Кутубхона

Ислом тарихи: ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ ВА НАСАБЛАРИ

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ ВА НАСАБЛАРИ

Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Фил йили туғилганмиз».

«Усмон ибн Аффон Қубос ибн Ашям Лайсий розияллоҳу анҳудан: «Сиз каттамисиз, Расулуллоҳми?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у зотдан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йили туғилганлар. Онам мени ўша жойга кўтариб борганида филнинг чириб кетган яшил тезагини кўрганман», деди».

Иккисини Термизий ҳасан санад илa ривоят қилган.

Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фил йили»да таваллуд топганлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари: У зот – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъадд ибн Аднон».

Бухорий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ота бўлиш бахтига сазовор бўлган Абдуллоҳ Қурайш қабиласи, Бану Ҳошим уруғининг бошлиғи Абдулмутталибнинг Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Абу Лаҳаб, Ғайдоқ (ёки Ҳажл), Муқаввим (ёки Абдулкаъба), Зирор, Аббос ва Ҳамза исмли ўғиллари орасида энг маҳбубидир. Абдуллоҳ ўн нафар ўғил ичида кичиги эмас, чунки Абдуллоҳнинг укаси Ҳамза розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бор йўғи 2 ёш катта бўлгани, ҳатто эмикдош бўлгани маълум машҳурдир. Абдуллоҳ ота-она бир ўғиллар ичида энг чиги бўлган, холос. Улар Зубайр, Абу Толиб ва Абдуллоҳ бўлиб, Фотима онадан туғилганлар.

Абдуллоҳ вояга етганида отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб, Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳоланинг (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.

Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб Бану Ҳошимнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бану Зуҳрнинг улуғи эди.

Омина одобли, сабрли ва гўзал қиз эди. Унинг ҳақида хабарларга қараганда, Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга бўлган. Қисқаси, Омина ўша вақтнинг ҳам жиҳатдан устун бўлган қизи эди.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундай ажойиб васфга эга икки улуғ ва пок наслнинг вакили ва вакиласи бўлмиш ота-онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.

Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай, янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан, хурмо олиб келиш учун отасининг тоға юрти – Ясрибга (Мадинага) жўнаб кетди. Кўп ўтмай Абдуллоҳ ўша ерда вафот этди.

Ўша пайтда Оминанинг ҳомиладор бўлганига кўп бўлмаган эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб, бева қолди.

Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас, хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди. Ана шу «Фил воқеаси»дан салкам икки ой ўтиб, Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача ҳолатда Оминанинг ҳомиласи ёруғ дунёга келди.

Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахтга чўмдирган бу улуғ кун машҳур ривоятга кўра, рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни (милодий 571 йил 22 апрель), душанба куни эди.

Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмутталибга одам юбориб, «Набирангиз туғилди, келиб уни бир кўринг», деди.

Эҳтимол, у киши бу билан янги куёвлик чоғидаёқ вафот этган ўғлининг кўйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглигa бироз қувонч киришини истагандирлар.

Абдулмутталиб қувончдан тўлиб-тошиб, шошганча етиб келди. Мурғак набирасини қўлига олиб, меҳр билан ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуойи хайрлар қилди. Сўнг набирасига Муҳаммад деб исм қўйди. Араблар ичида бу исм унчалик тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди.

Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар: «Айни шу – «Муҳаммад» сийғасидан «мақтови тинмай янгиланиб турувчи» деган маъно чиқади», дейдилар.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида туш кўрибдилар, унда фарзандлари туғилганда уни Муҳаммад деб аташлари лозимлиги айтилган экан.

Шунингдек, Абдулмутталиб ҳам тушида ўз пуштидан одатдагидан бошқа, улуғ мақомга сазовор бўладиган ўғил бола туғилишига ишора қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида Абдулмутталиб набирасига Муҳаммад деб исм қўйди.

ЭМИЗДИРИЛИШЛАРИ

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳрнинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхшироқ бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб ўсарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб туққан оналари Омина етти кун эмизди, сути етмагач, бир неча кун у зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган жорияси Сувайба эмизиб турди.         1

Ўша кунлари Бану Саъд қабиласидан эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун Маккага келиб қолишди.

Ўша йили қурғоқчилик йили бўлиб, одамлар етишмовчилиқдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилалаларнинг фарзандини эмизиб, бироз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отаси йўқ, етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёлар топилмади.

Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани унга панд берди. Бойларнинг болаларини дугоналари эгаллаб олишибди.

Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмагач, бироз ўйланиб қолди. Нима, шунча жойга келиб, бола олмай кетадими? Хотинлар «Ҳалима қуруқ қайтди», деб ҳамма ёққа гап тарқатиб юборишади-ку! Яхшиси, етим бўлса ҳам Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул.

Аллоҳ таоло Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламн эмизгани олди. Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ уловининг тузалиб, илдам юраётганини пайқади. Буни қарангки, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда барча бандалар ичида энг афзалига кўкрак тута бошлади.

Ҳалима шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди: ўзининг сути ҳам кўпайди, хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари қўй-қўзиларини қаерда боқишларидан қатъи назар, уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди.

Шу боис болани эмизиш муддати тугаганида ҳам ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у зотни оналари ҳузурига олиб бориб: «Яна бироз менинг олдимда тарбия топсин», деб илтимос қилди. Омина онамиз ҳам ўша вақтда Макка ҳавоси яхши эмаслиги учун бу таклифга рози бўлдилар.

Орадан икки йил ўтиб, ўша ерда «шаққус-садр» (кўксиларини ёриб, қалбларидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаш) номи билан машҳур ҳодиса ҳам бўлиб ўтди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида, олдиларига Жаброил келди. Жаброил у зотни олиб, ерга ётқизиб, кўксларини ёрди. Сўнг қалбларини олиб, ичидан лахта қонни чиқариб олди-да: «Бу шайтоннинг сендаги насибаси», деди.

Кейин уни тилладан бўлган жомда замзам суви билан ювиб, ўрнига қайтариб солди. Болалар онасининг, яъни эмизган онасининг олдига югуриб келиб: «Муҳаммад ўлдирилди», дедилар. У зотнинг олдига борсалар, ранги оппоқ ҳолда турган экан»

Анас: «Мен у зотнинг кўкракларидаги ўша тикилган изни кўрар эдим», деди».

Имом Муслим ривоят қилган.

Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди. Лекин бундан қўрқиб кетган Ҳалима Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Оминага қайтариб олиб борди.

 

ҲАЗРАТИ ОМИНАНИНГ ВАФОТЛАРИ

(ҳижратдан аввалги 47 йил; милодий 577 йил)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида оналари у зотни Ясрибга (Мадинага) олиб бордилар. Она-бола бирини ёш бева, бирини туғилмасдан туриб етим ҳолида ташлаб кетган маҳбублари Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибнинг қабрини зиёрат қилиш учун борган эдилар. Уларнинг бири висолига тўймаган эрини, бирлари дийдорини кўрмаган падарини зиёрат қилганларидан сўнг яна Макка сари йўлга чиқдилар.

Йўлда Абво номли қишлоққа етганларида Омина ҳам вафот топдилар. Оналарининг қоринларида эканларида оталаридан ажраган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшда оналаридан ҳам ажраб, ҳақиқий етим бўлиб қолдилар.

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг келажак пайғамбар камолот учун кўрган ҳикматли чораси бўлса, ажаб эмас.

 

БОБОЛАРИ АБДУЛМУТТАЛИБ ҚАРАМОҒИДА

Ғурбатда онасидан ажраб қолган болани бобоси Абдулмутталиб ва энагаси Умму Айман Маккага олиб келдилар.

Қурайш қабиласи, Бану Ҳошим уруғининг раиси Абдулмутталиб ўзининг етим қолган набирасига ниҳоятда меҳрибон эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзи билан олиб юрар, Каъбанинг соясида ўзи учун тўшалган кўрпачага ўтирғизарди. Шу тариқа икки йил ўтди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшга тўлдилар. Энди эсини таниб, бирор нарсани ўрганиш пайти келганда Абдулмутталиб ҳам вафот этди. Етимлик дарди яна янгиланди.

Аммо уламоларимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда ўсишларига Аллоҳ таолонинг ҳикмати деб қарайдилар. Агар у зот етим ҳолда ўсмаганларида, пайғамбарлик келганида душманлар «Ота-онасидан ёки бобосидан ўрганиб олган нарсаларни айтиб, «Мен пайғамбарман» демоқда», дейишлари ҳам мумкин эди. Етим ўсган кишининг олиймақом таълимотларни келтириши эса ўша таълимотлар Аллоҳ таолодан эканига далолат қилади.

 

АМАКИЛАРИ АБУ ТОЛИБ ҚАРАМОҒИДА

Абдулмутталибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди.

Абу Толиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг ота бир, она бир акалари эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига ўғиллари Жаъфар, Ақийл ва Алийлардан ҳам яқин тутар, кўпинча ўзи билан олиб юрар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли камчиликлардан холи бўлиб ўсишларини таъминлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ёмонликлрдан йироқ, ҳамма фазилатларга яқин ҳолда ўсиб бордилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вояга етиб қолганларида қўй боқиш билан тирикчилик ўтказдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам арзимаган ҳақ учун одамларнинг қўйларини боқдилар. Ҳайвонлар ичида энг ювоши бўлган қўйни боқиш ҳамма пайғамбарлар қилган ишдир. Чунки бу иш уларни маълум маънода кейинчалик ўз умматларига раҳбарлик қилишдек масъулиятли ишга тайёрлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма ёшларида Кинона ва Қурайш қабилалари билан Қайс Айлон қабиласи орасида чиққан урушда қатнашдилар. Унда амакиларига камон ўқи олиб бериб турдилар. Шундай қилиб ёшлик чоқларидаёқ уруш нима, жасорату шижоат нима эканини синаб кўрдилар. Бу ишда ҳам Аллоҳ таолонинг инояти ила у зотнинг келажакда пайғамбарлик қилишларига тайёргарлик бор эди.

 

ФУЗУЛ БИТИМИДА ИШТИРОК ЭТИШЛАРИ

(ҳижратдан аввалги 34 йил зулқаъда ойи; милодий 590 йил)

Ўша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг зодагонларидан Ос ибн Воил Саҳмий сотиб олди. Аммо ҳам қини бермади. Зубайдлик киши Қурайшнинг бошлиқларига бу ҳакда арз қилиб, ёрдам сўради. Улар Ос ибн Воилдан ҳайиқиб, мазлумга ёрдам беришдан бош тортишди.

Шунда зубайдлик киши: «Макка аҳлининг йигитлиги ва муруввати борларидан ёрдам сўрайман!» деб дод солди.

Макка аҳлидан ўзини эр санаб, мурувватлиман, деб юрганлари Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйига тўпландилар. Уй эгаси улар учун таом тайёрлади. Таомдан кейин мажлис қуриб, аҳдлашиб, Аллоҳнинг номи ила бир шартнома туздилар. Улар: «Мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бермагунимизча, ҳаммамиз бир тану бир жон бўламиз», дедилар.

Бу иш фазилатли иш бўлгани учун қурайшликлар уни «Фузул битими» деб аташди. Сўнг битим тузганлар Ос ибн Воилнинг олдига бориб, мазлумнинг ҳаққини олиб бердилар. Кейинчалик ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу битимда иштирок этганларидан қувониб юрар эдилар. У зот ҳадиси шарифларидан бирида қуйидагиларни айтганлар: «Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир битимда қатнашганман. Агар Исломда ҳам ўшандоқ битимга даъват қилинсам, даъватни албатта қабул қилар эдим».

 

ХАДИЙЖАГА УЙЛАНИШЛАРИ

(ҳижратдан аввалги 28 йил, куз фасли; милодий 595 йил)

Маккада Хадийжа исмли аслзода, ақлли, ахлоқли, фазилатли ва бой-бадавлат аёл бор эди. У олдинги турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолганидан кейин тижорат учун бошқа эркакларни ишга ёллар эди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадийжа бинт Хувайлид билан келишиб, унинг тижорати бўйича Шом ўлкасига бориб, савдо қилиб келдилар. Ўша тижорий сафарда Хадийжанинг хизматкори Майсара исмли йигит ҳам у зотга ҳамроҳлик қилди. Бу сафардан кейин ўткир ақл эгаси Хадийжа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий одам эмасликларини сезиб қолди. У зотдаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар Хадийжани ўзига ром этди.

Бунинг устига, хизматчи Майсара сафар давомида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламда кўрган ақл бовар қилмайдиган ҳолатларини айтиб берди. Макканинг кўплаб аъёнларининг совчиларини қайтарган Хадийжа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни ният қилди. У киши ўзининг бу ҳақдаги ниятини дугонаси Нафиса орқали Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари совчи бўлдилар. Икки томоннинг розилигидан сўнг Абу Толиб никоҳ хутбасини ўқиди. Ўшанда Пайғамбар солллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари йигирма бешда, Хадижа онамизники эса, машҳур ривоятга кўра, қирқда эди.

 

МАККА АҲЛИНИНГ ДИЁНАТИ

Бу даврда нафақат Макка аҳли, балки Арабистон яримороли аҳолисининг кўп қисми бут-санамларга ибодат қиларди. Юқорида ҳам таъкидланганидек, Маккага ҳайкалларни илк бор Хузоъа қабиласи ҳукмронлиги даврида Aмр ибн Луай Хузоъий деган кимса Шом диёридан олиб келган эди. Маккаликлар, кейинчалик бошқа араблар ҳам бут-санамларга ибодат қилишга шу қадар берилиб кетишди. Иброҳим алайҳиссаломнинг динидан Байтуллоҳни улуғлаш одатидан бошқа ҳеч нарса қолмади.

 

КАЪБАНИ ҚАЙТА ҚУРИШ

(ҳижратдан аввалги 18 йил; милодий 605 йил)

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшлик вақтларида қурайшликлар Каъбани бузиб ташлаб, қайта қуришга енг шимаришди. Замон ўтиши, хусусан, Каъбада ёнғин чиққани ва сел келгани оқибатида қайта қуриш зарурати туғилиб қолган эди.

Қурилишни бошлаб, ҳамжиҳатлик ила иш олиб боришди Аммо Ҳажарул асвадни жойига қўйиш вақти келганда ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бу шарафли иш ўзига бўлишини хоҳлар эди. Ихтилоф кучайиб, уруш чиқиш хавфи туғилди.

Баъзилар жангга ҳозирлана бошлашди. Бану Абдуддо уруғи бир тоғорада қон олиб келишди. Улар Бану Адий уруғи билан келишган ҳолда қўлларини тоғорадаги қонга ботириб, ўлимга тайёр эканларини эълон қилишди. Бу ҳол уруш бўлади, дегани эди.

Шy ҳолатда тўрт-беш кун туриб қолишди. Узоқ баҳслашувлардан кейин ишни уларнинг олдига асосий дарвозадан биринчи бўлиб кириб келган кишига ҳавола қилишга келишдилар.

Уларнинг олдига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб кириб келдилар. У зотни кўришлари билан ҳаммалари хурсанд бўлиб: «Ана, Муҳаммад келди! Ана, Амин келди! Рози бўлдик! Ишни унга ҳавола қилишга розимиз!» дейишди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бир ридо келтиришларини сўрадилар. Уни олиб ерга ёздилар. Ҳажарул асвадни кўтариб, ридонинг ўртасига қўйдилар ва ҳар уруғдан биттадан вакил келиб, ридонинг бир четидан тутиб кўтаришини таклиф қилдилар. Вакиллар кўтариб олиб келганларидан сўнг ўзлари Ҳажарул асвадни жойига қўйдилар. Шундай қилиб у зот ўзларининг беқиёс ҳикматлари ила урушнинг олдини олдилар.

Бу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун дунё халқларини сулхга ва тинчликка бошлашларининг муқаддимаси эди.

Ана шундай тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак пайғамбарининг ҳамма тарафдан етук бўлишини таъминлаб келди.

У зотнинг насаблари пок насаб бўлишини таъминлади.

У зотнинг яратилишлари бенуқсон, муборак таналарининг пок ва жисмонан тўкис, шунингдек, хулқлари бекаму кўст бўлишини таъминлади.

Мана шу тарзда Аллоҳ таолонинг иродаси ила охирзамон пайғамбари қилиб юборилишлари учун барча шароитлар муҳайё бўлди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ҳиро ғорида;

Пайғамбарликнинг бошланиши;

Ваҳий, Қуръон ва рисолат;

Рисолат ва Нубувват ила ваҳий нозил бўлишининг бошланиши;

Ваҳийнинг узилиб қолиши;

Илк мусулмонлар;

Ошкора даъватга ўтиш;

Қуръони Каримнинг одамларга таъсири;

Валид ибн Муғийранинг Қуръони Карим ҳақида айтган гаплари;

12365 марта ўқилди
Top