Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: САЛОМЛАШИШ ОДОБИ

«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир» (Нисо, 86).

Салом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайкумус-салому ва раҳматуллоҳ” деб алик олинади. Агар у “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деб салом берса, “Ва алайкумус-салому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деб алик олинади. Салом берувчи “Ва барокатуҳ” қўшимчасини ҳам қўшса, алик олувчи ҳам фақат ўша қўшимчани қўшади. Пиёдага суворий (уловдаги одам), кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом бериши жоиз. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик билан салом берса, бу фазилатдир. Салом бериш суннат, алик олиш эса вожиб.

Саломлашиш туфайли кишилар ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Бир-биримизнинг ёнимиздан индамай ўтгандан кўра, мусулмоннинг мусулмон биродаридаги ҳақи бўлган саломлашиш, алик олишни одат қилсак, нур устига нур бўлади.

“Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Яхшилаб салом беринг, яхшилаб алик олинг. Айримлар “ассомалайкум”, “вассомалайкум” дея нотўғри талаффуз қилишганда, бу гўзал дуонинг маъноси бузилади.

Саломлашишнинг яна бир фазилати, учрашганида ким биринчи бўлиб салом берса, унинг савоби янада улуғ бўлади. Биринчи бўлиб салом беришни одат қилиш яхши.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Аллоҳ таоло Одамни (алайҳиссалом) ўз суратида (яъни, унга Ўзида бор бўлган “тирик, билувчи, эшитувчи, кўрувчи, сўзловчи” сифатларни ато этиб) яратгач, унга: “Анави фаришталарнинг олдига бор-да, салом бер. Сўнг уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитиб ол. Чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади”, деди. Одам (алайҳиссалом) бориб: “Ассалому алайкум”, дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи (Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин)” деб алик олишди, сўнг “Жаннатга кирадиган барча инсонларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деб қўшиб қўйишди.   

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади”, дея марҳамат қилганлар. Мана шу биргина салом сўзи кишини эзгуликка, меҳр-шафқат ва покликка, ҳақиқий инсонийликка чорлайди.

“Ассалому алайкум” – “Сизга тинчлик тилайман”, “Ва алайкум ассалом” – “Сизга ҳам тинчлик бўлсин” сўзларида улкан маъно, эзгу тилак мужассам.

Фарзандларимизга чиройли тарбия бериб, кўча-кўйда таниган ва танимаган кишиларга ҳам салом беришни ўргатсак, албатта, уларнинг мурғак қалбида меҳру оқибатнинг илк куртаклари уйғонади. Улуғ ёшдаги қария ёнидан салом бериб ўтган бола билан салом бермасдан ўтган бола баробар эмас.

“Сизга тинчлик тилайман” деган инсоннинг қалбида ҳамиша меҳр-оқибат туйғуси уфуриб туради. Аксинча, безрайиб ўтиб кетадиган, кибр-ҳавога берилганнинг юраги тош каби қаттиқдир.

Дарҳақиқат, инсонларнинг бундай ўзаро самимий бўлиш ва бир-бирига яхшилик тилаш одати дунё халқларининг барчасига хосдир. Гарчи уларнинг айтилиши, ёзилиши ва ижро анъанаси турлича бўлса-да, маъно ва моҳият жиҳатидан анча ўхшашдир.

Салом беришнинг ҳам бир қанча одоблари бўлиб, ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиб, муҳим жиҳатларига эътибор қаратамиз.

 

Салом беришни ўргатиш

Аллоҳ таоло мўминларни салом беришга буюради:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَدۡخُلُواْ بُيُوتًا غَيۡرَ بُيُوتِكُمۡ حَتَّىٰ تَسۡتَأۡنِسُواْ وَتُسَلِّمُواْ عَلَىٰٓ أَهۡلِهَاۚ ذَٰلِكُمۡ خَيۡرٞ لَّكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَذَكَّرُونَ٢٧

«Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига с­лом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз» (Нур, 27).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига одобли бўлишда саломнинг ўрни ўта муҳимлигини, унда ажру савоб зиёда бўлишини таъкидлаганлар. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилади. «Бир киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломнинг қайси амали яхши?” деб сўради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таом бериш ва таниган-танимаган одамга салом бе­риш”, дея марҳамат қилдилар».

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا أَوَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ»

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлолмайсизлар. Сизларни ўзаро муҳаббатли бўлишга сабаб бўладиган амалга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинглар”, дедилар.

 

Салом бериш тартиби

Салом берувчи киши “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деб салом бериши афзалдир. Унга жавоб берувчи ҳам кўплик шаклида “Ва алайкумус-салом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” демоғи фарздир, гарчи салом берувчи бир киши бўлса-да, шундай салом бериш лозим.

Абу Довуд ва Имом Термизий Имрон ибн Ҳасиндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши келди ва “Ассалому алайкум”, деди. Унга (саломига) жавоб берилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўн”, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди ва: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи”, деди. Унга (саломига) жавоб берилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йигирма”, дедилар. Сўнгра яна бошқа киши келди ва: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деди. Унга ҳам жавоб берилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўттиз”, дедилар». Бу ерда саломнинг савоб даражасига ишора қилинган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазрат Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади. «Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом айтди”, дедилар. Мен: “Ва алайҳис-салому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, дедим».

 

Салом бериш одоби

Салом бериш одоби уловдаги кишининг пиёдага, юрувчи ўтирганга, озчилик кўпчиликка, кичикнинг каттага салом беришидир.

رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يُسَلِّمُ الرَّاكِبُ عَلَى الْمَاشِي وَالْمَاشِي عَلَى القَاعِدِ وَالْقَلِيلُ عَلَى الْكَثِيرِ

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Уловдаги пиёдага, юрувчи ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар».

 

Мусулмон бўлмаганларга ўхшаб салом беришдан қайтариш

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ تَشَبَّهَ بِغَيْرِنَا وَلاَ تَشَبَّهُوا بِالْيَهُودِ وَلاَ بِالنَّصَارَى فإِنَّ تَسْلِيمَ الْيَهُودِ الْإِشَارَةُ بِالْأَصَابِعِ وَتَسْلِيمَ النَّصَارَى الْإِشَارَةُ بِالْكَفِّ

Имом Термизий Амр ибн Шуайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзини бизлардан бошқаларга ўхшатган (тақлид қилган) биздан эмас. Яҳудий ва насронийга ўзларингни ўхшатманглар. Албатта, яҳудийларнинг саломи бармоқлари билан ишора қилишдир ва насронийларнинг саломи кафт билан ишора қилишдир”, дедилар.

 

Биринчи бўлиб салом бериш

Катталарнинг олдин салом бериши фарзандга салом бериш таълимини сингдиришнинг яхши йўлидир. Бу борада барчамизнинг илк муаллим ва мураббийимиз бўлган Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эргашиш лозим. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларидан болалар ўтиб қолса, биринчи бўлиб салом берардилар.

رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى الصِّبْيَانِ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ وَقَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُهُ

Имом Бухорий ва Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “У киши болаларнинг ёнидан ўтаётиб, уларга салом бердилар ва: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилардилар”, деди.

وَفِي رِوَايَةِ أَبِي دَاوُدَ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى غِلْمَانٍ يَلْعَبُونَ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ

Абу Довуд ривоятида: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўйнаб турган болалар ёнидан ўта туриб, уларга салом бердилар”, дейилган.

Инсониятнинг энг азизи ва саййиди бўлган Ҳабибур Раҳмон биз умматларига бу хусусда жуда гўзал таълимни берган эканлар. Ҳатто ёш болаларга ҳам олдин салом берганлари барчамизга бирдек улкан ибрат ва сабоқ бўлиши лозим.

 

Мусулмон бўлмаганнинг саломига ҳам
“ва алайкум” деб жавоб бериш

رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إذَا سَلَّمَ عَلَيْكُمْ أَهْلُ الْكِتَابِ فَقُولُوا: وَعَلَيْكُمْ

Имом Бухорий ва Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларга аҳли китоблар салом берсалар, “ва алайкум” дея жавоб беринглар», дедилар.

 

Салом бериш суннат ва унга алик олиш вожиб

Ибн Сунний ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ким саломга алик олса – унга ва ким алик олмаса, у биздан эмас”, дедилар.

Имом Термизий Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ الرَّجُلاَنِ يَلْتَقِيَانِ أيُّهُمَا يَبْدَأُ بِالسَّلَامِ؟ قَالَ: أَوْلَاهُمَا بِاللهِ تَعَالَى

“Ё Аллоҳнинг Расули, икки киши йўлиққанида, қай бири биринчи салом беради?” дейилди. “Аллоҳ таолога яқинроғи”, дедилар.

Учрашиб қолган икки кишининг қайси бири аввал салом берса, Яратган Раббимиз наздида азиз ва даражаси баланд саналар экан. Шу боис, ёши катталарнинг ёши кичиклар олдин салом беришини кутиб турмасдан салом бермоғи фазилат ҳисобланади. Чунки бу амали билан катта гуноҳлардан бўлган кибрни синдириб, улкан ажру савобларга эга бўлади. Динимиз амалларининг тароватини қаранг, бизнинг назаримизда оддий ҳолат бўлиб кўринган биргина салом-алик билан неча-неча қалблар бир-бирига меҳр ила боғланиб, ўртадаги гинаю адоватлар унутилиб, эзгуликлар кўпаяди. Инсонлар ўртасидаги, хусусан, ака-укалар, қариндошлар ва қўни-қўшниларнинг ўзаро ҳурматлари, меҳру оқибатлари ортади, элу юртнинг янада обод бўлиши ва жамиятнинг равнақ топиши йўлида ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.

 

Салом бериш жоиз бўлмаган ўринлар

Салом бериш қанчалик фазилат бўлмасин, баъзи ҳолатлар ва ўринларда салом бериш макруҳ ҳисобланади. Бу ҳолатлар қуйидагилардир:

Таҳорат олувчига, ҳаммомдаги кишига, овқатланаётган киши, жанг қилаётган киши, Қуръон ўқиётган киши, Аллоҳни зикр қилаётган киши, ҳажда талбия айтаётган кишига, жумада имом-хатиб хутба қилаётганида ва бошқа кунлари ҳам масжидда ваъз қилаётганида, фиқҳдан мавъиза қилаётганга, дарс билан машғул кишига, илмда тадқиқот қилаётганга, муаззинга, намоз ўқиётган кишига ва шу кабиларга салом бериш макруҳдир.

Ушбу ўринлар ва ҳолатлардаги кишиларга салом бериш макруҳ бўлса, бу ўринлар ва ҳолатлардаги кишига ҳам алик олиш вожиб бўлмайди.

Демак, салом бериш одоби ҳам мураббийларимиз диққат билан эътибор қаратадиган, фарзандларга чуқур ўргатадиган одоблар сирасидандир. “Бола азиз, одоби ундан азиз” деганлар, фарзандларимиз одоблари ҳамиша ҳавас қилса арзигулик бўлсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

РУХСАТ СЎРАШ:

Аввал салом бериб, сўнг изн сўраш;

Исмини, сифатини ёки кимлигини билдириш;

Уч марта изн сўраш;

Эшикни оҳиста тақиллатиш;

Изн сўраш пайтида эшикка терс туриш;

Уй эгаси “қайт” деса, қайтиш.

МАЖЛИС ОДОБИ:

Учрашганида қўл бериб кўришиш;

Уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш;

Ўртада эмас, кишилар қаторида ўтириш;

Кейин келган охирига ўтиради;

Бошқалар ҳузурида сирлашмаслик;

Ким ташқарига чиқиб қайтса, ўз ўрнига ўтириши мумкин;

Мажлисдан чиқишга изн сўраш;

Мажлиснинг каффорат дуосини ўқиш.

4376 марта ўқилди
Top