Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: АҚОИД МАСАЛАЛАРИНИ ЎРГАНИШ ЗАРУРЛИГИ  ЭЪТИБОРИДАН ТАҚСИМОТИ

Ақоид масалаларини ўрганиш зарурлиги жиҳатидан уч қисмга ажратиш мумкин:

  1. Зарурий ақоид; Ислом ақоидининг асослари бўлган Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришни динда кўрсатилганидек ўрганиш ҳар бир ақли расо, балоғатга етган мусулмонга фарзи айн бўлади.
  2. Тўлдирувчи ақоид; фарзи айн бўлган зарурий ақоидларнинг нақлий ва ақлий тафсилотларини ўрганиш фарзи кифоя бўлади.
  3. Қўшимча ақоид. Билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайдиган, лекин билмаслик айб ҳам бўлмайдиган ақидавий масалаларни ўрганиш мубоҳ бўлади. Масалан файласуфлар ёки мўътазилийларнинг баъзи ақлий даъволари ҳақидаги баҳсларни ўрганиш.

Сўфи Оллоҳёр[1] бобомиз ақоид илмини ўрганиш зарурлигини баён қилиб шундай ёзган:

Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса елдир.

Ушбу сўзларидан ҳар бир ақли расо, балоғатга етган мусулмон ўрганиши фарз бўлган зарурий ақоидлар кўзда тутилган. 

 

 

Ақоид масалаларининг баён этилиши
эътиборидан тақсимоти

Ақоид масалалари баён этилиши жиҳатидан қуйидаги тўрт қисмга бўлинади:

  1. Илоҳиёт; бу қисмда Аллоҳ таолонинг борлиги, бу ҳақдаги ақлий ва нақлий далиллар, Аллоҳ таолонинг сифатлари, нуқсонлардан мутлоқ холи экани, қазо ва қадар, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш каби масалалар ҳақида баҳс юритилади.
  2. Нубувват; бу қисмда нубувват ва рисолат маънолари, ваҳий тушунчаси, пайғамбарлар, уларнинг сифатлари, мўъжизалари ва ҳоказо уларга тегишли масалалар тўғрисида баҳс қилинади.
  3. Кавниёт; бу қисмда инсонлар, фаришталар, жинлар, борлиқдаги сабабият қонунлари ва ҳоказо борлиқдаги барча мавжуд нарсалар тўғрисида баҳс қилинади.
  4. Ғайбиёт. Бу қисмда жуда кўплаб ҳақиқатлар тўғрисида баҳс қилинади. Уларни умумий қилиб уч қисмга ажратиш мумкин:

а) ўлимга тааллуқли бўлган баҳслар;

б) қиёмат аломатлари тўғрисидаги баҳслар;

в) қиёмат куни ва у кунда рўй берадиган воқеалар тўғрисидаги баҳслар.

 

Ақоид илмидаги машҳур матнлар ва
уларнинг хусусиятлари

Ақоид илми бўйича турли даврларда ўша давр талабидан келиб чиққан ҳолда кўплаб асарлар таълиф этилган. Юртимизда кенг тарқалган ва ота-боболаримиз севиб ўқиб, ундаги масалаларга эътиқод қилиб келишган энг машҳур ақоид матнлари асосан, қуйидаги асарлар ҳисобланади:

  1. “Фиқҳул акбар”;
  2. “Ақидатут Таҳовий”;
  3. “Ақоидун Насафий”;
  4. “Бадъул амолий”.

 

“Фиқҳул акбар”

“Фиқҳул акбар” асари мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, ақоид илмига бағишлаб ёзилган дастлабки асар ҳисобланади. Асарда ақли расо, балоғатга етган мусулмон эътиқод қилиши лозим бўлган масалалар қисқа ва лўнда баён этилган. Бу матн саҳобалар асрига энг яқин даврда ёзилгани учун ҳам, ақлий далилларга киришилмаган. Чунки бунга ортиқча эҳтиёж бўлмаган. “Фиқҳул акбар” асарига турли асрларда кўплаб шарҳлар ёзилган:

– Мулла Али Қори “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар”;

– Муҳйиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин “Қавлул фасл”;

– Абул Мунтаҳо “Шарҳу фиқҳил акбар”;

– Абдулкарим Таттон “Шарҳу фиқҳил акбар”;

– Имом Мотуридий ёки Абу Лайс Самарқандий “Шарҳу фиқҳил акбар”. Ушбу шарҳнинг айнан Абу Мансур Мотуридийга ёки у зотнинг машҳур шогирдларидан бири Абу Лайс Самарқандийга тегишли экани ҳақида ихтилоф бор. 

“Фиқҳул акбар” матни мотуридия мазҳабидаги эътиқодий қарашларнинг асоси ҳисобланади.

 

“Ақидатут Таҳовия”

“Ақидатут Таҳовия” асари ҳанафия мазҳабидаги машҳур уламолардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳамад ибн Салама ибн Абдулмалик Таҳовий[2] раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб асар ҳисобланади. Улуғ муҳаддис олим, ҳанафия мазҳабининг фақиҳларидан бири бўлган Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ бу асарини ақоид илмига фалсафий қарашлар аралашиб турли чигалликлар пайдо бўлган даврда ёзган. Муаллиф бу асарни ёзишда оммага фалсафий қарашлар аралашмаган Аҳли сунна вал-жамоанинг соф ақидасини  баён қилиб беришни мақсад қилган.

Муаллиф ушбу матнни “Ақида” деб номлаган. Кейинчалик “Таҳовий” нисбати қўшилган ва “Ақидатут Таҳовий” номи билан машҳур бўлган.

Имом Таҳовий ҳам, имом Мотуридий ҳам бир даврда яшаб ўтишган. Ҳатто туғилган саналари ҳам таҳқиқларга кўра бир ё икки йил фарқ бўлмаса, деярли бир йилда (Таҳовий 239, Мотуридий 240 ҳижрий йиллар атрофида) туғилган. Аммо бир-бирларидан жуда узоқда Имом Таҳовий Мисрда, Имом Мотуридий Мовароуннаҳрда ҳанафия мазҳабининг тараққий этишига хизмат қилган.  

“Ақидатут Таҳовий” асари бошқа матнлардан унга энг кўп шарҳ ёзилгани билан ажралиб туради. Бу асарга ёзилган машҳур шарҳларнинг айримлари қуйидагилардир:

– Муҳаммад ибн Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Абул Из Ҳанафий Дамашқий “Шарҳу ақидатит Таҳовий”;

– Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий Ҳиндий “Шарҳу ақидати Имом Таҳовий”. Ушбу шарҳ мотуридия мазҳабига кўра ёзилган энг яхши шарҳлардан бири ҳисобланади;

– Муҳаммад Анвар Бадахшоний “Талхийсу шарҳи ақидатит Таҳовий”. Ушбу китоб Ибн Абул Из Ҳанафий ёзган шарҳдан қисқартириб олинган бўлиб, муаллиф унга баъзи зарур деб ҳисоблаган маълумотларни ҳам қўшган. Бу китобни устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўзбек тилига таржима қилган ва 2014 йилда нашр эттирган.  

 

“Ақоидун Насафий”

“Ақоидун Насафий” матни машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, мотуридия мазҳабидаги энг машҳур матнлардан бири ҳисобланади. Бу матннинг бошқа матнлардан ажралиб турадиган хусусияти бошқа матнлар дастлаб Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг сифатлари ҳақидаги баҳслар билан бошланган бўлса, бу матн дастлаб бандаларнинг маълумот олиш воситалари, оламнинг йўқдан бор қилингани ҳақидаги ақлий далиллар ва бу ақлий далиллар Яратувчи бор эканини тақозо қилиши ҳақидаги баҳслар билан бошланган.

“Ақоидун Насафий” матнига Аллома Тафтазоний ёзган “Шарҳу ақоид” асари мотуридия мазҳабидаги энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири ҳисобланади. Ибораларининг қийинлиги билан ҳам “машҳур” бўлган бу асарга йигирмадан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар битилган бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилардир:

– Аллома Абдулазиз Фарҳорий “Ниброс ала шарҳи ақоид” (Шарҳи ақоид маъноларини ёритувчи машъала). Ушбу шарҳ “Шарҳу ақоид”нинг энг яхши шарҳларидан бири ҳисобланади;

– Рамазон ибн Муҳаммад “Ҳошияту Рамазон афанди ала шарҳи ақоид” (Шарҳу ақоидга Рамазон ҳазратнинг ҳошияси);

– Аҳмад ибн Мусо Хаёлий[3] “Ҳошияту Хаёлий ала шарҳи ақоид” (Шарҳу ақоидга Хаёлийнинг ҳошияси);

– Аллома Муҳаммад ибн Абушариф Қудсий[4] “Фароид фи ҳалли шарҳи ақоид” (Шарҳу ақоид маъноларини очишдаги бебаҳо марваридлар).

Жалолиддин Суютий[5] ва Мулла Али Қорилар “Шарҳу ақоид” асарида келтирилган ҳадисларни “тахрийж” (санадларини аниқлаб чиқиш) қилганлар.       

 

“Бадъул амолий”

Ўқиётган ушбу китобимиз “Бадъул амолий” матнига ёзилган шарҳ бўлганидан бу матн ҳақида батафсил тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.  

 “Бадъул амолий” асари мухтасар ва лўндалигига қарамай кенг қамровлилиги билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Бу асарнинг алоҳида хусусиятларидан бири ундан Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодий қарашларини ўрганиш ва доимо ёдда сақлашнинг қулай эканидир. Асар худди шу мақсадни кўзлаб назмий услубда ёзилган.

 

“Бадъул амолий” муаллифининг таржимаи ҳоли:

“Бадъул амолий” асари муаллифи Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мотуридия мазҳабидаги машҳур уламолардан ҳисобланади. Манбаларда Фарғоний, Ҳанафий, Мотуридий дея эътироф этилган ушбу зотнинг исми шарифи Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший бўлиб, ўша вақтларда Фарғона ўлкасига қарашли бўлган Ўш шаҳрида ҳижрий беш юзинчи йиллар атрофида туғилган. Туғилган йили аниқ эмас. Ўший  раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб илмлар бўйича пешқадам олим бўлиб, бу зотнинг асарларида назмий услуб алоҳида ўрин тутган. Манбаларда шайх, имом, қози каби унвонлари айтилган. Илм даражаларининг юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради. Бу зотнинг турли мавзуларга оид кўплаб асарлари бўлган:

  1. “Фатавои Сирожия” (Сирожиддиннинг фатволари). Бу асар кўплаб фиқҳий мушкул масалаларнинг ечимига бағишланган ҳанафия мазҳабига оид муҳим китоб ҳисобланади;
  2. “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” (танланган хабарлар ва дурдона шеърлар). Бу асарда асосан Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш ва раҳматидан умидвор қилиш маъносидаги турли мавзуларга оид мингта ҳадис жамланган. Бу асардаги ҳадислар “Саҳиҳул Бухорий”, “Жомеут Термизий” ва “Фирдавсул ахбор” каби китоблардан териб олинган;
  3. “Нисобул ахбар литазкиротил ахёр фи аҳадиси Набиийил мухтор” (“Ихтиёр қилинган Пайғамбарнинг ҳадислари тўғрисида” яхши кишиларга билдириш йўлидаги хабарларнинг асоси). Бу китоб “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” китобининг мухтасари, яъни, ундан қисқартириб олинган китоб ҳисобланади;
  4. “Савоқибул ахбар” (ўткир хабарлар);
  5. “Мухталафур ривая” (ривоятларнинг турлари). Бу китоб Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума) асари шарҳи бўлиб, ўнта бобга ажратилган. Биринчи бобда Имоми Аъзамнинг қавли, иккинчи бобда имом Абу Юсуфнинг қавли, учинчи бобда имом Муҳаммаднинг қавли, тўртинчи бобда имом Аъзам ва имом Абу Юсуфларнинг қавли, бешинчи бобда имом Аъзам ва имом Муҳаммадларнинг қавли, олтинчи бобда имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг қавли, еттинчи бобда барчаларининг қавли, саккизинчи бобда имом Зуфарнинг қавли, тўққизинчи бобда имом Шофиъийнинг қавли ва ўнинчи бобда имом Моликнинг қавли жамланган.

Уламолар бу асарнинг байтлари икки минг олти юз олтмиш тўққизта, деганлар.

  1. “Бадъул амолий” (қалбдан ёзишлар муқаддимаси). Ушбу асар “Яқулул абду” ва “Қасидатул ломия” номлари билан ҳам машҳур бўлган. “Яқулул абду” номи асарнинг биринчи байти туфайли тарқалган бўлса, мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун “Қасидатул ломия”, яъни “Ломлик қасида” деб ҳам номланган. Асар қисқа бўлишига қарамасдан, ундаги эътиқодий масалалар мотуридия мазҳабига кўра лўнда тарзда баён этилган, кенг қамровли асар ҳисобланади. “Бадъул амолий” асари ҳижрий 569 йилда ёзиб тугалланган.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг қачон вафот этгани ҳақида икки хил машҳур қараш мавжуд:

  1. Ҳижрий 569 йилда;
  2. Ҳижрий 575 йилда.

Аксар уламолар Ўший раҳматуллоҳи алайҳни ҳижрий 575 йилда вабо касалига чалиниб вафот этган, дейишган.  

 

“Бадъул амолий” асарининг турли нусхалари
ва уларнинг шарҳлари

“Бадъул амолий” асарининг турли нусхалари орасида кам бўлса-да баъзи фарқлар мавжуд. Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” шарҳида ҳам, “Туҳфатул аолий”да ҳам, Ҳумайдийнинг “Амолий таржимаси” асарида ҳам бир хил 68 та байт келтирилган. Абу Бакр Аҳмад Розийнинг шарҳида эса 60 та байт келтирилган. Асарнинг асосий маълумотлари 60 та байтда баён қилинган бўлиб, қолганларида ўқувчиларга насиҳатлар ва дуолар ўрин олган. Ушбу асарни таҳқиқ қилган баъзи уламолар унинг байтлари етмиш учта эканини айтганлар. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзма нусха ҳам ушбу асарнинг байтлари аслида етмиш учта бўлганини тасдиқлайди. Ушбу қўлёзма нусхада “Бадъул амолий” асарининг юқорида зикр қилинган асарларда йўқ бўлган олтита матн келтирилган. Бу матнлар кириш қисмига тааллуқли бўлиб, асосан ҳамду саноларни ўз ичига олган:

إِلَهٌ مَالِكٌ مَوْلَى الْمَوَالِي                   لَهُ وَصْفُ التَّكَبُّرِ وَالتَّعَالِي

إِلَهٌ لَا يُنُازِعُهُ شَرِيكٌ                      وَيَخْلُقُ مَا يَشَاءُ بِلَا مِثَالِ

جَلِيلٌ جَلَّ عَنْ شَبَهٍ وَمِثْلٍ                عَزِيزٌ عَزَّ عَنْ عَمٍّ وَخَالِ

وَأَيْقِنْ أَنَّ كُلَّ الْخَلْقِ فَانٍ                           وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ

وَبَعْدَ الْحَمْدِ وَالتَّوْحِيدِ صَلِّ               عَلَى نُورٍ مُبِينٍ ذِي جَمَالِ

وَأَصْحَابٍ كِرَامٍ مُهْتَدِينَ                            وَأَتْبَاعٍ تَقِيٍّ قَالَ آلِ

Ушбу нусхада мазкур ҳамду сано ва салавоту саломлардан сўнг бошқа       нусхаларда биринчи келган يَقُولُ الْعَبْدُ فِي بَدْءِ الأَمَالِي матни бошланган. Бу олтита матннинг нима учун кўплаб машҳур нусхаларга кирмай қолгани сабаби ҳозирча маълум эмас.   

“Бадъул амолий”нинг аҳли илмларни доимо ўзига жалб қилиб келган ажойиб асар экани унга ёзилган шарҳларнинг кўплигидан ҳам билиниб туради. Саккиз юз йилдан ортиқ вақт давомида матнлари ёд олиниб, маъноларига эътиқод қилиб келинаётган ушбу асарга кўплаб шарҳлар битилган. Турли асрларда битилган шарҳларининг баъзилари қуйидагилардир:      

– Халил ибн Ало Нажорий, Яманий[6] “Нафисур риёз ли иъдамил амроз” (“эътиқоддаги” касалликларни кетказиш йўлидаги кўркам чаманзорлар).

– Изуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа[7], “Матлаул мисал фи ақоидил исламия ва манбаул камал фи масаилил каламия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги Ислом ақидасининг намунавий пиллапояси ва калом масалаларидаги баркамоллик манбаси). Мулла Али Қори “Зовъул маолий”да ушбу китобдан кўп иқтибос келтирган. 

– Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ғазий, Темиртоший, Ҳанафий[8] “Фаваидул марзия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги маъқулланган мазмунлар).

– Мулла Али Қори “Зовъул маолий либадъил амалий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси). Ушбу шарҳ “Бадъул амолий”нинг энг мўътабар шарҳлардан бири бўлиб, муаллифи уни “Фиқҳул акбар”нинг шарҳини тамомлаганидан сўнг, алоҳида эҳтимом билан ёзган. 

– Муҳаққиқлар гуруҳи “Туҳфатул аолий” (Улуғлар туҳфаси). Ушбу китоб баъзи муҳаққиқ олимлар томонидан Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” асарига ҳошия қилиб битилган. Ҳижрий 1164 йилда ёзилган.  

– Ҳусайн ибн Иброҳим ибн Ҳамза ибн Холил “Лаоли фи шарҳи бадъил амоли” (“Бадъул амолий” шарҳи ҳақида дурлар).

Булардан бошқа ҳам кўплаб шарҳлар ёзилган.

 

“Бадъул амолий”нинг ўзбек тилидаги
таржима ва шарҳлари

“Бадъул амолий” матнининг ҳозирги кунгача ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва шарҳлари қуйидаги асарлардир:

  1. Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Ақоид матнлари” китобида “Бадъул амолий” матни сўзма-сўз таржима қилинган. Ушбу китоб 2006 йилда нашр қилинган.
  2. “Бадъул амолий” матни Ҳумайдий исмли мударрис томонидан татар тилига таржима қилиниб, 1908 йилда “Амолий таржимаси” номи билан Қозон шаҳрида чоп этилган. Бу таржима эски ўзбек ёзувида битилган.
  3. Муҳаммад Зоҳид Қутқу ибн Иброҳим Бурсавийнинг “Аҳли суннат вал жамоат ақоиди” китобида “Бадъул амолий” матни шарҳланган. Шарҳ Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” китоби асосида бўлган. Ушбу китобни таниқли шоир Мирзо Кенжабек ўзбек тилига ўгириб, 1999 йилда чоп эттирган. Мирзо Кенжабек “Бадъул амолий” матнини ўзбек тилида ҳам “л” ҳарфи билан тугаллаб ажойиб тарзда таржима қилган.
  4. Шайх Назруллоҳхон эшон Ғарибий томонидан “Бадъул амолий” матни шеърий тарзда шарҳланган. Ушбу асар “Қасидаи Амолий шарҳи ва тавҳид манзумаси” номи билан 2008 йилда чоп этилган.

 

“Эътиқод дурдоналари” ҳақида

Ушбу “Эътиқод дурдоналари” китоби “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир. Шарҳлашда ҳар бир мўмин киши билиши зарур бўлган маълумотларни батафсил ёритишга, уларни тўлдирувчи маълумотларнинг эса хулосасини баён қилишга ҳаракат қилинди. Китобга “Бадъул амолий”нинг ҳижрий 1164 йилда ёзилган “Туҳфатул аолий” асаридаги матн асос қилиб олинди. Эътиқодий масалаларни баён қилувчи назмий асарнинг шарҳи бўлганидан китобга “Эътиқод дурдоналари” деб ном қўйилди. Қолаверса, бундай номлашда эътиқодий масалаларнинг дурдек мусаффоларини жамлашга ҳаракат қилинганига ҳам ишора бор. Ёзишда имкон қадар содда услубда баён этиш билан биргаликда мазкур маълумотлар олинган манбаларни ҳам кўрсатиб боришга ҳаракат қилинди. 

“Эътиқод дурдоналари” дастлаб 2012 йилда нашр қилинган эди. Ўтган йиллар мобайнида ўқувчиларнинг талаб, истак ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб  китоб қайта нашрга таёрланди.  Китобнинг ушбу иккинчи нашрида ўқувчиларга янада фойдалироқ бўлиши учун матнларнинг маънолар таржимаси ва луғавий изоҳлари ҳам баён қилинди. Ушбу нашрда ҳам “Туҳфатул аолий” китобидаги матн асос қилиб олинган бўлса-да, уни бошқа китобларда келтирилган матнлар билан қиёслаб чиқилди ва баъзи ўринларда айрим ўзгартиришлар киритилди. Баъзи масалаларни баён қилишда янада тушунарлироқ бўлиши учун жадваллардан ҳам фойдаланилди. Машҳур ақидавий фирқалар ва улар ихтилоф қилган масалаларнинг асосий сабабларини кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилинди. Ушбу китоб мотуридия мазҳабидаги машҳур матнлардан бирининг шарҳи бўлганидан дастлаб Имом Мотуридий ва мотуридия мазҳаби ҳақида батафсил маълумот бериш маъқул кўрилди. Шунингдек долзарб мавзуларга бағишланган “Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари”, “Ирода сифати ҳақида савол жавоблар”, “Дуо ва сабабият қонунлари”, “Аллоҳ таоло макон ва тарафдан холидир” каби кўплаб мақолалар ҳам киритилди.  

“Эътиқод дурдоналари”ни ёзиш жараёнида унинг ушбу илмни энди ўрганаётган ўқувчи тушуна оладиган даражада бўлиши билан бир қаторда, бу соҳанинг мутахасислари ҳам ундан баҳра оладиган даражада бўлишини ҳам доимо назарда тутишга ҳаракат қилинди.       

Аллоҳ таолодан ушбу китобни барча ўқувчиларга манфаатли қилишини сўрайман. Ундаги сатрларда асосий мақсад тўғри ифодаланган бўлса, тўғри йўлга муваффақ қилган Роббимизга ҳамду санолар бўлсин. Агар бирор хато-нуқсонга йўл қўйилган бўлса, раҳмати чексиз меҳрибон Роббимизнинг мағфират қилишини сўрайман.  

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

05 шаъбон 1436 йил – 23 май 2015 йил.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

ТАВҲИД БАЁНИ:

Калимаи тоййиба (Ёқимли калима);

Калимаи шаҳодат (Гувоҳлик калимаси);

Калимаи тавҳид (Тавҳид калимаси);

Калимаи роддил куфр (Куфрни рад этиш калимаси);

Калимаи истиғфор (Мағфират сўраш калимаси);

Калимаи тамжийд (Улуғлаш калимаси);

Иймони мужмал (Умумий иймон);

Иймони муфассал (Батафсил иймон);

Тавҳиднинг луғавий ва истилоҳий маънолари;

 

[1] Сўфи Оллоҳёрнинг туғилган йили аниқ маълум эмас. Турли тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра, бу зот 1630 –1650 йиллар оралиғида Самарқанднинг Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топган. Сўфи Оллоҳёр кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форсий ва туркий тилларда маҳорат билан ижод этган адиб ҳисобланади. Сўфи Оллоҳёрнинг турли мавзуларга оид кўплаб асарлари бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилардир:

  1. Маслакул муттақин”, (Тақводорларнинг тутган йўли) ақоид ва фиқҳ илмига бағишланган;
  2. Муродул орифийн”, (Орифлар муроди) маъносини англатувчи бу асар ҳам форс тилида таълиф этилган бўлиб, тасаввуф илмига бағишланган;
  3. Махзанул мутеин” (Итоаткорлар захираси) маъносини англатувчи ушбу асар ҳам форс тилида ёзилган бўлиб, ақоид ва фиқҳ илмига бағишланган;
  4. Саботул ожизин” (Ожизлар матонати) маъносини англатувчи ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб, ўзбек тилида шеърий услубда ёзилган.

Баъзи олимлар “Нажотут толибин” ва “Фавзун нажот” китобларини ҳам Сўфи Оллоҳёр ёзганини айтишган.

Сўфи Оллоҳёрнинг вафот этган йили кўпчилик тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, 1721 йилга тўғри келади. Қабри Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудида жойлашган Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир.

[2] Имом Таҳовий ҳижрий 321-йилда вафот этган.

[3] Аҳмад ибн Мусо Хаёлий ҳижрий 860 ва 870 йиллар оралиғида вафот этган.

[4] Аллома Муҳаммад ибн Абушариф Қудсий ҳижрий 905 йилда вафот этган.

[5] Жалолиддин Суютий ҳижрий 849 йилда Қоҳирада туғилган ва 911 йилда 63 ёшга етиб вафот этган. Имом Суютий тафсир, ҳадис, фиқҳ, балоғат каби кўплаб илмларга тааллуқли 600 (олти юз!) атрофида катта-кичик китоб ва рисолалар ёзиб қолдирган.

[6] Халил ибн Ало Нажорий, Яманий ҳижрий 632 йилда вафот этган.

[7] Изуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа ҳижрий 819 йилда вафот этган.

[8] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ғазий, Темиртоший, Ҳанафий ҳижрий 1004 йилда вафот этган.

3873 марта ўқилди
Top