Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИ БАЁНИ.  ЗОТИЙ ВА ФЕЪЛИЙ СИФАТЛАР БАЁНИ

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИ БАЁНИ.
ЗОТИЙ ВА ФЕЪЛИЙ СИФАТЛАР БАЁНИ

 

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ СИФАТЛАРИ БАЁНИ

5 - صِفَاتُ اللَّهِ لَيْسَتْ عَيْنَ ذَاتٍ وَلاَ غَيْرًا سِوَاهُ ذَا انْفِصَالِ

Маънолар таржимаси:

Аллоҳнинг сифатлари зотининг айни эмас ҳамда ундан ажраладиган бошқа ҳам эмас.

Назмий баёни:

Аллоҳ сифатлари айни зотимас,

Ундан ажралувчи бошқа ҳам эмас.

Луғатлар изоҳи:

 صِفَاتُ – бу калима صِفَة нинг кўплик шакли. Сифат деганда сифатланмишда бор бўлган ва ўша билан уни бошқалардан ажратиб олиш мумкин бўлган белги тушунилади.

اللَّهِ – Аллоҳ лафзи ҳақида икки хил қараш бор:

  1. Аллоҳ исми алам муртажалдир[1]. Яъни бошқа бирор калимадан исм қилиб кўчирилмаган.
  2. Аллоҳ исми алам манқулдир. Яъни бошқа бирор калимадан исм қилиб кўчирилган. Алам манқул деган уламолар қуйидагича тушунтирганлар: “الله исмининг асли إله бўлган, сўнгра эса унга اَلْ киритилган ва أَلْإِلَهُ га айланган. Сўнгра талаффузда енгил бўлиши учун иккинчи ҳамза туширилиб, اَلْ - لَهُ бўлган. Идғом шартига биноан اَلْ нинг биринчи ل си иккинчи ل га идғом қилиниб الله бўлган. Фатҳа ва заммадан кейин тафхим ўқилган. Касра тарқиққа муносиб бўлгани учун ундан кейин тарқиқ ўқилган”[2].

Кўпчилик уламолар наздида биринчи қараш мўътабар ҳисобланади.

لَيْسَتْ – мозий, ноқис, жомид феъли. كَانَнинг шерикларидан бири. Феъллар сарфланиши ва сарфланмаслиги жиҳатидан иккига бўлинади:

  1. Жомид феъллар;
  2. Мутасарриф феъллар.

Жомид феъллар деганда фақат битта кўринишда, мозий ёки амр кўринишида бўладиган тусланмайдиган феъллар тушунилади. Масалан,

لَيْسَ – мозий кўринишидаги ушбу феълнинг музориъ ва амри йўқ.

هَبْ – амр кўринишидаги ушбу феълнинг мозий ва музориъси йўқ.

Мутасарриф феъллар деганда эса тусланадиган феъллар тушунилади. Тусланадиган феъллар ҳам икки қисмга бўлинади:

  1. Тўлиқ тусланадиган. Масалан, قَامَ يَقُومُ قُمْ
  2. Тўлиқ тусланмайдиган. Бундай феълларда фақат мозий ва музориъ бўлади, амр бўлмайди. Масалан, كَادَ يَكَادُ

عَيْنَ – ноқис феълнинг хабари бўлгани учун насб бўлиб турибди. Луғатда “айнан ўзи” маъносини англатади.

ذَاتٍ – бу калима ذُو нинг муаннаси бўлиб, ундан мустақил тасаввур қилинадиган нарса тушунилади. Наҳв олимлари жомид исмни икки қисмга ажратганлар:

  1. Исми зот. Зотга тааллуқли бўлган исмлар исми зот дейилади. Масалан, инсон;
  2. Исми маъно. Ундан зот тушунилмайдиган исмлар исми маъно дейилади. Масалан, шижоат.

ذَاتٌ ва شَخْصٌ калималари ўртасидаги фарқ:

– Зот – жисмга ҳам, жисм бўлмаганга ҳам ишлатилади;

– Шахс – фақат жисми бор нарсаларга нисбатан ишлатилади.

Шунга кўра Аллоҳ таолога нисбатан "шахс" калимаси ишлатилмайди.

وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи.

لا – нафий ҳарфи.

غَيْرًا – бу калимаعَيْنَ га атф қилинган

سِوَاهُ – бу калима غَيْرًاни таъкидлаш учун келган бадалдир. Ундаги замир ذَاتٍ га қайтади. Аслида ذَاتٍ калимаси муаннас бўлса-да, унга қайтаётган замир одоб юзасидан музаккар шаклида келтирилган.

ذَا – “соҳиб” маъносида келган “асмаи ситта”[3]дан бири. غَيْرًا га сифат бўлгани учун насб бўлиб турибди. Бу исм ҳаракатлар билан эмас, ҳарфлар билан эъробланади.

انْفِصَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “ажралиш” маъносини билдиради.

 

Матн шарҳи:

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди бўйича Аллоҳ таолонинг сифатлари Унинг айни Ўзи ҳам, Ўзидан бошқа ҳам эмас. Сифатлари Унинг Ўзи эмас деган гапнинг маъноси шуки сифат деганда зотдан бошқа нарса тушунилади. Шу маънода Аллоҳ таолонинг сифатлари Унинг айни Ўзи эмас, дейилади.

Аллоҳ таолонинг сифатлари Унинг ўзидан бошқа ҳам эмаслиги эса, Унинг бирор сифати азалда бўлмасдан кейин пайдо бўлган эмас ва абадий ҳеч қачон Унинг зотидан ажралмайди ҳам. Шу маънода Аллоҳ таолонинг сифатлари зотидан бошқа эмас, дейилади.

Аслида, ушбу масалага бунчалик урғу берилишининг асосий сабаби Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳодис[4] эмаслигини исботлашдир. Чунки Аллоҳ таолонинг сифатлари Ундан мутлақо бошқа дейиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсалар ҳодис бўлгани учун У зотнинг сифатлари ҳам ҳодис, деган маъно чиқиб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг сифатлари зотининг айни ўзи бўлмагани билан, зотидан бошқа ҳам эмас, дейилган. Яъни Аллоҳ деганда мазкур сифатлар билан бирга тушунилади.

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала ҳақида қуйидагиларни ёзган:

Субутийдур онинг саккиз сифоти,

Сифоти зоти эрмас на ғойри зоти

Яъни саккизта сифат субутий сифатлар дейилади ва улар Аллоҳ таолонинг зотининг айни ўзи ҳам эмас, зотидан бўлак ҳам эмас, деб эътиқод қилинади. Саккизта субутий сифат қайси сифатлар эканини шундай баён қилган:

Ҳаёту, илму, қудрат ҳам басар, самъ,

Иродаю, калом, таквиндур, эй шамъ.

Яъни ҳаёт, илм, қудрат, басор (кўриш), самъ(эшитиш), ирода, калом ва таквийн (вужудга келтириш) сифатлари субутий сифатлардир. Байт охирида келган “эй шамъ” сўзи “эй чироғим” яъни “эй болагинам” маъносида ишлатилган.

Мазкур сифатлар ақоид китобларида қуйидаги номлар билан аталган:

Маъоний сифатлар. Бу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотидан бошқа маъноларга ҳам далолат қилгани эътиборидан “маъоний” (зотдан бошқа маънони ифодаловчи) сифатлар деб номланган;

Зотий сифатлар. Бу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотидан ҳеч қачон ажралмагани эътиборидан “зотий” (зотдан ажралмайдиган) сифатлар деб номланган;

Субутий сифатлар. Бу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотида кейинчалик пайдо бўлмагани эътиборидан “субутий” (борлиги азалий экани исботланган) сифатлар деб номланган.

Фақатгина зотий ва феълий сифатлар тўғрисидаги баҳслар эътиборидан зотий сифатлар деганда, асосан, қуйидаги еттита сифат тушунилади:

1.Қудрат, 2. Ирода, 3. Илм, 4. Ҳаёт, 5. Самъ (эшитиш), 6. Басор (кўриш), 7. Калом (гапириш).

Феълий сифатлар деганда эса “тирилтириш”, “ўлдириш” ва “ризқ бериш” каби кўплаб сифатлар бўлиб, уларнинг умумий номи “таквин”дир. Мотуридийларда “таквин” ҳам қадим ҳисоблангани учун Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур еттита сифатга таквинни ҳам қўшиб, саккизта сифатни субутийдур, деган. Ашъарийлар эса мазкур еттита сифатни зотий, яъни қадим ҳисоблаганлар.

Уламолар: "Зотий сифатларни еттита дейиш ҳам, мутлақ ададни баён қилиш жиҳатидан эмас, балки ушбу еттита сифатни билиш мўминга кифоя қилиши эътиборидандир", – деганлар.

 

Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги фарқли қарашлар

Жоҳил файласуфлар. Баъзи жоҳил файласуфлар Аллоҳ таолонинг барча сифатларини инкор қилганлар. Махлуқотларга нисбатан ишлатиш мумкин бўладиган сифатларни Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиб бўлмайди, деб ҳисоблаганлар. Бу фирқа ўзларининг қарашларига қуйидагича ақлий далил келтиришган: “Яратувчи яратилган нарсаларга ўхшаш бўлишини ақл инкор қилади. Яратилган нарсаларнинг “олим”, “қодир”, “эшитувчи” ва “кўрувчи” каби сифатлари бор. Шунинг учун бундай сифатлар билан Яратувчининг сифатланиши жоиз бўлмайди. Агар бу сифатлар билан сифатланадиган бўлса, яратилганларга ўхшаш бўлиб қолади. Шу маънода баъзи файласуфлар Аллоҳ таолога нисбатан “зот” ва “шай” каби исмларни ҳам ишлатиб бўлмайди, деб ҳисоблашган.

Мўътазилийлар. Аллоҳ таолонинг сифатлари зотидан бошқа маънони ифодалашини инкор қилганлар. Шунга кўра Аллоҳ таолони Олим дейилади лекин илми бор дейилмайди, Қодир дейилади лекин қудрати бор дейилмайди, дейишиб “калом” ва “ирода”дан бошқа сифатларини инкор қилганлар. Бу икки сифатни эса зотдан бошқа маънони ифодалайди, иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг зотидан бошқа жойда пайдо бўладиган сифатлардир, дейишган. Мўътазилийларнинг эътиқодига кўра Яратувчи шериксиз ягона зотдир. Агар Уни илм сифати билан “олим”дир, “қудрат” сифати билан қодирдир дейилса, бу сифатлар Унинг зотидан бошқа бўлгани учун азалда Яратувчидан бошқа нарсалар ҳам бўлган дейиш бўлиб қолади. Бундай дейиш эса тавҳидни инкор қилишдан бошқа нарса эмасдир.

Карромия ва мушаббиҳа фирқалари. Аллоҳ таолода олдин йўқ бўлган сифатлар кейин пайдо бўлиши мумкин ва улар йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин деб ҳисоблашган. Бу фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари махлуқотларнинг сифатларига ўхшайди, деган эътиқодда бўлишган. Бу эътиқодларига оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини далил қилишган. Ақлнинг илм воситаси эканини инкор қилишган.

Аҳли сунна вал-жамоа: Нақлий ва ақлий далиллар билан Яратувчининг бир экани ва махлуқотлардан бирортасига ўхшамаслиги собит бўлгач, У зотнинг комил сифатлар билан сифатлангани ҳам собит бўлган бўлади. Агар Аллоҳ таолода мазкур сифатлар азалда бўлмаганида, улар кейинчалик пайдо бўлган деган маъно бўлиб қолади. Олдин бўлмасдан кейинчалик пайдо бўлиш эса махлуқларнинг сифатларидир. Шунга кўра Аллоҳ таолонинг барча сифатлари ибтидоси йўқ азалий ва интиҳоси йўқ абадий деб эътиқод қилинади.

 

Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатлари
орасидаги фарқлар

Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатлари ўртасидаги фарқлар ҳақида жуда кўплаб маълумотлар келган. Таҳқиқ қилинганда асосий фарқ шу бўладики, Аллоҳ таолонинг исмлари Унинг зотига ва Ундаги комил сифатларга далолат қилади. Масалан, “Ал-Қодир”, “Ал-Алийм”, “Ал-Ҳакийм”, “Ас-Самийъ”, “Ал-Басийр” каби. Сифатлар эса зот орқали тасаввур қилинадиган “илм”, “ҳикмат”, “самъ”, “басор” каби комил сифатлардир. Чунки бу исмлар Аллоҳ таолонинг зотига ҳам, Ундаги “илм”, “ҳикмат”, “самъ”, “басор” каби сифатларига ҳам далолат қилади. Шу маънода айтиш мумкинки, исм икки нарсага, сифат эса фақат бир нарсага далолат қилади.

Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатлари бир-бирларидан қуйидагича фарқланади:

“1. Исмлардан сифатлар келиб чиқади. Сифатлардан эса исмлар келиб чиқмайди. Аллоҳ таолонинг “Ар-Роҳийм”, “Ал-Қодир” ва “Ал-Азийм” исмларидан “раҳмат”, “қудрат” ва “азамат” сифатлари чиқади, лекин “ирода” ва “макр” сифатларидан “Мурийд” ва “Маакир” исмлари чиқмайди.

  1. Аллоҳ таолонинг исмлари феълларидан чиқарилмайди. Аллоҳ таолонинг яхши кўриши, ёмон кўриши ва ғазабланишидан “Яхши кўрувчи”, “Ёмон кўрувчи” ва “Ғазаб қилувчи” маъносидаги “Муҳиб”, “Кариҳ” ва “Ғозиб” исмлари чиқмайди. Сифатлари эса Унинг феълларидан чиқарилади. Мазкур феълларидан “яхши кўриш”, “ёмон кўриш” ва “ғазабланиш” сифатлари чиқади. Шунинг учун ҳам сифатларнинг тури исмларнинг туридан кенгроқдир, дейилган.
  2. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари паноҳ сўралиш ва қасам ичилишда тенг қўлланади, лекин Унга қулликни ифодалаш ва дуо қилишда фарқланади. Аллоҳ таолонинг исмларини айтиб Унга қуллик маъноси ифода қилинаверади. Масалан, Абдулкарим (Ал-Каримнинг қули), Абдурроҳман (Ар-Роҳманнинг қули), Абдулазиз (Ал-Азизнинг қули), каби. Лекин Унинг сифатлари айтилиб қуллик изҳор қилинмайди, масалан: Абдулкарам (Лутфу карамнинг қули), Абдурроҳмат (Раҳматнинг қули), Абдулиззат (Иззатнинг қули), дейилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таолога Унинг исмларини айтиб дуо қилинади. “Эй Раҳим, бизларга раҳим қилгин, эй Карийм, бизларни икром қилгин, эй Латийф, бизларга лутф қилгин”, каби. Лекин Унинг сифатларини айтиб дуо қилинмайди. Масалан, “Эй Раҳматуллоҳ, бизларга раҳм қилгин, эй Карамуллоҳ, бизларни икром қилгин, эй Лутфуллоҳ, бизларга лутф қилгин”, дейилмайди. Чунки сифат мавсуфнинг, яъни сифатланмишнинг айни ўзи бўлмайди. Шу маънода раҳмат, карам ва лутфлар Аллоҳ таолонинг айни Ўзи эмас, балки Унинг сифатларидир. Бандаликни изҳор қилиш ва дуо қилиш эса фақатгина Унинг Ўзига бўлади, ундан бошқага жоиз эмас”[5].

 

 

ЗОТИЙ ВА ФЕЪЛИЙ СИФАТЛАР БАЁНИ

6 - صِفَاتُ الذَّاتِ وَالأَفْعَالِ طُرًّا    قَدِيمَاتٌ مَصُونَاتُ الزَّوَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Зотий ва феълий сифатларнинг барчаси қадимдир ва заволдан сақлангандир.

Назмий баёни:

Зотий феълий сифатлар бари баркамол,

Ибтидосиз, интиҳосиз доим безавол.

Луғатлар изоҳи:

صِفَاتُ – мубтадо. Сифат деганда мустақил тасавввур қилинмайдиган, фақат бирор зот орқали тасаввур қилинадиган нарсалар тушунилади.

الذَّاتِ – музофун илайҳ. Зотий сифатлар таърифи юқорида ўтди.

وَالأَفْعَالِ – Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан ҳам сифатланиши жоиз бўлса, феълий сифат дейилади.

طُرًّا – бу калима луғатда “барчаси”, “ҳаммаси” маъноларини англатади. Ҳолликка кўра насб бўлиб турибди.

قَدِيمَاتٌ – қадимнинг маъноси иккинчи байтнинг изоҳида баён қилинди. Биринчи хабар.

مَصُونَاتُ – “ҳимоя қилинган”, “сақланган” маъноларини англатади. Иккинчи хабар.

الزَّوَالِ – завол калимаси икки хил маънода ишлатилади:

  1. Бир нарсанинг комил ҳолатидан нуқсонга учраши;
  2. Бир нарсанинг йўқ бўлиб кетиши.

 

Матн шарҳи:

Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларининг барчаси ибтидосиз азалий ва интиҳосиз абадий сифатлар бўлиб, улар ҳеч қачон заволга юз тутмайди. Яъни Аллоҳ таолонинг сифатлари У зот томонидан яратилган ҳам эмас, махлуқотларни яратиш вақтида вужудга келган ҳам эмасдир.

Қуръон ва суннатда баён қилинган Аллоҳ таолонинг сифатлари иккига бўлинади:

  1. Зотий сифатлар;
  2. Феълий сифатлар.

Ҳаёт, илм, калом, қудрат, эшитиш, кўриш ва ирода каби сифатлар зотий сифатлар бўлади. Ушбу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли бўлганидан зотий сифатлар деб аталган.

Аллоҳ таолонинг хоҳишига тааллуқли бўлган яратиш, ризқ бериш, истиво қилиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, ғазабланиш ва хурсанд бўлиш каби сифатлар феълий сифатлар ҳисобланади.

Аллоҳ таоло азалда “ирода” (хоҳлаш) ва “калом” (гапириш) сифатлари билан сифатланганми? Мана шу саволга мўътазилийлар: “Азалда сифатланмаган”, – дейишган. Ашъарийлар: “Азалда сифатланган”, – деганлар. Ана шу жавобдан зотий ва феълий сифатларнинг таърифидаги ихтилоф келиб чиққан.

Мўътазилийлар: “Қайси бир сифатда инкор қилиш ҳам, исбот қилиш ҳам жорий бўлган бўлса у феълий сифатдир, масалан, “фалончига фарзанд берди”, “фалончига фарзанд бермади”. “Илм” ва “қудрат” сингари қайси бир сифатда инкор қилиш жорий бўлмаган бўлса у зотий сифатдир. Масалан, “Аллоҳ фалон нарсани билмади” ёки фалон нарсага қодир эмас” дейилмайди-ку. Шунга кўра “ирода” ва “калом”да инкор қилиш ҳам, исбот қилиш ҳам жорий бўлгани учун иккаласи феълий сифатлардандир, феълий сифатлар эса ҳодисдир”, – дейишган.

Ашъарийлар: “Феълий сифатлар деганда уни инкор қилиш туфайли зидди лозим бўлиб қолмайдиган сифатлар тушунилади. Масалан, “Аллоҳ фалончига фарзанд бермаган” деган гапдан Аллоҳ таолода фарзанд бермаслик сифати лозим бўлиб қолмайди. Шунга кўра агар “ирода” сифати инкор қилинадиган бўлса унинг зидди бўлган “мажбурийлик” лозим бўлиб қолади. Агар “калом” инкор қилинса, унинг зидди бўлган “гапиришдан ожизлик” лозим бўлиб қолади. Шунинг учун “ирода” ҳам, “калом” ҳам зотий сифатлардандир, зотий сифатларнинг барчаси эса қадимдир”, – деганлар.

Мотуридийларда эса зотий сифатлар ҳам, феълий сифатлар ҳам барчаси қадим ҳисоблангани сабабли қадимлигини исботлаш учун уларнинг ўрталарини ажратишга эҳтиёж ҳам йўқдир. Фақатгина зотий сифатлар деганда Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан сифатланиши жоиз бўлмаган “қудрат”, “калом” ва “ирода” сингари сифатлар тушунилади. Феълий сифатлар деганда эса Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланиб, унинг зидди билан ҳам сифатланиши жоиз бўлган “раҳмат” ва “ғазаб” сингари сифатлар тушунилади.

Зотий сифатларнинг қадим эканида ихтилоф йўқ. Аммо феълий сифатларнинг қадим ёки ҳодислиги тўғрисида Аҳли сунна вал-жамоанинг ичида ҳам икки хил қараш бор. Имом Мотуридий феълий сифатларни қадим ҳисоблаган. Имом Ашъарий эса феълий сифатларни ҳодис деб тушунтирган[6]. Ушбу хилма-хиллик сабаби ҳақида “Шарҳу Фиқҳил акбар”, “Бидаяту фи усулид-дин” ва булардан бошқа кўплаб китобларда кенг баҳс юритилган. Жумладан, Ҳасан ибн Абдул Муҳсин Абу Азбанинг “Равзатул баҳия фийма байнал Ашаироти вал Мотуридия” (Ашъарийлар ва Мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор” асарида шундай ёзилган:

“Ҳанафийлар феълий сифатларнинг барчаси зотий сифатлар каби Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам бўлмаган, Ундан бошқа ҳам бўлмаган қадим сифатлардир, деганлар. Ашъарийлар эса феълий сифатлар қадим бўлмаган сифатлардир, деганлар. Ашъарийларнинг сўзларидан “яратишидан олдин яратувчи дейилмайди, ризқ беришидан олдин ризқ берувчи дейилмайди”, деган маъно чиқади. Ҳанафийларнинг сўзларидан эса, “тўқишни билган ва тўқишга қодир бўлган зот ҳали тўқимаган бўлса ҳам, тўқувчи дейилгани каби яратишга қодир зотни яратувчи, ризқ беришга қодир зотни ризқ берувчи дейилаверади”, деган маъно чиқади”[7].

Бу масалани кенг таҳқиқ қилиб ўрганган уламолар ўрталаридаги фарқ фақатгина лафзда бўлиб, аслида, иккала тарафда ҳам бир хил қадимдир, деганлар. Яъни феълий сифат вужудга келтирилган нарсалар тарафидан қаралганда иккала тарафда ҳам қадим эмас, вужудга келтирувчига нисбатан эса иккала тарафда ҳам қадимдир.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу байт Аллоҳ таолонинг зотий сифатлари ҳам, феълий сифатлари ҳам – барча-барчаси азалийдир ва абадийдир маъносини англатади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

АЛЛОҲ ТАОЛОНИ “ШАЙ” ДЕЙИШ МУМКИНЛИГИ БАЁНИ:

Аллоҳ таоло макон ва тарафдан холидир;

Аҳли сунна жумҳурининг далиллари.

 

[1] Алам исм (атоқли от) икки қисмга бўлинади: 1. Алам муртажал; 2. Алам манқул.

Аввалданоқ истеъмол қилишда бир нарсага махсус исм қилиб тайин қилинган аламларга алами муртажал дейилади. Масалан, فَقْعَسٌ (қабила номи) ва عِمْرَان (ўғил боланинг исми) кабилар. 

Аввалда аламликдан бошқа маъноси бўлиб, кейин бир нарсага исм қилиб кўчирилган аламларга алами манқул дейилади. Масалан, مُقِيمٌ (аввалда "доимий яшовчи" кейинчалик ўғил боланинг исми)ва طَاهِرٌ (аввалда "тоза, покиза" кейинчалик ўғил боланинг исми) кабилар. Қаранг: Аҳмад Ҳодий Мақсудий. Истикмал. – Қозон: “Лито-Типография И. Н. Харитонова”, 1909.  – Б. 2.  

[2] Атияту Қобил Наср. Ғоятул мурид фи илмит тажвид. – Риёз: “Мактабатул Ҳарамайни”,  иккинчи нашр 1410 ҳ. – Б. 86.

[3] “Асмаи ситта” деб аталадиган бу исмларни баъзи наҳв олимлари улар, аслида, қуйидаги бешта исмлардир, дейишган:أبأخحَمفوذو  Бу исмларнинг бошқа исмлардан фарқи, улар  و билан раф,  اбилан насб ва ي билан жор бўлади. Бундай эъробланиш учун уларда иккита шарт топилиши керак:

  1. Бу исмлар мутакаллим ي дан бошқасига изофа қилинган бўлиш керак. (Изофа қилинмаган бўлса ҳаракат билан эъробланади).
  2. Муфрад бўлиш керак. (Тасния ва жам бўладиган бўлса, уларнинг эъроби билан эъробланади).

[4] Ҳодис луғатда “олдин йўқ бўлиб, кейин бор бўлган нарса” маъносини англатади. Ақоид китобларида бу калима кўп ишлатилгани сабабли уни таржима қилмасдан  термин маъносида ишлатиш маъқул кўрилди.

[5] Алавий ибн Абдулқодир Саққоф. Сифатуллоҳи азза ва жалла ал-варидату фил китаби ва сунна. “Мактабатуш шомила”. 1-жуз,  – Б. 10.

[6] Мотуридия ва Ашъария таълимотлари орасидаги ихтилофли масалалар нечта экани ҳақида турли қарашлар айтилган:

  1. Ҳодимий 73 та;
  2. Баёзий 50 та;
  3. Шайхзода 40 та;
  4. Абу Азба 13 та: 7 лафзий, 6 маънавий фарқ бор, – деганлар.

[7] Ҳасан ибн Абдул Муҳсин. Равзатул баҳия фийма байнал Ашаъироти вал Мотуридия. – Байрут: “Дору сабийлир рошад”, 1996. – Б. 101.

7664 марта ўқилди
Top