Кутубхона

Қуръон илмлари: НАСХНИНГ ЎРИНЛАРИ

Қуръони Карим ва Суннатдаги насх тўрт турли бўлади. Қуйида мазкур турлар ҳақида батафсил сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Биринчи қисм

Қуръоннинг Қуръон билан насх қилиниши.

Ислом уммати, хусусан, мусулмон уламоларнинг ижмоълари билан Қуръони Каримнинг барчаси насх бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мўъжизалари ўлароқ, абадий давом этади. Шу билан бирга, Қуръони Карим барча аввалги шариатларни насх қилган, қиёматгача давом этадиган Ислом шариати ҳукмларининг асосий манбаидир. Албатта, бу каби тугал сифатларга эга Китоб бутунлай насх бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримни давомли равишда муҳофаза қилишини баралла эълон қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ٩

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз» (9-оят).

Ушбу оятнинг ҳикматлари ҳақида юқорида сўз юритилган эди. Аллоҳ таоло берган ваъдасига биноан Китобини Ўз ҳимоясига олди.

Мусулмонлар бошларидан оғир замонларни кечирдилар. Улар бутунлай бошқаларга қарам бўлиб қолган вақтлар ҳам бўлди. Кўп урф-одатлари ўзгариб ҳам кетди. Аммо Қуръони Карим ўзгармади. Ҳолбуки, Ислом душманларининг, мусулмонлар душманларининг асосий мақсади Қуръонга зарар етказиш эди. Лекин улар мақсадларига ета олмадилар. Аллоҳ ваъдасига биноан, Ўз Китобини муҳофаза қилиб қолди.

Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг баъзи оятлари бошқаларини насх қилиши мумкинлигига уламолар жумҳури ижмоъ қилганлар. Чунки бу масала Қуръони Каримнинг ўзида баён қилингандир. Қуръони Каримнинг барча оятлари ўзининг манбаи, ривоят қилиниш кучи, нозил бўлиши ва собит қолиши, уларга амал қилиш вожиблиги ҳамда уларнинг ичида насх қилувчи ва насх қилинган оятлар борлиги каби жиҳатларда баробардир.

Бу гапга фақат бир киши қўшилмаган, холос. У ҳам бўлса, мўътазилийларнинг вакили Абу Муслим Муҳаммад ибн Баҳр Асфиҳонийдир. У киши: «Қуръони Карим оятларининг насх бўлиши ақлга биноан жоиз бўлса ҳам, шариатга биноан жоиз эмас», деган. Аммо бу гапга ҳеч ким эътибор бермаган.

Уламолар Қуръони Каримнинг баъзиси баъзисини насх қилиши уч қйсмдан иборат эканини айтганлар. Уларни кейинроқ батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.

Иккинчи қисм

Суннатнинг суннат билан насх қилиниши.

«Суннат Набйй соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрирдир».

Суннат бизга етиб келиши жиҳатидан икки қисмга бўлинади:

  1. Мутавотир хабар. Муайян адад билан чегараланмаган йўллар ила бизга етиб келган хабар «мутавотир хабар» дейилади.
  2. Оход хабар. Бизга етиб келгунча бўлган йўллари муайян адад билан чегараланган хабар «оҳод хабар» дейилади.

Мутавотир суннатнинг мутавотир суннат билан, оҳод суннатнинг оҳод суннат билан насх бўлишида уламолар орасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Чунки бу ҳолатда насх қилувчи ҳам, насх бўлувчи ҳам тенг қувватга эга бўлади. Худди шу нарса матнларнинг бири иккинчисини насх қилиши жоизлигида асосий шартлардан биридир.

Шунга биноан, оҳод суннатни мутавотир суннат насх қилиши бирламчи ва кучли ишлардан бўлиб қолади. Чунки бу ҳолатда насх қилувчи насх бўлувчидан кучлидир. Аммо оҳод суннат мутавотир суннатни насх қилишига келсак, уламолар бу ҳолатнинг воқеъ бўлмаганига иттифоқ қилганлар.

Суннатни суннат насх қилишига мисоллар:

1.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломнинг илк босқичида ивитиб тайёрланадиган ичимлик – набизни баъзи қалин идишларда тайёрлаш ва ичишдан қайтарганлари. Чунки бунда баъзан ичимлик маст қилувчи бўлиб қолиши мумкин эди. Идишлар қалинлиги сабабли ичимликнинг маст қилувчи бўлиб қолганини аниқлаб бўлмас эди.

Кейинроқ, хамрнинг ҳаромлиги қарор топганидан ва у ҳақдаги билим одамлар орасида кенг тарқаб бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ва умматларига маст қилувчи бўлмаган ичимликларни барча идишлардан ичаверишга рухсат бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абдулқайс вафди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан набиз ҳақида сўрашди. Шунда у зот уларни дуббода, нақирда, музаффат ва ҳантамда набиз тайёрлашдан қайтардилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Вафд – олий мартабали томонга юборилган вакиллар, элчилар гуруҳи.

Дуббо – қуритиб, ичи ўйилган қовоқ.

Нақир – қуритиб, ичини ўйиб, идиш ясалган хурмо илдизи.

Музаффат – зифт билан бўялган идиш. Зифт меш ва саноч каби идишларни сув ўтмайдиган қилиб мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган елимсимон қора модда бўлган.

Ҳантам – лой, жун ва қон аралашмасидан ясаладиган хум.

Набиз – хурмо ёки майизни сувга солиб, ивитганда ҳосил бўладиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимликдир. Аммо набиз тайёрлашда хатога йўл қўйилса, ичимлик хамрга айланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу ичимлик ҳақида саволлар кўп бўлади. Набизнинг соф ва шубҳасиз бўлишида идиш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода ушбу ривоятда зикр қилинган тўрт хил идишда набиз тайёрлаш мумкин эмас.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни мешлардан бошқада набиз тайёрлашдан қайтарган эдим. Энди барча идишларда набиз тайёрлайверинг. Маст қилувчини ичманг», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки босқичида саҳобаларини қабрларни зиёрат қилишдан қайтарганлар. Кейин эса бу қайтариқ насх қилинган. Шу хусусдаги ҳадиси шарифда насх қилувчи ҳам, насх қилинган ҳам бир ҳадисда зикр қилинган.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг, чунки улар охиратни эслатади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.

Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар.

Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбига мустаҳкам жойлашиб бўлгандан сўнг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эсяашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, кўпроқ охират ҳаракатини қилади. Шунингдек, қабрда ётганлар ҳам зиёратчининг дуосидан фойда топадилар.

  1. Маълум сабабларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сакдаб туришдан қайтарганлар. Кейин эса бу ҳукмларини ўзлари бекор қилганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир киши ўз қурбонлигидан уч кундан ортиқ емасин», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шариф вақтинчалик ва маълум сабабга кўра айтилган бўлиб, қурбонлик қилган киши уч кун ичида ўзи емаса, қурбонликнинг гўштини садақа қилиб юборишни тақозо қилади.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким қурбонлик қилса, учинчи(кун)дан кейин уйида ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг оттирмасин», дедилар. Келаси йили:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот:

«Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам бе-ришингизни хоҳлаган эдим», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар очарчилик туфайли қийинчиликка дучор бўлган йиллари қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ман қилганлар. Мазкур ҳолат ўтиб, тўқчилик бўлганда эса ҳам ўзлари еб, ҳам ўзгаларга бериб, ҳам сақлаб қўйишга рухсат берганлар.

Учинчи қисм

Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх қилиниши.

Насхнинг ушбу қисми ҳақида уламолар ўртасида очиқ-ойдин ва катта хилоф мавжуд.

– Имом Шофеъий, у кишининг асҳоблари, зоҳирийлар ва имом Аҳмад бир овоздан «Қуръон мутавотир суннат билан насх қилиниши мутлақо мумкин эмас», деганлар.

Улар ўзларининг бу гапларига ман қилишга далолат қилувчи қуйидаги ояти карималарни далил қилиб келтирганлар.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

بِٱلۡبَيِّنَٰتِ وَٱلزُّبُرِۗ وَأَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلذِّكۡرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيۡهِمۡ وَلَعَلَّهُمۡ يَتَفَكَّرُونَ٤٤

«Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзла-рига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар» (44-оят).

Яъни «Сени одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикр – Қуръон билан юбордик». Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг вазифаси Қуръони Каримни баён қилиш экани, насх қилиш эмаслиги келиб чиқади.

Қуръон мутавотир суннат билан насх қилиниши мутлақо мумкин эмас, деган бу гуруҳ насх ҳақидаги оятларни қам ўз гапларининг тўғрилигига далил қиладилар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

۞مَا نَنسَخۡ مِنۡ ءَايَةٍ أَوۡ نُنسِهَا نَأۡتِ بِخَيۡرٖ مِّنۡهَآ أَوۡ مِثۡلِهَآۗ أَلَمۡ تَعۡلَمۡ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٌ١٠٦

«Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттир-сак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодир эканини билмадингми?» (106-оят)

Ушбу оятда насх бўлган оят ўрнига ундан яхши оят ёки худди унга ўхшаш оят келтирилиши ҳақида сўз кетмоқда, суннатнинг келтирилиши ҳақида эмас.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

وَإِذَا بَدَّلۡنَآ ءَايَةٗ مَّكَانَ ءَايَةٖ وَٱللَّهُ أَعۡلَمُ بِمَا يُنَزِّلُ قَالُوٓاْ إِنَّمَآ أَنتَ مُفۡتَرِۢۚ بَلۡ أَكۡثَرُهُمۡ لَا يَعۡلَمُونَ١٠١

«Қачонки бир оятни бошқа бир оят ўрнига алмаштирсак, - ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни Ўзи яхши билгувчидир – улар: «Албатта, сен уйдирмачисан, холос!» дерлар. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар» (101-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло «бир оятни бошқа бир оят ўрнига алмаштирсак» демоқда, бир оятни бошқа суннатга дегани йўқ. Ашъарий ва мўътазилийлардан иборат мутакаллимларнинг жумҳури, фақиҳлардан имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг асҳоблари «Қуръони Каримни мутавотир суннат насх қилиши ақлан жоиздир», дейдилар. Чунки Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда айтилган.

Аллоҳ таоло Нажм сурасида марҳамат қилади:

وَمَا يَنطِقُ عَنِ ٱلۡهَوَىٰٓ٣ إِنۡ هُوَ إِلَّا وَحۡيٞ يُوحَىٰ٤

«У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳийдан ўзга нарса эмас» (3-4-оятлар).

Яъни «Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг номидан гапирганида ҳавои нафсидан олиб гапирмайди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

«Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсам, ёдлайман, деб ёзиб юрардим. Қурайш қабиласидагилар: «Сен Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсанг, ёзиб оласан, у киши ҳам одам, аччикдари чиққанда ҳам гапирадилар», дейишган эди, ёзмай қўйдим. Бир куни бу ишни Расулуллоҳга айтган эдим, у зот: «Ёзавер, Аллоҳга қасамки, мендан ҳақ гапдан бошқа гап чиқмайди», дедилар».

Фақат Қуръони Карим тиловат қилинадиган ваҳий бўлса, Суннат тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Икки ваҳий бир-бирини насх қилиши мумкин. Қуръони Каримда мужмал лафз келса ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тафсир қилсалар, ўша гапга амал қилиш худди Қуръони Каримга амал қилишдек вожиб бўлишига ҳамма ижмоъ қилгани бунинг далилидир. Шу билан бирга, «Қуръони Каримни Суннат насх қилиши ақлан мумкин», деганларнинг ўзлари, феълан – амалда бўлганми, деган масалада ихтилоф қилганлар. Улардан «Воқеъликда бундай насх бўлган», деганлар бунга мисол қилиб, Моида сурасидаги «васият» оятини келтирадилар.

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ شَهَٰدَةُ بَيۡنِكُمۡ إِذَا حَضَرَ أَحَدَكُمُ ٱلۡمَوۡتُ حِينَ ٱلۡوَصِيَّةِ ٱثۡنَانِ ذَوَا عَدۡلٖ مِّنكُمۡ أَوۡ ءَاخَرَانِ مِنۡ غَيۡرِكُمۡ إِنۡ أَنتُمۡ ضَرَبۡتُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَأَصَٰبَتۡكُم مُّصِيبَةُ ٱلۡمَوۡتِۚ

«Эй иймон келтирганлар! Бирортангизга ўлим келганда – васият чоғида ўзингиздан бўлган икки адолатли киши, агар ер юзида кезиб юрган бўлсангиз-у, сизга ўлим мусибати етса, ўзгалардан икки киши ўртангизда гувоҳ бўлсин...» (106-оят).

Уларнинг фикрича, ушбу оятни «Меросхўрга васият қилиш йўқ» ҳадиси насх қилган. Аммо аслида ушбу «васият ояти»ни мазкур ҳадис эмас, балки «мерослар ояти» насх қилгандир. Мазкур ҳадис эса ушбу оятни баён қилиб ва қувватлаб келган, холос. Яна шуни таъкидлаш лозимки, бу ҳадис оҳод ҳадислардан бўлиб, у мутавотир бўлган Қуръонни насх қилиши мумкин эмас. Зотан, Қуръони Каримни оҳод ҳадис насх қила олмаслигига ҳамма уламолар бир овоздан иттифоқ қилганлар.

«Қуръони Каримни Суннат насх қилиши ақлан мумкин», дейдиганлар яна «Қуръони Каримда собит бўлган зинокорга дарра уриш ҳақидаги оят Суннат ила собит бўлган оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ҳақидаги ҳадис билан насх бўлган», дейдилар. Аммо бу ҳадис ҳам худди аввалги мисолдаги каби, оҳод ҳадисдир. У мазкур оятни насх қилмаган, балки хослагандир.

Кўриб ўтилган мисоллардан маълум бўладики, Қуръоннинг Суннат ила насх бўлиши ҳақидаги ran лафзий ва ақлий тортишувдан бошқа нарса эмас.

Тўртинчи қисм

Суннатнинг Қуръон билан насх қилиниши.

Насхнинг бу қисми бўйича бир оз хилоф бўлиб, мазкур хилоф имом Шофеъийга нисбат берилади. Аммо кўпчилик Шофеъий мазҳабидагилар ҳам жумҳурга қўшилиб, бу турдаги насх ақлда ҳам, амалда ҳам бор, дейдилар. Чунки Қуръони Карим ҳамма тарафдан Суннатга нисбатан юқори туриши борасида ҳеч ким хилоф қилмаган ва қилмайди ҳам. Шу билан бирга, воқеъликда ушбу турдаги насхнинг мисоллари жуда ҳам кўпдир. Бу эса нубувват мақомига зинҳор футур етказмайди. Балки нубувватнинг вазифасининг ўзи шуни тақозо қилади. Зотан, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам ваҳийдир ва уларнинг бири иккинчисини, кучлиси ўзидан кучсизроғини насх қилиши мумкинлиги ҳаммага аён.

 

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлганига мисоллар:

  1. Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалий суннатлари билан собит бўлган шаръий ҳукм бўлган. Бу ҳукм Қуръони Каримда нозил бўлган қуйидаги оят билан насх қилинган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

قَدۡ نَرَىٰ تَقَلُّبَ وَجۡهِكَ فِي ٱلسَّمَآءِۖ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبۡلَةٗ تَرۡضَىٰهَاۚ فَوَلِّ وَجۡهَكَ شَطۡرَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِۚ وَحَيۡثُ مَا كُنتُمۡ فَوَلُّواْ وُجُوهَكُمۡ شَطۡرَهُۥۗ وَإِنَّ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ لَيَعۡلَمُونَ أَنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّهِمۡۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا يَعۡمَلُونَ١٤٤

«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қайрилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон буринг...» (144-оят).

  1. Рўза тутиш янги фарз қилинган даврда рўза тутган одам ифтордан кейин ухлаб қолса-ю, кейин уйғонса, унга ейиш, ичиш ва хотинига яқинлик қилиш мумкин бўлмай қолиши Суннат ила собит бўлган шаръий ҳукм эди. Одамлар бу ҳукмга амал қилар эдилар.

Ансорийлардан Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу кундузи рўза тутиб, хурмо боғида ишлаб, чарчаб, ифтор пайтида хотинининг ҳузурига келиб: «Таоминг борми?» деди. Хотини: «Йўқ, ҳозир бориб, бирон нарса топиб келаман», деб чиқиб кетди. Қайс кундузи ишлагани учун чарчаб, ухлаб қолди. Хотини келиб, эрининг ухлаб ётганини кўриб, «Вой, шўринг қурисин», деди-ю, уйғотмади. Эртасига куннинг ярмида Қайс розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилди. Бу ҳодиса Набий алайҳиссаломга етди. Сўнгра Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги қуйидаги оятни тушириб, Суннат билан жорий бўлган аввалги шаръий ҳукмни насх қилди.

أُحِلَّ لَكُمۡ لَيۡلَةَ ٱلصِّيَامِ ٱلرَّفَثُ إِلَىٰ نِسَآئِكُمۡۚ هُنَّ لِبَاسٞ لَّكُمۡ وَأَنتُمۡ لِبَاسٞ لَّهُنَّۗ عَلِمَ ٱللَّهُ أَنَّكُمۡ كُنتُمۡ تَخۡتَانُونَ أَنفُسَكُمۡ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡ وَعَفَا عَنكُمۡۖ فَٱلۡـَٰٔنَ بَٰشِرُوهُنَّ وَٱبۡتَغُواْ مَا كَتَبَ ٱللَّهُ لَكُمۡۚ وَكُلُواْ وَٱشۡرَبُواْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَكُمُ ٱلۡخَيۡطُ ٱلۡأَبۡيَضُ مِنَ ٱلۡخَيۡطِ ٱلۡأَسۡوَدِ مِنَ ٱلۡفَجۡرِۖ ثُمَّ أَتِمُّواْ ٱلصِّيَامَ إِلَى ٱلَّيۡلِۚ

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилиндм. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» (187-оят).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлишининг қисмлари

 

2744 марта ўқилди
Top