Кутубхона

Ислом тарихи: ЗАКАРИЁ, ЯҲЁ ВА ИЙСО АЛАЙҲИМУССАЛОМ

БАЙТУЛ МАҚДИСНИНГ ХАРОБ БЎЛИШИ

Аллоҳ таоло Бану Исроилга Бобил подшоҳларидан бири Бухганассор II ни ҳукмрон қилиб қўйди. Бухтанассор II бу даврда Байтул мақдисни бузди, Бану Исроилни қириб, ҳар тарафга тирқиратиб ташлади. Ана шу вақтдан бошлаб Бану Исроил ер юзида ҳар тарафга тарқалиб кетди. Улар Ҳижоз, Миср ва бошқа жойларда истиқомат қилишди. Ундан ке­йин форсликлар калдонийларни йўқотиб, Шом ва Мисрни эгаллаб олишди.

 

ЕВРОПА ТАМАДДУНИНИНГ БОШЛАНИШИ

Одамлар Шом ўлкасидан кўчиб, Онадўли вилояти томон юзландилар. Европанинг жанубий тарафларига бориб, Ўрта ер денгизи қирғоқларига жойлашдилар. Сўнг Шимолий Европа томонларга ҳижрат қилиш бошланиб, у ерларда ҳам ободончилик ишлари йўлга қўйилди. Мисол учун, Болқон яримороли ва Италия диёрларида кучли ҳукуматлар барпо этилди. Мазкур ҳукуматлардан бири Иғриқ (қадимги грек, юнон) тамаддуни бўлди. Кейинроқ румликлар тамаддунига ҳам асос солинди.

 

БАНУ ИСРОИЛ ТАРИХИНИНГ ДАВОМИ

Бухтанассор II нинг ўлимидан сўнг калдонийлар заиф­лашди. Бану Исроил Байтул мақдисга қайтиб, уни обод қилишди, лекин заифҳолликларича қолишди. Улар пайғамбарларини ёлғончига чиқарар, уларни қатл қилар, халқ орасида мункар иш кенг тарқалган эди. Натижада форсларга бўйин эгиб, уларнинг олдида хору зор бўлиб яшашди. Сўнг иғриқийларга, кейинчалик румонийларга бўйсуниб, хорликда ўтишди.

 

ЗАКАРИЁ АЛАЙҲИССАЛОМ

Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлиб, Бану Исроилнинг набийларидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотни бефарзандлик билан синаган эди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмадилар. Ўзлари ва жуфтларининг ёшлари ўтиб қолган бўлса ҳам, сабр ила Аллоҳдан фарзанд сўрайвердилар.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«...ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди. Бас, уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (89-90-оятлар).

Яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонаси хизматларини қилиш шу авлодга насиб этган бўлиб, Закариё алайҳиссалом ўз даврларида ушбу ибодатхонанинг бошлиғи бўлганлар. Бу ҳақда Оли Имрон сурасида муҳим хабарлар келган.

«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг хузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди» (37-оят).

Марям ибодатхона бошлиғи Закариё алайҳиссаломнинг кафилликларида алоҳида эътибор остида, иззат-икром билан ўсиб-улғайди. Аллоҳ таоло унга Ўзи иноят кўрсатиб турди.

Табиийки, Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туришлари лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирсалар, унинг хузурида ризқ турар эди. Бу ризқни ўзи келтирмаганини яхши билган Закариё алайҳиссалом ажабланиб, Марямга: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди».

Пайғамбар Закариё алайҳиссаломни-ки таажжубга солибдими, демак, у ризқнинг манбаи албатта эътиборга лойиқдир.

Марям эса бу манбадан хабардор, шунинг учун бамайлихотир:

«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ, хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди».

Бу манзарани кўриб туриб, бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонди:

«Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», деди» (38-оят).

Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг дуоларни эшитувчи Зот эканига тўла ишонч, чин ихлос билан дуо қилдилар. Шунинг учун ҳам, одатда бефарзанд катта ёшдаги кишиларнинг фарзанд кўриши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, Аллоҳ таоло бу дуони қабул этди.

«Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган «калима»ни тасдиқловчи, пешво, шаҳвати тийилган, набий ҳамда солиҳлардан бўлган Яҳёнинг хушхабарини бермоқда», деб нидо қилдилар» (39-оят).

Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб, у зотга суюнчилик хабарини етказдилар.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. Оятда Яҳё исмли бўлажак фарзанд солиҳ пайғамбарлардан бўлишининг башорати қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закариё алайҳиссалом нажжор (дурадгор) бўлган эди», тедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Закариё алайҳиссаломни Бану Исроилнинг ҳукмдорлари арралаб ўлдиришган.

 

ЯҲЁ АЛАЙҲИССАЛОМ

Яҳё алайҳиссалом Закариё алайҳиссаломнинг ўғиллари эканини юқорида айтиб ўтдик. Бу икки зот Бану Исроил­нинг охирги набийларидан бўлганлар. Улар ўз қавмларидан фақат туғён, залолат ва саркашлик кўрдилар. Шундай бўлса ҳам, Аллоҳга даъват қилишда давом этдилар. Яҳё алайҳиссалом ва Закариё алайҳиссалом – икковлари ҳам яҳудийлар тарафидан ваҳшиёна қатл этилдилар.

Яҳё алайҳиссаломнинг оналари Имроннинг қизи бўлиб, Марямнинг холасидир. Яҳё алайҳиссалом Ийсо алайҳиссаломдан олти ой олдин дунёга келиб, умрларининг кўп қисмини у зот билан бирга ўтказганлар.

Марям сурасида Яҳё алайҳиссалом ҳақларида қуйидагилар айтилади:

«Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!» (дедик). Унга гўдаклигидаёқ ҳикмат бердик» (12-оят).

Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга: «Тавротни қувват би­лан ол», демоқда. Аслида Мусо алайҳиссаломга нозил бўлган Тавротни кейин келган пайғамбарлар, жумладан, Зака­риё алайҳиссалом ва у зотнинг ўғиллари Яҳё алайҳиссалом ҳам ўқиб, унга амал қилганлар. Оятдаги

«Унга гўдаклигидаёқ ҳикмат бердик», деган жумлани уламоларимиз илму ҳикмат мазмунида таъвил қилганлар.

«...ва Ўз томонимиздан меҳрибонлик ва поклик (бер­дик). Ҳамда у тақводор эди» (13-оят). Яъни «Яҳёга китоб, илму ҳикмат билан бирга, меҳрибонлик ва поклик ҳам бердик».

Шунингдек, Яҳё алайҳиссалом жуда тақводор зот эдилар. «...ва ота-онасига меҳрибон бўлиб, димоғдор ва исёнчи эмасди» (14-оят).

Яҳё алайҳиссаломнинг фазилатларидан яна бири ота-онага меҳрибонликлари эди. Хусусан, кексаликда кўрилган фарзанднинг ота-онага меҳрибон бўлиши катта фазлдир.

«Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида хам саломлар бўлсин» (15-оят).

Ибн Атийянинг айтишларича, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга инсон фарзанди энг заиф ва ёрдамга муҳтож бўладиган уч ҳолатда: туғиладиган, ўладиган ва қайта тириладиган кунларида саломатлик тилади. Бу жуда улкан саодатдир.

Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни васф қилиб, Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади:

«Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган «калима»ни тасдиқловчи, пешво, шаҳвати тийилган, набий ҳамда солиҳлардан бўлган Яҳёнинг хушхабарини бермоқда», деб нидо қилдилар» (39-оят).

Закариё алайҳиссалом меҳробда намоз ўқиб турганларида Аллоҳнинг фаришталари келиб, у зотга суюнчилик хабарини етказдилар.

Онаси унга ҳали ҳомиладор бўлмасидан, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломнинг васфларини баён қилмоқда.

Исми – Яҳё.

Бу фарзанд Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқлайди.

Шаҳвати тийилган, яъни аёлларга нисбатан бўладиган рағбатини жиловлаб юради.

Шу жойда таъкидлаб ўтиш керакки, Қуръони Карим оятида бу сифат «ҳасур» лафзи билан келган. Бу сўз «эркаклиги йўқ» деган маънода ҳам ишлатилади. Баъзи яхши тушунмаган одамлар Яҳё алайҳиссаломга ҳам ушбу маънони нисбат беришади. Улуғ тафсирчиларимиз эса бу фикр мутлақо нотўғри эканини қайта-қайта таъкидлаганлар, чунки эркаклиги йўқ бўлиш жиддий нуқсон ҳисобланиб, пайғамбарлар бундай нуқсондан холи зотлардир. Яҳё алайҳиссаломда эркаклик хусусияти комил суратда мавжуд бўлган, бироқ Аллоҳ таоло у зотга аёл зотига нисбатан ҳосил бўладиган шаҳватни тийиш қобилиятини берган.

Яна оятда бўлажак Яҳё исмли фарзанд солиҳ пайғамбарлардан бўлишининг башорати ҳам қилинмоқда.

Яҳё алайҳиссалом тақво ва зоҳидлик билан ҳаёт кечирганлар. У зот кўпроқ наботот билан озиқланганлар.

Яҳё алайҳиссаломнинг даъватлари нозик ҳикмат ва мавъизалар асосида бўлган.

Имом Ахмад бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Аллоҳ Яҳё ибн Закариёни беш нарсага амр қилган ҳамда Бану Исроилни ҳам ўша нарсаларга амал қилишга буюришни зиммасига юклаган эди. Сал бўлмаса, у кеч қолай деди. Ийсо алайҳиссалом унга: «Сен беш нарсага амал қилишга ва Бану Исроилни ҳам уларни қилишга амр этишга буюрилгансан. Уларни етказадиган бўлсанг – етказ, бўлмаса – мен етказай», деди.

У: «Эй биродарим! Агар сен мендан олдин қилсанг, азобга қолишдан ёки мени ер ютишидан қўрқаман», деди.

Сўнг Яҳё Бану Исроилни Байтул макдисга жамлади. Масжид тўлди. У баландга чиқиб ўтирди ва деди: «Аллоҳ азза ва жалла мени беш нарсага амал қилишга амр этди ва сизларни ҳам ўшаларга амал килишга буюрди. Улар қуйидагилар:

Биринчиси – Аллоҳга ибодат қилишингиз ва Унга бирор нарсани шерик қилмаслигингиз. Бу худди биров ўзининг хос кумуши ёки тилласига қул сотиб олганга ўхшайди. У қул ишлаб топганини бошқа одамга олиб келиб берса, сиздан қай бирингиз ўзининг қули шундай бўлишини хоҳлайди?! Аллоҳ сизни яратган ва ризқ берган. Унга ибодат ки­лингиз ва Унга бирор нарсани шерик қилмангиз.

Иккинчиси – сизларни намоз ўқишга амр қилди. Модомики банда алангламаса, Аллоҳ унга юз тутади. Қачон на­моз ўқисангиз, алангламанг.

Учинчиси – сизларни рўза тутишга амр қилди. Бу худди бир тўп одамлар орасида мушкли халтани кўтариб юрган одамга ўхшайди. Уларнинг ҳаммаси мушк ҳидини пайқарлар. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан афзалдир.

Тўртинчиси – сизларни садақа беришга амр қилди. Бу эса худди душман билдирмай ушлаб олган кишининг мисолига ўхшайди. Унинг қўлини бўйнига боғлаб, чопиш учун олиб боришганида: «Ўзимга ўзим тўлов бериб, қутқариб олсам, майлими?» дебди. Сўнг оз-оздан кўпайтириб бориб, кўп мол эвазига олибди.

Бешинчиси – сизларни Ўзини кўп зикр қилишга амр этди. Бунинг мисоли худди ортидан душман қувиб келаётган одамга ўхшайди. У охири бориб, метин қўрғонга кириб, беркиниб олибди. Банда Аллоҳнинг зикрида бўлса, ўзини шайтондан қўрғонлаб турган бўлади».

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Фаластин ҳукмдори шоҳ Ҳирод золим ва фосиқ одам бўлган. У ўз акасининг хотини Ҳиродияни яхши кўриб қолиб, акасини ўлдирган ва унга уйланган эди. Бу ҳам етмагандек, унинг қизини, яъни ўз жиянини яхши кўриб қолиб, унга ҳам уйланмоқчи бўлди. Қиз ва унинг онаси ҳам бу ишга рози бўлишди. Бироқ Яҳё алайҳиссалом бундай никоҳ ҳаромлигини айтиб, қарши чиқдилар.

Шунда қизнинг онаси Яҳё алайҳиссаломни йўқ қилиш пайига тушиб қолди. Қизини ясантириб, ҳукмдорнинг олдига киргизди. У рақс тушиб, ҳукмдорнинг кўнглини олди. Шунда у қизга: «Тила тилагингни», деди. Қиз: «Яҳёнинг бошини ушбу товоққа солиб, олдириб кел», деди. У бу ишни бажаришга амр қилди ва Яҳё алайҳиссаломни сўйиб, бошини олиб келишди.

Яҳё алайҳиссаломнинг шогирдлари машъум хабарни Ийсо алайҳиссаломга етказганларида, у зот қаттиқ хафа бўлдилар ва одамларни Яҳё алайҳиссаломнинг даъватларига чақира бошладилар. Ийсо алайҳиссаломга кўплаб одамлар эргашди.

Яҳё алайҳиссаломнинг бу тарзда қатл этилишларига кўпчилик илм аҳллари қарши чиқишди. Шунда золим ҳукмдор уларнинг кўпчилигини, жумладан, Яҳё алайҳиссаломнинг оталари Закариё алайҳиссаломни ҳам ўлдирди.

 

ИЙСО АЛАЙҲИССАЛОМ

У зотнинг исмлари Ийсо, лақаблари Масиҳ, кунялари Ибн Марямдир. Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ҳеч бир сўз Марям бинт Имронсиз ўтмайди. Марям Ийсо алайҳиссаломнинг оналаридир.

«...ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (Таҳрим сураси, 12-оят).

Марям бинт Имрон Аллоҳ таолога соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам пок тутганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок танага Ўз руҳидан «пуфлаш» билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. У киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар.

Марямнинг оталари Имрон катта обрў эгаси ва Бану Исроилнинг улуғ уламоларидан, айни пайтда бефарзанд ҳам эдилар. Шунинг учун хотинлари «Фарзанд тугсам, Байтул мақдиснинг хизматига бераман», деб назр қилиб қўйган эди. Бу ҳақда Оли Имрон сурасида келган оятлардан билиб оламиз: «Имроннинг хотини: «Роббим! Мен қорнимдагини Ўзинга холис назр қилдим. Мендан қабул эт. Албатта, Сен эшитувчисан, билувчисан», деганини эсла!» (35-оят)

Ўша вақтларда ибодатхоналарга фақат ўғил болалар назр қилинарди. Имроннинг хотини ҳам ҳомиладорлик нақтида «Ўғил туғсам керак», деган умид билан ўз ҳомиласини аввалдан Аллоҳ таолога назр қилган эди. Вақти-соати етиб, у қиз туғди.

«Уни (Марямни) туққан чоғида: «Роббим, мен буни қиз туғдим-ку! - Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. – Ўғил қиздек эмас. Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига кувилган шайтондан паноҳ тиларман», деди» (36-оят).

Лекин Имроннинг хотинига кўра ибодатхона хизматида қиз бола ўғил болачалик бўла олмайди. Шунинг учун у: «Ўғил қиздек эмас», деди.

Кейин оналик меҳри жўшиб, гапининг давомида:

«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига қувилган шайтондан паноҳ тиларман», деб дуо қилди.

Мусаффо оналик қалби ўз зурриётига камол, тинчлик-омонлик ва яхшилик тилайди.

«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё қар қачон унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди» (37-оят).

Шундай қилиб Марям алоҳида эътибор остида ўса борди. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иноят кўрсатиб турди.

Юқорида зикр қилганимиздек, Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётидан бўлган, яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонасининг бошлиғи Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида унинг озиқ-овқатидан, ризқидан доимо хабардор бўлиб турди. Закариё алайҳиссалом ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнин олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.

Албатта, жуда ҳам кичиклик чоғида отаси Имрондан ажраб, етим қолган Марямни кафилликка олиш Закариё алайҳиссалом учун ўз-ўзидан бўлмаган. Бунинг учун анча талашиб-тортишишлар бўлиб ўтган. Ана ўша ҳодисалар қуйидагича баён қилинади:

«Бу ғайб хабарларидан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Марямни қай бирлари кафилликка олишга қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг» (44-оят)

Марямнинг оналарининг исми Ҳанна эди. У киши Марямни туққанидан сўнг ваъдасига вафо қилди. Янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги ходимларга берди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», деди. Шунда улар талашиб кетишди чунки қизча ўзларининг бошлиқлари ва устозлари бўлмиш ҳазрати Имроннинг қизи эди-да!

Бир нарса устида бир неча киши талашса, яна ҳамма у нарсага тенг ҳакдор бўлса, одатда қуръа ташланади. Марямга кафилликни талашганлар ҳам шундай вазиятга тушиб қолишди. Шунда улар ўртасида «қалам ташлаш» бўлиб ўтди. Шунда ҳамманинг қалами оқиб кетиб, Закариё алайҳиссаломнинг қаламлари оқмай, туриб қолди. Буни аломат деб тушуниб, Марямни у зот ўз кафолатларига олишга рози бўлдилар.

Шундай қилиб Марям Закариё алайҳиссаломнинг кафолатларида Байтул мақдисда яшай бошлади. Закариё алайҳиссалом Марямнинг оддий қиз эмаслигини билдилар. Ундан ризқи қаердан келаётганини сўрадилар. Ризқнинг Аллоҳдан эканини ҳам билдилар.

Одатда қиз бола ўзидан-ўзи, йўқ жойдан ҳомиладор бўлиб қолмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирди:

«Ўшанда фаришталар дедилар: «Эй Марям! Албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган «калима»нинг хушхабарини бермоқдаки, унинг исми Масиҳ Ийсо ибн Марям, дунёю охиратда обрўли ва муқарраблардандир. У бешикда ҳам, навқиронлигида ҳам одамларга гапиради ва у солиҳлардандир» (45-46-оят).

Марям – ота-онадан туғилиб, одамлар ичида ўсган бир қиз. Унинг инсоний тушунчаси бўйича, эркак билан бирга бўлмаган қиз боланинг фарзанд кўриши ақлга тўғри келмайди. Фаришталар эса унга бир ўғил кўришининг хабари­ни бериб туришибди. Шунинг учун

«У деди: «Роббим, менда қаёқдан бола бўлсин?! Ахир менга башар қўл теккизмаган бўлса?!» (47-оят)

Шунда унга қисқа ва тушунарли жавоб келди. Бу жавоб одамларни ўзининг тор ақлий муҳитидан чиқиб, Аллоҳга тааллуқли оддий ҳақиқатни англашга ундайди.

«Ана шундай. Аллоҳ хоҳлаганини яратади. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» дейди, холос, бас, у бўладир» (47-оят).

Жумладан, пок, башар қўли тегмаган қизга ҳам «Туғ!» деса, туғаверади.

Бу қисқа савол-жавобдан кейин Марямга хушхабар олиб келган фаришталар туғилажак боланинг сифатларини айтишда давом этадилар:

«...ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади» (48-оят).

Уламоларимиз: «Бу ояти каримадаги «китобни» сўзи «ёзишни» ёки «илоҳий китобни» деган маънолардан бирини англатади», деганлар. Таврот Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган илоҳий китобдир. У Ийсо алайҳиссаломга ҳам китоб бўлишини Аллоҳнинг Ўзи айтиб турибди. Таврот Ийсо алайҳиссаломга келган диннинг асосини ташкил этади. Инжил эса Тавротни тўлдириб келган.

Насронийлар даъво қилганларидек, Ийсо алайҳиссалом худо эмас, худди бошқалар каби бандадирлар. Шунингдек, у зот пайғамбар бўлиб келган Бану Исроил ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Модомики Робб ва банда мавжуд бўлар экан, бу ҳол банданинг Роббга ибодатини тақозо этади. Ушбу айтилганларга тўлиқ амал қилгандагина тўғри йўлда юрилган бўлади, бахт-саодатга эришилади.

Ана шу гаплардан кейин Марям ёлғиз қолишни, хаёл суришни истаб қолди. Кейин нима бўлганини Марям сурасидаги қуйидаги ояти карималардан билиб оламиз:

«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида, унга Ўз руҳимизни юбордик. У унга бус-бутун одам бўлиб кўринди» (16-17-оятлар).

Байтул мақдисда яшаётган покиза, бокира, тақводор Марям исмли қиз қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига чиқди. Хуллас, ўша ерга чиқиб, қавмидан тўсилиб олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда фаришта Жаброил алайҳис­салом Марямга асл ҳолида кўринмай, тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди, чунки ўз суратида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.

Марям Жаброилни кўриши билан ҳушёр тортди. Уни эркак киши суратида хилват жойда кўриши биланоқ ўз иффати ҳақида қайғурди ва унга Аллоҳни эслатди:

«Мен Роҳмандан сендан паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» (18-оят) менга яқинлашма», деди.

Тақводор одам Аллоҳ таоло эслатилганда ҳар қандай ёвузликдан қайтади. Марямнинг ҳузурига Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келган Жаброил алайҳиссалом унга:

«Мен сенга бир пок ўғил ҳадя этиш учун Роббингнинг элчисиман, холос», деди» (19-оят).

Бу одатдан ташқари ғаройиб ҳол эди. Шу боис Марям қаттиқ ҳайратга тушди.

Марямнинг ҳолати оддий инсоний воқеликнинг кўриниши эди. «Менга бирор эркак тегмаган бўлса, яъни тан маҳрамим бўлмаса ёки бошқалар билан ношаръий алоқада бўлган бузуқи аёл бўлмасам, қаердан бола бўлиши мумкин?!» деди.

Жаброил алайҳиссалом: «Шундай, Роббинг ирода қилса, башар тегмаса ва бузуқи бўлмасанг ҳам, фарзанд бўлаверади», деди.

«Ана шундай. Роббинг айтди: «Бу Мен учун осондир» (21-оят).

Яъни «Ҳеч кимсанинг қўли тегмаган, бузуқлик қилмаган пок ва бокира қиз болага фарзанд ато этиш Мен учун ҳеч ҳам мушкул эмас», деди.

«Уни одамларга белги қилишимиз учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиши учун» (21-оят).

Яъни «Биз сенга бу фарзандни одамларга Аллоҳнинг қудратига, холиқлигига ва мудаббирлигига белги бўлиши учун ато қилмоқдамиз».

Фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлади ва у Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлди.

Орадан маълум вақт ўтди. Ҳомиладор бўлиб қолганидан ҳижолат бўлиб, одамлар кўзидан қочиб юрган бокира Марямни тўлғоқ тутди. Уят, андиша ва хижолатчиликларга тўлғоқ алами ҳам қўшилди. Боз устига, тажрибасиз ёш қиз ўзи ёлғиз эди. Тўлғоқ азоби зўрайгач, хурмо танасини маҳкам тутди ва чидай олмай:

«Қанийди, бундан олдин ўлган ва бутунлай унутилиб кетган бўлсам», деди» (23-оят). Ибодатхонада вояга етган, поклиги ва тақвоси билан машҳур бўлган бокира қиз учун эрсиз бола туғиш даҳшат эди.

Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди. Хижолатдан ўлимига рози бўлиб турган Марямга чақалоқ Ийсо алайҳиссалом

«Унинг остидан нидо қилди: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар сув қилди. Хурмо танасини ўзингга торт, сенга янги хурмо туширади» (24-25-оятлар).

Сўнг Ийсо алайҳиссалом оналарига қилган нидоларини давом эттирдилар:

«Егин, ичгин, кўзинг қувонсин. Бирор одамни кўрар бўлсанг, «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин» (26-оят).

Яъни «Хурмодан е, сувдан ич ва фарзандингга боқиб қувон. Сени бу ғаройиб ҳолда кўрган одамлар турли саволлар бериши мумкин. Сен уларга оғиз оча кўрма. Ишора билан «Мен Роҳман сифатли Аллоҳга рўза назр қилдим, ибодатдаман. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмайман», де. Ма­рямга бундай иш тутиш тавсиясининг яширин ҳикмати бўлиб, бу ҳикмат воқеа ривожида намоён бўлади.

Марям чақалоқни кўтариб, қавмининг ҳузурига олиб борди. Одамлар бу ҳолни кўриб, ҳайратга тушишди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлашди.

Марям ҳар қанча уриниб, уларга ҳақиқатни тушунтирса ҳам, улар «Ўзини оқлаяпти» деб гумон қилишлари аниқ эди. Шунинг учун ўзи бир оғиз ҳам гапирмасдан, «Бундан сўранглар» дегандек, гўдакка ишора қилди. Шунда одам­лар аввалгидан ҳам ҳайратда қолиб:

«Бешикдаги ёш бола ила қандай гаплашамиз?!» дедилар» (29-оят).

Бешикда ётган Ийсо алайҳиссаломнинг тилларидан ёш боланинг эмас, «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарнинг сўзлари янгради: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени набий қилди. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди. Мени волидамга меҳрибон қилди, лекин димоғдор, бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир» (30-33-оятлар).

Бу илоҳий ҳақиқатлар ҳозиргача янглиш бўлиб келаётган эътиқод, тасаввур ва тушунчаларни тўғрилайди. Ийсо алайҳиссаломнинг таълимоти, у зот ҳақларидаги ботил ғояларни муолажа қилади.

Ийсо алайҳиссалом Фаластиннинг Носира (Назарет) деган шаҳрида яшаб, одамларни Аллоҳнинг ибодатига чақира бошладилар. Аллоҳ таоло у зотга Инжил китобини нозил қилди. Ийсо алайҳиссалом ким учраса, ўша одамга ваъз қилар эдилар. Аллоҳ таоло у зотга беморларнинг шифосига сабаб бўлиш, туғма кўрларнинг кўзини очиш, песларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби жуда кўп мўъжизаларни берган эди.

Ҳаворийлар (хос шогирдлари) у зотнинг даъватларида бирга бўлишди. Ийсо алайҳиссалом ҳаворийлардан бир гуруҳини Шомнинг бошқа диёрларига даъват учун юбордилар.

Бану Исроил Ийсо алайҳиссаломни қатл қилиш учун ўзаро яширин иш олиб борди. У зотни Фаластиннинг румлик ҳукмдори Понтий Пилатга топширишди. У Ийсо алайҳиссаломни осиб ўлдирмоқчи бўлди. Лекин Аллоҳ у зотга нажот берди: бошқа одамни у зотга ўхшатиб қўйди ва Ийсо алайҳиссаломни Ўз ҳузурига кўтарди. Ҳодиса қуйидагича жараён этди:

«Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни очиқ-ойдин аломатлар ва ҳидоят ила пайғамбар қилиб юборганида яҳудийлар у зотга берилган пайғамбарлик ва мўъжизаларга ҳасад қилишди. У зот кўр бўлиб туғилганларни ва песларни даволар, Аллоҳнинг изни ила ўликни тирилтирар, лойдан қушнинг шаклини ясаб, унга пуфласалар, Аллоҳнинг изни билан қушга жон кириб, учиб кетар эди. Аллоҳ у зотни шунга ўхшаш кўплаб мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаган эди. Яҳудийлар эса қаршилик қилдилар ва имкони борича у зотга озор беришга ўтдилар. Ҳатто Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳиссалом улар бор жойда турмасликка, кўпинча оналари билан бирга сафарда юришга мажбур бўлдилар.

Яҳудийлар бу билан кифояланиб қолмай, у зотни ўша даврдаги Дамашқнинг подшоҳига чақдилар. Подшоҳ юлдузларга сиғинадиган мушриклар тоифасидан бўлиб, унинг миллатига «юнон» деб ном берилган эди. Яҳудийлар унга: «Байтул мақдисда бир одам чиқиб, кишиларни фитнага солмоқда, адаштириб, фуқароларни подшоҳга қарши қўймоқда», деб хабар етказишди. Подшоҳ бундан ғазабланди. Байтул мақдисдаги ноибига мазкур одамдан эҳтиёт бўлиш, уни осиб, бошига тикан қўйиш, унинг «зарари»дан одамларни сақлаш фармонини берди. Мактуб Байтул макдиснинг волийсига етиб келганида, у фармонни бажаришга отланди. Бир тоифа яҳудийлар билан Ийсо алайҳиссалом турган жойга борди. У зот ўзларига яқин кишилар билан бирга эдилар. Уларнинг сони ўн иккита эди. Бу воқеа жума кунидан шанбага ўтар кечаси содир бўлди. Яҳудийлар уларни қамалга олишди: ё ғаразгўйлар бостириб киришади, ёки ўзлари уларнинг олдига чиқишлари керак. Бундан бошқа илож қолмаганини англаб етган Ийсо алайҳиссалом шерикларига: «Қай бирингизга менинг суратим ўтса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади», дедилар.

Бир ёш йигит бу ишга тайёрлигини билдирди. Уни хиёл ёш санадилар. Юқоридаги гапни иккинчи, учинчи бор такрорладилар. Ҳар сафар фақат ҳалиги йигит ўзининг тайёрлигини билдирди. Ийсо алайҳиссалом: «Сен ўшасан!» дедилар. Аллоҳ таоло у йигитни Ийсо алайҳиссаломнинг суратига киритди.

Томнинг шифтидан бир туйнук очилди. Ийсо алайҳиссаломни мудроқ босди. Шу ҳолда осмонга кўтарилдилар. У зот кўтарилганларидан кейин шериклари ташқарига чиқишди. Яҳудийлар қоронғида ҳалиги йигитни Ийсо деб ўйлаб, тутиб осишди ва бошига тикан қўйишди». Баъзи ривоятларда Ийсо алайҳиссаломнинг суратига кирган ва қатл этилган шахс ҳаворийлардан саналган Яҳузо (Яҳудо) Исхарютий[1] бўлгани, у хиёнат қилиб, Ийсо алайҳиссаломнинг беркинган жойларини яҳудийларга кўрсатиб бергани келтирилади. Аммо ишга бу билан нуқта қўйилмади. Асосий ихтилофлар яйнан ушбу воқеадан сўнг бошланди.

Таъкидланганидек, ҳодиса қоронғи кечада, тўс-тўполон ичида бўлиб ўтди. Кўп нарсалар ноаниқ қолди. Шу боис

«У ҳақда ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шакдадирлар» (Нисо сураси, 157-оят).

Аввало ҳодисада иштирок этганларнинг ўзлари ихти­лофга тушиб: «Агар ўлдирилган Ийсо бўлса, бирга юрган ўша одами қани? Агар ўлдирилган шахс Ийсо билан бирга юрган одам бўлса, унда Ийсо қани?» дейишди. Лекин «Биз Ийсони ўлдирдик», деб мақтаниб юраверишди.

Насороларнинг баъзилари бу гапга ишонишди, баъзилари эса: «Ийсо ўлганидан кейин кўмилди. Аммо уч кундан кейин яна тирилди», дейишди. Лекин ҳаммаларининг гаплари ҳам асоссиз гаплардир.

Рим императорлари, Бану Исроил Ийсо алайҳиссаломга эргашганларни қаттиқ азоб-уқубатга солишди. Уларнинг аҳволи жуда ҳам танг бўлди.

Милодий 64 йилда Рим императори Нерон (мил. 54-68 йилларда ҳукмронлик қилган) Ийсо алайҳиссаломга эргашганларни Римга ўт қўйишда айблаб, уларга озор беришни ҳаддан зиёд ошириб юборди.

Ийсо алайҳиссаломнинг одамларидан бир қисми Ҳижоз ва унинг атрофларига ҳижрат қилиб қочиб кетишди. Кейинчалик аста-секин насроний дини тарқалиб, ҳатто Рим империясининг расмий динига айланди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ. МИСР НАБИЙЛАРИ ВА ТАМАДДУНЛАРИ;

Фиръавнлар тамаддуни;

Мусо алайҳиссалом;

Фиръавнлардан кейинги Миср;

 

[1] Русчада Иуда «Искариот» дейилади.

9976 марта ўқилди
Top