Кутубхона

Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ ИЛК ВА СЎНГГИ  НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТЛАР

 

«Улуми Қуръон» мутахассислари Қуръони Карим оятларидан қай бири аввал ва қай бири охири нозил бўлгани ҳақида ҳам жиддий изланишлар олиб борганлар. Чунки кўп бор такрорланганидек, Қуръони Каримга боғлиқ; ҳар бир маълумот мўмин-мусулмонлар учун ўта аҳамиятлидир. Шу билан бирга, Қуръони Карим оятларидан қай бири аввал ва қай бири охирги нозил бўлганини билишда бир қанча фойдалар ҳам бор:

  1. Оятларнинг қай бири носиҳ ва қай бири мансуҳлигини билиб олиш.
  2. Ислом шариати жорий бўлишининг тарихини ўрганиш.
  3. Мусулмон уммати Қуръони Каримга қанчалик эътибор берганини яна бир бор изҳор қилиш.

Уламоларимиз Куръони Каримнинг оятларидан қай бири аввал, қай бири охири нозил бўлганини аниқлашда таҳмин ва тафаккурга, хаёлга ҳеч қандай йўл йўқлигини алоҳида таъкидлайдилар. Бу борада фақат ишончли ривоятлар асосидагина изланиш олиб бориш лозим булади.

 

ИЛК НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТЛАР

Ушбу маънода келган ривоятларни жамлаб, таҳлил қилинганда, тўрт хил фикр борлиги аниқ бўлади.

Биринчи қавл: Энг аввал Алақ сурасининг биринчи оятлари нозил бўлган.

Бу фикрнинг тасдиғи ўлароқ, бир неча ривоятлар келган.

Биринчи ривоят:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай бир неча кеча «таханнус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғам­лаб олар эдилар. Ниҳоят, Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедилар. (У зот) айтдилар:

«Шунда мени тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутиб, қис­ди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир», деди».

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари ларзага тушган ҳолда улар (оятлар) билан Хадижа бинт Хувайлиднинг олдига қайтдилар-да:

«Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар! дедилар. У зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадижага воқеани айтиб бериб: - Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Шунда Хадижа:

«Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди.

Сўнгра Хадижа у зот билан отланиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг олди­га бошлаб борди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган киши эди. Иброний ёзувида ёза олар, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийча ёзарди. У кўзи ожиз бўлиб қолган катта ёшли қария эди. Хадижа унга:

«Эй амакиваччам! Биродарингизнинг ўғлига қулоқ солинг!» деди. Варақа у зотга:

«Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўряпсан? деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрганларини айтиб бердилар. Варақа у зотга: - Бу Аллоҳ Мусога туширган Номусдир*. Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида тирик бўлсам! Қанийди ўшанда навқирон бўлсам!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар мени ҳайдаб чиқаришадими?» дедилар.

«Ҳа, сен олиб келган нарсани келтирган киши борки, унга албатта душманлик қилинган. Ўша кунингга етсам, сенга катта ёрдам бераман», деди.

Кўп ўтмай, Варақа вафот этди ва ваҳий бир муддат узилиб қолди».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

Иккинчи ривоят:

Ouшa розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қуръондан илк нозил бўлган сура «Иқроъ бисми роббика»дир».

Ҳoкuм ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Уламолар жумҳури ушбу биринчи қавлни қабул қилган ва ҳаммага тарқалган.

Иккинчи қавл: Биринчи Муддассир сураси нозил бўл­ган.

Яҳё розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Саламадан:

«Қуръоннинг қайси жойи дастлаб нозил бўлган?» деб сўрадим.

«Йа айюҳал муддассир!» деди.

«Иқроъ» эмасми?» дедим.

Жобир ибн Абдуллоҳдан:

«Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сў­радим.

«Йа айюҳал муддассир!» деди у.

«Иқроъ» эмасми?» дедим. Жобир:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтиб берган бўлсалар, ўшани айтиб бераман. У зот: «Бир ой Ҳирони живор тутдим. Живоримни тугатганимдан кейин пастга тушдим. Водийнинг ўртасига етганимда, менга нидо қилинди. Олдимга, ортимга, ўнгимга, сўлимга назар солдим. Ҳеч кимни кўрмадим.

Сўнгра менга яна нидо қилинди. Назар солиб, яна ҳеч кимни кўрмадим. Сўнгра менга яна нидо қилинди. Бошимни кўтариб қарасам, Жаброил ҳавода, тахтда. Мени қаттиқ титроқ тутди. Хадижанинг олдига бориб:

«Мени буркаб қўйинглар! Мени буркаб қўйинглар! Устимдан сув қуйишди», дедим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла!»ни нозил қилди».

Имом Муслим ривояти.

Бу келтирилган маълумотлар бир қарашда ихтилофли кўринса ҳам, аслида уларнинг орасида ихтилоф йўқ. Ровийлардан ҳар бири ўзи эшитган нарсани омонатдорлик билан етказган. Ўзи эшитмаган ёки билмаган нарсага аралашмаган. Ушбу мавзуни яхшилаб ўрганган уламоларимиз: «Иқроъ» нубувват бўйича биринчи нозил бўлган, «Йа айюҳал муддассир» рисолат бўйича биринчи нозил бўлган», дейдилар.

«Улуми Қуръон» мутахассислари: «Иқроъ» умуман биринчи нозил бўлган, «Йа айюҳал муддассир» эса ваҳий узилиб қолганидан кейин биринчи нозил бўлган», дейдилар.

Муддассир сурасининг аввали нозил бўлиши билан кишиларни Исломга даъват қилиш ҳам бошланди. Шундан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари – Аллоҳ таолонинг динини умматларига етказиш иши бошланди. Чунки Аллоҳ, таоло Ўзининг охирги Пайғамбарига «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир!» деган нидони қилган эди.

Учинчи қавл: Энг аввал Фотиҳа сураси нозил бўлган.

Бу қавлга Байҳақий «Далаилун нубувва» китобида келтирган ривоят далил қилинган. Лекин уламолар бу ривоят ҳужжат бўлишга яроқли эмаслигини таъкидлаганлар.

Тўртинчи қавл: Биринчи «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» нозил бўлган.

Бу қавлга далил сифатида Воҳидийнинг Икримадан қил­ган ривояти келтирилган. Аммо уламолар бу ривоятнинг ҳам далил бўлишга яроқли эмаслигини таъкидлаганлар.

 

СЎНГГИ НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТ

Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормайди. Шунинг учун уламолар уларнинг барчасини ижтиҳод билан айтилган гаплар, дейишади.

Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақи­даги қавл ва ривоятлардан баъзиларини келтирамиз.

  1. Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Байҳақий Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оят экани айтилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَذَرُواْ مَا بَقِيَ مِنَ ٱلرِّبَوٰٓاْ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ٢٧٨

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (278-оят).

Аммо муҳаққиқ уламолар бу оят Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти эмаслигини, балки рибо ҳақида но­зил бўлган оятларнинг охиргиси эканини таъкидлайдилар.

  1. Саъид ибн Мусайяб ва Ибн Шиҳоб раҳматуллоҳи алайҳилардан келтирилган ривоятларда: «Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти «дайн» оятидир», дейилган.

Бу оят Бақара сурасидаги оят бўлиб, у Қуръони Каримдаги энг узун оят ҳамдир. Мазкур оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли ила бошланади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيۡنٍ إِلَىٰٓ أَجَلٖ مُّسَمّٗى فَٱكۡتُبُوهُۚ

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг» (282-оят).

Аммо уламоларнинг кўпчилиги бу қавлни ҳам қабул қилмаганлар.

  1. Ибн Мардавайҳ Умму Салама розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда айтилишича, Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Оли Имрон сурасидаги қуйидаги оятдир:

فَٱسۡتَجَابَ لَهُمۡ رَبُّهُمۡ أَنِّي لَآ أُضِيعُ عَمَلَ عَٰمِلٖ مِّنكُم مِّن ذَكَرٍ أَوۡ أُنثَىٰۖ بَعۡضُكُم مِّنۢ بَعۡضٖۖ فَٱلَّذِينَ هَاجَرُواْ وَأُخۡرِجُواْ مِن دِيَٰرِهِمۡ وَأُوذُواْ فِي سَبِيلِي وَقَٰتَلُواْ وَقُتِلُواْ لَأُكَفِّرَنَّ عَنۡهُمۡ سَيِّ‍َٔاتِهِمۡ وَلَأُدۡخِلَنَّهُمۡ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ ثَوَابٗا مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِۚ وَٱللَّهُ عِندَهُۥ حُسۡنُ ٱلثَّوَابِ١٩٥

«Робблари уларга: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилган, диёрларидан чиқарилган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман, Аллоҳ хузуридан савоб ўлароқ», дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ ҳузурида гўзал савоб бўлган Зотдир» (195-оят).

Бу қавлнинг раддияси унинг ҳужжати ўлароқ келтирилган ривоятнинг ўзидадир. Унда айтилишича, ушбу оят Умму Салама розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи васалламга берган «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг эркакларни зикр қилиб, аёлларни зикр қилмаганини кўрмоқдаман?» деган сўроқларига жавоб ўлароқ нозил бўлган уч оятнинг сўнггисидир. Қуръони Каримнинг сўнгги нозил бўлган ояти эмас.

  1. Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қил­ган ривоятда айтилишича, охирги нозил бўлган сура Наср сурасидир.

Аммо уламолар: «Бу охирги нозил бўлган сурадир, охирги нозил бўлган оят эмас. Сура Расулуллоҳ соллаллоҳху алайҳи васалламнинг вафотларига ишора бўлиб тушган оятларнинг охиргиси, умумий Қуръони Карим оятларидан охирги нозил бўлгани эмас», дейдилар.

  1. Ноилмий доираларда Қуръони Каримнинг барча оятлари ичида энг сўнгги нозил бўлгани Моида сурасининг учинчи ояти бўлса керак, деган гумон бор. Улар оятнинг қуйидаги қисмидан шу хулосани чиқарганлар:

ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ وَأَتۡمَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ نِعۡمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим».

Бу оят Қуръони Каримнинг охирги тушган оятларидан бири ҳисобланади. Ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда, ҳамма саҳобалар: «Динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди», деб чексиз қувондилар. Аммо хассос қалбли инсон, буюк идрок ва ақл соҳиби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар. Бу ҳолни кўрган саҳобалар ташвишга тушдилар ва: «Сенга нима бўлди, эй Умар, нечун йиғламоқдасан?» деб сўрадилар. Шунда ҳазрати Умар: «Ҳар бир нарса мукаммал бўлганидан сўнг унга нуқсон етиш бошланади. Мен бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларининг яқинлашганига белги деб билмоқдаман», дедилар.

Ушбу зикр қилинган омилларга биноан, Улуми Қуръон илмидан бехабар бўлган кимсалар мазкур оятни Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган оятидир, дея таҳмин қилишади. Аммо бу гап тўғри эмас. Чунки ушбу оят нозил бўлганидан кейин яна бошқа оят нозил бўлганини илмли кишилар яхши биладилар.

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксон бир кун яшаганликлари ҳам ишончли манбаларда қайд этилган.

  1. Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оятдир:

وَٱتَّقُواْ يَوۡمٗا تُرۡجَعُونَ فِيهِ إِلَى ٱللَّهِۖ ثُمَّ تُوَفَّىٰ كُلُّ نَفۡسٖ مَّا كَسَبَتۡ وَهُمۡ لَا يُظۡلَمُونَ٢٨١

«Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. Уларга зулм қилинмас» (281-оят).

Қуръон илмлари билан шуғулланган уламолар ушбу ояти карима Аллоҳ, нозил қилган оятлар ичида энг охирги оят эканини баён қилганлар. Ибн Журайжнинг айтишларича, Набий алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлгани­дан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қуръони Карим оятларининг маккий ва маданийга тақсимланиши;

Маккий ва маданий оятларнинг таърифи;

Маккий ва маданий оятларни билишга элтувчи йўл;

Маккий ва маданий оятларнинг аломатлари

<code>ЎМИ матбуот хизмати</code>



20113 марта ўқилди
Top