Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: АҲЛИ СУННА ВАЛ-ЖАМОАНИНГ ИККИ АҚИДАВИЙ МАЗҲАБИ. ИМОМ МОТУРИДИЙ

 

Зоҳирия мазҳаби

 Зоҳирия мазҳаби дастлаб фақиҳ Довуд ибн Али[1] томонидан шакллантирилган бўлиб, кейинчалик Ибн Ҳазм Андалусий[2] томонидан ривожлантирилган. Зоҳирия мазҳаби ақидада ҳам, фиқҳда ҳам алоҳида мазҳаб деб қаралади. Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ ақлни мутлақо инкор қилмаган. Балки шаръий ҳукмни фақатгина ақл яхши санагани жиҳатидан қабул қилишни инкор қилган. Ибн Ҳазм  ﴿ٱلرَّحۡمَٰنُ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ ٱسۡتَوَىٰ٥﴾ оятидаги أسْتَوَى  калимасининг маъноси ҳақидаги баҳсларда унга  اسْتَوْلَىмаъносини беришни ҳам, маконга жойлашиш маъносида тушунишни ҳам инкор қилган. Балки унга Аллоҳ таолонинг Аршга қилган феъли маъносини берган. Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларини Аршда интиҳосига етказган. Аршдан юқорида бирор махлуқот йўқ маъноси тушунилади, – деган.

Мазкур даврларда Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодига зид даъволар билан ундан ажралиб чиққанлар асосан, ушбу фирқалар бўлган.

 

Аҳли сунна вал-жамоанинг икки ақидавий мазҳаби

Мазкур фирқаларнинг нотўғри қарашлари жиддий тус олиб, жамият вакиллари орасида уларнинг зарарлари кўзга ташлана бошлаганидан сўнг Аҳли сунна вал-жамоа уламолари бу “ақллилар”нинг даъволарига жавоб бериш зарурлигини ҳис қилганлар ва эътиқод мусаффолиги йўлида курашга бел боғлаганлар. Бу курашда Аҳли сунна вал-жамоанинг барча уламолари ўзларининг соҳалари бўйича жонбозлик кўрсатганлар.

Уламолар мазкур фирқаларнинг даъволари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ва саҳобаи киромларнинг тутган йўлларига зид эканини исботлаб асарлар таълиф этганлар. Ана шу асарларда тўғри йўлда собитқадам бўлиб келаётганларни “Аҳли сунна вал-жамоа” (суннат ва жамоага эргашувчилар) деб атаганлар. Бундай номлашдан булардан бошқалар “бидъат ва фирқаланишга эргашувчилар” деган маънони назарда тутганлар.

Мазкур фирқаларга қарши курашда икки улуғ имом Аҳли сунна вал-жамоанинг дастурига асос солишган. Бу зотлар Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳлардир. Имом Абул Ҳасан Ашъарий ўша пайтдаги аббосийлар давлатининг маркази бўлган Бағдодда фаолият юритган бўлса, Имом Мотуридий Мовароуннаҳрда сомонийлар давлатида фаолият юритган.

Шу боис баъзи уламолар: "Аҳли сунна вал жамоа" деганда асосан мотуридийлар ва ашъарийлар тушунилади", – деганлар.

 

Имом Ашъарий ва ашъария мазҳаби

Ашъария мазҳаби имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ асос солган ақидавий мазҳаб бўлиб, мўътазила фирқасининг нотўғри қарашлари кенг тарқалган бир пайтда шаклланган мазҳаб ҳисобланади.

Ашъария мазҳаби асосчиси бўлган имом Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг исми шарифи Али ибн Исмоил ибн Абу Бишр Исҳоқ ибн Солим бўлиб, ҳижрий 260 йилда Басрада туғилган. Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг насаби машҳур саҳобий Абу Мусо Ашъарийга бориб тақалади.

Имом Ашъарий қирқ ёшигача мўътазила мазҳабида юриб, ҳатто бу мазҳабнинг энг катта имомларидан бирига айланганидан сўнг Аллоҳ таоло бу зотни тўғри йўлга ҳидоят қилган. Абу Бакр ибн Фурак: “Абул Ҳасан Ашъарий ҳижрий 300 йилда мўътазилийликни тарк қилиб, аҳли суннага қайтган”[3], – деган. Шунинг учун ҳам уламолар: “Мўътазилийлар Имом Ашъарий улар сафида бўлган пайтларда гердайиб юришган, бу зот уларга қарши майдонга тушганда, мўътазилийларга “сичқоннинг ини минг танга” бўлиб кетган” маънодаги гапларни айтганлар.

Машҳур ватандошларимиздан бири Имом Абу Бакр Қаффол Шоший[4] ҳам Имом Ашъарийнинг машҳур шогирдларидан бири ҳисобланади.

Имом Ашъарий кўплаб асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидаги асарлардир:

– “Ибона ан усулид диёна”(диний эътиқод аслларини баён қилиш);

– “Лумаъ” (ёғдулар);

– “Мақолатул исолмиййин ва ихтилофул мусоллийн” (Исломга мансуб кишиларнинг гаплари ва намозхонларнинг ихтилофлари).

Баъзи уламолардан Имом Ашъарийнинг юздан ортиқ асар ёзиб қолдиргани нақл қилинган.

Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг қачон вафот этгани ҳақида икки хил ривоят бор:

  1. Ҳижрий 324 йилда;
  2. Ҳижрий 330 йилдан кейин.

Ашъария мазҳаби ривожланишини икки даврга бўлиш мумкин:

  1. Биринчи давр имом Ашъарий томонидан илк шаклланишидан то “Тамҳид” ва бошқа кўплаб китоблар соҳиби шайх Боқиллонийгача[5] бўлган давр. Бу давр Ашъария мазҳаби файласуфлар ва мўътазилийларга қарши қаттиқ курашган, шаръий далилларни таъвил қилишга деярли ўтилмаган давр бўлган;
  2. Иккинчи давр “Таъвил” китоби соҳиби Ибн Фурак Асбаҳонийдан[6] “Милал ван-ниҳал” ва бошқа кўплаб китоблар соҳиби Абул Фатҳ Шаҳристонийгача[7] бўлган давр. Бу давр ашъария мазҳаби “таъвил”га қаттиқ киришган, баъзи фалсафий фикрларни ва мантиқий қарашларни ўзлаштирган давр ҳисобланади. Ушбу даврлар оралиғида Имомул Ҳарамайн Жувайний[8], Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий[9] каби зотлар ашъария мазҳабининг ривожланишига ҳисса қўшганлар.

 

Имом Мотуридий ва мотуридия мазҳаби

Мотуридия мазҳаби асосичиси бўлган улуғ бобомизнинг исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра Имом Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун у зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.

Имом Мотуридийнинг туғилган йили аниқ маълум эмас. Манбаларни солиштириб чиққан уламолар имом Мотуридийнинг устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розийнинг ҳижрий 248 йилда вафот этганига кўра, бу зотнинг туғилиши ҳижрий 240 йиллар атрофига тўғри келишини айтишган.

Аҳли сунна вал-жамоанинг имоми бўлган ушбу зотнинг туғилган йили бу қадар ноаниқ бўлиши, ҳатто вафот этган йилида ҳам ихтилофлар борлиги тўғрисида кўплаб сабаблар айтилган. Мазкур сабабларнинг энг асосийси бу зотнинг ўша пайтдаги аббосийлар давлати маркази бўлган Бағдоддан узоқда сомонийлар давлатида яшагани ҳисобланади.

 

Имом Мотуридийнинг устозлари

Имом Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, уларнинг машҳурлари қуйидаги зотлардир:

  1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
  2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
  3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
  4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.

Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:

– Имом Абу Ҳанифа;

– Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;

– Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;

– Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;

– Мотуридий.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридия мазҳабидагиларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.

 

Имом Мотуридийнинг шогирдлари

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги зотлардир:

– Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад. Бу зот Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 345 йилда вафот этган;

– Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (Турли илмлардаги қўшимчалар ва фойдалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 йили вафот этган;

– Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 йилда вафот этган;

– Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий. Пазда Насаф шаҳри яқинидаги қишлоқ бўлиб, шу қишлоққа нисбатан бу зотга Паздавий деб нисбат берилган. Паздавий фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан, бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 йилда вафот этган. Бу зотнинг зурриётларидан Абулюср Паздавий каби мотуридия мазҳабининг етук намоёндалари етишиб чиққан.

 

 

Имом Мотуридийнинг асарлари

Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганини баён қилганлар:

  1. Тафсир;
  2. Усулул фиқҳ;
  3. Ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) тафсирини ёзган. Бу тафсир Аҳли сунна вал– жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шарий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) китобларини ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар:

а) мақолалар;

б) раддиялар;

в) Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.

 

Мақолалар

Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам бир қанча “Мақолот” (мақолалар) китоблари ёзилган ва уларда асосан, Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” (Мақолалар) асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Куприлий” кутубхонасида 856 рақам остида сақланмоқда.

 

Раддиялар

Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қаршларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда Аҳли сунна вал-жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати Аҳли сунна вал–жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

– Абу Муҳаммад Боҳилий мўътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.

 

Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” асарини ёзган. Бу асарда Аҳли сунна вал-жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

 

Имом Мотуридийнинг унвонлари

Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб номлар берилган:

– Имомул ҳуда (тўғри йўлга бошловчи);

– Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);

– Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);

– Роису Аҳли сунна вал-жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);

– Носирус сунна ва қомиул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);

– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 йилда тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган.

 

Мотуридия мазҳабининг ривожланиши

Мотуридия мазҳабининг ривожланишини икки даврга бўлиш мумкин:

  1. Имом Мотуридий асос солган ва Марказий Осиёга кенг тарқалган ҳамда Мовароуннаҳр уламолари шакллантирган давр;
  2. Мовароуннаҳрдан ташқарида ҳам мотуридия мазҳаби уламолари тараққий эттирган давр.

 

Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари

Мотуридия мазҳабининг ривожланиб тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур уламолардир:

 

Абул Муин Насафий

Бу зотнинг исми шарифи Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафийдир. Абул Муин куняси билан машур бўлган. Ҳижрий 438 йилда туғилган. Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Абул Муин Насафийнинг машҳур асарлари:

– “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш);

–  “Баҳрул калом” (Калом денгизи);

– Тамҳид лиқоваидит тавҳид (Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш);

Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 508 йилда вафот этган.

 

Абулюср Паздавий

Бу зотнинг исми шарифи Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавийдир. Абулюср Паздавий ҳижрий 421 йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр номи билан аталган. Абулюср Паздавийнинг машҳур асарлари:

– “Усулуд дин” (Диннинг асослари). Бу китоб Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” китобини енгил услубда тушунтириш учун ёзилган;

– “Мураттоб” (Янгиланган). Бу китоб Имом Муҳаммаднинг “Жомиус соғир” китобига ҳошия қилиб ёзилган;

– “Воқеот” (Воқеалар);

– “Мабсут” (Батафсил баён). Ушбу охирги икки китоб ҳам фиқҳ илмига тааллуқли бўлган.   

Абулюср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 йилда Бухорода вафот этган.

 

Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий

Бу зотнинг исми шарифи Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандийдир. Ҳижрий 461 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” номи билан машҳур бўлган. Имом Насафийнинг машҳур асарлари:

– “Назму жомеис сағир фи фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги –  “Жомиъус сағир”нинг назмий баёни);

– “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”) яъни қанддек ширин китоб;

–  “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);

–  “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;

– “Хосоисул луғат” (Луғат хусусиятлари);

– “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума). Сирожиддин Ўший шу китобга шарҳ ёзган.  

Умар Насафий юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 йилда Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

 

Нуриддин Собуний Бухорий

Бу зотнинг исми шарифи Нуриддин Аҳмад ибн Абу Бакр Собуний Бухорий бўлиб, туғилган йили аниқ маълум эмас. Совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний нисбати берилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:

–  “Бидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га киришиш);

–  “Ҳидоя фи илмил калом” (Калом илмидаги тўғри йўлга бошлаш);

–  “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўл топиш ҳақида етарли “калом”).

 Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 йилда Бухорода вафот этган.

 

Камол ибн Ҳумом

Бу зотнинг исми шарифи Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамиддир. Бу зот Камол ибн Ҳумом номи билан машҳур бўлган. Камол ибн Ҳумом ҳижрий 788 йилда Румнинг Сивас шаҳрида туғилган. Шунинг учун бу зотга Сивасий нисбаси ҳам берилган. Ибн Ҳумомнинг машҳур асарлари:

– “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Мен ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати). Ушбу китоб Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири ҳисобланади. Аммо муаллиф бу шарҳни охирига етказишга улгурмаган. Чунки “Ваколат китоби”га етганда вафот этган. Кейинчалик Аллома Қозизода[10] бу шарҳни ниҳоясига етказиб қўйган ва “Натаижул афкор фи кашфир румуз вал асрор” (Ишоралар ва ички маъноларни очишдаги хулосавий фикрлар) деб номлаган.   

– “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш). Бу китобнинг иккита шарҳи машҳур:

  1. Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий[11] “Ҳошияту ала “Мусаяро” (“Мусаяро”га ҳошия);
  2. Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофиъий[12] “Мусамаро фи шарҳи Мусаяро” (“Мусаяро” шарҳидаги суҳбатлар) шарҳини ёзган.

 – “Задул фақир фил фуруъ” (Эҳтиёжманд кишининг фиқҳий масалалардаги озуқаси); 

– “Рисала фил эъроби “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим” (“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим”нинг эъроби ҳақида рисола). 

Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 861 йилда Қоҳирада вафот этган[13].   

 

Мулла Али Қори

Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султонмуҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрларининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбалари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани учун Мулла Али Қори номи билан машҳур бўлган. Мулла Али Қори тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва сийрат каби турли илм соҳаларига оид юз элликдан ортиқ асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:

– “Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ” (“Мишкатул масобиҳ” шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг ҳадис илмига оид “Мишкатул масобиҳ” (Чироқлар токчаси[14]) китобига ёзилган шарҳ бўлиб, ҳадислар ҳанафия мазҳабига кўра шарҳланган;

– “Фатҳу бабил иная фи шарҳи Нуқоя” (Нуқоя[15] шарҳи тўғрисида иноят эшигини очиш). Бу асар Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Нуқоя” асарига ёзилган шарҳдир;

– “Шарҳу Шамоил” (“Шамоил”нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир;

– “Шарҳу Айнил илм (“Айнул илм” шарҳи).  Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг “Айнул илм ва зайнул ҳилм” (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади;

– “Зовъул маолий либадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси). Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир. 

– “Минаҳул фикрия шарҳу муқаддиматил Жазария” (“Муқаддиматул Жазария”нинг шарҳи бўлган фикрий ҳадялар). Бу асар тажвид илми бўйича энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири саналадиган имом Жазарийнинг “Муқаддиматул Жазария” асарига ёзилган шарҳдир.

– “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи ҳақида чаманзор ҳадялари).  Бу асар имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” асарига ёзилган энг саломоқли шарҳларидан бири ҳисобланади.   

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1014 йилда Маккада вафот этган ва Масжидул ҳаромдан унча узоқ бўлмаган “Муалло” қабристонига дафн этилган.

 

Мотуридия мазҳабидаги мўътабар асарлар

Мотуридия мазҳабидаги асарларни икки табақага ажратиш мумкин:

  1. Имом Мотуридий “Китабут Тавҳид”, Абул Муин Насафий “Табсиротул адиллати фи усулид дин”.

Ушбу икки китоб мотуридия мазҳабининг шаклланишига хизмат қилган асосий асарлар ҳисобланади.

  1. Абул Муин Насафий “Тамҳид лиқоваидит тавҳид”, Жамолиддин Аҳмад Ғазнавий “Китабу усулид дин”, Аллома Тафтазоний “Шарҳу ақоидин Насафия”.

Бу китоблар мотуридия мазҳабининг қоидалари жамланган мўътабар асарлар ҳисобланади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ақоид масалаларини ўрганиш зарурлиги эътиборидан тақсимоти;

Ақоид масалаларининг баён этилиши эътиборидан тақсимоти;

Ақоид илмидаги машҳур матнлар ва уларнинг хусусиятлари;

“Фиқҳул акбар”

“Ақидутут Таҳовия”

“Ақоидун Насафий”

“Бадъул амолий”

“Бадъул амолий” муаллифининг таржимаи ҳоли;

“Бадъул амолий” асарининг турли нусхалари ва уларнинг шарҳлари;

“Бадъул амолий”нинг ўзбек тилидаги таржима ва шарҳлари;

“Эътиқод дурдоналари” ҳақида.

 

[1] Довуд ибн Али ҳижрий 202 йилда туғилган.

[2] Ибн Ҳазм Андалусий ҳижрий 456 йилда вафот этган.

[3] Имом Абуҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий. Ибона ан усулид диёна. – Риёз: “Мактабатул муайяд”, тўртинчи нашр 1413ҳ. – Б. 10.

[4] Қаффол Шоший ҳижрий 366 йилда вафот этган.

[5] Боқиллоний ҳижрий 403 йилда вафот этган.

[6] Ибн Фурак Асбаҳоний ҳижрий 406 йилда вафот этган.

[7] Абул Фатҳ Шаҳристоний ҳижрий 548 йилда вафот этган.

[8] Имомул Ҳарамайн Жувайний ҳижрий 478 йилда вафот этган.

[9] Имом Ғаззолий ҳижрий 505 йилда вафот этган.

[10] Аллома Қозизода ҳижрий 988 йилда вафот этган.

[11] Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий ҳижрий 879 йилда вафот этган.

[12] Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофиъий ҳижрий 905 йилда вафот этган.

[13] Турли ривоятлар ва воқеаларнинг санади аниқ бўлиши учун ровийларнинг ёки бирор воқеага алоқали кишиларнинг вафот этган саналари кўрсатиб ўтилади. Бу иш дастлаб муҳаддис уламолар томонидан йўлга қўйилган.

 

[14] “Мишкат” сўзи луғатда “Бирор нарса қўйса бўладиган девор каваги”, “чироқ қўйиладиган токча” маъноларини англатади. Муаллифнинг китобини бундай номлашининг сабабини қуйидагича тушуниш мумкин: чироқ ёқилса хонанинг барча тарафига нур таратади. Худди шунингдек ҳадиси шарифларга ҳам амал қилинса, ҳаётнинг барча тарафи нурафшон бўлади. Токча хонани ёритувчи чироқни тутиб турганидек, ушбу китоб ҳам ҳаётни нурафшон қилувчи ҳадиси шарифларни ўзида жамлаб турибди.

[15] Нуқоя луғатда “саралаш”, “танлаш” каби маъноларни англатади. “Нуқоя” китобини Убайдуллоҳ Содруш шариа ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш шариа қаламига мансуб бўлган “Виқоятур ривоя фи масаилил ҳидоя” асаридан қисқартириб саралаб олган. Бу китоб асл номи бўлган “Нуқоя”дан кўра  “Мухтасарул Виқоя” (Виқоядан саралаб олинган” номи билан машҳурдир. 

 

3809 марта ўқилди
Top