Кутубхона

Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМ ЭЪЖОЗИ (давоми)

ҚУРЪОННИНГ АРАБЛАРНИ БЕЛЛАШУВГА ЧОРЛАШИ

Арабларнинг сўзга чечан халқ эканини аввал айтиб ўтдик. Хусусан, суҳандонликда елкаси ерга тегмаган сўнгсиз мубоҳасаю мушоарадан қайтмайдиган шоиру ваъзхонлар ўзларига рўпара келадиган рақибни енгиш учун доимо имкон ва маҳорат топганлар. Энди Қуръони Карим ҳам уларга гўё бир рақибдек нозил бўлди! Нега улар Қуръон сураларидан ўтказиб, бирор жумла туза олмадилар? Нега энди уларнинг ижодий салоҳияти Қуръони Карим чақириқлари олдида бу қадар ожизлик қилиб қолди? Нега шу пайтгача тилини бермай келган бирор бузғунчи энди «Агар араблар истасша, Қуръонга тенглашадиган китоб яратар эди», деган даъво билан бош кўтармади? Нега шундай бўлди?

Бу борада ҳам адолат Қуръон тарафида. Зеро, Аллоҳ даставвал араблардан Қуръон сингари бир нарса ижод қилишни талаб этиб, уларни «беллашувга чорлади».

Биз «беллашувга чорлаш» дея таржима қилган ибора араб тилида «таҳаддий» дейилади. Бунда ўз кучига ўта ишонган тараф ҳеч нарсадан қўрқмасдан, ўзгаларни беллашувга чорлайди. Ўзида салгина ожизлик сезган тараф албатта, бу ишни қила олмайди, ҳеч кимни очиқчасига беллашувга чорлай олмайди. Чунки енгилиб қолиб, шарманда бўлишидан қўрқади. Қуръони Карим эса арабларни баралла беллашувга чорлади. Ушбу чорлов бир неча босқичда бўлиб ўтди.

Биринчи босқич:

Аллох таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:

قُلۡ فَأۡتُواْ بِكِتَٰبٖ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ هُوَ أَهۡدَىٰ مِنۡهُمَآ أَتَّبِعۡهُ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ٤٩ فَإِن لَّمۡ يَسۡتَجِيبُواْ لَكَ فَٱعۡلَمۡ أَنَّمَا يَتَّبِعُونَ أَهۡوَآءَهُمۡۚ وَمَنۡ أَضَلُّ مِمَّنِ ٱتَّبَعَ هَوَىٰهُ بِغَيۡرِ هُدٗى مِّنَ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلظَّٰلِمِينَ٥٠

«Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллонинг ҳузуридан у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин. Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (49-50-оятлар).

Ушбу оят Қуръони Каримдан қирқ еттита сура нозил бўлган вақтда тушган. Уни эшитган араблар Қуръонга бас келадиган китоб яратиш тараддудига тушганлар, би­роқ ҳарчанд уринмасинлар, бунинг уддасидан чиқолмаганлар.

Қуръони Каримнинг Исро сурасида айни шу ҳолат алоҳида таъкидланган, яъни одамлар ҳатто жинлар билан бирлашган тақдирда ҳам, Қуръонга бас келадиган китоб ярата олмасликлари баён қилинган.

قُل لَّئِنِ ٱجۡتَمَعَتِ ٱلۡإِنسُ وَٱلۡجِنُّ عَلَىٰٓ أَن يَأۡتُواْ بِمِثۡلِ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانِ لَا يَأۡتُونَ بِمِثۡلِهِۦ وَلَوۡ كَانَ بَعۡضُهُمۡ لِبَعۡضٖ ظَهِيرٗا٨٨

«Агар инсу жинлар тупланиб, ушбу Курьонга ухшаш нарса келтирмокчи булсалар, бунда баъзиларн баъзи- ларига ёрдамчи булсалар хам, унга ухшашини келтира олмаслар», деб айт» (88-оят).

Биринчи босқичдаги таҳаддий – беллашувга чорлаш борасида Тур сурасининг қуйидаги икки ояти ҳам алоҳида маъно касб этади:

أَمۡ يَقُولُونَ تَقَوَّلَهُۥۚ بَل لَّا يُؤۡمِنُونَ٣٣ فَلۡيَأۡتُواْ بِحَدِيثٖ مِّثۡلِهِۦٓ إِن كَانُواْ صَٰدِقِينَ٣٤

«Ёки «У (Қуръон)ни ўзи тўқиди», дерлар? Йўқ, улар иймон келтирмаслар. Агар ростгўй бўлсалар, унга ўхшаш сўзни келтирсинлар-чи!» (33-34-оятлар).

Яъни мушриклар ваҳийга ишонмаётган, «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқияпти», деяётган эканлар, унда ўзлари ҳам Қуръонга ўхшаш матн ижод қилсинлар-чи! Нимага, деганда, бир одамнинг қўлидан келган ишни бошқа одам ҳам қила олади. Айниқса, араблар дунёда сўз устаси сифатида ном чиқарганлар. Инсонда ўзига нисбатан ишонч кучли бўлмаса, ўзгаларни лол қолдирувчи таклифни қила олмайди, шарманда бўлишдан қўрқади. Дин душманлари ўз даъволарини исбот қилиш мақсадида жуда кўп уринганлар. Қўлларидан келган ҳамма имкониятларни ишга солишган, лекин иложини қила олмаганлар.

Иккинчи босқич:

Ҳеч ким Қуръони Каримга ўхшаш тўлиқ китоб келтиришга ярамаганидан сўнг, иккинчи босқичда қарши тарафдан ҳеч бўлмаганда ўнта сура келтириш талаб қилинади.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

أَمۡ يَقُولُونَ ٱفۡتَرَىٰهُۖ قُلۡ فَأۡتُواْ بِعَشۡرِ سُوَرٖ مِّثۡلِهِۦ مُفۡتَرَيَٰتٖ وَٱدۡعُواْ مَنِ ٱسۡتَطَعۡتُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ١٣ فَإِلَّمۡ يَسۡتَجِيبُواْ لَكُمۡ فَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَآ أُنزِلَ بِعِلۡمِ ٱللَّهِ وَأَن لَّآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَۖ فَهَلۡ أَنتُم مُّسۡلِمُونَ١٤

«Ёки «Ўзи тўқиб олган», дерларми? «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш ўнта тўкилган сура келтиринг ва Аллоҳдан бошқа кучингиз етганки кишини чақиринг», деб айт. Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ. Энди мусулмон бўларсизлар?!» (13-14-оятлар).

Табиийки, шубҳа-гумон эгалари Қуръони Каримнинг бу шарти олдида ҳам ожиз эканликларига ўзлари амин бўлдилар. Улар бу босқичдаги таҳаддий – беллашувга чорлашга ҳам жавоб бера олмадилар.

Учинчи босқич:

Қуръони Каримга ўхшаш тўлиқ китоб келтиришдан, ҳеч бўлмаса унинг сураларига ўхшаш ўнта сура келтиришдан ожиз бўлган қарши тарафга яна енгиллик яратилиб, фақатгина бир дона сура келтириш таклиф қилинди.

Ҳа, учинчи босқичда Қуръони Карим улардан битта сура келтиришни талаб килди. Аллоҳ таоло бу хақда Бақара сурасида шундай дейди:

وَإِن كُنتُمۡ فِي رَيۡبٖ مِّمَّا نَزَّلۡنَا عَلَىٰ عَبۡدِنَا فَأۡتُواْ بِسُورَةٖ مِّن مِّثۡلِهِۦ وَٱدۡعُواْ شُهَدَآءَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ٢٣ فَإِن لَّمۡ تَفۡعَلُواْ وَلَن تَفۡعَلُواْ فَٱتَّقُواْ ٱلنَّارَ ٱلَّتِي وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُۖ أُعِدَّتۡ لِلۡكَٰفِرِينَ٢٤

«Ва агар бандамизга нозил қилган нарсамиздан шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўйлар бўлсангиз. Бас, агар қила олмасанглар – ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам – ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган оловдан қўрқинглар» (23-24-оятлар).

Бундай сўзларни одамларга қарата баралла айтишга ёлғиз Аллоҳгина қодир! Ўз бандаларининг ижодий салоҳиятини билган Аллоҳгина шундай қарорга келган ва уни баралла эълон қилган.

Мана, Қуръони Карим нозил бўлганидан буён неча асрлар ортда қолди, бу фоний дунёдан не-не уламою фузалолар, шоири давронлар яшаб ўтмади, лекин биронта инсон фарзанди Қуръони Карим оятларининг оҳорини тўкадиган сўз ижод қилолмади, аксинча, Қуръон мўъжизалари тан олинаверди.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ БАЁНИЙ ЭЪЖОЗИ

Қуръони Каримнинг асосий эъжози, яъни ожиз қолдириши унинг баёни – жумла ва сўз тизимидир. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти – мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар тўплами – Аллоҳ таолонинг қудратига далилдир.

Дастлаб Қуръоннинг балоғат, фасоҳат ва тилдаги мўжизасига эътибор берилди, одамлар унинг олдида ожиз қолиб, иймонга келдилар. Араб тили уламолари хоҳ наҳв илми, хоҳ сарф илми, хоҳ баён илми, хоҳ бадиъ илми бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар. Чунки Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Унинг тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва ҳеч қачон унга тўймайдилар.

Қуръонни тадаббур қилган ҳар бир киши ундаги маъноларга, ҳидоятга, ҳикматларга, балоғат ва фасоҳатга маҳлиё бўлиб қолади. Мисоллар келтирайлик.

  1. Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:

وَأَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰٓ أُمِّ مُوسَىٰٓ أَنۡ أَرۡضِعِيهِۖ فَإِذَا خِفۡتِ عَلَيۡهِ فَأَلۡقِيهِ فِي ٱلۡيَمِّ وَلَا تَخَافِي وَلَا تَحۡزَنِيٓۖ إِنَّا رَآدُّوهُ إِلَيۡكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ ٱلۡمُرۡسَلِينَ٧

«Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтарувчимиз ва уни расуллардан қилувчимиз», деб ваҳий қилдик» (7-оят).

Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда:

икки буйруқ – «эмизавер» ва «дарёга ташла»;

икки қайтариқ – «қўрқма» ва «маҳзун бўлма»;

икки башорат – «уни сенга қайтарувчимиз» ва «ра­суллардан қилувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир.

  • Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ إِخۡوَةٞ فَأَصۡلِحُواْ بَيۡنَ أَخَوَيۡكُمۡۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُرۡحَمُونَ١٠

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинг...» (10-оят).

Ояти каримада «биродар» деб таржима қилинган сўз араб тилида бирликда «ахун» калимаси билан ифода қилиниб, икки хил маънода ишлатилади.

Биринчиси – ака ёки ука, яъни туғишган биродар маъносида.

Иккинчиси – дўст, оғайни, яъни тутинган биродар маъносида.

Аммо худди шу сўзнинг ўзи кўплик сийғасида келганда, маъносига қараб икки хил шаклда келади:

Биринчиси – «ихватун» бўлиб, «туғишган биродарлар» деган маънони англатади.

Иккинчиси – «ихванун» бўлиб, «дўстлашган биродар­лар» деган маънони англатади.

Қуръони Каримнинг мўъжизалигини қарангки, мўминларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганда, туғишган биродарлар маъносидаги «ихватун» сўзи ишлатилган ва бу билан мўминлар худди туғишган ака-укалардек экани таъкидланган.

  • Аллоҳ таоло Тур сурасида марҳамат қилади:

 

فَوَيۡلٞ يَوۡمَئِذٖ لِّلۡمُكَذِّبِينَ١١

«Бас, ўша Кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!» (11-оят).

Қуръони Каримда ишлатилган ибораларда ҳам битмас-туганмас мўъжизалар яшириндир. Ушбу оятда келган «ёлғонга чиқарувчилар» ибораси умумий бўлиб, тушуниш эса хоҳлаганча бўлаверади. Шунинг учун ҳам тафсирчиларимиз «ёлғонга чиқарувчилар» иборасидан келиб чиқадиган «Нимани?» сўроғига «Қуръонни», «Пайғамбарни», «Қиёматни», «Ўлгандан сўнг тирилишни» каби жавобларни берганлар. Аслида ҳаммаси ҳам тўғри.

Шунингдек, «вайл» сўзи ҳам гоҳида «ҳалокат», гоҳида «дўзах» маъносида ишлатилади ва иккаласи ҳам бу оятга мосдир.

  • Аллоҳ таоло Лайл сурасида марҳамат қилади:

فَأَمَّا مَنۡ أَعۡطَىٰ وَٱتَّقَىٰ٥ وَصَدَّقَ بِٱلۡحُسۡنَىٰ٦

«Аммо кимки ато этса ва тақво қилса... ва гўзални тасдиқ қилса...» (5-6-оятлар).

Ушбу ояти каримадаги «гўзални» лафзи турлича таъвил қилинади: «гўзал сўз», яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ»; «гўзал миллат», яъни Ислом миллати; «гўзал оқибат», яъни жаннат. Худди шундай сўз тартиби ва услубнинг ишлатилиши Қуръони Каримнинг мўъжизасидир. Агар ушбу оятни таъвилларида келган маънолардан бирига боғлаб қўйилганда, унинг маъноси тор бўлиб қолар эди. Аммо «гўзал» деган сифатни зикр қилиб, унинг мавсуфини – сифатланмишини зикр қилмаслик оятдан жуда кенг маъно ифодаланишига сабаб бўлган. Демак, ким хайру садақа қилган, тақво қилган ҳамда гўзал калимани, миллатни ва оқибатни тасдиқлаган бўлса...

فَسَنُيَسِّرُهُۥ لِلۡيُسۡرَىٰ٧

«...бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» (7-оят).

Ўтган оятдаги «гўзал» сўзи ҳақида айтган гапларни ушбу оятдаги «осон» сўзи ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Яъни ким молу дунёсидан садақа қилса, тақво қилса, гўзал кали­ма, миллат ва оқибатни тасдиқ қилса, Биз уни осон йўлга, динга, амалга ва оқибатга муяссар қиламиз. Осон йўл – ҳидоят йўли, бу йўлда ҳеч қандай қийинчилик йўк. Осон дин – Ислом дини, бу диннинг ақийдасида ҳам, ибодатларида ҳам ҳеч бир қийинчилик йўқ. Осон оқибат – жаннат, унда ҳамма нарса осонликдан иборат.

  • Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай дейди:

وَإِذۡ جَعَلۡنَا ٱلۡبَيۡتَ مَثَابَةٗ لِّلنَّاسِ وَأَمۡنٗا

«Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик...» (125-оят)

Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжизалигига, ҳамда араб тилининг қанчалик бой тил эканига далолат қилади. Тилимиздан бу сўзнинг айнан маъносини ифода этадиган сўзни топа олмай, унинг ўзини ёзиб қўйдик. «Масаба» «одамлар қайта-қайта келиб, тўймайдиган жой» деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келавериши ҳам шу ояти кариманинг шарофати билан бўлса керак. Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган, ким бу ерга келса, омон бўлади.

Бунга ўхшаш баёний мўъжизалар ҳақида жилд-жилд китоблар битилган ва битилмоқда. Биз эса баъзи жуда ҳам содда мисолларни келтирдик, холос.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ИЛМИЙ ЭЪЖОЗИ

Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун нозил қилинган Китоб бўлиб, унинг вазифаси коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш эмас. Лекин шу билан бирга, Қуръонда баъзи бир илмий сўзлар келганки, улар Қуръоннинг илоҳий мўъжизакор Китоб эканига катта далил бўлади.

Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илм-маърифат, Мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Бу эса Набий алайҳиссалом илмий масалалардан мутлақо бехабар эдилар, деганидир. Лекин шунга қарамай, Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг сирини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан ниҳоятда тараққий этган бизнинг давримизга келиб, у нарсалар аён бўлди.

Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» деган ном билан аталувчи халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиб илмидагилар Қуръони Каримнинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари – кимёвий, тарихчилар – тарихий, физиклар – физик, мунажжимлар – фазовий ва ҳоказо ҳар бир илм соҳиби ўз илми доирасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Ғарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилганлар ва ҳануз қабул қилмоқдалар.

Баъзи мисолларни келтириб ўтишга ижозат бергайсиз.

  1. Аллоҳ таоло Анбиё сурасида шундай дейди:

أَوَ لَمۡ يَرَ ٱلَّذِينَ كَفَرُوٓاْ أَنَّ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ كَانَتَا رَتۡقٗا فَفَتَقۡنَٰهُمَاۖ وَجَعَلۡنَا مِنَ ٱلۡمَآءِ كُلَّ شَيۡءٍ حَيٍّۚ أَفَلَا يُؤۡمِنُونَ٣٠

«Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлганини, бас, уларни очганимизни ва сувдан хар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?» (30-оят).

Бу оятда айтилишича, осмонлару ер аслида бир нарса бўлиб, сўнгра бир-биридан ажралган. Ушбу оят Қуръоннинг мўьжизаларидан бири эканини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади.

Олимларнинг айтишларича, бутун борлиқ бир газдан иборат бўлиб, кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтадиларки, ерда туқсон икки хил турли моддалар бўлиб, шундан олтмиш еттитаси қуёшда ҳам бор экан. Қуёшдаги кўп учрайдиган моддалар, масалан, азот, фосфор, темир, карбон ва бошқалар ерда ҳам учрар экан.

Яна уламолар ой жинсларини олиб, ўрганиб кўрганларидан сўнг, ойда ҳам ердаги моддалар борлиги маълум бўлди. Буларнинг ҳаммаси шуни кўрсатиб турибдики, Қуръонда айтилганидек, оламдаги барча нарсаларнинг асли бир экан.

Энди оятнинг «ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилгани­мизни» деган қисмига келсак, бу – уламолар сирини очган илмий ҳақиқатлардан энг каттасидир, десак муболаға бўлмас. Ҳаёт ва ўсиш учун зарур бўлган барча кимёвий ўзгаришлар, албатта, сувсиз бўлмайди. Сув хаётнинг давом этиши, барча коинот ва набототнинг яшаши учун асосий нарсадир.

Ер юзасининг тўртдан уч қисми сув билан ўралган. Сувнинг хусусиятларидан бири – ер юзидаги ҳароратнинг бир хил сақланиб туришини таъминлашдир. Агар шундай бўлмаганда, ер юзида ҳаёт бўлиши гумон эди. Сувнинг хусусиятлари жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни Ўз махлуқларига зарур нарса қилиб яраттанлигига далилдир.

Сув музлаганда зичлиги камайиб, ҳажми катта бўладиган ягона моддадир. Сувда яшайдиган ҳайвонлар учун ушбу хусусиятнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Шу хусусият сабабидан совуқ қаттиқ бўлганда, муз сувнинг устига кўтарилади. Бошқа модда бўлса, пастга кетиши керак эди. Муз сув ҳай- вонлари учун зарурий нарсадир. Паст даражали ҳароратда сув ўзига кислородни кўп миқдорда тортади. Музлаган сувдан эса ҳарорат ажралиб чиқиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаётини сақлашда ғоят қўл келади.

Қуръоннинг ҳикматини қарангки, озгина сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирларини баён қилди. Фақат мана шу оятнинг ўзиёқ Муҳаммад алайҳиссаломнинг хақиқий Пайғамбар, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига етарли далилдир.

  • Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида шундай деб марҳамат қилади:

۞قُلۡ أَئِنَّكُمۡ لَتَكۡفُرُونَ بِٱلَّذِي خَلَقَ ٱلۡأَرۡضَ فِي يَوۡمَيۡنِ وَتَجۡعَلُونَ لَهُۥٓ أَندَادٗاۚ ذَٰلِكَ رَبُّ ٱلۡعَٰلَمِينَ٩ وَجَعَلَ فِيهَا رَوَٰسِيَ مِن فَوۡقِهَا وَبَٰرَكَ فِيهَا وَقَدَّرَ فِيهَآ أَقۡوَٰتَهَا فِيٓ أَرۡبَعَةِ أَيَّامٖ سَوَآءٗ لِّلسَّآئِلِينَ١٠ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰٓ إِلَى ٱلسَّمَآءِ وَهِيَ دُخَانٞ فَقَالَ لَهَا وَلِلۡأَرۡضِ ٱئۡتِيَا طَوۡعًا أَوۡ كَرۡهٗا قَالَتَآ أَتَيۡنَا طَآئِعِينَ١١

«Сен айт: «Сизлар ҳақиқатан ҳам, ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қиляпсизми?! Ахир бу оламларнинг Робби-ку! У Зот ўша(ер)нинг устида барқарор тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир». Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар» (9-11-оятлар).

Қуръони Каримнинг мана шу оятидан дунё яратилаётган вақтда осмон тутундан иборат бўлганлиги билиниб турибди. Ҳозирги уламолар дунёнинг яралиши ҳақида турли фикрларни илгари сурганлар. Жумладан, астроном олим Жеймс Жинс (James Hopwood Jeans) айтади:

«Борлиқ яралишидан аввал ундаги моддалар газдан ибо­рат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан».

Доктор Жамму эса:

«Дунё вужудга келаётган вақтда у тартибли тарқоқ газ­дан иборат бўлган. Унинг қалинлиги ва ҳароратини тасаввур қилиб бўлмайди ва шу газда турли моддаларнинг аралашуви натижасида атом парчаланиши вужудга келди. Мана шу ҳаддан ташқари иссиқ газга қаттиқ босимнинг таъсири натижасида борлиқ вужудга кела бошлади. Иссиқ ҳарорат пасайди, газларнинг ҳаракатланиши натижасида булутлар вужудга келиб, улар юлдуз ва бошқа сайёралар сифатида шаклланди», дейди.

Қуръони Каримда борликнинг яратилиши тутундан бўл­ган, дейилади. Ўша вактдаги арабларга мана шу сўз (яъни тутун) таниш бўлган. Бизга замондош олимлар эса тутунни «газ» деб атаганлар, холос. Моҳият битта!

Демак, яна савол туғилади: илм дарсларида бўлмаган, савод дарси ҳам олмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон зоти англаб етмаган ҳақиқатни қаердан олиб айтганлар? Шунинг ўзи ҳам Пайғамбаримизга нозил бўл­ган оят Аллоҳнинг сўзи эканининг исботи эмасми?

  1. Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

أَوۡ كَظُلُمَٰتٖ فِي بَحۡرٖ لُّجِّيّٖ يَغۡشَىٰهُ مَوۡجٞ مِّن فَوۡقِهِۦ مَوۡجٞ مِّن فَوۡقِهِۦ سَحَابٞۚ ظُلُمَٰتُۢ بَعۡضُهَا فَوۡقَ بَعۡضٍ إِذَآ أَخۡرَجَ يَدَهُۥ لَمۡ يَكَدۡ يَرَىٰهَاۗ وَمَن لَّمۡ يَجۡعَلِ ٱللَّهُ لَهُۥ نُورٗا فَمَا لَهُۥ مِن نُّورٍ٤٠

«Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас» (40-оят).

Мазкур оят тўлқинларнинг остки ва усткига бўлинишига далолат қилади. Бу ҳақда Рэйчел Карсон[1] исмли денгизшунос олима ўзининг «Атрофимиздаги олам» номли китобида шундай дейди:

«Океандаги тўлқинларнинг энг кучлиси ва хавфлиси кўринмайдигани, денгиз қаърида бўладиганидир».

Кўп йиллардан буён Шимолий денгизга сафар қиладиган кемалар йўлни жуда қийинчилик билан босиб ўтар эди. Энди маълум бўлишича, бунга ана шу остки тўлқин қаршилик қилар экан.

1900 йилнинг бошларида скандинавиялик денгизчилар кишилар эътиборини денгизнинг остида ҳам тулкин борлигига тортдилар. Ҳозирги кунда уларнинг қаердан келиб чиқиши номаълум бўлса-да, борлиги ва кенг тарқалганлиги, ўша тўлқинлар гоҳида сувости кемаларини йўлдан суриб юбориши ҳаммага аён.

Қуръон ояти эса бу нарсаларни неча асрлар илгари айтиб ўтган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, Қуръон нозил бўлган жой – Муҳаммад алайҳиссалом туғилиб-ўсган жойларда бундай воқеалар юз бермайди. Чунки у ерда океан ва улкан денгизлар йўқ, умуман, денгизчилик тўғрисида тасаввур ҳам бўлмаган.

  • Аллоҳ таоло Муъминун сурасида шундай деб марҳамат қилади:

وَلَقَدۡ خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِن سُلَٰلَةٖ مِّن طِينٖ١٢ ثُمَّ جَعَلۡنَٰهُ نُطۡفَةٗ فِي قَرَارٖ مَّكِينٖ١٣ ثُمَّ خَلَقۡنَا ٱلنُّطۡفَةَ عَلَقَةٗ فَخَلَقۡنَا ٱلۡعَلَقَةَ مُضۡغَةٗ فَخَلَقۡنَا ٱلۡمُضۡغَةَ عِظَٰمٗا فَكَسَوۡنَا ٱلۡعِظَٰمَ لَحۡمٗا ثُمَّ أَنشَأۡنَٰهُ خَلۡقًا ءَاخَرَۚ

«Батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» (12-14-оятлар).

Ушбу оятларни чуқурроқ ўрганган одам ундаги гаплар оддий эмас, илмий маълумотлар эканини, бу маълумотлар инсоннинг тупроқдан яратилганлигига ишора эканини билиб олиши қийин эмас. Ҳам эркак, ҳам аёлдаги уруғликлардан бола пайдо бўлади. Табиийки, уруғлик ейилган овқатлардан вужудга келади. Егулик озуқалар эса тупроқдан чиққан.

Уруғлик эркак кишидан чиқиб, аёл кишига ўтадиган тирик ҳужайралардир. Бу ҳужайралар урғочи ҳужайралар билан қўшилиш учун ҳаракатга тушади ва ниҳоят, улардан бири урғочи ҳужайранинг тухумини ёриб кириб, унга аралашиб кетади. Натижада онанинг қорнида бола пайдо бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда кейин ўша уруғликни «алақа»га айлантириши ҳақида хабар бермокда. Эрнинг манийси аёлнинг тухумчаларидан бирига етиб бориб, урчиганидан сўнг икковлари бирлашиб, аралашади ва бачадонга ёпишиб, ҳомила пайдо бўлади. У эса зулукка ўхшаш бўлади. Оятдаги «алақа»дан мурод шу.

«Алақа» сўзини бизнинг тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» деган маънони англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум чувалчангга ўхшаш, қон сқрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган зулук номли ҳайвонни араблар алақа дейдилар. Араб тилида «алақ» ўзаги «ёпи­шиб», «осилиб олиш» маъносини англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб – осилиб олгани учун «алақ» номини олган. Аммо барча қадимги тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган, лахта қон» маъносини берганлар. Чунки онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки эркакнинг манийси аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқибатида лахта қон пайдо бўлади, ана ўша ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан ҳамма уламолар «алақ»ни «қотган қон», «лахта қон» деб тафсир қилганлар.

Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар билан намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказилгандан сўнг, ҳомила илми бўйича энг олий халкаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги ҳужайраларнинг (сперматозоидларнинг) зулук­ка ўхшашини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркак­нинг уруғи аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ҳам ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ – зулук аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар.

Чунончи, канадалик олим Кейс Мур «Инсон яратилишининг босқичлари» деб аталган китобида Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини эътироф қилган ҳолда, қуйидагиларни ёзади:

«Ўрта асрларда илмнинг тараққий этиши жуда ҳам секин борар эди. Ўша пайтларда ҳомила ҳақидаги илмдан жуда ҳам оз нарса бор эди, холос. Аммо мусулмонларнинг муқаддас Китоби бўлган Қуръони Каримда инсон эркак ва аёлдан чикадиган суюқликлардан яратилиши туғрисида баҳс кетган. Шунингдек, инсон маний деб аталган нутфадан яратилиши туғрисида ҳам сўз юритилган. Ўша нутфа аёл кишининг бачадонида қарор топиши, худди уруққа ўхшаб қолиши, олти кундан кейин урчиши ҳакидаги гапларнинг Қуръони Каримда айтилиши улуғ бир нарсадир. Ўша тушган уруғлик – маний аста-секин ривожланиб, бир парча қонга айланади. Қотиб қолган қонга ўхшаб қолади. У «алақ» дейилади. Ана шу тухумдонда урчиган нарса кўпчий бошлайди ва каттариб бориб, зулукни эслатадиган бир шаклга киради. Биз ана шуни кўриб, шаклларини чизиб қўйган эдик. Ўша зулук деб аталаётган ҳайвон ҳомиланинг Қуръонда «зулук» деб аталган ҳолига солиштириб кўриладиган бўлса, орада ҳеч қандай фарқ сезилмайди. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳомиланинг бошқа васфлари ҳам – ҳаммаси баён қилиб берилган...».

Бу эса урчишдан кейин пайдо бўладиган бир ҳолат бўлиб, маълум муддатдан кейин алақа музғага айланади. Шу вақтдан бошлаб, эмбрион шакллана бошлайди. Унда суяк пайдо бўлиб, суяк атрофида гўшт пайдо бўлади. Оятдаги «сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» жумласи ҳам Қуръони Каримнинг ажойиб мўъжизаларидан биридир.

Олимларнинг кашф қилишларича, эмбрион иккинчи ойнинг аввалида инсонга эмас, балки янги пайдо бўлаётган бақага кўпрок ўхшар экан. Иккинчи ой давомида эса унда бутунлай бошқача ўзгаришлар содир бўлиб, сув хайвони даражасидан инсон шаклига ўтар экан. «Бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» дегани шудир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам хабар берилади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

«Нутфа аёлнинг раҳмига тушганидан сўнг қирк икки кеча ўтгач, Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборади. Фаришта унга инсон суратини киритади. Унинг кулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суягини қилади. Кейин айтади: «Эй Роббим, уғилми, қизми?» Роббинг нимани хоҳласа, ўшанинг ҳукмини қилади...».

Канадалик машҳур олим Ван Броусет ушбу ҳадисдаги гапларни текшириш ниятида тажриба олиб борган. Чунончи, у замонавий жиҳозлар ёрдамида она қорнидаги ҳомиланинг беш ҳафталик ва олти ҳафталик суратларини олиб, солиштириб кўрган. Ҳомиланинг беш ҳафталик – ўттиз беш кунлик суратига назар солинганда, ундан одам боласига, инсонга ўхшаш ҳеч бир аломат топилмаган. Бу умуман бошқа бир шакл, бошқа бир тус эди. Ҳомиланинг олти ҳафталик, яъни ҳадисда айтилганидек, қирк икки кун­лик суратида эса инсоннинг тўлик шакли кўриниб турарди. Ана ўша суратни Канададаги «Сиба» ширкати оламга тарқатган ва бутун олам табиблари, шифокорлари ҳадисда айнан шу ҳолат зикр қилинганига гувоҳ бўлганлар.

Муъминун сурасининг ушбу оятларида ва Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр қилинган ҳадисларида айнан бир хил ҳолат ҳақида ха­бар берилган. Фақат ҳадисда ҳомиланинг инсон шаклини олиш муддати аниқ кўрсатилган, холос. Бинобарин, Ван Броусетнинг олган суратлари Қуръони Каримнинг илоҳий Китоб эканини ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларини тасдиқдовчи бир далилдир. Зеро, бундан 1400 йил олдин хабар берилган ушбу воқеъликларнинг бугунги кундаги илмий тасдиғи Қуръони Ка­римнинг илоҳий Китоб эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар – Аллоҳнинг элчиси эканликларига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди.

Илмий адолат ва инсоф юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, бундан 1400 йил аввал ҳомиланинг турли ҳолатлари ҳақида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган маълумотларни ўша даврда оддий одамлар тугул, табиблар ҳам билиши мушкул эди. Колаверса, ҳомиланинг суратини олиш, унинг шаклини кўриш, унинг ривожланиш босқичларини текшириш фақат XX асрнинг охирига келибгина, янги яратилган жиҳозлар ёрдамидагина мумкин бўлиб қолди.

Юқорида айтилган нарсалардан кўриниб турибдики, Қуръони Каримда зикр қилинган эмбрионнинг ривожла­ниш жараёни ҳозирги замон илмий кашфиётларидан сўнг тасдиқланди.

Айтиб ўтилган мисоллар Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари денгизидан бир томчи, холос.

Ҳозирда Қуръони Карим эъжозининг кўплаб турлари бўйича алоҳида китоблар чиқмоқда. Биз бу ишни ўша китобларга ҳавола қилиб, сўзимизни шу ерда тўхтатамиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ИККИНЧИ ҚИСМ:

Қуръони Каримнинг жамланиши;

Қуръони Каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қалбларда жамланиши;

 

[1] Рейчал Карсон (Rachel Louise Carson, 1907-1964) - америкалик биолог.

3427 марта ўқилди
Top