Кутубхона

Нурул изоҳ: ИМОМАТГА ЭНГ ЛОЙИҚ КИШИ. САФНИНГ ТАРТИБИ. СУТРА ҚЎЙИШ.

*** Аврат жойларини ёпа олмаган кишининг намози ***

«Аврат» сўзининг луғавий маъноси айб, камчилик демакдир. Бошқаларга кўрсатиш ёки уларга қараш жирканч ва уят бўлгани учун инсоннинг баъзи жойлари аврат дейилади.

Аврат жойларни белгилашга кўра инсонлар уч қисмга ажратилади:

Хоҳ озод, хоҳ қул бўлсин, эркакларнинг киндигидан таззасининг остигача бўлган қисми авратдир. Тиззасининг кўзи ҳам аврат ҳисобланади.

Жорияларнинг, эркакларда аврат ҳисобланган жойлари билан бир қаторда, қорни ва орқаси ҳам авратдир.

Озод аёлларнинг юзи, қўли ва оёқларидан (тўпиқдан пасти) ташқари бутун вужудлари тамоми авратдир. Кийим остидан тананинг ранги кўриниб турса, аврат беркитилган ҳисобланмайди. Олимларнинг фикрига кўра, аврат жойларнинг авратлиги уларнинг эгаси учун бўлмай, балки бошқалар учундир. Масалан, намоз давомида бошқалар караши ҳаром бўлган аъзога кишининг назари тушса, намозга ҳеч зарар етмайди.

Изоҳ: Ривоят килишларича, Ойиша, розийаллоҳу анҳо, шундай деган эканлар: «Шунча йил бирга ҳаёт кечириб, на мен у зотнинг аврат жойини кўрдим, на у зот менинг авратимни кўрдилар». Ажабо, бугунги кунда шундай зарофат соҳиби бўлган Пайғамбарнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, динига мансуб бўлганлардан неча киши бу хусусда ул зотнинг ҳақиқий уммати бўлишга лойиқ экан-а?

Ипак, қуруқ ҳашак ёки лой бўлсин, аврат жойларини беркитадиган бир нарса топа олмаган киши, ўша ҳолатда намозини ўқийди ва кейинчалик уни такрор ўқимайди.

Бирор шахснинг рухсати билан бўлсин, аврат жойини беркита оладиган тўртдан бир қисми тоза бир нарсани топган кишининг авратини ёпмасдан намоз ўқиши жоиз эмас.

Агар у топган нарсанинг тўртдан бир қисмидан ками пок бўлса, хоҳласа, авратини ёпиб, хоҳласа авратлари очиқ ҳолда намозини ўқиши мумкин.

Бутунлай ифлос кийим билан намоз ўқиш яланғоч ҳолда намоз ўқишдан афзалроқдир.

Аврат жойининг бир қисмини ёпишга етадиган нарса топган кишининг ундан фойдаланиши вожибдир. Ҳеч бўлмаса, олдини ва орқасини беркитади. Фақат бир томонини ёпишга етадиган бўлса, (руку ва саждада ножўя ҳолат бўлгани учун) орқасини, баъзи олимларга кўра эса, (қиблага қарагани учун) олдини беркитади.

*** Яланғоч кишиларнинг намози ***

Яланғоч кишилар оёқларини қибла тарафга узатиб, намозини ўтирган ҳолда ўқиши, руку ва саждаларни бош ишораси билан адо этиши мустаҳабдир. Яланғоч киши тик турган ҳолда намоз ўқийдиган бўлса, руку ва саждаларни бош ишораси билан ёки тўлиқ адо этиши дурустдир.

Аврат. Эркакнинг аврат жойи киндик остидан тиззасининг остигачадир. Жорияларнинг эса, бунга қўшимча қорни ва орқаси ҳам авратдир. Ҳур аёлларнинг юзи, қўллари ва қадамларидан ташқари бутун вужуди авратдир.

Аврат жойларнинг очилиши. Аврат жойлардан бирининг тўртдан бир қисми очилса, намоз дуруст бўлмайди. Алоҳида-алоҳида авратлардан бир оз-бир оз очилиб, тўплами энг кичик аврат жойининг тўртдан бирига тенг бўлса ҳам, намоз дуруст бўлмайди. Агар кам бўлса, намозга монеъ эмас.

 

*** Қиблага юзланиш ***

1. Касаллиги туфайли ёки минган ҳайвонидан туша олмаслиги ёки бирор душмандан қўрққани учун қиблага юзлана олмайдиган кишининг қибласи кучи етган ва у хотиржам бўлган тарафдир.

Намоз ўқийдиган киши қибла томондан шубҳа қилса-ю, ёнида айтиб берадиган киши ёки меҳроб бўлмаса, изланади ва қалби қайси томонга мойил бўлса, ўша томонга қараб намоз ўқийди.

Кейинчалик янглиш томонга юзланганини англаса ҳам, намозини такрор ўқимайди. Агар намоз давомида хато қилганини англаса, тўғри томонга юзланиб, намозни давом эттиради.

Қиблани суриштирмай намозни бошлаган бўлса, намозни тугатгач, қиблани тўғри топгани аниқ бўлса, намози дуруст бўлади.

Қиблани суриштирмай, изламай намоз бошлаб, тўғри топганини намоз давомида англаса, намози бузилади. Шунингдек, қиблани тўғри топганини асло билмаганида ҳам намози фосид бўлади.

Қоронғу жойда бир жамоатдан (ҳар бир киши ўзича, қиблани қидириб, қалби мойил бўлган томонга юзланиб жамоат билан намоз ўқиса, улар имомнинг қайси томонга юзланганини билмасалар ҳам (имомдан олдинга ўтиб кетганларидан бошқа, барчасининг) намози дурустдир.

Изоҳ: Бу хусусда Амр ибн Уқба шундай дейди: «Қоронғу бир тунда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва соллам, билан бирга эдик. Ҳамма қалби мойил бўлган томонга юзланиб, намоз ўқирди. Эртасига бу ҳолатни Аллоҳ Расулига эслатдик. Шунда, «Қайси томонга юзлансангиз, Аллоҳни ўша томонда топасиз» мазмунидаги ояти карима нозил бўлди.

Қиблани қидириб, тўғри тарафга юзланиш, ифлос сув идишлари ичидан тозасини ёки ифлос кийимлар орасидан тозасини қидиришга ўхшамайди. Либос ва сув идишларини тоза деб танлаб олинганидан сўнг, ифлос экани маълум бўлса, улар билан ўқилган намозларни такрор ўқиш шарт бўлади. Аммо қибла бундай эмасдир. Қибла исломиятнинг дастлабки йиллари Байтул Мақдис эди. Кейинчалик Каъба қибла бўлди, Байтул Мақдиснинг ҳеч бир фазилати бўлмаганида Аллоҳ таоло мусулмонларнинг намозда у томонга юзланишларига рухсат берармиди? Демакки, қибланинг асоси маълум бир томонга юзланиш эмас, балки ўша томонларнинг Яратувчиси ва ҳақиқий эгаси Аллоҳга юзланишдир.

 

*** Намознинг вожиблари ***

Намознинг ўн саккизта вожиблари бор:

1. Фотиҳа сурасини ўқиш.

2. Фарз намозларининг икки ракатида, витр вожиб ва нафл (суннат) намозларнинг барча ракатларида, Фотиҳа сурасидан сўнг қисқа бир сура ёки учта қисқа оят ўқиш. 

3. Фарз намозларнинг биринчи ва иккинчи ракатларида қироат қилиш. Фарз намозларнинг икки ракатида қироат килиш фарз бўлса, биринчи ва иккинчи ракатда қироатни қилиш вожиб.

4. Фотиҳа сурасини зам сурадан аввал ўқиш.

5. Саждада пешона билан бирга бурунни ерга теккизиш.

6. Ҳар ракатнинг иккинчи саждасини намознинг бошқа рукнига ўтмасдан аввал қилиш.

7. Намознинг рукнларини итмиънон билан (ўринлатиб, шошмай) адо этиш.

8. Уч ва тўрт ракатли намозларда қаъдаи уула —- олдинги қаъдани бажариш.

9. Олдинги қаъдада ташаҳҳуд ўқиш.

10. Охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқиш.

11. Дастлабки қаъдада ташаҳҳуд ўқигач, дарҳол учинчи ракатга турмоқ.

Изоҳ: Биринчи ташаҳҳуддан сўнг, учинчи ракатга турмасдан, намоз рукнларидан бирини бажара оладиган миқдорда кечикса, фарз бўлган туришни кечиктиргани учун саҳв саждаси қилиш зарур. Фақиҳлар, киши биринчи ташаҳҳуддан сўнг, «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад...» деса, фарзни кечиктирган ҳисобланади ва саҳв саждаси қилиши лозим деганлар.

12. Намоз сўнггида салом бериш.

13. Витр намозида Кунут дуосини ўкиш.

14. Ҳайит намозида вожиб такбирларни айтиш.

15. Барча намозларни «Аллоҳу акбар» билан бошлаш.

16. Ҳайит намозининг иккинчи ракатида руку такбирларини айтиш.

17. Жамоат билан ўқилган жума, ҳайит ва Рамазонда таровиҳ, витр намозларининг ҳар ракатида, бомдод, шом ҳамда хуфтон намозларининг дастлабки икки ракатида жаҳран (баланд овозда) қироат қилиш.

18. Жамоат билан ўқилган пешин ва аср намозларининг барча ракатида, шом намозининг учинчи ҳамда хуфтон намозининг учинчи ва тўртинчи ракатларида, кундузи ўқилган хуфя нафл (суннат намозларнинг ҳар ракатида хуфя, фақат ўзи эшитадиган даражада қироат қилмоқ. Ёлғиз намоз ўқиган киши имом жаҳран ўқийдиган (бомдод, шом ва хуфтон) намозларида нафл намоз ўқиган кишидек, хоҳласа хуфя, хоҳласа жаҳран қироат қилади.

Хуфтон намозининг биринчи ва иккинчи ракатларида зам сурани тарк қилган киши, учинчи ва тўртинчи ракатларда Фотиҳадан сўнг жаҳран зам сура ўқийди, аммо фақатгина Фотиҳани тарк этган бўлса, охирги ракатларда уни такрорламайди.

 

*** Намознинг суннатлари ***

Қуйидагилар намознинг суннатларидир:

1. Такбири тахрима учун эркаклар ва жорияларнинг қўлларини қулоқларининг юмшоқ жойигача ва озод аёлларнинг қўлларини елкаларигача кўтаришлари.

2. Такбири таҳрима учун қўлларни кўгараётганида бармоқларни ўз ҳолича эркин тутиш.

3. Имомга иктидо қилган кишининг такбири таҳримани имомдан сўнг дарҳол айтиши.

4. Эркаклар учун такбири таҳримадан сўнг қўлларини ёнларига туширмай, ўнг қўлининг бош ва кичкина бармоқларини чап билакка ҳалқа шаклида ўтказиш ва ўнг қўл кафтини чап қўлининг устига қўйиб, киндик остида тутиш.

5. Аёлларнинг ўнг қўл кафтини чап қўл кафти устига қўйиб, кўкраклари устида тутишлари.

6. Дастлабки ракатда сано ўқиш.

7. Дастлабки ракатда санодан сўнг Фотиҳани бошлашдан аввал таъаввуз айтиш.

8. Ҳар бир ракатда Фотиҳадан аввал «Бисмиллаҳ» айтиш.

9. Фотиҳадан сўнг яширин «Омин» демоқ.

10. Имомга иқтидо қилган ва ёлғиз намоз ўқиган кишининг «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дегач, таҳмид — «Роббана лакал ҳамд» айтиши.

11. Санони, таъаввузни, Бисмиллаҳни, Фотиҳадан сўнгги Оминни ва таҳмидни хуфя айтиш.

12. Такбири таҳрима айтаётганида бошни эгмай тик туриш.

13. Имомнинг такбирлар ва «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни жаҳран айтиши.

14. Қиёмда икки оёқ орасини тўрт бармоқ кенглигида тутиш. 

15. Муқим киши учун бомдод ва пешин намозларида тиволи муфассалдан, аср ва хуфтон намозларида авсати муфассалдан, шом намозида қисари мафассалдан зам сура ўқиш.

Изоҳ: Хужурот сурасидан Буруж сурасигача тиволи муфассал; Буруж сурасидан Баййина сурасигача авсати муфассал, Баййина сурасидан Қуръони каримнинг охиригача бўлган суралар қисари муфассал дейилади.

Мусофирлар хоҳлаган сурани ўқийверадилар.

16. Бомдод намозининг иккинчи ракатида биринчи ракатдагидан кўра қисқароқ зам сура ўқиш.

17. Руку қилаёттанида такбир (Аллоҳу акбар) айтиш.

18. Рукуда уч марта «Субҳана роббиял ъазим» дейиш.

19. Рукуда тиззаларини қўллари билан ушламоқ.

20. Эркакларнинг рукуда тиззаларини бармоқлар орасини очиқ тутган ҳолда, аёлларнинг эса бармоқлар орасини очмай ушлашлари.

21. Рукуда эркакларнинг тиззаларини тўғри тутишлари (аёллар бироз эгиб турадилар).

22. Рукуда орқани текис тутиш.

23. Рукуда бошни тўғри, орқа билан бир текисда тутиш.

24. Рукудан туриш.

25. Рукудан тик бўлгач, аъзолар ҳаловат топгунича бироз турмоқ.

26. Саждага боришда аввал тиззаларни, сўнгра қўлларни, сўнг эса юзни ерга қўйиш.

27. Саждадан туришда бунинг аксини қилмоқ.

28. Саждага боришда такбир айтиш.

29. Саждадан туришда такбир айтиш.

30. Икки қўлнинг орасига сажда қилмоқ.

31. Саждада уч марта тасбеҳ (Субҳана роббиял аъла) айтиш.

32. Саждада эркакларнинг қорнини сонлардан узоқроқ тутишлари.

33. Саждада эркакларнинг тирсакларни ёнларидан узоқроқ тутишлари.

34. Эркакларнинг саждада билакларни ердан узоқ тутишлари.

35. Аёлларнинг саждада қўлларини ёнларига, қоринларини сонларига теккизиб туришлари. 

36. Саждадан бош кўтариш.

37. Икки сажда орасида ўтирмоқ.

38. Икки сажда орасидаги ўтиришда қўлларни ташаҳҳуддагидек тиззалар устига қўймоқ.

39. Икки сажда орасидаги ўтиришда ва ташаҳҳуд ўқишда эркакларнинг чап оёқларини ёйиб, ўнг оёқни бармоқлар учини қиблага қаратиб, тик тутган ҳолда, чап оёқ устига ўтиришлари.

40. Тўрт ракатли фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасини ўқиш.

41. Қаъдаи охирда Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, салавот айтиш.

42. Салавотдан сўнг Қуръон ва ҳадис лафзларига ўхшаш жумлалар билан дуо қилиш.

43. Салом беришда бошни аввал ўнг, кейин чап томонга буриш.

44. Имомнинг ҳар икки томонга салом бераётганида жамоатни, ҳимоя қилувчи фаришталарни ва солиҳ жинларни ният қилиши.

45. Иқтидо қилган кишининг, имом ўнг томонда бўлса, ўнгга берган, чапда бўлса, чапга берган, олдида бўлса ҳар икки томонга берган саломида имомни, жамоатдаги биродарларини, ҳимоя килувчи фаришталарни ва солиҳ жинларни ният қилиши.

46. Ёлғиз намоз ўқиган кишининг саломларда фақат фаришталарни ният қилиши.

47. Имомнинг иккинчи саломни биринчисига нисбатан пастроқ овозда бериши.

48. Жамоат саломини имомнинг саломига эргаштириши.

49. Саломни ўнгдан бошламоқ.

50. Намозга кеч келган масбуқ кишининг имом намоздан чиқишини (иккинчи саломни ҳам беришини) кутиши.

 

*** Намознинг одоблари ***

Эркакларнинг такбири таҳрима айтишда қўлларини кўйлакнинг енгидан чиқаришлари.

Қиёмда сажда қиладиган жойга, рукуда оёқ устига, саждада бурунга, қаъдаларда қўкракка ва салом бераётганида елкага қарамоқ. 

Иложи борича йўталмасликка ҳаракат қилиш.

Эснаш келганида оғизни очмаслик.

Муаззин «Ҳаййа ъалас солаҳ» деганида намозга туриш.

Муаззин «Қод қоматис солаҳ» деганида имомнинг намозни бошлаши.

 

*** Намоз ўқиш тартиби ***

Эркаклар намозни бошламоқчи бўлсалар дилда уни ўқишни ният қилиб қўлларини енгларидан чиқарган ҳолда, қулоқлар юмшоғигача кўтариш билан бирга «Аллоҳу акбар», деб таҳрима такбирини айтади (бунда такбирдаги «а» товушлари чизилмайди). Сўнг кечиктирмай, қўлларини – ўнг қўлини чап қўлининг устида тутган ҳолда киндигининг остига қўяди. Сўнгра сано тасбеҳини ўқийди:

Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва тааъла жаддука ва ла илаҳа ғойрук.

Маъноси: «Аллоҳим! Сенинг номинг муборакдир. Шон-шарафинг улуғдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир».

Сано доимо намоз бошланаётганида ўқилади. Сўнгра қироат қилиш учун таъаввуз айтилади. Намозга кечикиб келган киши ҳам таъаввуз айтиши лозим. Имом ҳайит намозларида таъаввузни такбирлардан сўнг айтади. Чунки такбирлардан сўнг қироат қилинади. Кейин хуфя «Бисмиллаҳ» айтилади. «Бисмиллаҳ» ҳар ракатда Фотиҳа сурасидан аввал айтилади. Фотиҳа сураси ўқилгач, имом ва муқтадий ичларида «Омин» дейдилар.

Бундан сўнг имом ёки ёлғиз намоз ўқиётган киши бир сура ёки уч қисқа оят ўқийди. Жамоат имом жаҳран ўқиётганида, Фотиҳа сураси тамом бўлгач, яширинча омин дейди. Сўнгра (ҳар бир намозхон) такбир айтиб, аъзолар ҳаловат топган ҳолда, руку қилади.

Рукуда боши билан орқасини бир текис тутади, бармоқлари орасини очган ҳолда тиззаларини ушлайди ва камида уч марта — «Субҳана роббиял ъазим», деб тасбеҳ айтади.

Сўнгра хоҳ имом бўлсин, хоҳ ёлғиз ўқиётган бўлсин, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб рукудан бошини кўтаради ва тик туради. Муқтадий эса, фақатгана «Роббана лакал ҳамд», дейди.

Сўнгра «Аллоҳу акбар» деб саждага боради: аввал тиззасини, сўнгра қўлларини ва юзини, пешонасини ва бурнини икки қўлининг орасига олган ҳолда ерга қўяди: Бу ҳолда қарор топгач, камида уч марта «Субҳана роббиял аъла» - деб тасбеҳ айтади. Саждада қўл ва оёқ бармоқларини қибла томонга йўналтиради, тиқилинч бўлмаган пайтларда қорнини сонларидан, тирсакларини ёнларидан узоқроқ тутади. Аёллар сажда қилаётганида қўлларини ёнларига ёпиштириб, қоринларини сонларига теккизадилар.

Сўнгра «Аллоҳу акбар» деб, бошини саждадан кўтаради ва аъзолар қарор топгунича ўтиради. Икки сажда орасида бармоқлари учини тизза билан тенг ҳолда оёқ устига қўядилар. Кейин яна «Аллоҳу акбар», деб иккинчи саждага борадилар ва ҳудди аввалгидек, камида уч марта тасбеҳ айтадилар. Сўнг яна «Аллоҳу акбар», деб, аввал бошини, сўнг қўлларини, кейин эса тиззаларини кўтарадилар. Тураётиб, ерга таяниш ёки ўтириб олиш мумкин эмас.

Иккинчи ракат ҳам айнан биринчи ракат каби ўқилади. Фақат сано ва таъаввуз айтилмайди.

 

*** Қўлни кўтариш суннат бўлган ҳолатлар ***

Барча намозларни бошлашда.

Витр намозининг қунут дуоси такбирида.

Ҳайит намозининг зиёда такбирларини айтишда.

Ҳожилар Каъбани кўрганларида.

Ҳажарул Асвадни истилом (ишора) қилиб, қўлларини ўпишда.

Сафо ва Марвага чиқишда.

Арафот ва Муздалифада вуқуф қилишда. 

Минода биринчи ва ўртанчи ақабаларга тош отиб бўлгач.

Барча намозлардан сўнг тасбеҳдан аввал дуо қилиш учун қўлларни кўтариш суннатдир.

Иккинчи ракатнинг саждаларидан сўнг намоз ўқиётган киши чап оёғини тўшаб устига ўтиради ва ўнг оёғи бармоқларини қибла томонга йўналган ҳолда тикка қилади. Қўлларни бармоқларини эркин тутиб тиззасининг устига қўяди. Аёллар сонларининг устига ўтириб, оёқларини ўнг томонга чиқарадилар. Сўнгра ташаҳҳуд ўқийдилар. Дастлабки қаъдада ташаҳҳудга ҳеч нарса қўшилмайди. Фарз намозларнинг учинчи ё тўртинчи ракатларида фақат Фотиҳа сурасини ўқийди. Сўнгра руку, сажда қилиб ташаҳҳуд ўқигач, Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайхи ва саллам, салавот айтади. Сўнгра Куръон ва ҳадисдан олинган жумлалар билан дуо қилади. («Роббана атина» ва «Аллоҳуммағфирлий»га ўхшаш). Сўнгра юқорида айтилган тартибда ўзи билан бирга жамоатни ва ҳимоя қилувчи фаришталарни ният қилган ҳолда, аввал ўнгга, кейин чапга «Acсаламу ъалайкум ва роҳматуллоҳ» деб салом беради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Имомликнинг ҳукми;

Имомнинг дуруст бўлиш шартлари;

Имомга иқтидо қилишнинг саҳиҳ бўлиш шартлари;

Имомга иқтидо қилиш ҳақида турли масалалар;

Жамоат намозига бормасликка узр сабаблар;

Имоматга энг лойиқ киши;

Имомлик қилиши макруҳ бўлган кишилар;

Сафнинг тартиби;

Имом намозни битирганидан сўнг муқтадий қилиши керак бўлган амаллар;

Намозни бузадиган нарсалар;

Намозни бузмайдиган нарсалар;

Намознинг макруҳлари;

Сутра қўйиш;

Намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтувчилар ҳақида;

Намоз ўқиётган кишига макруҳ бўлмаган нарсалар;

Намозни бузиш лозим бўлган ва бўлмаган ҳоллар;

Такрорлаш учун саволлар;

3769 марта ўқилди
Top