Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: ТАВҲИД БАЁНИ

بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

ТАВҲИД БАЁНИ

1 - يَقُولُ الْعَبْدُ فِي بَدْءِ الأَمَالِي    لِتَوْحِيدٍ بِنَظْمٍ كَالَّلآلِي

Маънолар таржимаси:

Банда "имло" (қалбдан ёзиш)лар аввалида тавҳид(ни баён қилиш) учун дурлардек назм билан айтади:

 

Назмий баёни:

Сўз бошлар имлолар бошида банда,

Дурлардек назм-ла тавҳид ҳақинда.

 

Луғатлар изоҳи:

  يَقُولُ –  قَوْلٌ масдаридан олинган музориъ феъли. Бу феъл кўпроқ талаффуз қилиш маъносида ишлатилади. Талаффуз қилинган сўзларнинг рост ёлғонлигидан қатъи назар барчасига нисбатан қўлланади. 

الْعَبْدُ – луғатда “қул”, “банда” маъноларини англатади. Ундаги اَلْ маҳзуф “музофун илайҳ” дан бадалдир. Шунга кўра бу калиманинг маъносиعَبْدُ اللهِ бўлади.

فِي –   зарфият маъносида келган жор ҳарфи.

بَدْءِ – “ибтидо”, “аввал”, “муқаддима” маъноларида келган.

الأَمَالِي – бу калима الاِمْلاَء нинг кўплик шакли бўлиб, “китобга қарамасдан қалбдан ёзишлар” маъносини англатади. Нозим асарини ушбу ном билан атаган.

لِتَوْحِيدٍ –  لِ ҳарфи “таълил” маъносида келган. Тавҳид “яккалаш”, “ёлғизлик нисбатини бериш” маъноларини англатади. Жор мажрур يَقُولُ феълига мутааллиқдир.   

بِنَظْمٍ – بِ “восита” маъносида келган жор ҳарфи. Назм луғатда “ипга терилган лаълу-маржонлар” маъносини англатади. Истилоҳда эса “ақл тақозосига кўра маъноларини тартибли, далолатларини бир-бирига мувофиқ қилиб калима ва жумлаларни тузиш назм деб аталади”. 

كَالَّلآلِي –  كَ га икки хил маъно бериш мумкин:

  1. Жор ҳарфи. Бунда маҳзуф феълга мутааллиқ бўлади;
  2. مِثْلُ маъносидаги исм. Бунда тааллуқ топишга ҳожат йўқ бўлади.

الَّلآلِي калимаси اللُؤْلُؤ нинг кўплик шакли бўлиб, “дурлар” маъносини англатади.

 

Матн шарҳи:

Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбарлар сўнггиси Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ асарини “Банда имлолар аввалида айтади” маъносидаги сўз билан бошлаган. Ҳар бир банда учун айтадиган сўзи аҳамиятли ҳисобланади. Чунки бандалар уч томонлама масъул бўладилар:  

  1. Тилдан;
  2. Қалбдан;
  3. Барча аъзолардан.

Ушбу аъзоларнинг ҳар бири билан қилинган ишдан бандалар қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилинадилар. Инсон аъзоларининг энг хатарлиси тил ҳисобланади. Аслида тилнинг иши қалбдаги каломга мувофиқ ё мувофиқ эмаслигидан қатъи назар мутлақо талаффуз қилиш ҳисобланади. Шоир айтганидек:

إِنَّ الْكَلاَمَ لَفِي الفُؤَادِ وَ إنَّمَا     جُعِلَ اللِّسَانُ عَلَى الْفُؤَادِ دَلِيلاً

Каломнинг асли қалбда бўлар бил,

Тил эса қалбга қилинган далил.

Ҳар бир ақли расо инсоннинг тили талаффуз қилган сўзларини фаришталар ёзиб борадилар. Талаффуз қилинадиган сўзларнинг энг афзали шаҳодат калимасини айтишдир. Сўнгра барча ишларда фақат рост сўзларни сўзлаш ҳисобланади. Талаффуз қилинадиган сўзларнинг энг ёмони Аллоҳ таолога ширк келтириш ва куфр бўлган сўзларни айтишдир. Кейин эса ёлғон, ғийбат ва чақимчилик каби сўзлардир. Шунинг учун ҳар бир банда талаффуз қилаётган сўзларига ҳушёр бўлиши лозим.

Бандалар масъул бўладиган иккинчи аъзо қалб ҳисобланади. Қалбнинг иши мутлақо эътиқод қилишдир. Тўғри бўладими ё нотўғри бўладими қалб қайси тушунчага боғланса, ўша тушунча “эътиқод” ва “ақида” деб номланади. Шунинг учун қалб ҳеч қачон ақидасиз бўлмайди. Яъни мўмин кишининг ақидаси иймон бўлса, кофирнинг ақидаси куфр бўлади. Ўзини гўё ҳеч нарсага иймон келтирмайдиган деб ҳисоблайдиган кимсанинг ақидаси иймон келтириш лозим нарсаларга иймон келтирмаслик бўлади. Қалбга тааллуқли муҳим ишлардан бири ният ҳисобланади. Қилинаётган амалларнинг савобли бўлиши ёки аксинча бўлиши ниятга боғлиқ бўлади. Аллоҳ таолога ва У нозил қилган барча нарсаларга иймон келтириш ҳар бир ақли расо балоғатга етган мусулмон зиммасига фарз бўлган эътиқоддир. 

Бандалар масъул бўладиган нарсаларнинг учинчиси қолган барча аъзолардир. Бандалар фарз, нафл, мубоҳ амалларни ҳам, гуноҳу маъсиятларни ҳам аъзолари билан амалга оширадилар.

Маълумки, умри давомида узрсиз равишда бирор марта ҳам иймон калимасини талаффуз қилмаган кишининг мўмин ҳисобланиши ё ҳисобланмаслиги тўғрисида ихтилоф қилинган. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз дастлаб иймон калималарини ўрганишга ва ўргатишга эътибор қаратганлар. Аҳмад Ҳодий Мақсудий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Муаллимус соний” асарида бошланғич ўқувчилар учун “иймон калималари” алоҳида баён  қилинган. Мазкур калималар ҳар бир мўмин киши билиши ва уларнинг маъноларига эътиқод қилиши зарур бўлган калималардир. Қуйида ушбу калималарнинг таржималари ва қисқача изоҳлари билан танишиб чиқамиз:

 

كَلِمَةٌ طَيِّبَةٌ

Калимаи тоййиба (Ёқимли калима)

لَا اِلَهَ اِلاَّ اللهُ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ.

Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир,  Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир.

 Изоҳ: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир деган сўздан У зотдан бошқа ибодат қилинишга ҳақли зот йўқдир, деган маъно тушунилади. Ушбу калима барча соғлом фитратли[1] бандаларга ёқадиган калима ҳисобланади. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир, деган сўздан қуйидаги маънолар тушунилади:

  1. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг танлаб олган бандаси;
  2. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг сўнгиси.

 

كَلِمَةُ الشَّهَادَةِ

Калимаи шаҳодат (Гувоҳлик калимаси)

أَشْهَدُ اَنْ لَا اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَاَشْهَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ.

Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир,  яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.

Изоҳ: ушбу калималар айтувчисининг мусулмонлигига гувоҳлик берувчи калималар ҳисобланади. 

 

كَلِمَةُ التَّوْحِيدِ

Калимаи тавҳид (Тавҳид калимаси)

أَشْهَدُ اَنْ لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ يُحْيِى وَيُمِيتُ وَهُوَ حَىٌّ لاَ يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ.

Албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Унинг яккаю ягоналигига, шериги йўқлигига гувоҳлик бераман, мулк ҳам ҳамду сано ҳам Уникидир. Тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. Бахт-саодат Унинг қўлидадир. У барча нарсага қодирдир.

Изоҳ: Тавҳид сўзи луғатда “яккалаш”, яъни унинг кўп ададда эканини инкор қилиш маъносини англатади. Истилоҳда эса “Абадий барҳаёт Зотнинг яккаю ягоналигини тасдиқлаш – тавҳид деб аталади”. Тавҳид Ислом динининг шиори ҳисобланади.

 

كَلِمَةُ رَدِّ الْكُفْرِ

Калимаи роддил куфр (Куфрни рад этиш калимаси)

اَللَّهُمَّ اِنِّى اَعُوذُ بِكَ مِنْ اَنْ اُشْرِكَ بِكَ شَيْأً وَاَنَا اَعْلَمُ وَاَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لَا أَعْلَمُ اِنَّكَ اَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُبِ.

Эй Аллоҳим, Сендан ўзим билиб туриб бирор нарсани Сенга шерик қилиб қўйишимдан паноҳ сўрайман. Билмаган нарсаларимдан эса мени кечиришингни сўрайман. Албатта Сен барча нарсаларни билгувчи Зотсан.

Изоҳ: Ширк луғатда “шерик қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолонинг Зотида, ё сифатларида, ё феълларида, ё исмларида, ё ҳукмларида У зотга ўзгани тенг қилиш ширк келтириш дейилади”. Ширкнинг катта ва кичик турлари бор. 

Мазкур “куфрни рад этиш калимаси”ни ихлос билан такрорлаб юрган мўмин кишига катта ва кичик ширклардан халос бўлиш ваъдаси берилган. 

 

كَلِمَةُ الاِسْتِغْفَارِ

Калимаи истиғфор (Мағфират сўраш калимаси)

اَسْتَغْفِرُ اللهَ اَسْتَغْفِرُ اللهَ  اَسْتَغْفِرُ اللهَ تَعَالَى مِنْ كُلِّ ذَنْبٍ اَذْنَبْتُهُ عَمْدًا اَوْ خَطَأً سِرًا اَوْ عَلاَنِيَةً وَاَتُوبُ اِلَيْهِ مِنَ الذَّنْبِ الَّذِى اَعْلَمُ وَمِنَ الذَّنْبِ الَّذِى لَا اَعْلَمُ اِنَّكَ اَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ.

Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳ таолодан барча қасддан қилган гуноҳларимни ҳам ёки билмасдан қилиб қўйган яширин ва ошкора гуноҳларимни ҳам кечиришини сўрайман. Унга биладиган гуноҳларимдан ҳам, билмайдиган гуноҳларимдан ҳам тавба қиламан. (Эй Аллоҳим) Албатта Сен барча ғайбларни билгувчи Зотсан.

Изоҳ: Ихлос билан “астағфируллоҳ” дейиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Аммо баъзи уламолар мазкур калималарни ҳам қўшиб айтишни афзалроқ санаганлар.

 

كَلِمَةُ التَّمْجِيدِ

Калимаи тамжийд  (Улуғлаш калимаси)

سُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ وَلاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَ اللهُ اَكْبَرُ لَا حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ اِلاَّ بِاللهِ الْعَلِىِّ الْعَظِيمِ مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ اَلاِيْمَانُ اِقْرَارٌ بِاللِّسَانِ وَتَصْدِيقٌ بِالْقَلْبِ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.

Аллоҳни поклаб ёд этаман, ҳамду-сано Аллоҳгадир, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, Аллоҳ буюкдир, куч ҳам қувват ҳам олий ва улуғ бўлган Аллоҳ ёрдами биландир. Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Иймон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган нарсани тил билан ифодалаш ва қалб билан тасдиқлашдир.

Изоҳ: Яъни маъсиятдан сақланиш ҳам, ибодат қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами билан амалга ошади.

Қалбан ишониш тасдиқлаш дейилади. Қалбий ишонч бандаларга яширин бўлгани сабабли унга далолат қиладиган бирор аломат лозим бўлади. Шунга кўра дунёда мўмин ҳисобланиш учун қалбий тасдиқни тил билан ифодалаш шарт қилиб қўйилган.

 

اِيْمَانٌ مُجْمَلٌ

Иймони мужмал (Умумий иймон)

آمَنْتُ بِاللهِ كَمَا هُوَ بِاَسْمَائِهِ وَصِفَاتِهِ وَقَبِلْتُ جَمِيعَ أَحْكَامِهِ.

Аллоҳга Унинг исмлари ва сифатлари қандай бўлса худди шундай иймон келтирдим ҳамда Унинг барча ҳукмларини қабул қилдим.

Изоҳ: Иймони мужмал деганда қатъи ишонилиши лозим бўлган калималарнинг қисқа ва лўндаси тушунилади. Кимга тавҳид илмининг дақиқ жойларидан бирор нарса мушкул бўлиб қолса, дарҳол ушбу калималарни ихлос билан ўқиши ва зудлик билан уни биладиган кишидан сўраб олиши лозим бўлади.

 

اِيْمَانٌ مُفَصَّلٌ

Иймони муфассал (Батафсил  иймон)

آمَنْتُ بِاللهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى وَالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ.

Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтирдим.

Изоҳ: Иймони муфассал деганда мўмин кишининг қатъи ишониши лозим бўлган нарсаларнинг асослари тушунилади. 

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “сўз бошлар имлолар бошида банда” дея ўзига Аллоҳнинг қули нисбатини бериб сўз бошлаган. Ушбу сўзда Аллоҳ таолога қул бўлишдек юксак мақомдан фахрланиш маъноси ҳам бор. Зеро, барча махлуқларни яратган, уларни тарбия қилиб турган буюк Зотга қул бўлиш банда учун шон-шараф ва фахру ифтихор қиладиган улуғ обрў, мартабадир. Ушбу “абд”, яъни “қул”, “банда” каби маъноларни англатувчи исмнинг энг юксак мақомларда қўлланилиши Қуръони каримда ўз ифодасини топган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан Муҳаммад, Аҳмад, Расул ва Набий деб аталган бўлсалар-да,  ҳаётларидаги энг олий мақомларда ушбу исмларнинг бирортаси билан эмас, балки “абд” (банда) исми билан аталганлар.  

  1. Қуръонни нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш ўрнида у зот банда деб аталганлар:

﴿ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ عَلَىٰ عَبۡدِهِ ٱلۡكِتَٰبَ وَلَمۡ يَجۡعَل لَّهُۥ عِوَجَاۜ١

(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд! Уни (Қуръонни маъно ва мазмунда) қинғир қилмади”[2].   

  1. Огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб юборилганлари хабар берилганда ҳам банда деб аталганлар:

﴿تَبَارَكَ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡفُرۡقَانَ عَلَىٰ عَبۡدِهِۦ لِيَكُونَ لِلۡعَٰلَمِينَ نَذِيرًا١

“Оламлар (инсонлар ва жинлар)га огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон (Қуръон)ни нозил этган зот баракотли (буюк)дир”[3].   

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги энг улуғ воқеалардан бири бўлган Исро кечаси ҳақидаги хабарда ҳам банда деб аталганлар:

﴿سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِيٓ أَسۡرَىٰ بِعَبۡدِهِۦ لَيۡلٗا مِّنَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ إِلَى ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡأَقۡصَا ٱلَّذِي بَٰرَكۡنَا حَوۡلَهُۥ لِنُرِيَهُۥ مِنۡ ءَايَٰتِنَآۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١

 “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир”[4].   

Ушбулардан кўриниб турибдики, мазкур ўринларнинг ҳаммаси энг улуғ мақомлардир. Ушбу улуғ мақомларда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни исмлари билан эмас, балки банда деб васф қилганлиги бу сифатнинг ҳар бир бандага шараф бўлишининг исботидир.                   

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “имлолар бошида банда” дея ушбу асарни ёзишда ўзларига илҳом берилганига ишора қилган. Сўзларининг давомида терилган дур доналардек ёрқин байтлар билан тавҳид масалаларининг баёнига киришганини айтган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Тавҳиднинг луғавий ва истилоҳий маънолари;

Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари.

 

[1] Фитрат деганда одамларнинг асл табиати тушунилади. Бу ҳақида Рум сурасининг 30-ояти тафсирига қаранг.

[2] Каҳф сураси, 1- оят.

[3] Фурқон сураси, 1- оят.

[4] Исро сураси, 1-оят.

3327 марта ўқилди
Top