Кутубхона

ҲИКМАТЛАР СОҲИБИ ҲАҚИДА

биринчи васият

 

ҲИКМАТЛАР СОҲИБИ ҲАҚИДА

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Мен қиёмат қойим бўлган кунда Одам фарзандларининг энг улуғиман, (бу билан) фахрланмайман, икки қўлимда ҳамду сано байроғи юқори кўтарилган бўлади, (бу билан ҳам) фахрланмайман, ана шу кунда Одамдан бошлаб барча пайғамбарлар менинг байроғим остига жамланишгай ва қабри биринчи очиладиган ҳам, биринчи шафоат қилувчи ҳам ва биринчи шафоати қабул қилинадиган ҳам мен бўламан (булар билан фахрланмайман)” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунё аввалидан бошлаб афзал ва улуғ банда экани айтилмоқда. Қиёмат кунида Одам болаларининг саййидиман, дейишлари ҳам у зотнинг нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам башариятнинг саййиди бўлишларини ҳадисда зикр қилмоқдалар.

Қиёмат кунида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида ҳамд байроғи бўлиши ҳадисда таъкидланмоқда. Бу эса, “Мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади”, деганидир.

Бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фахрланиш ёки мақтаниш учун айтаётганлари йўқ, балки ҳақиқат шудир. Бу эса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёмат кунида энг улуғ ва шарафли банда эканликларини кўрсатади.

Ҳадис давомида “Қабри биринчи очиладиган ҳам менман”, дедилар. Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан биринчи тирилтириладиган зот уларнинг энг афзали экани билинади. Мана шу улуғ зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дир. Бу сўзларнинг ҳеч бирида ғурур ва кибр бўлиши мумкин эмас. Чунки Қуръони каримда у зотнинг ҳаводан олиб гапирмаслиги собит бўлган.

Абдуллоҳ ибн Аббос (Аллоҳ улардан рози бўлсин) айтади: «Бир кун Расулуллоҳ (алайҳиссалом) саҳобалар пайғамбарларнинг қай бири афзаллиги ҳақида баҳслашаётганларини эшитиб қолдилар ва айтдилар:

“Мен сизларнинг баҳсингизни эшитдим... Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг дўсти, бу тўғри, Мусо Аллоҳнинг сирдоши, бу ҳам тўғри, Исо Руҳуллоҳ ва Аллоҳнинг калимаси, бу ҳам тўғри, Одам Аллоҳнинг ердаги халифаси, бу ҳам тўғри. Лекин эй саҳобаларим! Билинглар, мен Аллоҳнинг (улардан кўра) энг суюклигиман, (аммо) фахрланмайман, қиёмат кунида ҳамду сано байроғини баланд кўтарган мен бўламан, (аммо) фахрланмайман ва мен қиёмат куни биринчи бўлиб шафоат қилувчи ва биринчи бўлиб шафоати қабул қилинадиган кишиман, (аммо) фахрланмайман, жаннат эшигини биринчи қоқадиган менман, шунда мен учун Аллоҳ таоло жаннат эшигини очади ва мени жаннатга дохил қилади, мен билан мўминларнинг фақирлари бирга (киради), (аммо) фахрланмайман, аввалгилар ва охиргиларнинг барчасини энг мукаррами ўзимман, (аммо бунга ҳам) фахрланмайман” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбарларнинг бир-бирларидан фазлли эканини Аллоҳ таолонинг ўзи хабар берган. Бу ҳақда:

۞تِلۡكَ ٱلرُّسُلُ فَضَّلۡنَا بَعۡضَهُمۡ عَلَىٰ بَعۡضٖۘ مِّنۡهُم مَّن كَلَّمَ ٱللَّهُۖ وَرَفَعَ بَعۡضَهُمۡ دَرَجَٰتٖۚ وَءَاتَيۡنَا عِيسَى ٱبۡنَ مَرۡيَمَ ٱلۡبَيِّنَٰتِ وَأَيَّدۡنَٰهُ بِرُوحِ ٱلۡقُدُسِۗ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَا ٱقۡتَتَلَ ٱلَّذِينَ مِنۢ بَعۡدِهِم مِّنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَتۡهُمُ ٱلۡبَيِّنَٰتُ وَلَٰكِنِ ٱخۡتَلَفُواْ فَمِنۡهُم مَّنۡ ءَامَنَ وَمِنۡهُم مَّن كَفَرَۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَا ٱقۡتَتَلُواْ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ يَفۡعَلُ مَا يُرِيدُ

«Ўша пайғамбарларнинг баъзиларидан баъзиларини афзал этдик. Улар ичида (Мусо каби) Аллоҳ (у билан) гаплашгани ва (Муҳаммад каби) даражасини (бошқа пайғамбарлардан) юқори қилгани бор. Марямнинг ўғли Исога мўъжизалар бердик ва уни Руҳул Қудус (Жаброил) билан қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида эди, (одамлар) пайғамбарлар (юборилгани)дан кейин, уларга ҳужжатлар келгач (ўзаро) уришишмаган бўлур эди. Аммо улар ихтилоф қилди. Улар орасида имон келтирганлари ҳам, куфрга кетганлари ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, (улар) уришишмаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилур» (Бақара, 253-оят).

Ояти каримадан маълум бўлади, баъзи пайғамбарлар баъзиларидан афзалдир. Уларнинг фазллари ўзларининг муҳитларига қараб турлича бўлади. Масалан, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматларга ва барча авлодларга юборилгандир.

Ояти карима тўғридан-тўғри Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр этилмади. Пайғамбарлар ичида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га назар соладиган бўлсак, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг олий даражада турадилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарлиги бошқа пайғамбарларга ўхшаб бир миллат, бир авлод ёки бир наслга эмас, балки барча миллатларга, барча авлодларга ва барча наслларга тегишли бўлиб, бу рисолат қиёмат кунига қадар давом этади.

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у зотдан кейин ваҳий келмайди. Шунинг учун ҳам у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолати ўзидан олдинги барча дин ва рисолатни мансух қилади.

Аллоҳнинг салавоти ва саломи сизга бўлсин, эй Саййидимиз, эй Расулуллоҳ!

Аллоҳ таоло айтди:

مَا ضَلَّ صَاحِبُكُمۡ وَمَا غَوَىٰ

«Сизларнинг (суҳбатдош) биродарингиз залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ» (Нажм, 2).

Маккаликлар, Қурайш аҳли ўзларининг биродарлари Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган динни, бутун инсониятга то қиёматга қадар турадиган ҳақ динни қатъиян рад этибгина қолмай, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни “адашган ва ақлдан озган мажнун” дея айблади. Уларнинг бундай айбловларига Ҳақ таоло: “Йўқ, у Муҳаммад адашган эмас, эс-ҳушидан айрилиб қолгани ҳам йўқ, у тўғри йўлда, балки ўзларинг залолатда юрган, ҳақ ноҳақни ажрата олмайдиган жоҳилу нодонсиз”, дея жавоб беради юқоридаги ояти каримада.

Аллоҳ таоло: «(Яна у Қуръонни) хом-хаёлдан олиб сўзлаётгани йўқ» дея, тилингиз (сўзингиз)ни поклади.

Пайғамбар (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло ва унинг шариати ҳақида ёки охират билан боғлиқ воқеалар ҳақида нима деган бўлсалар, албатта, ҳақни гапирганлар, чунки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ичларидан тўқиб эмас, балки Аллоҳ берган илм билан сўзлаганлар.

عَلَّمَهُۥ شَدِيدُ ٱلۡقُوَىٰ

«Унга (тиловатни) мустаҳкам қувватга эга бўлмиш зот (Жаброил) таълим берди» дея (Нажм, 5) суҳбатдошингизни поклади:

Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суҳбатдошлари, Қуръон илмини ўргатадиган муаллимлари Жаброил (алайҳиссалом) эдилар. Аллоҳ таоло Ўзи билан Пайғамбар (алайҳиссалом) ўртасида элчилик қилишдек буюк вазифани адо этишни соҳиби қудрат дея сифатлаган Жаброил исмли машҳур фариштага юклаган эди.

Ва кўнглингизни улуғлади:

مَا كَذَبَ ٱلۡفُؤَادُ مَا رَأَىٰٓ

«Кўрган нарсасида қалби ёлғончи бўлмади» (Кўзи билан Жаброилни ёки қалби билан Аллоҳни кўрди) (Нажм, 11).

Яъни, Жаброил (алайҳиссалом)ни асл суратида кўриб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгиллари ҳам қаноатланди ва у Аллоҳ таоло томонидан тайин қилинган вакил, элчи эканига ишондилар. Ёки Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърож кечасида ғайб оламининг кўпгина сир-асрорига шоҳид бўлдилар, кўзлари билан кўрдилар. Шу кўрган нарсаларга чин қалбларидан ишондилар, уларнинг ҳақлигига заррача ҳам шубҳаланмадилар.

Ва кўзингизни ҳам поклади:

مَا زَاغَ ٱلۡبَصَرُ وَمَا طَغَىٰ

«(Пайғамбарнинг) кўзи (четга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ» (Нажм, 17). Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърож кечасида чексиз олам, илоҳий даргоҳга чиққанларида фақат Аллоҳ таоло изн берган нарсаларгагина қарадилар.

Ҳар бир нарсани кузатиб, билиб тургувчи Алим Зот Аллоҳ таоло бу ҳолатни билди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг камтарона кўз қарашларини кўрди ва албатта, биз уммати Муҳаммадияга бунинг хабарини берди.

Ва қалбингизни поклади:

أَلَمۡ نَشۡرَحۡ لَكَ صَدۡرَكَ

«(Эй Муҳаммад!) Кўксингизни (илму ҳикматга) кенг очиб қўймадикми?!» (Шарҳ, 1).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га берган неъматларидан бирини эслатиб айтади, биз сизнинг кўнглингизни шу даражада кенг қилиб қўйдикки, у барча маънавият, улкан ҳидоятни ичига сиғдира олди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўнгиллари бамисоли ҳикмат булоғи эди.

Ва хулқингизни поклади:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٖ

«Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам, 4).

Аллоҳ таоло ушбу муқаддас хитоби билан Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом) нақадар чиройли, гўзал ахлоқ эгаси эканларини таъкидламоқда.

Бу ояти каримани шарҳлаб Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида бундай деган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта, осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон ўч олмаганлар. Магар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун интиқом олганлар”».

Ойша Онамиз (розияллоҳу анҳо)дан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хулқлари ҳақида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берган, яъни Муҳаммад (алайҳиссалом) Қуръондаги барча олий хулқлар билан хулқланганлар, яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирган эдилар.

Аллоҳ таолонинг юқоридаги ояти каримаси у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун катта баҳодир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ لِّمَن كَانَ يَرۡجُواْ ٱللَّهَ وَٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا

«(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).

Эй Саййидимиз, Набийимиз! Исро кечасида барча пайғамбарларга имом бўлдингиз, Байтул Мақдис (Қуддуси шариф)да бўлган пайтингизда сизга ва умматларингизга Аллоҳнинг берган неъматларини сўзлаб, (қуйидагича) енгил хутба қилдингиз:

“Аллоҳга ҳамд бўлсин, мени оламлар учун раҳмат қилиб юборди, барча одамлар учун (жаннатдан хабар бериб) севинтирувчи, (дўзахдан) огоҳ қилувчи этиб юборди, (Аллоҳ менга) ҳар бир нарса ҳақида тушунчани ўз ичига олган Қуръони каримни нозил қилди ва умматимни ўрта уммат қилди, умматимни (қиёмат кунида) аввалги уммат, (фоний дунёда эса) охирги уммат қилди ва менинг кўксимни (имон-эътиқод учун) кенг қилиб қўйди, оғир юкимни енгиллатди, номимни баланд қилди, мени (охиратда жаннатни) очувчи (дунёда пайғамбарликка) якун ясовчи қилди”.

Энг покиза ва улуғ салавот-саломлар сизга, аҳли байтингизга ва саҳобаи киромларингизга бўлсин, ё Расулуллоҳ!

 

БИРИНЧИ ВАСИЯТ

عن الحارث الأشعري رضي الله عنه أن رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال: إن الله تبارك وتعالى أمر يحيى بنَ زكريا بخمس كلمات أن يعملَ بها ويأمرَ بني إسرائيل أن يعملوا بها وإنه كاد أن يُبطِئ بها فقال له عيسى: “إن الله أمرك بخمس كلمات أن تعملَ بها وتأمر بني إسرائيل أن يعملوا بها فإما أن تأمرَهم وإما أن آمرَهمفقال يحيى: “أخْشَى إن سبقتني بها أن يُخْسَفَ بي أو أُعَذّبفَجَمَع الناسَ في بيت المقدس فامتلأ المسجدُ وقعدوا على الشُّرَف فقال: «إن الله أمرني بخمس كلمات أن أعملَ بهنَّ وآمرَكم أن تعملوا بهنَّ، أوَّلُهنَّ: أن تعبُدوا الله ولا تشرِكوا به شيئا فإنَّ مَثَل مَنْ أشرك بالله شيئا كمثلِ رجل اشترى عبدا من خالص ماله بذهب أو وَرِق فقال: “هذه داري وهذا عملي فاعملْ وأدِّ إليَّفكان يعمل ويؤدِّي إلى غير سيده فأيُّكم يرضى أن يكون عبدُه كذلك؟! وإن الله أمرَكم بالصلاة فإذا صلَّيتُم فلا تلتفتوا فإنَّ الله يَنْصِب وجهه لوجه عبده في صلاته ما لم يلتفتْ وآمرُكم بالصيام فإنَّ مَثَل ذلك كمثل رجل في عصابة معه صُرَّة فيها مِسك كلهم يعجبأو يعجبهريحها وإنَّ ريح الصائم أطيب عند الله من ريح المسك وآمرُكم بالصدَقةِ فإن مَثَلَ ذلك كمثلِ رجل أسَره العدوُّ فأوثقوا يديه إلى عنقه وقَدَّمُوه ليضربوا عنقهفقال: “أنا أفْدِي نفسي منكم بالقليل والكثير ففَدَى نَفْسَه منهم وآمرُكم أن تَذْكروا الله فإن مَثَل ذلك كمثل رجل خرج العدوُّ في أثره سِراعا حتى إذا أتى على حِصْن حصين أحرز نفسه منهم وكذلك العبدُ لا يُحْرِزُ نفسه من الشيطان إلا بِذِكر الله» وقال رسولُ الله صلى الله عليه وسلم :”وأنا آمركم بخمس الله أمرني بِهِنَّ: السمعُ والطاعةُ والجهادُ والهجرةُ والجماعة فإنه من فارق الجماعة قِيْدَ شِبْر فقد خَلَعَ رِبْقَةَ الإسلام من عُنُقِهِ إلا أن يُراجِعَ ومن دعا دعوى الجاهلية فإنه من جُثَى جهنمفقال رجل:”يا رسول الله وإن صام وإن صلَّى؟قال: “وإن صام وإن صلَّى فادْعوا بدعوى الله التي سماكم المؤمنين عبادَ الله) الترمذى وابن خزيمة وابن حبان والحاكم والنسائى وأبو يعلى(

Ҳорис Ашъарий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Закариё (алайҳиссалом) ўғли Яҳё (алайҳиссалом)га беш нарсага амал қилишни ва Бани Исроилни ҳам шу беш нарсага амал қилишга чақиришни буюрди. Яҳё (алайҳиссалом) бу ишни сал ортга сургандек бўлганди, Исо (алайҳиссалом) у зотга: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сизни беш нарсага амал қилишга ва Бани Исроилни ҳам шу беш нарсага амал қилишга чақиришингизга буюрди, буни уларга сиз буюрасиз ёки мен буюраман”, деди. Яҳё (алайҳиссалом): “(Йўқ,) Агар (мен қолиб) уларни бунга сиз буюрсангиз, мени ерга юттириб юборишидан ёки бирор азобга гирифтор қилишидан қўрқаман”, деб, одамларни Байтул Мақдисга тўплади, масжид одамларга лиқ тўлди ва ҳатто одамлар айвонга ҳам ўтирди. Яҳё (алайҳиссалом) Аллоҳга ҳамд-санодан сўнг: “Аллоҳ таоло мени беш нарсага амал қилишга ва сизларни ҳам шу беш нарсага даъват этишимни буюрди. Улардан биринчиси ёлғиз Аллоҳга, Унга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қилмоқлигингиз, чунки Аллоҳга ширк келтирган кишининг мисоли, бир киши мисолидек, у киши ҳалол топган олтин ёки кумуш эвазига бир қул сотиб олди ва айтди: Бу менинг ерим, мана бу қиладиган ишим, энди буни сен қил ва ҳаққини менга бер. Бу қул шу ишни қилиб, фойдасини хожасига эмас, бировга берса, қай бирингиз қулини шундай қилишига рози бўласиз, албатта, норози бўласиз. Бас, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинг, Унга ҳеч нарсани шерик қилманг!

Яна, Аллоҳ сизларни намоз ўқишга буюрди, агар намоз ўқисангиз (ўнг ёки чапга) юзингизни бурманг, чунки банда намоз ўқиган пайтда юзини бурмаса, Аллоҳ унга юзланиб туради.

Аллоҳ сизларни рўза тутишга буюрди. Бунинг мисоли шуки, бир киши бир жамоа ичида кетяпти, унинг мушк-анбар тўла ҳамёни бор. Барча унинг ҳидидан баҳра олишни истайди. Албатта (билингларки), рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ наздида мушк-анбардан ҳам хушбўйроқ.

Яна, Аллоҳ сизларни (молларингиздан) садақа беришга буюрди, чунки бунинг мисоли бир киши мисолидек, уни душман асирга олиб, икки қўлини гарданига боғлаб, бошини танасидан жудо қилмоқчи бўлиб турганда, у бор будини уларга бериб, жонини қутқариб қолди.

Аллоҳ сизларни зикрга, яъни Аллоҳни кўп эслашга буюрди, бунинг мисоли бир киши мисолидек, уни даҳшатли душман изма-из қувиб бораётганда у мустаҳкам бир қўрғонга яшириниб олади-да, жонини сақлаб қолади. Худди шунга ўхшаб киши ўзини шайтон ёмонлигидан Аллоҳни эслаш билан сақлаб қолади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мен ҳам сизларни (эй саҳобаларим), Аллоҳ менга буюрган беш нарсага буюраман: эшитиш ва итоат этишга, ўз нафсига жиҳод қилишга ва ҳижрат қилишга (яъни, гуноҳ ва маъсият ишлардан савоб ва маъруф ишларга юзланишга) ва жамоат (кўпчилик)ни лозим тутишга. Чунки ким жамоатдан бир қарич узоқлашса (ажралса), токи яна (Исломга) қайтгунича гарданидаги Ислом арқонини улоқтирибди (яъни, мусулмонликдан чиқибди). Ким жоҳилият (яъни Исломга зид) иддаосини қилса, бас, у жаҳаннам ўтида (ёнади)”.

Бир киши (Расулуллоҳдан) сўради: “Рўза тутса ва намоз ўқиса ҳамми, ё Расулуллоҳ?” Ул зот жавоб бердилар: “Ҳа! Гарчи рўза тутиб, намоз ўқиса ҳам. Шунинг учун, ё Аллоҳ бандалари, сизларни “мўмин ва мусулмонлар” деб номлаган Аллоҳнинг даъватини (яъни Каломини ва ундаги даъватларини) ҳақ деб билинглар!” (Имом Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Насоий ва Абу Яъло ривояти).

Ҳадиси шарифда айтилган Яҳё (алайҳиссалом) Қуръони каримда зикри келган йигирма бешта пайғамбардан бири бўлиб, Закариё (алайҳиссалом)нинг ўғлидир. Закариё (алайҳиссалом) кекса ёшга етганда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан покиза зурриёт тилаб:

هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُۥۖ قَالَ رَبِّ هَبۡ لِي مِن لَّدُنكَ ذُرِّيَّةٗ طَيِّبَةًۖ إِنَّكَ سَمِيعُ ٱلدُّعَآءِ

«Раббим, менга (ҳам) Ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан» (Оли Имрон, 38), деб айтган дуосини ижобат қилди.

يَٰزَكَرِيَّآ إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَٰمٍ ٱسۡمُهُۥ يَحۡيَىٰ لَمۡ نَجۡعَل لَّهُۥ مِن قَبۡلُ سَمِيّٗا٧

«(Аллоҳ айтди): “Эй Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор кимсани ҳамном қилган эмасмиз”» (Марям, 7).

Аллоҳ таоло Закариё (алайҳиссалом)га кутганидан ҳам ортиқроқ ўғилни берди. Раббисига тақво қиладиган, ота-онасига меҳрибон, гапини икки қилмайдиган итоаткор, жисмонан ва маънан покиза бўлган зурриёт берди. Ҳатто унга Аллоҳнинг ўзи олдин ҳеч кимга қўйилмаган Яҳё деган исмни қўйиб берди. Яратганнинг суюкли бандаси улуғ марҳаматларга сазовор бўлган Яҳё (алайҳиссалом)га кичиклигидаёқ илоҳий ваҳий келди:

يَٰيَحۡيَىٰ خُذِ ٱلۡكِتَٰبَ بِقُوَّةٖۖ وَءَاتَيۡنَٰهُ ٱلۡحُكۡمَ صَبِيّٗا١٢

«(Биз унга): “Эй Яҳё! Китоб (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик» (Марям, 12).

Яҳё (алайҳиссалом) ҳам отаси Закариё (алайҳиссалом) каби Бани Исроилга пайғамбар қилинди ва уларни ҳидоятга чақира бошлади, уларга диний таълим, ҳалол-ҳаром, тўғри-нотўғри амалларни баён қилди.

Ҳадиси шарифда айтилганидек, у киши Исо (алайҳиссалом) билан замондош бўлган (бир ривоятда Исодан икки ёш катта бўлгани айтилади). Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, солиҳ уч пайғамбар бир вақтда яшаб ўтган ва Бани Исроил қавмини Аллоҳ таолодан қўрқишга, ёлғиз Унгагина ибодат қилишга даъват этган:

وَمَآ أَرۡسَلۡنَا مِن قَبۡلِكَ مِن رَّسُولٍ إِلَّا نُوحِيٓ إِلَيۡهِ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّآ أَنَا۠ فَٱعۡبُدُونِ٢٥

«(Эй Муҳаммад!) Биз сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилинг!” деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё, 25).

Шундай даъватларидан бири ҳақида сарвари коинот Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бизларга хабар бердилар. Яҳё (алайҳиссалом) Бани Исроил қавмини беш нарсага қаттиқ амал қилишга чақирди. Энг биринчиси тавҳидга: Аллоҳни якка-ягона деб ишониш, Унга ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка даъват этди. Чиндан ҳам барча анбиёлар ва илоҳий китобларнинг бош ғояси тавҳидга қаратилган.

Шунинг учун мусулмонлар Раббисини якка деб ишонганидан, Унга бандалик даъво қилганидан кейин ҳақиқий маънодаги обид бўлмоғи ва имону ишончини амал ва Унга қуллик қилиш билан исботламоғи лозим!

Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ٥٦

«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Бу ояти карима Аллоҳнинг бандаларини яратишдан мақсади не эканини аниқ баён қилди. Демак, бу дунёга келган ҳар бир инсоннинг вазифаси, бандалик бурчи ягона Раббисига сиғинишдир. Араб тилида “абд” ва “ибодат” сўзлари ўзакдош бўлиб, “ибодат қилиш” маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, банда бу Яратувчисига ибодат қилиши керак ва лозимдир. Яратилишдан асосий мақсад ҳам шу. Инсон ибодат қилиш орқали хотиржам бўлади, қалби таскин топади.

Яна Нисо сурасида бундай дейилади:

۞وَٱعۡبُدُواْ ٱللَّهَ وَلَا تُشۡرِكُواْ بِهِۦ شَيۡ‍ٔٗاۖ ٣٦

«Фақат Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг» (Нисо, 36).

Яъни, Аллоҳ таоло бандаларини Унга ҳеч нарсани шерик қилмай, ёлғиз Ўзигагина ибодат қилиш учунгина яратиши бизга ёки ибодатимизга муҳтожлигидан эмас, балки ким ибодат қилса, ўзи учун қилади.

۞وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُ ٢٣

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди» (Исро, 23).

Қуръони каримда Аллоҳ таоло кўрсатиб қўйган йўл билан Унинг Ўзигагина ибодат қилиш ва Ундан бошқани илоҳ деб билмаслик керак. Зеро, ҳидоят ва ибодат учун энг тўғри йўл Унинг йўлидир. Шунинг учун ҳам мўмин киши ҳар кунги намозларида 32 марта Аллоҳдан тўғри йўлни сўрайди. Буни ҳам Аллоҳнинг Ўзи бандаларига кўрсатиб берган:

إِيَّاكَ نَعۡبُدُ وَإِيَّاكَ نَسۡتَعِينُ٥

«Бизни тўғри йўлга йўллагин» (Фотиҳа, 5).

وَإِنَّ ٱللَّهَ رَبِّي وَرَبُّكُمۡ فَٱعۡبُدُوهُۚ هَٰذَا صِرَٰطٞ مُّسۡتَقِيمٞ٣٦

«(Исо айтди): “Албатта, Аллоҳ Раббим ва Раббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг! Мана шу тўғри йўлдир”» (Марям, 36).

Бундан бошқа ҳар қандай йўл залолат ва гумроҳликдир.

رَّبُّ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَمَا بَيۡنَهُمَا فَٱعۡبُدۡهُ وَٱصۡطَبِرۡ لِعِبَٰدَتِهِۦۚ هَلۡ تَعۡلَمُ لَهُۥ سَمِيّٗا٦٥

«(У) осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг мураббийсидир. Бас, унга ибодат қилинг ва ибодатига тоқатли бўлинг! Унга тенг бирор зотни билурмисиз?!» (Марям, 65)

Аллоҳ таоло осмонлар ва Ернинг Раббисидир. Осмонлар ва Ер орасидаги нарсаларнинг Раббисидир. Аллоҳ таоло билмайдиган ёки Унинг илмидан четда қоладиган бирор нарса йўқдир. У ҳар нарсага қодирдир. Шундай экан, фақатгина Унга ибодат қилишимиз керак.

Исломда ибодат фақат баъзи бир шахсий руҳий уринишлар, зикр, тиловат, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби амаллар билан чекланиб қолмайди. Балки инсоннинг бутун ҳаёти, турмуш тарзи ва ҳаракати, юриш-туриши, нияти, тирикчилиги – буларнинг барчаси ибодат ҳисобланади. Аллоҳга ибодат қилиш эса, инсоннинг ҳаёти Аллоҳнинг кўрсатмаларига мувофиқ кечиши йўлидаги уринишидир.

Бу ҳаракатлар, албатта, осон кечмайди. Ҳар бир каттаю кичик амалларни Аллоҳнинг хоҳишига муносиб тарзда адо этиш учун куч-ғайрат ва саъй-ҳаракат лозим. Бу нарсаларни йўлга қўйиб олгандан кейин доимий амалга ошириш талаб этилади.

Бир ҳадиси шарифда: “Оз бўлса-да, доимий қилинадиган амаллар Аллоҳга севимлидир”, дейилади.

Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй одам боласи! Ҳар хил ишларингни ташла, хотиржам менга ибодат қил. (Шунда) мен кўнглингни тўқ, қалбингни бой қилиб, фақирлигингни кетказурман, шундай қилмасанг, кўнглингни турли хил ғаму ташвишлар билан тўлдириб, фақирликка ташлайман”» (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Дунёда энг улкан хазина, бахт келтирадиган бойлик нима? Бу, кишининг бутун ички вужуди билан доим хотиржам ҳолда кўнгли тўқлигидир. Одам фарзанди бундай хазинага тоат-ибодат отига миниб етади, акс ҳолда, ибодатсиз ички ҳаловатни бой беради, молу дунёси бўлса-да тўймайди, кўнгли оч, бой бўла туриб, кўзига фақирлик кўринаверади. Натижада, ундан қочишга уринаверади, ибодат қилишга вақти бўлмайди, фақирликдан қочиб, умр неъматини ҳам қочириб юборади, оқибатда бой бўлади, бироқ бой бўлса-да, маънан ва руҳан қашшоқ қолган бўлади.

Оч қолган руҳининг озуқаси тоат-ибодат, эзгу амаллар, бировларга қилинадиган хайрли ишлардан иборат.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Ширкдан ҳазар!

Намоз – мўъминнинг меърожи;

3296 марта ўқилди
Top