоғидан пастга тушиб келмоқда. Карвон кун чиққан вақтда Маккага кириб келади. Олдида кулранг туя бошлаб келмоқда”, деб жавоб бердилар.

Бу гапни эшитган кишилар карвонни кутиб олиш учун Макка ташқарисига жўнади. Бир томондан “ана, кун чиқди”, иккинчи томондан “ана, карвон кўринди”, деб бақиришди.

Мўъжизага ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиб турган бўлишса-да, Қурайш мушриклари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларига ишонишмади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг устиларидан кулиб:

“Бунинг ишонган одами Абу Бакрга айтайлик, дўстининг асл башарасини кўриб қўйсин”, деб Абу Бакрга етказишди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу):

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деган бўлсалар, сўзсиз ишонаман. Чунки у зот ёлғон гапирмайди”, деди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишининг садоқатларини юксак баҳолаб, “сиддиқ” деб ном бердилар.

Маккада Исломни қабул қилганлар сони ҳазрат Умар ибн Хаттоб билан қирқ кишига етди. Мусулмонларга турли йўллар билан озор берувчилар сони эса кўп эди. Улар орасидан мусулмонларга энг кўп азият берганлари: Абу Лаҳаб ва унинг хотини, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Ҳакам ибн Абул Ос, Уқба ибн Абу Муъайт, Абу Бухтарий, Асвад ибн Абдуяғус, Асвад ибн Муттолиб, Надр ибн Ҳорис, Умайя ибн Халаф, Мунаббиҳ, Ос ибн Воил, Асвад ибн Абдул Асад, Абу Қайс, Соиб, Осим ибн Саид, Ҳорис ибн Қайс, Ос ибн Ҳишомлар эди.

Улар мусулмонларга масхара назари билан қарашар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрганда: “Мана ўша кўкдан хабар берадиган, ўзига турли сирлар очилаётганини даъво қиладиган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ”, деб бир-бирларига кўрсатиб кулишарди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларнинг тазйиқидан қаттиқ қийналган мусулмонларга Ясрибга кетишлари учун изн бердилар. Шундай қилиб, нубувватнинг ўн учинчи йили муҳаррам ойида Ясрибга ҳижрат бошланди. Имонларини сақлаб, молу мулк ва яқинларидан ажраб Ясрибга сафар қилган мусулмонлар “муҳожирлар”, уларга уй-жой бериб, қалби очиқлик қилган ясрибликлар эса “ансорлар” дейилди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳижратлари;

17207 марта ўқилди
Top