Кутубхона

Ислом тарихи: ЛУТ, ИСМОИЛ, ИСҲОҚ, ЯЪҚУБ, ЮСУФ АЛАЙҲИМУССАЛОМ

 

УЧИНЧИ ФАСЛ

ШОМ ЮРТЛАРИНИНГ

НАБИЙЛАРИ ВА ТАМАДДУНЛАРИ

Башар Шом юртларига етиб келди ва у ерда турли жамоаларга тарқалиб кетди. Ўша жойларнинг энг катталари Ғута, Дамашқ ва бошқа номлар билан маълум ва машҳур бўлди. Уларнинг кўпчилиги соҳилда жойлашган эди.

 

ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ

Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга амаки бўладилар. Аллоҳ таоло у зотни ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг замонларида пайғамбар қилиб юборган.

Дастлаб Лут алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтириб, у зотнинг йўлидан юрганлар. Кейинчалик Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳим алайҳиссаломнинг изнлари билан Урдуннинг (Иордания) Садум деган жойига кетдилар.

Шундай қилиб Аллоҳ таолонинг изни билан улар Ўлик денгиз атрофидаги Садум номли шаҳар ҳамда унинг атрофидаги аҳоли яшайдиган жойларда истиқомат қилдилар ва ўша ер аҳолисига пайғамбар этиб юборилдилар.

Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган Садум шаҳрининг аҳолиси дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало бўлишган эди. Улар баччабозлик билан шуғулланишарди. Лут алайҳиссаломнинг асосий вазифаларидан бири уларни шу қабиҳ ишдан қайтариш бўлди.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:

«...ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига деди: «Сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фаҳш ишни қилмоқдасиз» (28-оят).

Бу фаҳш иш нима экани ҳаммага маълум. Бу қавм жинсий бузуқликка муккасидан кетган эди. Ушбу оятда мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин инсоният тарихида ҳеч ким қилмагани ҳам таъкидланмоқда. Кейинги оятда Лут алайҳиссалом мазкур фаҳш ишни очиқ баён этадилар:

«Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва йиғинларингизда мункар иш қиласизми?!» Қавмининг жавоби «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади» (29-оят).

Лут қавми бу ишга жуда берилганидан мазкур қабоҳатни тўп-тўп бўлиб олиб, очиқчасига қилишар эди. Улар на учларидан, на бошқалардан уялишарди.

Бу ишлари оддий фаҳш эмас, балки ўтакетган ёвузлик, иисонийлик доирасидан чиқиб кетиш эди. Шу даражада тубанликка етганлар дарҳол тавба қилиб, ўзларини ўнгламасалар, оқибати ёмон бўлиши аниқ эди.

Шунинг учун ҳам Лут алайҳиссалом ўз қавмларини юқоридаги гаплар билан бу йўлдан қайтишга даъват қилдилар. Хўш, қавм бу даъватга қандай жавоб берди?

«Қавмининг жавоби «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади».

Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу бузуқ қавмга ўзларидан чиққан пайғамбар – Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади. Аксинча, туғёнга кетган қавм ўз пайғамбарига истеҳзо билан: «Агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишди. Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов бўлди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди. Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйишганди. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлворишдан бошқа чоралари қолмади:

«Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди» (30-оят).

Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.

 

Азоб фаришталарининг юборилиши ва жиноятчи қавмнинг ҳалокати

Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди.

Лут алайҳиссаломнинг хонадонларига ёш, хушрўй йигитлар суратида келган меҳмонлар билан баччабозлик қилиш ниятида у зотнинг уйларига ёпирилиб келган фаҳшбоз қавм уларнинг ўзларига топширилишини талаб қилди. Пайғамбар Лут алайҳиссалом қавмни бу мақсаддан қайтаришга кўп уриндилар, ҳеч фойда бермади.

Йигитлардан бири ташқарига чиқиб, баъзи бир ҳаракатлар қилди. Шунда бузуқ қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолди ва тумтарақай бўлиб, келган жойларига қайтиб кетиш учун йўл ахтариб қолишди.

Ёш йигитлар ўзларини ҳимоя қила олмайдиган меҳмон­лар эмас, балки Аллоҳнинг элчилари – мазкур жиноятчи қавмни ҳалок қилиш учун юборилган кучли фаришталар эди. Улар Лут алайҳиссаломга у зотнинг мустаҳкам паноҳда – Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканларини эслатдилар.

Эътибор ва мулоҳаза билан қараладиган бўлса, кўп ҳалокатлар субҳ вақтида юз бериши маълум бўлади. Бу пайтни Аллоҳ таоло баракали қилиб қўйган. Лекин гуноҳкор ва кофир қавмлар кечаси билан гуноҳ ишларни қилиб, айни тонг – субҳ чоғида ғафлат уйқусига кетишган бўлади.

Мазкур диёрнинг номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг амри ила фаришталар Садумни борлигича кўтариб, чаппасига, яъни ернинг остини устига айлантириб қўйганлар. Садум бутун аҳолиси ва бор-йўғи билан ер остига кўмилган.

 

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ

Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни ота-онаси машҳур зотлардан бирлари десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот Иброҳим алайҳиссалом ва Ҳожар онамиздан дунёга келганлар. Исмоил алайҳиссалом ўз зурриётлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чиққанликлари билан ҳам машҳурдирлар. Шундай қилиб Исмоил алайҳиссалом ота тарафдан ҳам, фарзанд тарафдан ҳам ўзларидан кўра машҳур зотларга боғланадилар.

Исмоил алайҳиссаломнинг туғилишларигача бўлган воқеалар юқорида, Иброҳим алайҳиссаломнинг тарихлари баён этилган саҳифаларда келтирилди.

Ушбу ўринда уларнинг қисқача баёнини яна бир бор келтирамиз:

Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар мисрлик бўлиб, ўша ернинг подшоҳи томонидан Сора онамизга, у киши томонидан эса эрлари Иброҳим алайҳиссаломга ҳадя қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг ваъдасига биноан, қартайиб қолган Иброҳим алайҳиссаломдан ҳомиладор бўлган Ҳожар онамиздан Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар.

Кейин оилавий сабабларга кўра, Аллоҳ таолонинг ҳикмати асосида Иброҳим алайҳиссалом гўдак Исмоилни онаси билан бирга ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб, Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар...

Кейин нималар бўлганини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари орқали ўрганамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аёллардан биринчи бўлиб Исмоилнинг онаси минтақ[1] тутган. У изини Сорага кўрсатмаслик учун минтақ тутган эди. Кейин Иброҳим уни ва унинг фарзанди Исмоилни олиб келиб, Байтуллоҳнинг ёнига, улкан дарахт олдига – масжиднинг тепа томонидаги Замзамнинг устига туширдилар. Ҳожар уни эмизар эди. У пайтлар Маккада на одам, на сув бор эди. Икковларини ўша ерга тушириб, олдларига бир халта хурмо ва бир сувдонда сув қўйдилар. Сўнг Иброҳим йўлга тушмоқчи бўлиб, ортларига отланган эдилар, Исмоилнинг онаси унга эргашиб: «Эй Иброҳим! Бизларни на бир инсон, на бирор нарса бор бу водийга ташлаб, қаерга кетяпсиз?» деди. У буни унга бир неча марта айтди. Иброҳим алайҳиссалом эса унга қарамай туриб олдилар. Ҳожар унга: «Буни сизга Аллоҳ буюрдими?» деди. У киши «Ҳа», дедилар. Ҳожар «Ундай бўлса, У Зот бизни зое қилмайди» деб, сўнг ортига қайтди.

Иброҳим алайҳиссалом йўлга тушдилар. Ниҳоят улар кўрмайдиган жойга – довонга етганларида Байт сари юзландилар. Сўнг қўлларини кўтарганча, ушбу сўзларни айтиб, дуо қилдилар: «Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар».

Ҳожар Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ича бошлади. Ниҳоят сувдондаги сув тугаб, чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Ҳожар унинг қийналаётганини кўриб, бунга қараб туришга чидай олмай, юра бошлади. Сафонинг ўша ерда ўзига энг яқин тоғ эканини кўриб, унинг устига чиқиб, турди. Сўнг бирор кишини кўриб қолармиканман, деган илинжда водийга қаради. Бироқ ҳеч кимни кўрмади.

Сафодан тушди. Ниҳоят водийга етганида кўйлагининг тагини кўтарди-да, оғир аҳволга тушган инсоннинг югуришидек югура кетди. Шу тарзда водийдан ўтиб ҳам кетди.

Кейин Марвага келиб, унинг устига чиқиб турди ва бирор кишини кўриб қолармиканман деб қаради. Бироқ ҳеч ким­ни кўрмади. Етти марта шундай қилди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг шу иккиси (Сафо – Марва) орасида саъй қилишлари шундан», деганлар). Марванинг устига чиққанда бир овоз эшитди. Ўзига ўзи: «Жим тур», деди-да, қулоқ тутди, яна эшитди. Ҳожар: «Эшиттириб бўлдинг, агар сенда бирор ёрдам бўлса (кўрсат)...» деди. Қараса, Замзамнинг ўрнида бир фаришта турибди. У товони билан (ёки қаноти билан) кавлади, ниҳоят сув чиқди. Ҳожар унинг атрофига қўли билан тупроқни уйиб, ҳовуз қила бошлади. Сўнг сувдонига сувдан ҳовучлаб қуя кетди. Ҳар ҳовучлаб олганидан сўнг у отилиб чиқар эди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳматига олсин, Замзамни қўйиб берганида эди (ёки сувдан ҳовучлаб олмаганида эди), Замзам оқар булоқ бўлар эди», деган эдилар). У ундан ичиб, боласини эмизди. Фаришта унга: «Зое бўлишдан қўрқманглар, чунки мана шу ерда Аллоҳнинг уйи бўлади, (уни) шу бола ва унинг отаси қуради. Аллоҳ унинг аҳлини зое қилмайди», деди.

Байт ердан кўтарилган, худди тепаликдек жой эди. Селлар келиб, унинг ўнгидан ва чапидан ювиб кетарди. Ҳожар ана шу аҳволда экан, унинг олдига Журҳум[2] қабиласидан йўловчилар (ёки Журҳумдан бир оила) Кадо[3] йўлидан юриб келиб қолишди ва Макканинг пастига тушишди. Улар осмонда доира чизиб парвоз қилаётган қушни кўриб қолишди. Шунда: «Бу қуш сувнинг устида айланяпти. Аниқ биламизки, бу водийда сув йўқ», дейишди. Бир ё икки чопар юборишди. Бориб қарашса, сув бор. Ортга қайтиб, уларга сувнинг хабарини беришди. Шунда барчалари сувга келишди. Исмоилнинг онаси сув олдида эди. Улар: «Ёнингизга тушишимизга изн берасизми?» дейишди. У: «Ҳа, лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди. Улар «Хўп» дейишди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмоил­нинг онаси унс-улфат истаб турганида уни учратди», деганлар). Улар ўша жойга тушиб, ўз аҳлларига одам юбо­ришди. Улар ҳам биргаликда келиб тушишди. Натижада бу ерда улардан кўплаб оилалар пайдо бўлди.

Бола улғайиб, уларни ўзига ром қилди. Вояга етгач, уни ўзларидан бир аёлга уйлантириб қўйишди. Кейинроқ Ис­моилнинг онаси вафот этди.

Исмоил уйлангач, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари ташлаб кетган кишиларни кўргани келиб, Исмоилни топмадилар. Аёлидан уни сўрадилар. У: «Биз учун ризқ излаб чиқиб кетганлар», деди. Кейин ундан тирикчиликлари ва аҳволлари ҳақида сўраган эдилар, «Биз ёмон аҳволдамиз. Тангчилик, қийинчиликдамиз», деб шикоят қилди. У киши: «Эринг келса, унга салом айт. Яна айтгинки, эшигининг остонасини ўзгартирсин», дедилар. Исмоил келгач, ниманидир сезгандек бўлди. «Бирор киши келдими?» деди. У: «Ҳа. Шундай-шундай бир чол келди. Биздан сиз ҳақингизда сўраган эди, унга айтдим. Тирикчилигимиз қандайлиги ҳақида сўраган эди, машаққат ва қийинчиликда эканимизни айтдим», деди. «Сенга бирор тавсия айтдими?» деди. У:

«Ҳа. Сизга салом айтишимни буюрди. Айтдики, эшигингизнинг остонасини ўзгартирар экансиз», деди.

«Ўша менинг отам эди. Менга сендан ажралишимни буюрибдилар, аҳлингга боравер», деди-да, уни талоқ қилиб, ўша қавмдан яна бошқа аёлга уйланди.

Иброҳим алайҳиссалом улардан узоқда Аллоҳ хоҳлаганча юрдилар. Сўнг уларнинг олдига келдилар. Бироқ уни топмадилар. Аёлига учраб, ўғли Исмоилни сўрадилар. «Биз учун ризқ излаб чиқиб кетганлар», деди у. «Ўзларинг қандайсизлар?» деб, ундан тирикчиликлари ва аҳволлари ҳақида сўрадилар. У: «Яхшиликда, кенгчиликдамиз», деди на Аллоҳга ҳамду сано айтди. «Егулигингиз нима?» деди. «Гўшт», деди. «Ичимлигингиз нима?» деди. «Сув», деди.

«Аллоҳим! Улар учун гўштга ҳам, сувга ҳам барака бер», дедилар (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша кунда уларда дон йўқ эди. Агар бўлганида, улар учун унга ҳам дуо қилган бўлар эди», деганлар. Шу боис Маккадан бошқа ерда бирор киши фақат шу иккисини – гўшт ва сувни оса, булар унга (мизожига) тўғри келмайди). «Эринг келса, унга салом айт ва тайинлагинки, эшигининг остонасини маҳкам қилсин», дедилар.

Исмоил келгач: «Бирор киши келдими?» деди. Аёли: «Ҳа, бир хушсурат қария келди – яъни уни мақтади, – мендан сиз ҳақингизда сўраган эди, унга айтдим. Мендан ти­рикчилигимиз кандайлиги ҳақида сўраган эди, унга яхшиликда эканимизни айтдим», деди.

«Сенга бирор тавсия айтдими?» деди. У: «Ҳа, сизга са­лом айтди, яна эшигингизнинг остонасини маҳкам қилишни буюрди», деди.

«Ўша менинг отам. «Остона» сенсан, менга сени маҳкам тутишимни буюрибдилар», деди у.

Иброҳим алайҳиссалом улардан узоқда Аллоҳ хоҳлаганча юриб, Шундан сўнг яна келдилар. Исмоил Замзам яқинидаги улкан дарахт олдида ўқини учлаётган эди. Унинг келганини кўргач, ўрнидан турди. Икковлари ота болага, бола отага қиладиган муомалани қилишди. Сўнг: «Эй Ис­моил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», дедилар. У: «Роббингиз буюрганини қилинг», деди. «Менга ёрдам берасанми?» дедилар. «Сизга ёрдам бераман», деди. У зот бир баланд қумтепага, унинг атрофига ишора қилиб: «Аллоҳ менга мана шу жойга бир уй қуришни буюрди», дедилар.

Улар Байтнинг пойдеворларини кўтаришди. Исмоил тош келтирар, Иброҳим алайҳиссалом бинони қурар эдилар. Ниҳоят бино кўтарилгач, Исмоил мана бу тошни олиб келиб, у зот учун қўйиб берди. Иброҳим алайҳиссалом ўшанинг устида туриб, қурар эдилар. Исмоил эса у кишига тошни олиб бериб турар эди. Икковлари: «Роббимиз, биздан қабул эт, албатта Сен эшитувчисан, билувчисан», дейишар эди. Улар Байтни айланасига қура бошлашди».

Бухорий «Саҳиҳ»ида ривоят қилган.

Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган жойлардаги халқларга пайғамбарлик қилдилар.

У киши ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссалом билан туташади.

Исмоил алайҳиссалом ёлғиз қизларини укаларининг ўғли Ийс ибн Исҳоққа турмушга берганлар.

Исмоил алайҳиссалом, бир ривоятга кўра, 137 йил умр кўрганлар ва вафотларидан сўнг оналари Ҳожарнинг ёнларига, Каъба ҳижри, яъни ойсимон пойдевори ичига дафн қилинганлар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавоту саломлари бўлсин.

 

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМ

Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора онамиздан туғилган ўғилларидир. Иброҳим алайҳиссалом 99 ёшга, жуфтлари Сора ҳам катта ёшга етиб қолганида Аллоҳ таолонинг инояти ила Исҳоқ алайҳиссалом дунёга кслганлар. У зотнинг башоратлари ва сифатлари ҳақида Соффот сурасида қуйидагилар айтилган:

«Яна унга солиҳлардан бир набийнинг - Исҳоқнинг хушхабарини бердик» (112-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исҳоқ алайҳиссаломгa ота томон қариндошларнинг қизларидан уйланишни тайинлаган эканлар. Шунинг учун Исҳоқ алайҳиссалом амакиваччаларининг қизига уйландилар. Улар икки эгизак ўғил фарзанд кўришди: бири – Ийс, иккинчиси – Яъқуб. Исроил лақабини олган Яъқуб алайҳиссаломдан Бану Исроил тарқалди ва у зотнинг сулолаларидан бир неча пайғамбарлар чиқди.

У зот ўзлари яшаб ўтган Фаластин ва Шом ерларидаги канъонийларга пайғамбар бўлганлар.

Исҳоқ алайҳиссалом 180 ёшга кириб бу дунёни тарк этганлар. У зот оталари Иброҳим алайҳиссалом дафн қилинган Халил шаҳри яқинидаги ғорга дафн этилганлар.

 

ЯЪҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМ

Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. «Яъқуб»нинг маъноси «ортдан келувчи»дир.

Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаблари Исроил бўлган. Муҳаққиқ уламолар «Исроил» сўзи Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қули, бандаси) деган маънони англатишини айтадилар.

Яъқуб алайҳиссалом Фаластин ерларида дунёга келдилар. Оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг тарбияларини олиб ўсдилар.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга ўн икки ўғил ато қилди. Бу ўн икки ўғилнинг ҳар бири Бану Исроил асботидан бир «сибт»га ота бўлган. «Асбот» сўзи «сибт»нинг кўплик шакли бўлиб, «авлод» деган маънони билдиради.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломни Оли Имрон сурасида Исроил номи ила зикр қилган:

«Таврот тушишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол эди. «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт!» (93-оят).

«Исроил»дан мурод, аввал баён қилинганидек, Яъқуб алайҳиссаломдир. Ривоятларда келишича, Яъқуб алайҳиссалом оғир касал бўлиб ётганларида, агар Аллоҳ шифо берса, энг яхши кўрган таомларини – туя гўштини емаслик ва сутини ичмасликни назр қилган эканлар. Аллоҳ бу назрни қабул қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Бану Исроилдан содир бўлган гуноҳлар сабабли уларга иқоб-жазо суратида баъзи ҳайвонларни ҳамда мол билан қўйнинг чарвисини ҳаром қилди. Ҳолбуки, булар Таврот нозил бўлишидан олдин Бану Исроилга ҳалол эди.

Ушбу оятдан Яъқуб алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам таомларнинг ҳалол-ҳаромлиги, назр аташ каби ҳукмлар бўлганини билиб оламиз.

«Ислом» сўзида бўйсуниш, тоат, ихлос маънолари бор. Барча пайғамбарларнинг, жумладан, Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг набиралари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳам динлари Исломдир. Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломлар ўзлари мусулмон бўлишлари билан кифояланиб қолмадилар, балки ушбу Ислом динини маҳкам тутишни васият қилдилар. Ушбу васият Бақара сурасида келади:

«Иброҳим ўз ўғилларига ва Яъқуб ҳам: «Эй ўғилларим, Аллоҳ сизларга динни танлади, мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг», деб буни (миллатни) васият қилдилар» (132-оят).

Шундай экан, мусулмон бўлиб яшаб, мусулмон бўлиб ўлишга ҳаракат қилишдан бошқа йўл йўқ.

Ўғиллари Юсуф алайҳиссаломнинг йўқолишларидан қаттиқ куюнган Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари кўрмай қолганди. Ўғилларини топгандан сўнг кўзлари ҳам тузалди ва бар­ча оила аъзолари билан бирга Юсуф алайҳиссалом ҳукмдорлик қилаётган Мисрга келиб яшай бошладилар. Ўша пайтда Яъқуб алайҳиссалом 130 ёшда эдилар. У зот Мисрда ўн етти йил яшаганларидан кейин 147 ёшларида вафот этдилар. Яъқуб алайҳиссалом вафотларидан олдин Юсуф алайҳиссаломга ўзларини оталари Исҳоқ алайҳиссаломнинг ёнларига дафн этишларини васият қилган эдилар. У зот Фаластиннинг Халил шаҳридаги Макфила номли ғор ичига дафн қилиндилар.

 

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ

Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир:

«У каримдир, каримнинг ўғли бўлган каримнинг ўғлидир, Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир».

У зотнинг оналари Роҳила бинт Лобондир.

Юсуф алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғилларидан бири ва уларнинг ичидан чиққан ягона пайғамбардирлар.

Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғиллари Бинёмин ва Юсуфни бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўрар ва уларга кўпроқ меҳрибончилик кўрсатар эдилар, чунки икковларининг оналари Роҳила анча йиллар аввал вафот этиб кетган эди.

Юсуф алайҳиссаломнинг машҳур қиссаларининг қисқача баёни қуйидагилардан иборат:

Яъқуб алайҳиссаломнинг Юсуф алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари зиёда бўлгани сабабли ака-укалари у кишига нисбатан ҳасад қилиб яшар эдилар: Кунларнинг бирида улар укаларидан қутулиш чорасини ўйлаб топишди ва бу ишни амалга оширишга қарор қилишди. Оталари кичик Юсуфни ниҳоятда авайлар, ҳеч кимга ишонмас эдилар. Ле­кин ўша куни акалари Юсуфни ўзлари билан олиб кетиш учун ялиниб, қаттиқ туриб олишгач, улар билан бирга юборишга мажбур бўлдилар. Акалари Юсуфни Байтул мақдис заминидаги бир қудуққа ташлашди. Сўнг оталарининг олдига йиғлаган ҳолда қайтиб келишди. «Биз ўйинга берилиб, ғафлатда қолибмиз, Юсуфни бўри еб кетибди», деган ёлғон гапларни гапириб, бу гапларига ашёвий далил сифатида Юсуфнинг қонга бўялган кўйлагини кўрсатишди.

Шомдан Миср сари йўлга чиққан карвондагилар ўша ердан ўтиб кетаётиб, Юсуф алайҳиссаломни кўриб қолишди. У кишини қудуқдан чиқариб олиб, ўзлари билан бирга Мисрга олиб кетишди ва у ерда Юсуф алайҳиссаломни Миср азизи (бош вазири) сотиб олиб, тарбия қилди. Юсуф алайҳиссалом ниҳоятда гўзал ва кўркам йигит бўлиб вояга етдилар.

Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлиб қолган бош вазирнинг аёли кунларнинг бирида у зотни зинога таклиф қилди. Юсуф алайҳиссалом бош тортган эдилар, аёл «У мендан фаҳш ишни истади», дея бўҳтон тўқиди. Ҳакам чақирилиб, Юсуф алайҳиссаломнинг содиқликлари, аёлнинг ёлғончилиги исботланди. Ҳамма бунга ишониб, қаноат ҳосил қилди. Аммо шундай бўлса ҳам, Юсуф алайҳиссалом зиндонга ташландилар. У киши қамоқда бир неча йил қолиб кетдилар. Сўнг подшоҳнинг етти йиллик қаҳатчилик ҳақидаги кўрган туши, Юсуф алайҳиссаломнинг бу тушни оқилона таъбир қилиб беришлари, бош вазирнинг хотини ўз айбига иқрор бўлиши у кишининг қамоқдан озод қилинишларига сабаб бўлди.

Подшоҳ Юсуф алайҳиссаломда ишларни идора қилиш қобилияти борлигини билиб, у кишини хазинага ва давлатнинг баъзи ишларига раҳбар қилиб қўйди. Юсуф алайҳиссалом бошларига тушган қийинчиликларга, қамоқ ва туҳматларга қарамай, яхши амалларни қилаверганларининг мукофоти ўлароқ, улкан мақомга эришиб, омонат (ишончлилик) билан кўпчилик манфаати йўлида хизматларини давом эттириб бордилар. Юсуф алайҳиссалом қўшни юртлардаги етти йил давом этган очарчилик пайтида у ерларга буғдой сотар эди­лар. Бу эса ўша пайтда Миср ерлари унумдор ерлар бўлгани, Миср халқи фаровон ҳаёт кечирганига далолат қилади.

Юсуф алайҳиссаломнинг тадбиркорликлари ва Аллоҳ берган имкониятларни ишга солишлари туфайли Миср аҳли бу қаҳатчиликдан катта зарар кўрмади. Ҳатто бошқа ўлкалар-да яшовчи халқлар улардан озиқ-овқат борасида ёрдам сўраб ксла бошлашди. Мисрда озиқ-овқат сероблигини эшитиб, Юсуф алайҳиссаломнинг оға-инилари ҳам бу ерга келишди. Юсуф алайҳиссалом уларни кўрган заҳоти таниб, ўзига яраша муомала қилдилар, лекин оға-инилар у кишини танишмади. Юсуф алайҳиссалом уларга буғдой сотар эканлар, янаги сафар келишларида укаларини ҳам бирга олиб келишларини талаб қилдилар. Акалар қайтиб бориб, Яъқуб алайҳиссаломга хабар беришган эди, у киши болани уларга қўшиб юборишдан бош тортдилар. Лекин ўғиллар қаттиқ туриб олишгач, рухсат бердилар. Улар яна Мисрга бориб, дон сотиб олишди. Қайтиб кетаётганларида подшоҳнинг сув идишини ўғирлаганликда айбланиб, йўллари тўсилди. Идишни излаб, Бинёминнинг юклари ичидан топиб олишди ва Юсуф алайҳиссалом уни олиб қолдилар. Бу ишларнинг барчаси аввалдан ўйланган тадбир асосида бўлаётган эди. Акалар қайтиб бориб, оталарига хабарни етказишди. У зот алайҳиссалом қаттиқ куюнганларидан кўзлари кўрмай қолди.

Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига Юсуфни ва унинг укасини излаб топишни буюрдилар. Ўғиллар яна йўлга чиқиб, учинчи бор Мисрга келишди ва Юсуф алайҳиссаломга учрадилар. Бу сафар Юсуф алайҳиссалом ўзларини танитиб, уларни афв қилдилар ва қайтиб бориб оталарини, аҳли аёли, фарзандлар – ҳаммаларини олиб келишларини талаб қилдилар. Шу тариқа Бану Исроил – яҳудийлар Мисрга кўчиб ўтишди.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримнинг Юсуф сурасида батафсил зикр қилинган.

Юсуф сураси битта қисса бошидан охиригача тўлиқ, бошқа мавзулар аралашмаган ҳолда ҳикоя қилинган ягона сурадир. Фақат қисса тамом бўлганидан кейин суранинг охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган оятлар келади.

Бу сурада бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларга тегишли ҳолатларга эътибор қаратилган.

Бу сурада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам. У бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳатдан иборат. Аллоҳ таолонинг ваҳий қилиб юборган илоҳий китобида келган ушбу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодатдир.

Юсуф алайҳиссалом тахминан 110 йил умр кўрдилар.

 

ЎША ДАВРДАГИ БАЪЗИ ТАМАДДУНЛАР

Мазкур даврда Шом диёрига Ироқдан ва Арабистон яриморолидан кўплаб ҳижратлар бўлиб ўтди. Муҳожирлар турли унумдор минтақаларга тарқалиб кетишди. Шимолий минтақаларда Аммурийя давлати тикланди. У Ўрта ер денгизи соҳилларида эса Финикия давлати, Фаластин ва унинг атрофларида Канъон давлати ташкил топди. Бу давлатларнинг халқлари Аллоҳга ширк келтирган, бутларга ибодат қилувчи қавмлар эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кўпгина пайғамбарлар юборишига қарамай, улар пайғамбарларни ёлғончига чиқаришда ва куфрда тобора ҳаддан ошишди.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ШОМ ДИЁРИДАН ЧИҚҚАН НАБИЙЛАР:

Айюб алайҳиссалом;

Зулкифл алайҳиссалом;

Илёс алайҳиссалом;

Ал-Ясаъ алайҳиссалом;

Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом;

Ҳизқил (Ҳизқиёл) алайҳиссалом;

Шамвил алайҳиссалом;

 

[1] Минтақ – тананинг пастки қисмига ўраладиган изорга ўхшаш кийим. У аввалда худди хизмат вақтида кийиладиган пешбанд сингари аёллар кийими бўлган. Ҳожар онамиз Сора онамизнинг рашкини пасайтириш мақсадида ўзини унинг хизматига шай қилиб кўрсатиш, ўзини унинг олдида хизматкордек тутиш учун ҳам минтақ туган.

[2] Журҳум - қадимий араб сулолаларидан бири. Улар асли яманлик бўлишган.

[3] Кадо – Макканинг юқори томонидаги тоғ. Баъзан мазкур довоннинг ўзи ҳам шу ном билан аталган.

10060 марта ўқилди
Мавзулар
Top